Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Еттинчи суҳбат: Рўза тутиш-тутмаслик борасида одамлар бир неча қисмга бўлинишлари ҳақида (давоми)
Азиз биродарлар! Аввалги суҳбатимизда рўзанинг ҳукмлари борасида одамлар бўлинган қисмларнинг бештаси ҳақида сўз юритган эдик. Ушбу суҳбатимизда шу мавзуни давом эттирамиз.
Олтинчи қисм: Мусофир одам, агар сафари билан рўзага нисбатан ҳийла қилишни қасд қилмаган бўлса рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрлидир (агар қасд қилган бўлса, рўза тутмаслик унга ҳаром бўлади ва албатта рўза тутиши вожиб бўлади), сафари муддати хоҳ узоқ бўлсин, хоҳ яқин бўлсин, хоҳ бирон иш билан сафарга чиққан бўлсин, хоҳ тоира учувчилари ва автобус ҳайдовчилари каби давомий сафарда юрадиган киши бўлсин, фарқсиз.
Аллоҳ таоло айтади: «Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).
«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафар қилардик, шунда рўза тутган киши тутмаганни, тутмаган киши тутганни айб қилмасди».
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «(Саҳобалар) кимда-ким ўзини қувватли билиб рўза тутса, бу яхши иш деб кўришар, ким ўзини заиф билиб рўза тутмаса, буни ҳам яхши иш деб кўришарди».
«Сунан Аби Довуд»да Ҳамза ибн Амр ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У: «Ё Расулуллоҳ, менинг маркабим (уловим) бор, мен уни (тирикчиликка) ишлатаман, унда сафар қиламан ва кирага бераман. Кўпинча ушбу ой – яъни Рамазон – менга (сафарда) тўғри келади. Мен ёш йигитман, қувватим бор, рўза тутишим уни кечиктириб, бўйнимда қарз бўлиб қолишидан кўра мен учун енгилроқ деб топаяпман. Ё Расулуллоҳ, рўза тутсам улуғроқ ажрга эга бўламанми, тутмасамми?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бирини истасанг қилавер, эй Ҳамза», дедилар.
Агар автобус ё такси ҳайдовчиси Рамазонда сафарда, масалан, иссиқ туфайли рўза тутишга қийналса, ҳаво салқинлашадиган ва рўза тутишга қийналмайдиган вақтгача кечиктириб, кейин тутади. Мусофир учун афзали – ўзи учун енгилини қилишдир. Агар рўза тутиш билан тутмаслик баробар бўлса, тутиши афзал бўлади. Чунки, зиммасидаги қарзидан тезроқ қутулади, одамлар рўза тутган пайтда тутиб олиши енгилроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Рамазонда қаттиқ иссиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. Баъзилармиз иссиқнинг зўридан қўлини бошига қўйиб оларди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва Абдуллоҳ ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутиш асҳобларини қийнаб қўйганини билганларида уларни риоя қилиб рўзаларини очганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ йилида Маккага қараб йўлга чиқдилар ва рўза тутдилар. Одамлар ҳам у киши билан рўза тутдилар. Куроъ ал-Ғамимга етиб борганларида у зотга: «Рўза тутиш одамларни қийнаб қўйди, улар сиз нима қилишингизга қараб туришибди», дейилди. Шунда, асрдан сўнг, бир коса сув чақиртириб одамларга кўрсатиб ичдилар» (Муслим ривояти).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сувидан ҳосил бўлган бир жилғадан ўтдилар. Кун иссиқ, одамлар яёв ҳолда, рўза тутишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса хачирга минган ҳолда эдилар. Шунда у зот: «Эй одамлар, ичинглар!», дедилар. Одамлар кўнишмади. «Мен сизлар каби эмасман, менинг аҳволим енгил, мен отлиқман», дедилар. Одамлар шунда ҳам ичишга кўнмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушиб ичдилар, одамлар ҳам ичдилар. У зот ўзлари ичмоқчи эмасдилар». (Аҳмад ривояти).
Агар мусофирга рўза тутиш оғирлик қилса, рўза тутмайди. Юқорида ўтган Жобирнинг ҳадиси давомида айтилади: «Рўза тутиш одамларни қийнаб қўйгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғизларини очганларидан сўнг у зотга: «Баъзи кишилар рўзаларини бузишмади», дейилди. Шунда у зот: «Улар осийлардир, улар осийлардир!», дедилар (Муслим ривояти).
«Саҳиҳайн»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эканларида тўпланиб турган одамларни кўрдилар, бир кишига соя қилиб қўйилган эди. «Нима бўлди?», дедилар. «Рўза тутган», деб жавоб беришди. Шунда: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар.
Агар рўза тутган киши кундуз асносида сафарга жўнаса ва рўзани охирига етказишга қийналса, шаҳридан чиққач оғзини очиши (яъни рўзасини бузиши) жоиз бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутдилар, одамлар ҳам рўза тутишди. Куроъ ал-Ғамимга етиб борганларида рўза тутиш одамларни қийнаб қўйганини билгач, оғизларини очдилар, одамлар ҳам у киши билан бирга оғизларини очишди. Куроъ ал-Ғамим – Ҳарранинг бир тарафида, Усфон ва Марруз-Заҳрон оралиғидаги Ғамим водийсигача чўзилган қора тоғнинг исмидир.
Сафардаги киши Рамазоннинг кундузида ўз шаҳрига рўза тутмаган ҳолда кириб келса, куннинг давомида рўза тутиши рўзага ҳисоб бўлмайди. Чунки у куннинг аввалида рўзадор эмас эди. Фарз рўза тонг отганидан бошлаб тутилсагина яроқли ҳисобланади. Лекин, куннинг қолган қисмида имсок (оғзи берк ҳолда юриши) лозимми, йўқми? Уламолар бу ҳақда якдил фикрда бўлмаганлар. Баъзилари: «Вақтнинг ҳурматидан куннинг қолган қисмида оғзи берк юриши лозим, шу куннинг рўзаси яроқли бўлмагани учун кейин қазосини ҳам тутади», деганлар. Бу имом Аҳмаднинг мазҳабида машҳур бўлган гапдир. Баъзи уламолар эса: «Шу куннинг қолган қисмида оғзини берк тутиши лозим эмас. Чунки барибир қазо лозим бўлгани боис бундан бирон фойда олмайди, вақтнинг ҳурмати эса куннинг аввалида у учун мубоҳ бўлган оғзи очиқлик билан кетган», дейдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким куннинг аввалида еган бўлса, охирида ҳам еяверсин». Яъни, кимга куннинг аввалида бирон узр билан ейиш ҳалол бўлса, охирида ҳам ейиши дуруст бўлади. Бу имом Молик, Шофеийнинг мазҳаби ва имом Аҳмаддан бир ривоятдир. Лекин, рўза тутмаганлиги сабаби махфий бўлгани учун ейиш-ичишини ошкор қилмасинки, одамлар нотўғри тушуниб қолишлари ва унга эргашишлари мумкин.
Еттинчи қисм: Касали тузалишига умид бўлган бемор учун уч хил ҳолат мавжуд:
1) Рўза тутиш оғирлик қилмаса ва соғлигига зарар етказмаса, унга рўза тутиш вожиб. Чунки, унинг рўза тутмасликка рухсат берувчи узри йўқ.
2) Рўза тутишга қийналса, лекин рўза зарар бермаса, рўза тутмайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185). Машаққат билан, қийналиб рўза тутиши макруҳ. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг рухсатидан чиқиш ва ўзни қийнашдир. Ҳадисда келганки: «Албатта Аллоҳ Ўзига осийлик қилинишини ёмон кўргани каби, Ўзи берган рухсатларнинг қилинишини яхши кўради» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма ривоятлари).
3) Агар рўза тутиш зарар қилса, тутмаслиги вожиб, тутиши жоиз эмас. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 29), «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади» (Бақара: 195). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўз нафсингнинг ҳам сенда ҳаққи бор» (Бухорий ривояти). Аллоҳ субҳанаҳунинг рухсати бўлган ҳолда нафсга зарар етказмаслик унинг ҳаққидан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Ўзига зарар бериш ҳам, бировга зарар бериш ҳам (динда) йўқ» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Агар киши Рамазон асносида рўзадор ҳолида касал бўлиб қолса ва рўзасини охирига етказишга қийналиб қолса, оғзини очиши жоиз. Агар Рамазоннинг кундузида рўзадор бўлмаган ҳолатда касалидан тузалиб қолса, ўша куни рўза тутиши рўзага ҳисоб бўлмайди. Чунки у куннинг аввалида рўзадор эмас эди. Фарз рўза тонг отганидан бошлаб тутилсагина яроқли ҳисобланади. Лекин, куннинг қолган қисмида имсок (оғзи берк ҳолда юриши) лозимми, йўқми? Бу ҳақда уламолар ўртасида хилоф мавжуд бўлиб, юқорида оғзи очиқ ҳолда шаҳрига келган мусофир масаласида зикри ўтди.
Рўза тутиш касални қўзғаши ёки тузалишни кечиктириши тиббий йўл билан исботини топган бўлса, бундай одам саломатлигини сақлаш ва касалликдан сақланиш учун рўза тутмаслиги жоиз. Агар мазкур хавфнинг кетишига умид бўлса, кетишини кутади ва кейин қазосини тутади. Агар умид бўлмаса, унинг ҳукми бешинчи қисмда айтилган ҳукмдир, яъни рўза тутмайди ва бир кунига бир мискинга таом беради.
Эй Парвардигор! Ўзингни рози қиладиган ишларга бизларни муваффақ айла, ғазабинг ва маъсиятинг сабабларидан бизларни узоқ қил. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айла, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш