Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Иккинчи суҳбат: Рўзанинг фазилати хақида

 

Азиз биродар, Рўза тоат-ибодатларнинг энг афзали ва улуғларидан. Унинг фазилати хақида кўплаб оят-хадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло уни ўтган барча умматларга фарз қилгани ҳам рўзанинг фазилатларидан саналади: « Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Рамазон рўзасининг фазилатларидан: Рўза гуноҳларга каффорот ва мағфират этилишга сабабдир. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари албатта мағфират қилинади».

Яъни Аллоҳга иймон келтирган ҳолда, рўза унинг зиммасидаги фарз эканини хис қилиб, унинг савоб ва мукофотидан умидвор бўлиб, уни ёмон кўрмасдан, савоб ва мукофотида шубҳаланмасдан тутса, Аллоҳ таоло унинг ўтган гуноҳларини албатта кечиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:  

«Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазонгача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади».

Рўзанинг фазилатларидан: Унинг савоби муайян саноқ билан чекланмаган, балки рўзадорга беҳисоб ажр-мукофотлар берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида» (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслим ривоятида: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, (қилинган) ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача (мукофотланади), Аллоҳ таоло айтади: Фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман, шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади».

Бу ҳадиси шариф бир неча жиҳатдан рўзанинг фазилатига далолат қилади:

1) Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги шарафи, унга бўлган муҳаббати ва унда Ўзига банда томонидан бўлган ихлос зоҳир бўлгани учун ҳам бошқа амаллар орасидан рўзани Ўзи учун хослаб олди. Чунки рўза банда билан Парвардигори ўртасидаги сир, уни Аллоҳдан бошқа хеч ким билмайди. Рўзадор рўза сабабли ўзига ман этилган нарсаларни одамлардан холи ўринларда бемалол тановул қилиш имконига эга бўлса-да, ундан тийилади, чунки хилватда ҳам уни кўриб турувчи, унга буни ҳаром қилган Парвардигори борлигини билади ва Унинг азобидан қўрқиб, савобини умид қилганидан буни тарк қилади. Мана шу ихлоснинг мукофоти ўлароқ Аллоҳ таоло рўзани бошқа амаллар орасидан Ўзи учун хослаб олди. Бу хослашнинг фойдаси Қиёмат кунида билинади. Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Қиёмат куни Аллоҳ бандасини ҳисоб-китоб қилади. Агар бандаси зулм ўтказган бўлса, қилган ибодатларининг савобидан зулм қилган кишиларига олиб берилаверади. Ҳатто унинг ўзи учун ҳеч нарса қолмайди. Фақат рўзасининг савоби қолади. Кейин Аллоҳ уни рўзаси сабабли жаннатга киритади».

2) Аллоҳ таоло рўза ҳақида: «Унинг мукофотини Мен Ўзим бераман», деб, рўзага бериладиган мукофотни Ўзига нисбатлади. Маълумки, солиҳ амалларнинг савоби ададларга зиёда қилинади, бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача ва ундан ҳам зиёда кўпайтирилади. Аммо рўзага бериладиган мукофотни адад эътиборисиз Аллоҳ таоло Ўзига нисбатлади. Аллоҳ таоло энг Карамли ва энг Сахий Зотдир. Ҳадя ҳам уни берувчисига қараб бўлади. Демак, рўзадорга бериладиган мукофот беҳисоб даражада кўп.

Рўза (1) Аллоҳнинг тоати узра сабр қилиш, (2) Унинг қайтариқларига сабр қилиш, (3) очлик, ташналик ва бадан заифлигидан иборат Аллоҳнинг аламли қадарига сабр қилишдир. Рўзада мазкур сабр турларининг учаласи ҳам жамланганидан рўзадор сабр қилувчилар жумласидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтди: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур». (Зумар: 10)

3) Рўза қалқондир, яъни рўза ўз эгасини лағв ва фаҳш сўзу ишлардан тўсувчи воситадир, шунинг учун ҳам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутган ҳолда бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин», мана шундагина рўзаси уни дўзахдан сақлайди. Шунинг учун ҳам Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза - банда у билан дўзахдан сақланадиган қалқондир». (Имом Аҳмад ривояти).

4) Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳнинг хузурида мушкдан ҳам хушбўйроқ, чунки у рўза туфайли пайдо бўлган бўлиб, Аллоҳнинг хузурида хушбўй ва маҳбубдир. Одамлар орасида кариҳ ва ёқимсиз бўлган ҳид рўзадек тоат-ибодатдан ҳосил бўлгани учун Аллоҳ таолога ёқимли бўлиши рўзанинг Аллоҳ таоло хузуридаги шаънининг буюклигига далолат қилади.

5) Рўзадорга икки хурсандлик бор, бири ифтор вақтида, яна бири Парвардигорига йўлиққанда. Ифтор вақтида хурсанд бўлиши: Аллоҳ таоло унга солиҳ амалларнинг энг афзалларидан бўлмиш рўза ибодатини адо этиш неъматини  ато қилганидандир. Чунки қанча-қанча инсонлар рўза тутмай, бу неъматдан маҳрумдирлар. Яна, рўзадорлик вақтида ман қилинган емоқ, ичмоқ ва қўшилмоқ каби неъматларни Аллоҳ таоло унга оғиз очгандан  кейин мубоҳ қилганидан қувонади.

Парвардигорига йўлиққандаги хурсандлиги эса: савобга муҳтож бўлиб турган дамда, тутган рўзасининг мукофотини Аллоҳ таоло хузурида тўлиқ олиб, «Рўзадорлар қани, улардан ўзгаси кирмайдиган Райён эшикларидан жаннатга кирсинлар» деган нидони эшитганида қувонади.

Бу ҳадиси шарифда рўзадорларга кўрсатмалар бор: Агар рўзадорни бирон кимса сўкса ёки уришса, шунга яраша жавоб қайтармасин, чунки бу уриш-жанжалнинг зўрайишига сабаб бўлади. Лекин шу билан бирга, сукут сақлаш билан унинг олдида ожиздек кўриниб қолмаслик  учун «мен рўзадорман» деб, огоҳлантириш лозим. Бу «сенинг жоҳиллигингга яраша жавоб қайтармаётганим заифлигимдан эмас, рўзанинг эҳтиромидан» деганга ишора бўлади ва мана шу билан уриш-жанжалнинг олди олинади: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» ( Фуссилат: 34-35).

Рўза Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам айтдилар:

«Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Раббим, мен уни таом ва шаҳватидан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»,  дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).

 

Азиз биродар! Юқоридаги фазилатларга фақатгина рўзанинг одобларига риоя қилинганда эришилади. Шунинг учун тутаётган рўзангизни асраб-авайланг, ҳудудларини сақланг, ундаги камчиликлар учун Аллоҳ таолога тавба қилинг!

Парвардигоро, рўзаларимизни муҳофаза қилгин, уни бизларга шафоатгўй қилгин, ўзимиз, ота-оналаримиз ва барча мусулмонларни мағфират қилгин!

Пайғамбаримизга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.

1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

 

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ