Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Тўртинчи суҳбат: Таровеҳ намозининг ҳукми

 

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло бандаларига турли ибодатларни буюрди, бу ибодатлар ичида бажармаслик ёки камайтириш жоиз бўлмаган фарз ибодатлар бор, Аллоҳ таолога яқинликни ҳосил қиладиган нафллари бор. Бандалар буларнинг ҳар биридан ўз улушларини олишлари, бирини бажариб бошқасини ташлашлари мумкин эмас.

Намоз мана шулар жумласидан бўлиб, Аллоҳ таоло бандаларига бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқишни фарз қилди. Амалда беш вақт бўлса ҳам, тарозуда эллик вақт бўлиб эътибор қилинишини ваъда қилди. Бу фарз намозларни комил бўлиши ҳамда Ўзига яқинликни янада зиёда бўлиши учун нафл намозларни жорий қилди. Булардан беш вақт намознинг суннатлари: бомдодда икки ракъат, пешин намозидан аввал тўрт, кейин икки ракъат, шом намозидан кейин икки ракъат ва хуфтондан кейинги икки ракъат суннат намозлардир. Булардан ташқари қиёмул-лайл, таҳажжуд деб номланган тунда ўқиладиган намозлар бўлиб, Аллоҳ таоло буларни қоим қилувчиларни Ўз Китобида мақтаб ёд этган:

«Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир» (Фурқон:64).

«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда:16-17).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фарз намозларидан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир» (Муслим ривояти).

Яна айтганлар: «Эй инсонлар! Саломни ёйинглар, таом едиринглар, қариндошлар билан борди-келди қилинглар ва тунда одамлар ухлаётган пайт намоз ўқинглар, жаннатга саломат кирасизлар». (Термизий ривояти).

Витр намози ҳам тунги намозлар жумласидан бўлиб, ози бир ракъат, кўпи ўн бир ракъатдан иборатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ёлғиз бир ракъат қилиб ўқиса ҳам, уч ракъат ўқиса ҳам бўлади: «Ким витрни бир ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин», «Ким витрни уч ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин».(Абу Довуд, Насоий ривояти).

Уч ракъатни бир бир ташаҳҳуд ва бир салом билан ўқишни истаса, бу ҳам жоиз. Таҳовий Умар ибн Хаттобни бир салом билан уч ракъат ўқиганларини ривоят қилган. Хоҳласа икки ракъатдан сўнг салом бериб, сўнг учинчи ракъатни алоҳида ўқийди. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икки ракъат билан бир ракъат орасида салом берардилар, ҳатто баъзи хожатларига буюрардилар ҳам. Беш ракъатни бирин-кетин ўқиб охирида ташаҳҳудга ўтириш сўнгра салом билан тугатиш ҳам мумкин. Ушбу ҳадислар бунга далил бўлади: «Ким витрни беш ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин» (Абу Довуд, Насоий ривояти).

 Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам тунда ўн уч ракъат намоз ўқирдилар, булардан беш ракъатини  витр қилиб, охирги ракъатдан бошқа ракъатларда (ташаҳҳудга) ўтирмасдан ўқирдилар» (Муттафақун алайҳ).

Етти ракъатни ҳам худди беш ракъат каби ўқиш мумкин. Умми Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам етти ва беш ракъат витр ўқирдилар ва буларнинг орасини на салом ва на калом билан бўлмасдилар» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Тўққиз ракъат қилиб ўқиса ҳам бўлади. Саккиз ракъатни ташаҳҳудга ўтирмасдан ўқиб, саккизинчи ракъатда ўтириб ташаҳҳудни ўқийди ва дуо қилади, сўнг салом бермасдан туриб тўққизинчи ракъатни ўқийди ва ташаҳҳуд, дуо ва салом билан тугатади. Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрлари хақида шундай деганлар: «Тўққиз ракъат ўқирдилар, саккизинчи ракъатдан бошқасида ўтирмасдилар, Аллоҳни ёд этиб, Унга ҳамд айтиб, дуо қилардилар, сўнг туриб салом бермасдан тўққизинчи ракъатни ўқиб, сўнг ўтирардилар ва Аллоҳни ёд этиб, Унга ҳамд айтиб, дуо қилардилар, сўнг салом берганларини биз ҳам эшитардик»  (Аҳмад, Муслим ривоятлари).

Ўн бир ракъат ўқиса ҳам бўлади. Хоҳласа ҳар икки ракъатда салом бериб, бир ракъат билан витр қилади. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозидан фориғ бўлгач бомдод намозигача бўлган оралиқда ўн бир ракъат намоз ўқирдилар, ҳар икки ракъатда салом бериб, бир ракъат билан витр қилардилар».(Термизийдан бошқа барча имомлар ривоят қилган).

Агар хохласа тўрт ракъат, сўнг тўрт ракъат, сўнг уч ракъат қилиб ўқийди. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам тунги намозни 11 ракъатдан оширмас эдилар. Аввал 4 ракъат ўқир эдилар. Сиз унинг гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг яна 4 ракъат ўқир эдилар. Сиз буларнинг ҳам гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг 3 ракъат ўқир эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Беш, етти, тўққиз ракъатни бўлмасдан бир салом билан ўқиш, ўзи якка холда ўқиганда ёки шуни ихтиёр қилган хос жамоатда мумкин. Аммо умумий масжидларда кўпчиликка машаққат бўлмаслиги учун имом ҳар икки ракъатда салом бермоғи афзал, чунки жамоатга мана шу енгилроқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганлар: «Қайси бирингиз одамларга имомликка ўтса, намозни енгил ўқисин, чунки унинг орқасида кексалар, заифлар ва хожатмандлар бўлиши мумкин». Бошқа бир лафзда: «Ўзи ёлғиз ўқиса хоҳлаганича ўқийверсин». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан юқоридаги кайфиятларда витрни ўқиганликлари ривоят қилинмаган, ўзлари ёлғиз шундай ўқиганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан Рамазондаги тунги намозни бошқа ойдагиларга қараганда имтиёзи ва фазилати борлиги билинади: «Рамазон (кечаларида) иймон билан ва савоб умидида бедор бўлиб намоз ўқиган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ). «Иймон билан» сўзининг маъноси – Аллоҳга ҳамда Ул Зот рамазон кечаларида қоим бўлганларга хозирлаб қўйган савобга иймон келтириб, демакдир. «Савоб умидида» сўзининг  маъноси эса – риё, сумъа ёки мол-дунё ва обрў умидида эмас, балки ёлғиз Аллоҳ таолонинг савобини умид қилиб деганидир. Рамазон кечаларида қоим туриш деганда, кечанинг бошидаги намозлар ҳам, охиридаги намозлар ҳам эътибор қилинади. Мана шунга биноан таровеҳ намози ҳам Рамазоннинг тунги ибодати бўлгани учун Аллоҳдан ажр-савоб умид қилиб, бу ибодатга ҳарис бўлиш ва эътибор бериш лозим. Ақлли мўмин киши жуда оз муддатда ўтиб кетадиган бу саноқли кечаларни қўлдан бой бермай ҳаракат қилади албатта!

Таровеҳ деб номланишига сабаб - одамлар уни узун қилиб ўқишар ва ҳар тўрт ракъатдан кейин бир оз ором олиб ўтиришар эди, шунинг учун ҳам таровеҳ-ором олишлар деб номланган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб бу ишни тарк этганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча намозни масжидда ўқидилар, одамлар ҳам У зотга эргашиб ўқидилар, сўнг кейинги кечада ҳам ўқидилар, одамлар кўпайиб кетди, сўнг учинчи ёки тўртинчи кечада ҳам йиғилдилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига чиқмадилар. Тонг отгач: «Кечаси йиғилганингизни кўрдим, сизларга фарз бўлиб қолиши кейин эса тоқат қила олмаслигингиздан қўрққанлигим олдингизга чиқишдан мени тўсди», дедилар. Бу Рамазонда бўлганди (Саҳиҳайнда келган).

Абу Зар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам билан бирга рўза тутдик, Рамазондан етти кун қолгунича биз билан (тунда) намоз ўқимадилар. Кейин (етти кун қолганда) биз билан кечанинг учдан бири қолгунча намоз ўқидилар. Олти кун қолганда биз билан ўқимадилар. Сўнг беш кун қолганда биз билан кечанинг ярми кетгунча намоз ўқидилар. Биз: «Эй Расулуллоҳ, бу кечамизнинг қолганида ҳам бизларга ўқиб берсангиз», деган эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки (Рамазонда) имоми тугатгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганнинг савоби ёзилади» дедилар.(Сунан соҳиблари ривоят қилган).

Салафи солиҳлар таровеҳ намозини витр билан бирга неча ракъат эканлиги ҳақида турли хил фикр билдиришган. Баъзилар 11 ракъат, баъзилар 13 ракъат, баъзилар 19 ракъат, баъзилар 21 ракъат, баъзилар 23 ракъат, баъзилар 29 ракъат, баъзилар 39 ракъат, баъзилар эса бундан бошқа фикрларни ҳам билдиришган. Буларнинг ичидаги рожиҳроқ фикр 11 ёки 13 ракъат эканидир. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазондаги намозлари ҳақида  сўралганларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатдан зиёда ўқимаганлар», деб жавоб берганлар (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари ўн уч ракъат эди» (Бухорий ривояти).

Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу дедилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорийни одамларга 11 ракъат намоз ўқиб беришга буюрдилар» («Муватто»да келган).

Салафи солиҳлар таровеҳ намозини жуда узун ўқирдилар. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: «Имом юз оятлаб ўқир эди, қиёмнинг узунлигидан асоларимизга суяниб қолардик». Бу ҳозирги кундаги аксар мусулмонларнинг таровеҳ намозини шошиб, ҳар бир рукнни тўла бажармай ўқишларига зиддир. Хусусан, намозни ўқиб бераётганлар ўзларининг тез ўқишлари билан орқаларида турган заифлар, касаллар ва кексаларни қийнаб, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам гуноҳга қўйишмоқда. Уламолар: «Имом унга эргашганларга бирон суннат амални бажаришларига имкон бермайдиган даражада намозни шошиб ўқиши макруҳдир», дейишган, шундай экан, энди вожиб амални бажаришларига имкон бермасликка нима дейсиз? Аллоҳ бундан асрасин.

Ҳар бир киши таровеҳнинг савобидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун уни масжидда ўқишдан қолмасин. Агар таровеҳни имом билан бошлаган бўлса, то имом витрни ўқиб тугатмагунича кетиб колмасин. Чунки, имоми билан таровеҳнинг охиригача бирга бўлган киши кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик ажрига эга бўлади.

Аёллар фитнадан омон бўлишса, таровеҳ намозини ўқиш учун масжидларга келишлари жоиздир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг аёл бандаларини Аллоҳнинг масжидларидан тўсманглар».  Чунки бу салафи солиҳ розияллоҳу анҳумнинг амалларидандир. Лекин аёллар ҳижобда,  авратларини бекитиб, хушбўйланмаган, товушларини кўтармаган ва зийнатларини кўрсатмаган холда келишлари шарт.  

Аллоҳ таоло деди: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Яъни рўмол ва ёпинчиқ каби яшириб бўлмайдиган, кўриниб турадиган либослари мустасно, чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ҳайит намозига чиқишга буюрганларида Умму Атийя: «Эй Росулуллоҳ, баъзиларимизда ёпинчиқ йўқ», деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга опа-сингиллари ўз ёпинчиқларидан кийдирсинлар», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Аёллар эркаклардан орқада, улардан узоқ бўлиб, эркакларнинг аксича, сафни энг орқадан бошлайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганлар: «Эркаклар сафларининг яхшиси аввали ва ёмони уларнинг охиридир. Аёллар сафларининг яхшиси охири ва ёмони уларнинг аввалидир» (Муслим ривояти).

Имом салом бериши билан аёллар кечикмасдан дарҳол масжиддан чиқиб кетадилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом беришлари билан аёллар туриб кетардилар ва У Зот турмасдан бир оз жойларида қолардилар». Умму Салама айтдилар: «Валлоҳу аълам, билишимизча бу — аёллар эркакларга тўқнаш келмасдан аввал тарқаб кетишлари учун бўлса керак»  (Бухорий ривояти).

Парвардигор! Салафи солиҳларга ато этган яхшиликларга бизларни ҳам муваффақ эт. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг ила мағфират қил.

Пайғамбаримизга, оилаларига ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

 
◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ