Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўн биринчи суҳбат: Рўзанинг мустаҳаб бўлган одоблари ҳақида
Азиз биродарлар, ушбу суҳбатимизда рўза одобларидан иккинчи қисми – мустаҳаб (яъни, мажбурий бўлмаган, бироқ риоя этиш билан мўл ажру савобга эришиладиган) одоблар ҳақида сўз юритамиз.
Мазкур одоблардан бири – саҳарлик қилиш, яъни кечанинг охирги қисмида таомланиш бўлиб, саҳар пайтида ейиладиган таом бўлгани учун саҳарлик деб номланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).
«Саҳиҳ Муслим»да Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ – саҳарлик тановул қилишдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо билан саҳарлик қилишни мақтаб: «Хурмо мўминнинг нақадар яхши саҳарлигидир», деганлар (Абу Довуд ривояти).
Яна бир ҳадисларида: «Ҳар қандай саҳарлик таоми баракадир. Сизлардан бирингиз гарчи бир қултум сув билан саҳарлик қилса-да, саҳарликни тарк қилманглар! Чунки Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтиб туради», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарлик қилувчи саҳарлик қилиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини амалга ошириш ва у зотнинг қилган феълларига эргашишни ният қилиши керак. Шунда унинг саҳарлиги ибодатга айланади. Шунингдек, саҳарлиги билан рўзага қувват ҳосил қилишни ният қилсинки, бу билан ажрга эга бўлади. Саҳарликни субҳга қадар давом эттириш суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит билан бирга саҳарлик қилдилар. Саҳарликдан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, намоз ўқидилар». Анас розияллоҳу анҳудан: «Саҳарликдан фориғ бўлишлари билан намозга киришишлари ўртасида қанча вақт бор эди?» деб сўралганда: «Бир киши эллик оят қироат қилиши миқдорича», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Билол тунда (яъни саҳарликка уйғотиш учун) азон айтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар то Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар, чунки у тонг отмагунича азон айтмайди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарликни кечиктириш рўзадорнинг ҳолати учун фойдалироқ бўлади, шунингдек уни бомдод намозидан ухлаб қолишдан сақлайди. Рўза тутувчи киши саҳарликни тамомлаб, ният қилиб олганидан кейин ҳам то тонг отганига ишонч ҳосил қилмагунича еб-ичиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Уфқда кўринган оқариш билан ёки азон ва шу каби ишончли бир хабар билан тонг отганлигига ҳукм қилинади. Тонг отиши билан ейиш-ичишдан тўхтайди ва дили билан рўзага ният қилади. Ниятни тил билан талаффуз қилмайди, чунки бундай қилиш бидъатдир.
Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан бири – кун ботиши билан ифтор қилишга (яъни оғиз очишга) шошилишдир. Куннинг ботгани кўз билан кўриш ёки азон ва шу каби ишончли хабар билан билинади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар модомики ифтор қилишга шошилар эканлар, яхшилик узра бўлаверадилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор азза ва жалладан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Бандаларим ичида Менга энг суюкли бўлганлари ифтор қилишга шошилувчироқларидир» (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти).
Ифтордаги суннат – оғизни рутоб (янги пишган хурмо) билан очишдир. Агар рутоб бўлмаса тамр (қуруқ хурмо) билан, у ҳам бўлмаса сув билан очилади. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан аввал бир неча рутоб билан ифтор қилар эдилар. Агар у бўлмаса тамр билан, у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув билан ифтор қилар эдилар» (Имом Аҳмад, имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоятлари).
Агар рутоб ҳам, тамр ҳам, сув ҳам бўлмаса, топган ҳалол таом ё ичимлиги билан ифтор қилаверади. Агар ейиш-ичишга ҳеч нарсаси бўлмаса, дили билан ифторга ният қилади, баъзи авом кишилар қилганидек бармоғини сўрмайди ёки тупугини тўплаб ютмайди.
Оғиз очиш пайтида ўзи истаган дуоларини қилиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадорнинг ифтори пайтида рад қилинмас дуоси бўлади», деганлар (Ибн Можа ривояти, исноди саҳиҳ).
Муоз ибн Зуҳрадан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлари пайтида: «Эй Парвардигор, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим», дердилар (Абу Довуд ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилган пайтларида: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ», дердилар (Абу Довуд ривояти).
Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан – қироат, зикр, дуо, намоз ва садақани кўпайтириш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Уч кишининг дуоси рад қилинмайди: адолатли ҳокимнинг, рўзадорнинг оғиз очгунча қилган дуоси ва мазлумнинг дуоси. Аллоҳ мазлумнинг дуосини булутлар узра кўтаради, унга осмон дарвозалари очилади. Парвардигор азза ва жалла: «Иззатим ва Улуғлигимга қасамки, бироз кейин бўлса ҳам, албатта сенга ёрдам бераман!», дейди. (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саховатлари илм бериш, Аллоҳ азза ва жалланинг динини ғолиб қилиш ва бандаларнинг ҳидоятланиши йўлида молу жонларини сарфлаш, ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқариш, очларни тўйдириш каби имкони борки ҳар қандай йўл билан инсонларга манфаат етказишдек барча турдаги саховатни ўзига жамлаган эди. Рамазон ойи шарафли ой бўлгани ва унда ажрлар бир неча бор зиёда бўлгани учун ҳамда жаннатга кириш сабабларидан бўлмиш рўза ва таом бериш унда жамлангани учун ҳам у зотнинг саховатлари ушбу ойда яна-да ортиб кетарди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ичларингизда ким бугун рўза тутди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун жанозада қатнашди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун мискинни таомлантирди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун беморни бориб кўрди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу ишлар қай бир кишида жамланса, у албатта жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан бири – рўзадор Аллоҳ уни рўзага етказганлиги, рўза тутишга муваффақ қилиб, рўзани унга муяссар қилгани неъматини қадрлаши лозим. Зотан, кўп кишилар Рамазонга етиб келолмай вафот этиб кетишди, етиб келганлар ичида айримлар заиф-ожизлиги, айримлар залолатда бўлгани туфайли уни адо этиш шарафига муяссар бўлишмади. Шундай экан, рўзадор Парвардигори ҳузурида ўзининг гуноҳлари кечирилиб, даражалари юксалишига сабаб бўлган ушбу улуғ неъмат учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтмоғи лозим.
Азиз биродарим! Рўзанинг одобларига риоя қилинг, ғазаб ва азоб сабабларидан узоқлашинг. Буюк аждодларимизнинг сифатлари билан безанинг. Зеро, ушбу умматнинг охири унинг аввалини ислоҳ этган тоат-ибодат ва гуноҳлардан сақланиш билангина тузалади.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: Рўзадорлар икки табақа бўлади. Улардан бири шундай кишики, емак-ичмаги ва майл-истагини Аллоҳ учун тарк қилади, бунинг эвазига У зот ҳузуридаги жаннатни умид қилади. Бу киши Аллоҳ билан тижорат қилди, У билан ҳамкорлик қилди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларнинг ажрларини зое қилмайди. У билан ҳамкорлик қилган киши ноумид қайтмайди. Аксинча, жуда катта фойдага эришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: «Сен бир нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилар экансан, Аллоҳ сенга албатта ундан яхшисини беради» дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бундай рўзадорга жаннатда кўнгли тилаганча таом, шароб, аёллар ато этилади. Аллоҳ таоло айтади: «(Жаннат аҳлига:) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (Ал-Ҳааққа: 24). Мужоҳид ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оят рўзадорлар ҳақида нозил бўлган», деганлар.
Абдурраҳмон ибн Самурадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида кўрган нарсани баён қилиб дедилар: «Умматимдан бир кишини кўрдимки, ташналикдан ҳансираб қолган, ҳар гал ҳовузга яқинлашганда ман қилинар ва ҳайдалар эди. Шунда рўзаси келиб, уни суғорди ва қондирди» (Табароний тафсирида келтирган).
Ҳой одамлар! Қани, ушбу ойда Раҳмон таоло ҳузуридаги нарсаларга харидор бўлувчи ким бор?! Унинг жаннатларда тоат-ибодат қилувчилар учун ҳозирлаб қўйган неъматларига рағбат қилувчи ким бор?!
Ким жаннатларга эга бўлишни истаса, сусткашликни қўйсин, тун зулматида Қуръон нури сари қўзғолсин, рўзани рўзага уласин! Умр ўткинчи, ҳақиқий ҳаёт дорул-омонда, Аллоҳ ҳузурида!
Иккинчи табақадаги рўзадор шундай кишики, дунёда Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан рўза тутади – тийилади. Бошини ундаги барча аъзолари билан бирга, қорнини унинг ичидаги барча аъзолари билан бирга асрайди, авайлайди. Ўлимни ёдга олади, охиратни истайди, дунё зеб-зийнатларини тарк қилади. Унинг ийдул-фитри (рўза ҳайити) Парвардигорига йўлиққан ва Унинг дийдорига мушарраф бўлиш ила шодликка тўлган кунда бўлади.
Ким Аллоҳнинг амри билан дунёда шаҳватларидан рўза тутса-тийилса, эртага жаннатда уларга тўла-тўкис эришади. Ким Аллоҳдан бошқа барча нарсадан рўза тутса, унинг ҳайит байрами Унга рўбарў бўлган кундадир: «Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, бас, албатта, Аллоҳ (белгилаган мукофот ва жазо) фурсати шак-шубҳасиз келувчидир. У эшитувчи, билувчидир» (Анкабут: 5).
Эй тавба қилувчилар, бугун нафс-ҳаво шаҳватларидан рўза тутинг, У зот билан учрашув кунида ийдул-фитрга етишасиз!
Эй Парвардигор! Ботинимизни Ўзингга ихлос билан гўзал қилгин. Амалларимизни Расулингга эргашиш ва унинг одоблари билан одобланиш ила зийнатли қилгин.
Эй Парвардигор! Бизларни ғафлатларимиздан уйғотгин, ҳалокат жарликларидан қутқаргин. Гуноҳлармизни ўчиргин. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш