Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Йигирма олтинчи суҳбат: Дўзахга тушиш сабаблари ҳақида

 

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ва Расулининг тили билан дўзахга тушиш сабабларини баён қилиб, бизни улардан сақланиш ва эҳтиёт бўлишга чақирди. Ушбу сабаблар  икки турлидир:

Биринчи тур: Соҳибини диндан чиқариб, дўзахда абадий қолишига боис бўлувчи сабаблар.

Иккинчи тур: Қилувчисини фосиқликка етаклайдиган ва шу билан дўзахга абадий бўлмаган ҳолда тушишига боис бўлувчи сабаблар.

 

Биринчи турга кирувчи сабаблардан бир нечасини айтиб ўтамиз:

Биринчи сабаб: Аллоҳга ширк келтириш, яъни У зотга рубубияти, улуҳияти ёки исм ва сифатларида бошқа бировни шерик қилиш. Ким Аллоҳ билан бирга ёки алоҳида бирон яратувчи бор деб эътиқод қилса ёки Аллоҳдан ташқари ҳам ибодатга сазовор бошқа бирон илоҳ бор деб ишонса ёки Аллоҳга ибодат қилиш билан бир қаторда бошқа бировга ҳам сиғинса ва ибодат турларидан бирортасини унга қилса ёки кимдадир худди Аллоҳда бўлганидек илм, қудрат, буюклик ва бошқа сифатлар борлигини эътиқод қилса, у Аллоҳга ширк келтирган бўлади ва ширкнинг бу тури катта ширк ҳисобланиб, у билан дўзахда абадий қолиб кетади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таолога ёки Унинг малоикалари ё китоблари ё пайғамбарларига ёки охират кунига ёки Аллоҳнинг қазо ва қадарига кофир бўлиш. Ким шулардан бирортасини ёлғон санаб ё тан олмай инкор қилса ёки бу ҳақда шак қилса, у одам кофир бўлиб, дўзахда абадий қолади. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 150,151).

«Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар. Юзлари оловда айлантириладиган – куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар. Яна улар: «Парвардигоро, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйисундик, бас улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин», дедилар» (Аҳзоб: 64-68).

Учинчи сабаб: Исломнинг рукнлари бўлмиш бешта фарздан бирортасини инкор қилиш. Ким Аллоҳни ягона деб билиш ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига гувоҳлик бериш фарз эканини ёки беш вақт намознинг ё закотнинг ё Рамазон рўзасининг ё ҳажнинг фарзлигини инкор қилса, у одам кофир бўлади. Чунки у Аллоҳ ва расулини ёлғончи санаган, мусулмонларнинг ижмоъ-иттифоқларини инкор қилган бўлади. Шунингдек, ким ширкнинг ё ноҳақ одам ўлдиришнинг ё зинонинг ё баччавозликнинг ё маст қилувчи ичимлик ичишнинг ё шу каби ҳаромлиги Китобу Суннатда очиқ баён қилинган нарсаларнинг ҳаромлигини инкор қилса, у ҳам кофир бўлади, Аллоҳ ва Расулини ёлғончи қилган бўлади. Аммо Исломга янги кирган одам ушбу нарсалардан бирортасини билмай инкор қилса, уни кофир дейилмайди, балки унга бунинг куфр экани тушунтирилади, шундан кейин ҳам инкор қилса кофир бўлади.

Тўртинчи сабаб: Аллоҳ таолони ёки Унинг динини ёки пайғамбарини истеҳзо – масхара қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз» (Тавба: 65,66).

Бешинчи сабаб: Аллоҳ таолони ё Унинг динини ё пайғамбарини ҳақорат қилиш ва сўкиш, уларни камситувчи ва обрўсизлантирувчи сўзлар билан тилга олиш.

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким Аллоҳ ва Расулини сўкса, у зоҳиран ва ботинан кофирдир, бунинг ҳаромлигини билиб қилсин ё ҳалол санаб қилсин, фарқсиз. Асҳобларимиз айтишган: «Ҳазиллашиб сўксин ё жиддий сўксин, фарқи йўқ, кофир бўлади». Бу қатъан тўғри сўздир. Исҳоқ ибн Роҳавайҳдан нақл қилинган: «Мусулмонлар ижмоъ қилганларки, ким Аллоҳни ё Расулини сўкса ёки Аллоҳ нозил қилган нарсалардан бирортасини рад қилса, уни Аллоҳ нозил қилганига иқрор бўлса ҳам, кофир бўлади». Бошқа пайғамбарларни сўкишнинг ҳукми ҳам худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиш ҳукмида бўлади. Кимда-ким Қуръонда номи келган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида пайғамбар экани зикр қилинган бирон пайғамбарни сўкса, унинг ҳукми ҳам юқоридаги кабидир».

Пайғамбарлардан бошқа бирор кишини сўкиш билан агар пайғамбарни сўкишни кўзда тутса, масалан пайғамбарнинг саҳобаларини сўкиш билан пайғамбарни ҳақоратлашни мақсад қилса, – чунки саҳобалар пайғамбарнинг йўлини тутган бўлади – ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бирортасини бузуқлик билан туҳматласа, бу кимса аниқ кофир бўлади. Чунки, бу Пайғамбар шаънларига қилинган ҳақорат ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни жаннат неъматлари) бордир» (Нур: 26).

Олтинчи сабаб: Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилиш. Ким Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқа бирон нарсани ҳақиқатга яқинроқ ёки халқларга фойдалироқ деган эътиқодда ёки уни Аллоҳнинг ҳукми билан баробар кўриб ёки у билан ҳукм қилиш жоиз деб санаб, ўша билан ҳукм қилса, у кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44). Шунингдек, ким Аллоҳдан бошқанинг ҳукми Аллоҳнинг ҳукмидан яхши ёки у билан тенг деб эътиқод қилса ёки у билан ҳукм қилишни жоиз санаса – гарчи у билан ҳукм қилмаса ҳам – кофир бўлади. Чунки у Аллоҳнинг ушбу сўзини ёлғон санаган бўлади: «Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).

Еттинчи сабаб: Мунофиқлик, яъни дилида кофир бўлгани ҳолда одамларга сўзи ёки феъли билан ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!» (Нисо: 145). Ушбу турга мансублик аввалгилардан кўра ёмонроқ, шу боис уларнинг жазоси ҳам қаттиқроқ, улар дўзахнинг энг тубида бўладилар. Чунки уларнинг куфри ўз ичига куфрни ҳам, алдовни ҳам, Аллоҳни, Унинг оятларини ва пайғамбарини масхаралашни ҳам жамлаган. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир. Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар. Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?» дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар. Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади. Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 8-15).

Мунофиқликнинг бир талай аломатлари бор. Жумладан:

1)              Гарчи ўзини одамларга мўмин деб кўрсатса ҳам, кўнглида Аллоҳ нозил қилган нарса ҳақида шак-шубҳада бўлиш. Аллоҳ таоло айтади: «Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар» (Тавба: 45).

2)              Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини ёмон кўриш. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз» (Нисо: 60,61).

3)              Исломнинг ва мусулмонларнинг ғалабасини ёқтирмаслик, уларнинг мағлубиятидан қувониш. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизга бирон яхшилик (ғалаба ёки ўлжа) етса, бу уларни хафа қилур. Агар сизга (Уҳуд жангида бўлганидек) бирон мусибат етса: «Ишнинг олдини олибмиз», дейишиб, хурсанд бўлган ҳолларида юз ўгириб кетурлар» (Тавба: 50). Аллоҳ таоло айтади: «Ҳой (мўминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар ҳамма китобларга иймон келтирасизлар-у (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида: «иймон келтирдик», дейишади. Ўзлари холи қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга): «Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!» — деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билувчидир. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни хафа қилади. Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизлар­га ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилувчидир» (Оли Имрон: 119,120).

4)              Мусулмонлар ўртасида фитна чиқишини ва улар ўртасида бўлинишлар бўлишини исташ ва шунга ҳаракат қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Агар улар сизларнинг орангизда чиққанларида ҳам, сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар ҳамда ораларингизда уларга қулоқ солувчилар ҳам (топилган) бўлур эди. Аллоҳ золим кимсаларни билувчидир» (Тавба: 47).

5)              Ислом душманларини ва куфр йўлбошчиларини яхши кўриш, уларни мақташ, уларнинг Исломга зид фикрларини ёйиш. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар» (Мужодала: 14).

6)              Мўминларни масхаралаш ва уларнинг ибодатларини айблаш. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир» (Тавба: 79).

7)              Мўминларнинг чақириқларига кибр-ҳаво билан қараш. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар», дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз» (Мунофиқун: 5).

8)              Намозга ялқовлик қилиш ва уни оғир санаш. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўювчидир.— Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мунофиқлар учун энг оғир намозлар хуфтон ва бамдод намозларидир» (Муттафақун алайҳ).

9)              Аллоҳ ва Расулига озор бериш. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва «у (яъни, пайғамбар) қулоқ тутувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)» дейдиган кимсалар бордир. Айтинг: (Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага қулоқ тутувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи, мўминларга ишонадиган ва сизларнинг орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳамати бўлган зотдир. Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир» (Тавба: 61). Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир. Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб: 57,58).

Ушбу айтиб ўтганларимиз мунофиқларнинг айрим аломатлари бўлиб, биз уларни мўмин биродарларни улардан огоҳлантириш ва нафсларни улардан поклаш учун зикр қилдик.

Эй Парвардигор! Бизни мунофиқликдан Ўзинг асрагин, Ўзингни рози қиладиган кўринишда иймонни рўёбга чиқаришимизга бизни муваффақ этгин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ