Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўн тўртинчи суҳбат: Рўзани бузувчи нарсалар ҳақида
Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло айтади: «Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан (яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло рўзани бузувчиларнинг асл-асосларини баён қилди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз суннатларида буни комил суратда зикр қилдилар.
Рўзани бузувчилар етти турлидир:
Биринчи: Жимоъ, яъни жинсий алоқа бўлиб, бу рўзани бузувчи нарсаларнинг энг каттаси ва гуноҳи каттароғидир. Рўзадор киши жимоъ қилиши билан рўзаси – хоҳ фарз бўлсин, хоҳ нафл бўлсин – бузилади. Агар Рамазоннинг кундуз кунида, рўза фарз бўлган ҳолида жимоъ содир бўлса, қазо билан биргаликда оғир каффорат – бир мўмин қулни озод қилиши лозим бўлади. Агар тополмаса, икки ой сурункали равишда, ўртада бир кун ҳам қолдирмай рўза тутиши лозим. Фақат икки ҳайит ва ташриқ кунлари каби шаръий узр ёки касаллик ва сафар каби ҳиссий узр бўлган ҳолдагина ўртада ўша кунлари рўза тутмаслиги мумкин. Ўртада бир кун бўлса-да узрсиз рўза тутмаса, каффорат рўзасини яна бошидан бошлаб тутиши лозим бўлади. Агар икки ой пайдар-пай рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом – ҳар бирига 510 грамм ўлчовида яхши буғдой (ёки гуруч) бериши лозим. «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинишича, бир киши Рамазонда аёли билан қўшилиб қўйиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда фатво сўраганида у зот: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Икки ой бирин-кетин рўза тута оласанми?», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Унда олтмишта мискинга таом бер», дедилар. «Саҳиҳайн»да ушбу ҳадис батафсил келтирилган.
Иккинчи: Бўса олиш, силаб-сийпаш, истимно (онанизм, капаки) каби йўллар билан ихтиёрий равишда маний (сперма) тўкиш. Чунки, бу нарса рўзада сақланиш шарт бўлган шаҳват жумласига киради. Ҳадиси қудсийда айтилганидек: «Таоми, шароби ва шаҳватини Мени деб тарк қилади» (Имом Бухорий ривояти). Аммо маний тўкмасдан бўса олиш ва тегиниш рўзани бузмайди. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида хотинларини қучоқлар ва ўпар эдилар. Лекин у зот сизларнинг ичингизда ўз шаҳватига тўла эга бўлган киши эдилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
«Саҳиҳ Муслим»да айтилишича, Умар ибн Аби Салама Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Рўзадор ўпса бўладими?», деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундан сўра», деб Умму Салама розияллоҳу анҳога ишора қилдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар, деб айтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аммо мен ичларингизда Аллоҳдан энг тақво қилувчироқ ва қўрқувчироғингизман», дедилар.
Лекин рўзадор ўпиш ё қучиш билан маний тўкиб қўйишидан хавф қилса ёки бу нарса уни шаҳватини жиловлай олмай жимоъ қилишга олиб келиб қўйишидан қўрқса, у ҳолда рўзасини бузилишдан сақлаб қолиш учун ўпиш ва шу кабилар унинг ҳаққида ҳаром бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилувчи кишини истиншоқни муболағали қилишга (яъни бурунга чуқур сув олишга) буюриб, фақат рўзадор бўлса, ичига сув кетиб қолмаслиги учун ундай қилмасликка буюрганлар.
Эҳтилом (яъни шаҳвоний туш) ёки хаёлга келтиришнинг ўзи билан маний тўкилган ҳолда рўза бузилмайди. Чунки, эҳтилом рўзадорнинг ихтиёрисиз содир бўлади, хаёлга келиб амалга ошмаган иш эса кечирилгандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло умматимнинг кўнглига келган нарсаларини – модомики у нарса амалга ошмаган ёки уни гапирмаган бўлса – кечирди» (Муттафақун алайҳ).
Учинчи: Ейиш ёки ичиш, яъни оғиз ё бурун йўли орқали ҳар қандай озуқанинг ичга кириши. Аллоҳ таоло айтади: «То тонгдан оқ ип қора ипдан (яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).
Бурунга дори томизиш ҳам ейиш-ичишга ўхшагандир. Лақит ибн Сабра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «...Рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил (яъни бурунга чуқур сув ол)» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти).
Аммо ҳидлаш билан рўза бузилмайди. Чунки, ҳид қоринга кирадиган модда эмас.
Тўртинчи: Ейиш ва ичиш маъносидаги нарсалар бўлиб, улар иккита:
1) Рўзадорга қон қуйиш. Масалан, кўп қон кетиши натижасида қонсизланган кишига қон қуйиш билан унинг рўзаси бузилади. Чунки, таом ва ичимлик билан озуқаланиш ҳам аслида ўзи қон ҳосил бўлиши учун эди, қон қуйиш билан ҳам айни шу иш содир бўлган бўлади.
2) Ейиш-ичишнинг ўрнини босадиган озиқлантирувчи нина-уколлар қабул қилган кишининг рўзаси бузилади. Гарчи улар ҳақиқатан ейиш-ичиш бўлмаса-да, ейиш-ичиш маъносида бўлиб, уларнинг ҳукми собит бўлади. Аммо озиқлантирмайдиган укол хоҳ тери остига, хоҳ томирга қилинган бўлсин, ҳатто унинг ҳароратини-таъмини томоғида ҳис қилса ҳам, рўзаси бузилмайди. Чунки у ейиш-ичиш ҳам эмас, унинг маъносида ҳам эмас, шунинг учун уларнинг ҳукми собит бўлмайди. Ейиш-ичишдан бошқа нарсанинг таъмини томоқда ҳис қилишнинг эътибори йўқ. Шунинг учун фуқаҳоларимиз айтишганки: Агар бир киши оёғи остига заққум (ғоят аччиқ мевали ўсимлик) суртган бўлса, унинг таъмини томоғида топса-да рўзаси очилмайди....
Бешинчи: Ҳижома (зулук ёки банкачалар каби тиббий йўл) билан қон олдириш. Шаддод ибн Авс ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қон олувчи кишининг ҳам, қон олдирувчининг ҳам рўзаси бузилади». (Аҳмад, Абу Довуд ривояти. Имом Бухорий: «Бу хусусда шундан саҳиҳроқ ҳадис йўқ», деган). Бу имом Аҳмад ва кўпчилик ҳадис аҳлининг мазҳабидир. Қон топшириш ҳам қон олдириш маъносидадир. Шунга кўра, фарз рўза тутган киши баданга ҳижоманинг таъсири каби таъсир қиладиган суратда ортиқча қонини топшириши жоиз бўлмайди. Фақат ўта зарурат ҳолатида, кимдир унинг қонига муҳтож бўлса, рўзадор киши қон топшириши мумкин. Шунда ҳам ўша кунининг рўзаси очилган бўлади ва кейин қазосини тутади. Аммо бурун қонаши, йўтал ёки бавосил (геморрой) туфайли, шунингдек тиш олдириш, жароҳатнинг ёрилиши, қон таҳлили, укол санчиш оқибатида қон чиқиши билан рўза очилмайди. Чунки, бу ҳижома ҳам, унинг маъносида ҳам эмас, баданга ҳижома каби таъсир ҳам қилмайди.
Олтинчи: Қасддан қусиш, яъни ошқозондаги нарсани оғиз орқали чиқариб ташлаш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ихтиёрсиз қусган кишига қазо лозим эмас. Қасддан ҳаракат қилиб қусса, рўзасининг қазосини тутиб берсин» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, саҳиҳ ҳадис). Қасддан қусиш қорнини сиқиш ёки томоғини қўл билан сиқиш каби ҳаракатлар билан ёки кўнгил айнитадиган бирон ҳидли нарсани ҳидлаш билан ёки жирканч бирон нарсага қараш билан қасддан қусиш бўлсин, фарқсиз, рўзаси очилади. Ихтиёрсиз равишда ҳосил бўлган қусишнинг зарари йўқ. Ичдан қусиқ қўзғолганда уни тўсмаслик керак, чунки бу инсонга зарарлидир.
Еттинчи: Ҳайз ва нифос қони келиши. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар ҳақида сўзларканлар, шундай дегандилар: «Аёл киши ҳайз кўрганида намоз ўқимайди, рўза тутмайди, шундай эмасми?!» (Муттафақун алайҳ). Аёл киши ҳайз ёки нифос қонини кўриши билан рўзаси бузилади. Куннинг аввалида бўладими, охиридами, ҳатто кун ботишига бир лаҳза қолган бўлса ҳам рўзаси бузилган ҳисобланади. Бироқ, агар ичида қон кўчганини сезса-ю, қон кун ботганидан сўнггина келса, унинг рўзаси дуруст саналади.
Рўзадор – агар рўзаси фарз, каффорат, назр каби фарз рўза бўлса – ушбу рўзани бузувчи нарсаларни истеъмол қилиши ҳаромдир. Беморлик ва сафар каби шаръий узри бор киши бундан мустасно. Зеро, ким бирон фарз амални бошлаган бўлса, орада саҳиҳ бир узр чиқиб қолмаса, уни тамомига етказиши лозим. Рамазоннинг кундуз кунида мазкур рўзани бузувчи нарсаларни узрсиз қилган киши ўша куннинг қолган қисмини рўза билан тамомига етказиши ва кейин шу куннинг қазосини ҳам тутиб бериши керак бўлади. Узрли киши эса фақат қазосини тутади. Аммо нафл-ихтиёрий рўза тутган киши ҳеч қандай узрсиз ҳам рўзасини бузиши мумкин, лекин охирига етказиши афзал.
Азиз биродарлар! Тоат-ибодатларни муҳофаза этинг, маъсият ва ҳаром ишлардан сақланинг. Еру осмонларни яратган Зотга ёлвориб дуолар қилинг. Унинг фазлу марҳамати эпкинларига қучоқ очинг, зеро У ҳисобсиз марҳамат соҳибидир. Билингки, бу дунёда сиз учун фақат Хожангизнинг тоатида ўтказган фурсатларингиз фойдага қолади. Шундай экан, фурсатни ғанимат билинг, зиён вақти кирмасидан фойда қилишга уриниб қолинг.
Эй Парвардигор! Бизларни вақтларни ғанимат билишга, уларни солиҳ амаллар билан ўтказишга муваффақ этгин.
Эй Парвардигор! Фазлу марҳаматингни бизлардан дариғ тутма, бизларга афву мағфират либосларини кийдиргин.
Эй Парвардигор! Бизларни қулайликларга муссар этгин, оғирлик ва машаққатлардан узоқлатгин, дунёю охиратда гуноҳларимиздан ўтгин.
Эй Парвардигор! Бизларни пайғамбаримизнинг шафоатларига насибадор айлагин, у зотнинг ҳовузларидан қондиргин.
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш