Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Биринчи суҳбат: Рамазон ойининг фазилатлари

 

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Азиз биродарлар! Дарҳақиқат, бизларга улуғ ой, қимматли фурсат ташриф буюрди. Бу ой чексиз ажр-мукофотлар бериладиган, ҳар бир яхшилик истовчига яхшилик эшиклари очиладиган, хайр-баракот ойидир. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас сизлардан Ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз (Бақара-185).

Бу ой раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлишдек неъматлар билан ўралган бўлиб, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир. Бу ой фазилати хақида хабарлар машҳур, асарлар мутавотирдир. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойи келганда Жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади». Бу ойда солиҳ амаллар кўп бўлиши ва амал қилувчиларга тарғиб бўлиши учун жаннат эшиклари очилади, аҳли иймон тарафидан гуноҳлар кам содир этилиши боис дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар ҳам занжирбанд қилиниб, бошқа ойларда эга бўлган эркинликларга бу ойда эга бўла олмайдилар.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«Менинг умматимга Рамазон ойида аввалги умматларга берилмаган беш хислат берилади:

1) Рўзадор оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида миск (мушки анбар) ҳидидан ҳам хушбўйроқдир;

2) Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар»;

4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилиниб, бошқа ойлардаги эркинликларига эга бўлолмайдилар;

5) Охирги кечада уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади».

«Эй Росулуллоҳ! У кеча Қадр кечасими?», деб сўралди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, қачон амал қилувчи амалини тугатгач, шунда унинг ажри (иш ҳақи) тўлиқ қилиб берилади».

Азиз биродарлар! Бу беш хислатни Аллоҳ сизлар учун сақлаб, бошқа умматлар орасидан сизларни улар билан хослаб, неъматини сизларга тўлиқ қилиб берди. Аллоҳнинг неъмати ва фазли сизларга нақадар кўп!! «(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши  амалга буюрасиз, исён-гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли Китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» (Ол-и Имрон: 110).

 

Биринчи хислат: Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мискдан ҳам хушбўйроқ. Рўзадорнинг ошқозони таомдан холи бўлгани учун, унинг оғзидан келаётган ҳид одамлар наздида кариҳ-ёқимсиз бўлса ҳам, у Аллоҳнинг ҳузурида мискнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ, чунки у Аллоҳ таолога тоат-ибодат натижасида пайдо бўлгандир. Аллоҳга бўлган тоат-ибодат туфайли пайдо бўлган ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳуга маҳбубдир ва У бунинг эвазига ундан кўра яхшироқ ва афзалроғини ато этади. Аллоҳнинг калимаси олий бўлишини истаб, Унинг йўлида қатл қилинган шаҳидни кўринг! Қиёмат куни жароҳатидан оқаётган қоннинг ранги қон рангида, ҳиди эса миск ҳидида бўлган ҳолда келади. Ҳажда ҳам Аллоҳ таоло Арафот аҳли билан малоикаларга фахрланиб, айтади: «Ана бу бандаларимга қаранглар, Менинг ҳузуримга сочлари тўзиган, чанг босган ҳолда келдилар» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти). Сочлар тўзиб, чангга беланиш ҳолати бу ўринда Аллоҳ таолога маҳбубдир, чунки бу ҳолат Аллоҳга тоат ва эҳромда ман қилинган нарсалардан сақланиш ҳамда зийнатни тарк қилишдан пайдо бўлган.

 

Иккинчи хислат: Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар. Малоикалар Аллоҳнинг хузурида хурматли, «Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган» (Таҳрим-6) бандалардир. Аллоҳнинг изни билан уларнинг рўзадорлар ҳаққига қилган дуолари Аллоҳ ҳузурида ижобат қилинишга лойиқдир. Аллоҳ таоло малоикаларга бу уммат рўзадорлари ҳақларига истиғфор айтишга изн бергани, уларнинг шаънларини улуғлаш, номларини кўтариш ва рўзаларининг фазилатини баён қилиш учундир.

Истиғфор – мағфират талаб қилиш. Мағфират эса дунёю охиратда гуноҳларни яшириш ва кечиб юборишдир. Бу энг олий талаб ва мақсаддир, зеро ҳар бир инсон хатокор, ўз жонига зулм қилувчи бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг мағфиратига муҳтождир.

 

Учинчи хислат: Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб, унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар». Солиҳ бандаларининг жаннатга эришишларига тарғиб ўлароқ, ҳар куни Аллоҳ улар учун жаннатини зийнатлайди ва айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озордан халос бўладилар». Яъни дунёнинг машаққат, озор ва  қийинчиликларидан халос бўлиб, дунё ва охират саодати, жаннатга элтувчи бўлмиш солиҳ амалларга киришадилар.

 

Тўртинчи хислат: Шайтонларнинг катталари занжиру кишанлар билан занжирбанд қилиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандаларини ҳақдан адаштириш ва яхшиликдан тўсишдек мақсадларига етолмайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз суюкли бандаларига душманларини кишанлаш билан берган ёрдамидир. Шунинг учун ҳам солиҳ кишиларни бу ойда бошқа ойларга қараганда яхшиликка рағбатлари ва ёмонликка нафратлари ортганини кўрасиз.

 

Бешинчи хислат: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бу муборак ойда кундузлари рўза тутиш ва кечалари намозда қоим бўлиш каби мажбуриятларини адо этсалар, эвазига Аллоҳ таоло Ўзининг фазли карами билан  бу ойнинг охирги кечаси, амалларининг интиҳосида ажр-мукофотларини тўлиқ қилиб, уларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Зеро, мардикор ҳам ҳақини ишни тугатгач олади.

 

Аллоҳ таоло бандаларини бундай мукофот билан сийлашининг учта сабаби бор.

Биринчи сабаб: Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг гуноҳлари кечирилишига ва даражотлари кўтарилишига сабаб бўладиган солиҳ амалларни фарз қилди. Агар Аллоҳ буни фарз қилмаганида бандалар бу билан Аллоҳга ибодат  қила олмасдилар. Ибодат фақатгина Аллоҳнинг пайғамбарларига юборган ваҳийси орқали олинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ваҳийсиз ўзларича шариат қуриб олганларни инкор қилиб, хатто буни ширк эканлигини эълон қилди: «Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз аламли азоб бордир» (Шўро-21).

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло уларни кўпчилик инсонлар тарк қилган солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилди, агар уларга Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи бўлмаганда эди, солиҳ амалларни қоим қила олмасдилар. Бу неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. «Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот-17).

Учинчи сабаб: Аллоҳ таоло улуғ ажрларни ато этди. Бир ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилди. Амалга тавфиқ ҳам, унга ажр ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин.

 

Азиз биродар, Маъсиятдан тоатга, ғафлатдан зикрга ҳамда Аллоҳ таолога юзланиш каби рамазон хақларини ўтаган ҳолда рамазонга етишлик буюк бир неъматдир!

Эй инсон! Ражаб ойини гуноҳ билан ўтказганинг етмагандек, Шаъбон ойида  ҳам гуноҳга ботдинг. Мана энди ҳузуринга рўза ойи келди, уни ҳам гуноҳ ойига айлантирмагин. Бу ойда Қуръон ўқи, кўп-кўп тасбеҳлар айт, зеро бу ой Қуръон ва тасбеҳ ойидир. Ўтган йил сен билан бирга рўза тутган қанча-қанча қариндошларинг, қўшниларинг ҳамда биродарларингни ўлим боқий дунёга олиб кетди, сени эса вақтинча қолдириб турибди, буни ғанимат бил!

Аллоҳим, Ўзинг бизларни ғафлат уйқусидан уйғот, боқий дунёга сафаримиздан олдин бизларни тақво билан озуқалантир, вақтинча берилган вақтни ғанимат билишимизни насиб эт, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматингга ол.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ҳамда У кишининг оила аҳиллари ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

 

 

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ