Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Йигирманчи суҳбат: Нусрат ва ғалабанинг ҳақиқий сабаблари ҳақида

 

Азиз биродарлар! Аллоҳ мўминларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Бадр, Аҳзоб, Фатҳ, Ҳунайн ва бошқа ғазотларда уларга Ўз нусратини ато этди. Нусрат ва ғалаба ато этиш ҳақидаги ваъдасига вафо қилди:

«Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз. У Кунда золим-кофир ким­саларга узру баҳоналари фойда бермас ва уларга лаънат бўлур, уларга энг ёмон жой дўзах бўлур» (Ғофир: 51,52).

Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар Унинг динини барпо қилишган ва у барча динларга ғолиб бўлган, уни маҳкам ушлаганлар барча умматлар устидан ғолиб эди: «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33).

Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар ғалабанинг ҳақиқий сабабларини – моддий сабабларини ҳам, маънавий сабабларини ҳам барпо қилишган, Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига амал қилиб, Унинг ҳидояти ва қўллаб-қувватлаши остида юриб, душманлар қаршисида матонат кўрсатиб тура олган эдилар:

«(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар. Агар (бугун — Ухудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди» (Оли Имрон: 139,140).

«Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 104).

«Бас (эй мўминлар), сизлар (у кофирларга қарши жанг қилаётганингизда ҳаргиз) сусткашлик қилмангиз ва ўзларингиз устун-ғолиб бўлган ҳолларингизда (уларни) ярашга ҳам чақирмангиз! Аллоҳ сизлар билан биргадир ва У ҳаргиз қилган амалларингизни(нг савоб-мукофотини) камайтирмас. Албатта бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар сизлар иймон келтирсангизлар ва тақво эгалари бўлсангизлар У зот сизларга ажр-мукофотларингизни берур ва сизлардан мол-дунёларингизни сўрамас» (Муҳаммад: 35,36).

Мана шундай қўллаб-қувватлашлар остида улар қудрат, матонат ва жиддийлик билан турдилар ва Парвардигорларининг амрига бўйсуниб, куч-қувватнинг барча турларидан – ҳам ички руҳий қувват, ҳам ташқи ҳарбий қувватдан керакли улушга эга бўлдилар: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур» (Анфол: 60).

Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар Унинг динига ёрдам берган эдилар: «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». (Ҳаж: 40,41).

Мазкур икки оятда Аллоҳ таоло Ўзига ёрдам берадиган кишиларни ғолиб қилишга қатъий ваъда берди ва буни ҳам лафзий, ҳам маънавий таъкид билан таъкидлади. Лафзий таъкид шуки, оятда қасам лафзи яширинган, яъни у «Аллоҳга қасамки, албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур» маъносидадир, шунингдек لَيَنْصُرَنَّ  (ғолиб қилур)даги ل  (лом) ва ن (нун) ҳарфлари таъкидни ифодалайди. Маънавий таъкид шуки, «Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» дегани – Аллоҳ субҳанаҳу асло заифлашмайдиган кучли ва  енгилмас қудратлидир, Унинг қаршисига чиқувчи ҳар қандай куч-қудрат заифлик ва хорликка айланади, деган маънони англатади. «(Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» ояти мўмин кишига унинг назарида ғалаба узоқлашиб кетган пайтда барча ишларнинг оқибати ягона Аллоҳнинг измида экани, У истаган нарсасини ўзининг ҳикмати тақозосига кўра ўзгартиришга қодирлигини эслатиш билан уни собитқадам қилади.

Мазкур икки оятда мўминларни ғалабага сазовор қиладиган сифатларнинг ҳам баёни келганки, мўмин киши ерда ғолиб бўлганидан сўнг мана шу сифатлар билан сифатланади, ғалаба уни кибр, зўравонлик ва фасодга ундамайди, балки Аллоҳнинг динида қувват ва саботини яна-да зиёда қилади.

Биринчи сифат: Ер юзида ғолиб қилишлик фақат ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш рўёбга чиққанидан кейингина амалга ошади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир». (Нур: 55).

Банда гап-сўзларида ҳам, амалларида ҳам, истак-ҳоҳишларида ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзига бандаликни адо қилса, улар билан Аллоҳнинг юзидан бошқа нарсани қасд қилмаса, уларни одамлар ичида обрў қозониш, мақтов эшитиш, мол-дунёга эришиш истагида қилмаса, махфию ошкор, қийинчилигу енгилчилик ҳолатларида мана шу холис ибодатида давом этса, Аллоҳ таоло уни ерда ғолиб қилади. Демак, ерда ғолиб бўлиш учун юқоридаги сифатга эга бўлиш – Аллоҳнинг ўзига, биронтасини Унга шерик қилмасдан ибодат қилиш лозим бўлади.

Иккинчи сифат: Намозни барпо  қилиш, яъни уни талаб қилинганидек кўринишда, шартларини, рукнларини, вожибларини ўрнига келтириб, сўнг ундаги мустаҳаб амалларни ҳам мукаммал бажариб, тўла-тўкис адо этиш, таҳоратни чиройли қилиш, рукуъ, сужуд, қиём, қуъудларни ўрнига қўйиш, намоз вақтларига, жумъа ва жамоат намозларига риоя қилиш, хушуъга – яъни қалб ҳозирлиги ва аъзоларнинг хотиржамлигига эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки, хушуъ намознинг руҳи ва мағзидир. Хушуъсиз намоз жонсиз жасаддек гап. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Бир банда намоз ўқийди, унга намозидан фақатгина ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярми ёзилади» (Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Учинчи сифат: Закотни адо этиш, яъни уни ҳақдорларга чин кўнгилдан рози бўлиб, камитмасдан, тўла-тўкис, бу билан фақат Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб беришлик: «Закотни (ҳақдорларга) ато этадилар», бу билан ўзларини поклайдилар, молларини тозалаб оладилар, камбағал-мискин ва эҳтиёжманд биродарларини фойдалантирадилар. Закот олишга ҳақли кишиларнинг баёни ўн еттинчи суҳбатда ўтди.

Тўртинчи сифат: Амри маъруф – яхшиликка буюриш: «Яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». Аллоҳ ва Расули буюрган барча вожиб ва мустаҳаб амаллар маъруф-яхшилик ҳисобланади. Улар Аллоҳнинг шариатини жонлантириш, Унинг бандаларига яхшилик қилиш, Унинг раҳмати ва розилигига эришиш учун яхшиликка буюрадилар. Мўмин киши мўмин кишига нисбатан чор-атрофи бир-бирини жипс тутиб турувчи бинога ўхшайди. Мўмин киши ўзи учун Парвардигорининг тоатида туришни яхши кўргани каби мўмин биродарига ҳам буни яхши кўриб илинади. Ҳақиқий иймон ва тасдиқдан келиб чиқиб амри маъруф қилувчи киши ўзи буюраётган ишни ўзи ҳам албатта қилади. Чунки у ўша ишнинг нақд ва келажакдаги фойда ва самараларига ишонч ва қаноат ҳосил қилгани учун ҳам унга буюради.

Бешинчи сифат: Наҳий мункар – ёмон ишлардан қайтариш: «Ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». Аллоҳ ва Расули қайтарган, ибодат, ахлоқ ва муомалотга тааллуқли катта ва кичик гуноҳ ишларнинг ҳаммаси мункар-ёмон иш саналади. Улар Аллоҳнинг динини асраш, Унинг бандаларини ҳимоя қилиш, фасод ва уқубат сабабларидан сақланиш учун ҳам улардан қайтарадилар.

Амри маъруф ва наҳий мункар умматнинг инқирозга юз тутмаслиги, азиз-мукаррам ҳолда, хоҳиш-ҳаволарга берилмай ва турли-туман йўлларга сочилмай, бирдамликда қолиши учун зарур бўлган иккита кучли устуни ҳисобланади. Шу боис амри маъруф ва наҳий мункар ҳар бир муслим ва муслима учун қўлидан келганича миқдорда қилиши шарт бўлган диний фаризалардан саналади: «Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 104,105).

Амри маъруф ва наҳий мункар бўлмаса эди, одамлар турли-туман фирқалар бўлиб, тирқираб кетишар ва ҳар бир фирқа ўз олдидаги нарса билан хурсанд бўлиб юраверар эди. Умматнинг бошқа умматлардан афзал бўлишининг сабаби ҳам амри маъруф ва наҳий мункардир: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир». (Оли Имрон: 110).

Ўтган умматлар уни тарк қилиш билан лаънатга дучор бўлишди: «Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!» (Моида: 78,79).

Аллоҳ йўллаб қўйганидек сабот, матонат ва моддий куч-қувватга эга бўлиш билан бир қаторда мазкур бешта сифат қачон рўёбга чиқса, шунда Аллоҳнинг изни билан ғалабага эришилади. «(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 6,7). Шунда уммат учун унинг хаёлига ҳам келмаган Аллоҳнинг нусратлари ёғилади.

Аллоҳнинг ваъдасига ишонган мўмин киши аниқ биладики, моддий қувватлар ҳар қанча кучли бўлмасин, уларни яратган ва пайдо қилган Аллоҳнинг куч-қудрати олдида ҳеч нарса эмас. Од қавми ўз куч-қудрати билан мағрур эди, дунёда биздан кўра қудратли ҳеч ким йўқ, дейишарди. Аллоҳ таоло деди: «Энди Од (қабиласига)га келсак, бас улар Ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?» дедилар. Ахир улар ўзларини яратган зот Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадилар-ми?! Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар. Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёда расво-хор қилгувчи азобни тотдириб қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас» (Фуссилат: 15,16).

Фиръавн Миср мулки ва остидан оқиб ўтувчи анҳорлари билан кибр-ғурурга берилган эди, Аллоҳ таоло уни худди ўзи мақтанганига ўхшаш сувга ғарқ қилиб юборди, унинг мулкини эса унинг наздида хор ва ўз мақсадини очиқ баён қила олмайдиган кимса деб кўрилган Мусо ва унинг қавмига олиб берди.

Қурайш ўзининг куч-қудрати ва зўрлиги билан гердайган, зодагонлари бошчилигида ўз диёрларидан, яъни Маккадан Бадрга қараб кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва: «Ортга қайтиш йўқ, Бадрга етиб бориб туялар сўямиз, одамларимизга таомлар едириб, ароқлар ичирамиз, арабларга донғимиз кетиб, биздан бир умр ҳайиқадиган бўлишади» деб кибру-ҳаво қилишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари томонидан шармандали мағлубиятга дучор бўлишди, жирканч жасадлари Бадр қудуғига улоқтирилди, то қиёмат одамлар тилида заифлик ва хорлик тимсолига айланишди.

Биз мусулмонлар ҳозирги кунда ҳам агар ғалаба сабабларини қўлга келтирсак, диний мажбуриятларимизни адо этсак, ўзгаларга қарам эмас, балки намунага айлансак, тобеъ эмас, балки йўлбошчига айлансак,  замонавий ҳарбий воситаларни астойдил эгалласак, шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло худди аждодларимизга берганидек шонли ғалабаларни бизларга ҳам беради. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқувчи, бандасини ғолиб қилувчи ва гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилувчи Зотдир. «(Бу, яъни мўминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши) Аллоҳнинг йўли қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз» (Фатҳ: 23).

Эй Парвардигор! Бизларни ғалаба, азизлик ва улуғлик сари етказувчи ҳамда Исломнинг юксалиши ва куфрнинг хорланишига олиб келувчи нусрат сабабларини Ўзинг бизларга муҳайё этгин, Сен Саховатли ва Карамли Зотсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ