Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўнинчи суҳбат: Рўзанинг вожиб бўлган одоблари ҳақида
Азиз биродарлар! Рўзанинг ўзига хос кўплаб одоблари бўлиб, уларсиз рўза комил ва тўлиқ бўлмайди. Улар икки қисмга бўлинади:
1) Рўзадор риоя этиши ва муҳофаза қилиши шарт бўлган вожиб одоблар;
2) Рўзадор риоя этиши ва муҳофаза қилиши керак бўлган мустаҳаб одоблар.
Аллоҳ таоло фарз қилган қавлий ва феълий ибодатлар (яъни оғзаки ўқиладиган ва жисмоний бажариладиган ибодатлар) рўзадор адо этиши вожиб бўлган одоблар жумласига киради. Улар ичида энг муҳими икки шаҳодатдан сўнг Исломдаги энг катта рукн бўлмиш фарз намозлардир. Фарз намозларни муҳофаза қилиш, рукнларини, вожибларини, шартларини адо этиш ҳамда ўз вақтида масжидда жамоат билан ўқиш билан уларга риоя қилиш лозим. Чунки, рўзанинг машруъ бўлиши ва умматга фарз қилиниши остида кўзда тутилган тақво мана шу билан амалга ошади. Намозни зое қилиш тақвони кетказиб, азоб-уқубатга дучор қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар. Магар иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас» (Марям: 59, 60).
Баъзи рўзадорлар бўладики, жамоат намозларига эътиборсизлик билан қарашади. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида жамоат намозига буюриб, шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар. Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар. Агар ёғингарчиликдан азият чексангизлар ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни ечиб қўйишингиз гуноҳ эмас. Аммо эҳтиёт чорангизни кўриб қўйинглар. Албатта Аллоҳ кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 102).
Оятдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло уруш ва хавф-хатар ҳолатида ҳам намозни жамоат билан адо этишга буюрди. Шундай экан, тинчлик-хотиржамлик ҳолатида жамоат билан ўқиш албатта лозимдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кўзи ожиз бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мени масжидга етаклаб олиб келадиган кишим йўқ», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жамоатга келмасликка рухсат бердилар. Бурилиб кетгач, орқасидан чақирдилар ва: «Намозга чақириқни эшитасизми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деди. «Ундай бўлса, ижобат қилинг», дедилар» (Имом Муслим ривояти). Яъни, кўзи ожиз, етаклаб олиб келувчиси йўқ бўлган одамга ҳам жамоатни тарк қилишга изн бермадилар.
Жамоатни тарк қилган одам вожибни тарк қилиши билан бирга ўзини кўп яхшиликдан – бир неча баробар савобдан маҳрум қилади. Зеро, жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоздан бир неча бор кўп бўлади. «Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жамоат намози ёлғиз кишининг намозидан йигирма етти даража ортиқдир». Бундан ташқари, мусулмонларга намоз учун жамланишлари ортидан ҳосил бўладиган ўзаро меҳр-муҳаббат, кўнгил яқинлашуви, билмаганга ўргатиш, муҳтожга ёрдам кўрсатиш каби ижтимоий фойдаларни қўлдан чиқаради. Жамоатни тарк қилиш билан ўзини азобга, мунофиқларга ўхшаб қолишга гирифтор этади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мунофиқларга энг оғир намозлар бамдод ва хуфтон намозларидир. Агар бу иккисида бўлган (хайру барака)ни билишганда эди, судралиб бўлса-да келишган бўларди. Буюрсам, намозга иқомат айтилса, сўнг бир кишига буюрсам, у одамларга имом бўлиб намоз ўқиса, сўнг боғ-боғ ўтин кўтарган кишилар билан бирга намозга келмаган одамларнинг уйларига борсам-да, уларни ёқиб юборсам, деб қоламан».
«Саҳиҳ Муслим»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолида рўпара келишни истаса, азон чақириладиган мана шу намозларни муҳофаза этсин. Чунки Аллоҳ пайғамбарингизга ҳидоят йўлларини машруъ қилган, мана шу намозлар ҳам ўша ҳидоят йўлларидандир. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида) кўрганманки, у намозлардан фақат нифоқи аниқ бўлган мунофиқлар қоларди. Бир одамни икки томонидан суяб олиб келиб, сафга тургизиб қўйиларди».
Айрим рўзадорлар жамоат намозига бориш у ёқда турсин, намоз вақтларини уйқу билан ўтказиб юборишади. Бу эса энг ёмон мункар ишлардан ва намозни энг ёмон зое қилишдир. Кўп уламолар айтишганки: Кимда-ким намозни шаръий узрсиз ўз вақтидан кечиктирса, кейин юз марта намоз ўқиса ҳам қабул қилинмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади», деганлар (Муслим ривояти). Намозни вақти чиққанидан кейин ўқишга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари йўқ, демак у мақбул бўлмайди, рад қилинади.
Рўзадор киши Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган жамики сўз ва ишлардан сақланиши ҳам вожиб бўлган одоблар жумласига киради.
Хусусан ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим. Ёлғонларнинг энг каттаси Аллоҳ ва Расули номидан ёлғонлаш, яъни илмсиз равишда ҳаромни ҳалол санаш, ҳалолни ҳаром санаш, сўнг буни Аллоҳ ва Расулига нисбатлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир» (Наҳл: 116, 117).
«Саҳиҳайн» ва бошқаларда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғонласа, дўзахдан ўз жойини ҳозирлаб олсин».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғон сўзлашдан огоҳлантириб айтганлар: «Ёлғондан сақланинглар! Чунки ёлғон фужурга йўллайди, фужур эса дўзахга йўллайди. Киши доим ёлғон сўзлаб юради ва ёлғон гапиришга қасд қилади, ҳатто у Аллоҳ ҳузурида каззоб-ёлғончи деб ёзиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).
Шунингдек, ғийбатдан эҳтиёт бўлиши керак. Ғийбат – биродарингизни ўзи йўқлигида у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишингиздир. Хоҳ унинг баданида бўлган чўлоқлик, ғилайлик, кўзи ожизлик каби нуқсонини айтишингиз бўлар, хоҳ хулқ-атворида бўлган ақлсизлик, бефаҳмлик, фосиқлик каби нуқсонини айтишингиз бўлар, шунингдек, сиз айтаётган гап унда бор бўлар ё йўқ бўлар, фарқи йўқ. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ғийбат ҳақида сўралганда у зот: «Биродарингни у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишинг», деб жавоб бердилар. «Агар мен айтаётган нарса биродаримда бўлса-чи?», дейилди. «Агар сен айтаётган нарса унда бўлса, сен уни ғийбат қилган бўласан. Агар айтаётган нарсанг унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръонда ғийбатдан қайтарган ва уни қабиҳ суртда ташбеҳ қилган. Яъни, уни ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатган: «Айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот: 12).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, у зот меърож кечасида бир қавм ёнидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, у билан юзларини ва кўкракларини тирнардилар. «Булар кимлар, эй Жибрил?» деб сўраганларида Жибрил алайҳиссалом: «Улар одамларнинг гўштларини (ғийбат билан) ейдиган ва обрўларига чанг соладиган кимсалар», деб жавоб бердилар. (Абу Довуд ривояти).
Чақимчиликдан ҳам сақланиши лозим. Чақимчилик – икки кишининг ўртасини бузиш мақсадида бирининг гапини иккинчисига етказиш бўлиб, у гуноҳи кабиралардан саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар (Муттафақун алайҳ).
«Саҳиҳайн»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка ёки Мадина (қўрғонлари) деворларидан бир девор ёнидан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккиси азобланаяпти ва (лекин) гуноҳи кабира хусусида азобланишаётгани йўқ» дедилар. Кейин: «Йўқ, (гуноҳи кабира хусусида,) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди» дедилар.
Чақимчилик шахс ва жамиятни бузиш, мусулмонлар ўртасига тафриқа ва адоват солишдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10, 11). Ким сизга гап кўтариб келса, сизнинг гапингизни ҳам бошқаларга албатта етказади, буни унутманг!
Олди-сотди, ижара, касб-ҳунар, гаровга қўйиш каби барча муомалаларда, маслаҳат ва фикр алмашиш каби жамики ишларларда алдов ва хиёнатдан сақланиши лозим. Чунки, алдов ва хиёнат гуноҳи кабиралардан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан безорлик эълон қилганлар: «Ким бизга хиёнат қилса, у биздан эмас». Бир лафзда: «Ким хиёнат қилса, у мендан эмас» (Имом Муслим ривояти).
Хиёнат – алдов, омонатни зое қилиш, одамлар ўртасида ишончнинг йўқолиши демакдир. Алдов ва хиёнатдан топилган пул-мол ифлос ва ҳаром саналиб, ўз эгасига фақат Аллоҳдан узоқлашувни зиёда қилади.
Барча турдаги мусиқа ва куй-қўшиқ асбобларидан – уд, рубоб, доира, танбур, дутор, камон, пианино ва бошқалардан узоқлашиши лозим. Чунки булар ҳаммаси ҳаром. Мусиқага чиройли овозлардаги куй-қўшиқлар, эҳтиросларни жунбушга келтирувчи лапарлар қўшилса, ҳаромлик ва гуноҳ яна-да ортади.
Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир» (Луқмон: 6).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ушбу оятда айтилган «беҳуда сўз» ҳақида сўралганда: «Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у қўшиқдир», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳам шундай деганлари ривоят қилинган.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Жобир, Икрима, Саид ибн Жубайр ва Мужоҳиддан шуни ривоят қилган.
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: «Бу оят куй-қўшиқ ҳақида тушган», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъозиф (мусиқа асбоблари)дан огоҳлантирганлар ва уни зинога тенглаштирганлар: «Умматим ичида ҳали шундай қавмлар бўладики, улар зинони, ипакни, маст қилувчи ичимликни ва маъозифни ўзларига ҳалол қилиб олишади» (Имом Бухорий ривояти).
Замонамиз воқелигида бугун айни шу нарсани кўриш мумкин, кўпчилик мусиқа асбобларини худди ҳалол нарса каби ишлатадиган ё эшитадиган бўлиб кетди. Бу эса Ислом душманларининг мусулмонларга қилган найрангларининг муваффақияти белгиларидан бўлиб, шу сабаб уларни Аллоҳнинг зикридан, дину дунёларига муҳим бўлган нарсалардан тўса олишди. Натижада кўпчилик мусулмонлар Қуръон тиловати, ҳадислар, уламоларнинг шариат аҳкомлари ва ҳикматлари ҳақидаги сўзларини тинглаш ўрнига куй-қўшиқлар эшитишни афзал санайдиган бўлиб қолдилар.
Мусулмон биродар! Рўзани нуқсонли қилувчи ва бузувчи нарсалардан эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўз ва ишлардан рўзангизни сақланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки, ёлғонни, унга амал қилишни ва жаҳолат (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Имом Бухорий ривояти). Жобир розияллоҳу анҳу айтганлар: «Рўза тутсанг, қулоғинг, кўзинг ва тилинг ёлғон ва ҳаром ишлардан рўза тутсин, қўшнига озор беришни тарк қил, виқорли ва оғир-босиқ бўл, рўза тутган кунинг тутмаган кунинг билан бир хил бўлиб қолмасин».
Эй Парвардигор! Динимизни Ўзинг асра, аъзоларимизни Сени ғазаблантирадиган ишлардан сақла.
Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айла, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш