Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Йигирма еттинчи суҳбат: Дўзахга тушиш сабабларининг иккинчи тури ҳақида
Азиз биродарлар! Аввалги суҳбатимизда дўзахга тушиш сабабларидан биринчи тури – яъни, унда абадий қолишга сабаб бўлувчи сабаблардан бир қанчасини айтиб ўтган эдик. Бугунги суҳбатимизда Аллоҳнинг мадади билан мазкур сабабларнинг иккинчи тури –қилувчисини фосиқликка етаклайдиган ва дўзахга абадий бўлмаган ҳолда тушишига боис бўлувчи сабаблардан бир қанчасини зикр қиламиз.
Биринчи сабаб: Ота-онага оқ бўлиш, яъни уларга нисбатан зиммасида вожиб бўлган яхшилик қилиш, борди-келди қилиш каби ишларни тўхтатиб қўйиши ёки сўзу амалда уларга озор-азият етказиши.
Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!» (Исро: 23,24).
«(Биз инсонга буюрдикки), Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!» (Луқмон: 14).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч кишига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: ароққа муккасдан кетган кимсага, ота-онасига оқ бўлган кишига ва оиласи (хотини, қизи ва опа-сингиллари)даги бузуқликка рози бўладиган даюсга» (Имом Аҳмад ва Насоий ривоятлари).
Иккинчи сабаб: Қариндошлари билан алоқани узиш, уларга нисбатан ўз зиммасида вожиб бўлган баданий ва молиявий ҳақ-ҳуқуқларни тўхтатиш. «Саҳиҳайн»да Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошлари билан алоқасини узган одам жаннатга кирмайди».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошлик алоқаси ўрнидан туриб, Аллоҳ азза ва жаллага: «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Хўп, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Истасангиз мана бу оятни ўқинглар: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қиласизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муттафақун алайҳ).
Афсуски, бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар ота-она ва қариндош-уруғлар билан алоқалар узилиб кетишига бепарво қарашади ва бунга қариндошлари улар билан борди-келди қилмасликларини баҳона қилишади. Бироқ, бу гап узр ўрнига ўтмайди. Чунки, киши фақат ўзига қилинган алоқага жавобан алоқа қилса, унинг бу алоқа қилиши Аллоҳ учун бўлмай, фақат ўзига қилинган яхшиликка мукофот тариқасида қилинган иш бўлиб қолади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда силаи раҳм қилган одамдир» (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор, мен уларга алоқа қиламан, улар мендан алоқани узишади. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қилишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ўзинг айтаётганингдек бўлсанг, гўёки сен уларга қайноқ кул едиряпсан экан (яъни, улар оғзига чўғ солинган одам каби алам-оғриққа дучор бўлишади) ва модомики шу ҳолда давом этар экансан, улар қаршисига Аллоҳ тарафидан бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлаверади» (Муслим ривояти).
Киши агар ўзи билан алоқа қилмайдиган қариндошлари билан алоқани боғласа, унинг оқибати мақтовли бўлади, қариндошлари ҳам – Аллоҳ уларга яхшилик истаган бўлса – у билан алоқа қила бошлайдилар.
Учинчи сабаб: Судхўрлик.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз! Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз» (Оли Имрон: 130-132).
Аллоҳ таоло тарафидан насиҳат ва огоҳлантириш етганидан кейин ҳам яна судхўрликка қайтган кишиларни Аллоҳ таоло дўзахда абадий қолишлари хабарини берди:
«Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга парвардигоридан мавъиза — насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни Ўзи хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 275).
Тўртинчи сабаб: Етимларнинг молини ейиш ва уларни суиистеъмол қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10). Етим деб отаси вафот этган балоғатга етмаган фарзандга айтилади.
Бешинчи сабаб: Ёлғон гувоҳлик бериш. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ёлғон гувоҳлик берувчи кишининг қадами то Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилмагунича жилмайди» (Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилиб: «исноди саҳиҳ» деган). Ёлғон гувоҳлик бериш – ўзи билмаган нарсасини (биламан деб) гувоҳлик бериш ёки воқеъга хилоф ўлароқ гувоҳлик беришдир. Зеро, гувоҳлик фақат шоҳиднинг билган нарсаси билангина бўлиши керак. Ҳадисда келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: «Қуёшни кўраяпсанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. «Ана шундай (равшан билган) нарсага гувоҳлик бер, бўлмаса қўй», дедилар.
Олтинчи сабаб: Порахўрлик. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахда» (Табароний ривоят қилган, ровийлари маъруф ва ишончли. «Ат-Тарғиб ват-Тарҳиб»да айтилган). «Ан-Ниҳоя» соҳиби айтади: «Ботил устида ёрдам берадиган кишига (пул) берувчи киши пора берувчи бўлади, уни олувчи эса пора олувчи бўлади. Аммо, ҳақни қарор топтириш ёки зулмни даф қилиш учун берилган нарса бунга кирмайди».
Еттинчи сабаб: Ёлғон қасам ичиш. Ҳорис ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким биродарининг молини фожир қасам билан тортиб олса, дўзахдан жойини тайёрлайверсин» (Аҳмад, Ҳоким ривоятлари). Ёлғон қасам билан даъво қилиб, бировнинг ҳаққини қўлга киритиб оладими, ёки зиммасида бўлган бировнинг ҳаққини ёлғон қасам ичиб тониб юборадими, фарқсиздир.
Саккизинчи сабаб: Одамлар ўртасида илмсизлик ёки зулм билан ҳакамлик қилиш. Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қозилар уч турли бўлиб, биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлади. Жаннатда бўладигани шундай кишики, ҳақни билиб, шу билан ҳукм қилган. Яна бир киши ҳақни билиб туриб, ҳукмда зулм қилган, у дўзахдадир. Яна бир киши одамларга ўзи билмаган нарсаси билан ҳукм қилган, у ҳам дўзахдадир» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари).
Еттинчи сабаб: Раиятга (яъни қўл остидаги фуқароларга) хиёнат қилиш, уларга холис муносабатда бўлмаслик, ишларда уларнинг манфаатларини ҳисобга олмаслик.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилиб қўйган банда уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Муттафақун алайҳ).
Бу эса кишининг ўз аҳли-оиласига раҳбарлигини ҳам, султоннинг ўз салтанати остидагиларга бўлган раҳбарлигини ҳам ўз ичига олади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом (давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Ҳар бирингиз роъий ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).
Ўнинчи сабаб: Инсон ёки ҳайвон каби жонзотлар суратини тасвирлаш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир мусаввир дўзахдадир. (Аллоҳ таоло) унга ўзи тасвирлаган ҳар бир суратча жонни яратади, сўнг (ўшалар) уни азоблайдилар» (Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорий ривоятида: «Ким бир суратни тасвирлаган бўлса, ўшанга жон киритмагунча Аллоҳ унга азоб бераверади, у эса асло унга жон кирита олмайди».
Дарахтлар, ўсимликлар каби Аллоҳ яратган ўсиб-унадиган нарсаларни тасвирлаш кўпчилик уламолар фикрида зарарсиздир. Айрим уламолар шуларни тасвирлашни ҳам ман қилганлар. Чунки, «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Менинг яратганим каби яратмоқчи бўлган кишидан кўра золимроқ ким бор?! Бир заррани яратиб кўрсинлар ёки битта дон ё арпани яратиб кўрсинлар!»
Ўн иккинчи сабаб: Эркаклар бўлсин, аёллар бўлсин, ейиш-ичишда тилла ва кумуш идишларни ишлатиши. «Саҳиҳайн»да Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кумуш идишда ичадиган киши қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади». Имом Муслим ривоятида: «Тилла ва кумуш идишда еб-ичадиган киши қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади».
Азиз биродарлар! Вақтимиз тиғиз бўлганидан дўзахга тушиш сабабларининг баъзиларинигина эслаб ўтиш билан кифояландик, бу ҳақдаги кенгроқ маълумотларни билиш учун “Гуноҳи кабиралар” ва бундан бошқа шу мавзуда ёзилган китобларга мурожаат қилингиз. Охират диёрида зафарга эришай десангиз дўзахга тушиш сабабларидан эҳтиёт бўлинг. Билингки, дунё тезда тугаб битувчи озгина матодир. Парвардигорингиздан охирги нафасингизгача ҳақда собитқадам қилишини ва охиратда Ўзининг инъомига мушарраф қилган мўмину мўминалар қаторида қилишини сўранг.
Эй Парвардигор! Бизларни ҳақда собитқадам қилгин. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш