Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўн бешинчи суҳбат: Рўзанинг бузилиши шартлари, рўзани бузмайдиган ва рўзадор учун жоиз бўлган ишлар ҳақида
Азиз биродарлар! Юқорида санаб ўтилган рўзани бузувчи нарсалардан ҳайз ва нифосдан бошқалари – яъни жимоъ, ўпиш ва қучиш билан маний тўкилиши, ейиш-ичиш ва шу маънодаги нарсалар, қон олдириш ва қусиш билан рўза бузилиши учун рўзадор киши ушбуларни билиб туриб, унутмаган ҳолда, ўз ихтиёри билан қилган бўлиши керак. Демак, бунда учта шарт топилиши лозим:
Биринчи шарт: Билиб туриб қилган бўлиши. Агар билмай қилса рўзаси бузилмайди.
Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара: 286).
«Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир». (Аҳзоб: 5).
Шаръий ҳукмни билмасдан, бирон нарсани рўзани бузувчи эканидан бехабар ҳолда қилиб қўйса ёки вақтни билмасдан, ҳали тонг отмади ё кун ботди деб ўйлаб еб қўйса-ю, тонг отиб қолган ёки кун ботмаган бўлса, бу ҳолатларда унинг рўзаси бузилмайди. «Саҳиҳайн»да Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» ояти нозил бўлганида у иккита: оқ ва қора ип-арқонни олиб, ёстиғининг остига қўйди. Сўнг оқ ва қора ипларни ажратадиган пайтга қадар еб-ичди ва оғзини бекитди. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, қилган ишини айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оятда зикр қилинган оқ ипдан мақсад кундуз ва қора ипдан мақсад кеча эканини тушунтирдилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Адий тонг отиб кетганидан кейин ҳам то ипларнинг ранги ажраладиган вақтгача еб-ичган эди. Бироқ у ҳукмни билмагани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни рўзасининг қазосини тутишга амр этмадилар.
«Саҳиҳ Бухорий»да Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида булутли кунда оғзимизни очдик, сўнг қуёш кўриниб қолди». Асмо розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни рўзаларининг қазосини тутишга буюрганларини айтмаган. Чунки улар вақтни билмаган эдилар. Агар қазосини тутишга буюрган бўлганларида албатта буни нақл қилинган бўларди. Масала ғоят муҳим бўлгани учун айтилмай қолиб кетиши мумкин эмасди. Шайхулислом Ибн Таймия «Рўзанинг ҳақиқати» номли рисоласида айтади: Мазкур ҳадисни ривоят қилувчиларидан бири – Ҳишом ибн Урва отаси Урвадан нақл қилишича, улар қазосини тутишга буюрилмаган эканлар. Лекин рўзадор ҳали кун ботмаганини билганидан сўнг еб-ичишдан тўхтаб, кун ботишини кутиб туради.
Шунга ўхшаш, агар тонг отганидан кейин ҳали тонг отмади деган хаёлда еб-ичса, кейин тонг отиб кетганини билиб қолса, унинг ҳам рўзаси дуруст бўлади. Чунки у вақтни билмаган эди. Зотан, Аллоҳ таоло ейиш-ичиш ва жимоъга тонготар пайти аниқ бўлгунича рухсат берган. Мубоҳ ва рухсатли ишни қилган одам қазога буюрилмайди. Лекин, еб-ичиб турган ҳолида кун ботмагани ёки тонг отиб кетгани аниқ бўлиб қолса, оғзидаги нарсани чиқариб ташлайди ва оғзини бекитади. Чунки бу одамдан узр йўқолди.
Иккинчи шарт: Унутмаган, эсида бор бўлиши. Агар унутиб қилса рўзаси дуруст саналади ва қазоси лозим бўлмайди. Бунга далил Бақара сурасидаги: «Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама!» (286) ояти ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким рўзадор ҳолида унутиб еса ёки ичса, рўзасини охирига етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичирибди» (Муттафақун алайҳ).
Рўзасини охирига етказишга буюрганликлари унинг рўзаси дуруст эканига далил бўлади. Унутиб еган-ичганни Аллоҳ едириб-ичирибди, деганликлари унга ҳеч қандай жазо йўқлигига далил бўлади. Лекин қачон эсига тушиб қолса ёки эслатилса, дарҳол оғзидагини ташлайди ва оғзини бекитади. Чунки унинг узри кетди. Рўзадорнинг еб-ичиб турганини кўрган киши уни огоҳлантириши керак бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». (Моида: 2).
Учинчи шарт: Ўз ихтиёри билан қилиши. Агар мажбурланса рўзаси дуруст саналиб, қазо лозим бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло мажбурий равишда куфр калимасини айтган, бироқ қалби иймон билан хотиржам бўлган кишидан кофирлик ҳукмини олиб ташлади: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир» (Наҳл: 106).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло умматимдан хато, унутиш ва мажбурланган нарсаларини кечди» (Ибн Можжа ва Байҳақий ривояти).
Агар бир киши фарз рўза тутган аёлини жинсий алоқага мажбурласа, у аёлнинг рўзаси дуруст бўлиб, қазо лозим бўлмайди. Рўзаси нафл бўлса ва эрининг ҳузурида унинг изнисиз тутган бўлса ундай эмас.
Рўзадорнинг димоғига унинг ихтиёрисиз чанг, тутун каби нарса кирса ёки оғиз ва бурнини чайганида беихтиёр ичига сув кетиб қолса, унинг рўзаси дуруст бўлиб, қазо лозим бўлмайди.
Рўзадор кўзига дори қуйса ёки сурма қўйса, унинг таъмини томоғида ҳис қилса ҳам рўзаси очилмайди. Чунки бу нарсалар емак-ичмак ҳам, унинг маъносида ҳам эмас. Қулоққа дори томизиш ва жароҳатга малҳам қўйиш ҳукми ҳам шундай.
Шайхулислом Ибн Таймия «Рўзанинг ҳақиқати» рисоласида айтади: «Биламизки, Китобу Суннатда мазкур нарсалар рўзани бузишига далолат қиладиган бирон нарса келмаган. Демак, улар рўзани бузувчилардан эмаслиги маълум бўлади... Зеро, рўза мусулмонларнинг ому хослари билиши зарур бўлган дин ишларидандир. Агар мазкур ишларни Аллоҳ ва Расули рўзада ҳаром қилган ва улар билан рўза бузиладиган бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни албатта баён қилишлари вожиб бўлар ва зикр қилсалар саҳобалар у зотдан эшитиб, умматга етказган бўлар эдилар. Аҳли илмлардан биронтаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда на саҳиҳ, на заиф, на муснад, на мурсал ҳадисни нақл қилмаганликларидан у зот бу ҳақда айтмаганликлари маълум бўлади. Сурма ҳақида ривоят қилинган – яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқу олдидан хушбўйлантирилган сурма суришга буюрдилар ва: «Рўзадор бундан сақлансин», дедилар – ҳадиси заифдир, уни Абу Довуд ривоят қилган ва: «Менга Яҳё ибн Маийн бу ҳадисни мункар деб айтди», деган... Уммат билишга муҳтож бўлган ҳукмларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умумий равишда баён қилишлари ва уммат уларни нақл қилиши чорасиз, зарурийдир. Бу нарса бўлмаган экан, демак бу диндан эмаслиги маълум бўлади».
Таомни тотиб кўриб, ютиб юбормасдан тупуриб ташласа, шунингдек хушбўйлик ва бухур (хушбўй тутатқи) ҳидласа рўзаси очилмайди. Лекин бухурнинг тутунини ичига чуқур тортмаслиги лозим. Чунки ундан кўтариладиган айрим моддалар ошқозонига етиб бориши мумкин. Таҳоратда оғиз ва бурун чайқаш билан рўза очилмайди, бироқ бунда сувни қаттиқ тортмаслик керакки, ичга сув ўтиб кетиш хавфи бор. Лақит ибн Сабра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳоратни мукаммал қил, бармоқларинг орасига тахлил қил (сув етказ), рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил (яъни бурунга чуқур сув ол)» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти, Ибн Хузайма саҳиҳ деган).
Мисвок билан тиш тозалаганда рўза очилмайди, балки у кундузида ҳам, бошқа пайтда бўлгани каби суннатдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимга – ёки одамларга – қийин қилиб қўйишдан қўрқмасам эди, уларни ҳар бир намоз олдидан мисвок тутишга буюрган бўлар эдим», деганлар (Муттафақун алайҳ). Бу рўзадорлар учун ҳам, бошқалар учун ҳам, барча вақтларга умумийдир. Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни рўзадор ҳолларида саноқсиз марта мисвок ишлатганларини кўрганман» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Рўзадор тишларини маъжун (паста) билан тозаламагани маъқул, чунки у тупуги билан бирга ичига ўтиши хавфи бор, мисвок ўзи кифоя қилади.
Рўзадор иссиқ ва ташналик шиддатини ўзидан енгиллатиш мақсадида сув ва бошқа нарсалар билан салқинланиши жоиз. Саҳобалардан бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арж деган жойда рўзадор ҳолларида ташналик ё иссиқдан бошларига сув қуяётганларини кўрганини ривоят қилган (Имом Молик ва Абу Довуд ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рўзадор ҳолида кийимни ҳўллаб устига ташлаб олган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг тошдан йўнилган ҳовузи бор эди, рўзадор ҳолида исиб кетса унинг ичига тушиб оларди, валлоҳу аълам унинг ичида тўла сув бўларди. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: «Рўзадор оғзини чайқаса ва салқинланса зарари йўқ», деган. Ушбу сўзларни Имом Бухорий «Саҳиҳ»да келтирган.
Азиз биродарлар! Аллоҳга онгли равишда ибодат қилиш учун У зотнинг динини ўрганинг. Зеро, биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлмас. Аллоҳ кимга яхшилик истаса уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди.
Эй Парвардигор! Бизларни динимизда фақиҳ қилгин, унга амал қилишга муваффақ қилгин, бизларни унда собитқадам қилгин, мўмин ҳолимизда вафот эттиргин, солиҳ бандаларингга қўшгин.
Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш