Ислом Нури
Китоблар
РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Учинчи суҳбат: Рамазон рўзасининг хукмлари
Азиз биродар! Рамазон рўзаси динимиз арконларидан ва унинг устунларидан биридир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз. Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 183-185).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ислом беш нарса устига бино қилинган: Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Байтуллоҳни Ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» ( Бухорий ва Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси фарз эканига мусулмонлар қатъан ижмоъ қилишган, ким буни инкор қилса кофир бўлиб диндан чиқади, агар тавба қилмай шу ҳолда вафот этса, уни ювиб кафанланмайди, жаноза ҳам ўқилмайди, Аллоҳ раҳмат қилсин дейилмайди, мусулмонларнинг қабристонига кўмилмайди.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз йил рўза тутганлар. Рўзанинг фарзлиги икки босқичдан иборат бўлган. Биринчиси, киши рўза тутиш билан муҳтожларга таом бериш ўртасида ихтиёрли бўлган. Иккинчиси, ихтиёрсиз, рўзанинг фарзлиги тайин қилинган. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Салама ибн Акваъ розияллоҳу айтганлар: «Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир» ояти нозил бўлганда, ким хоҳласа рўза тутмай, унинг ўрнига мискин-бечорани бир кунлик таоми миқдорида эваз тўларди, сўнг кейинги оят нозил бўлиб ихтиёрлик бекор қилинди: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз», шу билан рўза тутиш ихтиёрсиз фарз қилинди».
Рамазон ойи кирмагунча рамазон рўзаси вожиб бўлмайди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ой кирмасидан аввал ҳам рўза тутилмайди: «Сизлардан биронтангиз Рамазондан бир кун ёки икки кун олдин рўза тутмасин, аммо кимнинг одатий рўза тутадиган куни бўлса, ўша куни тутсин» (Бухорий ривояти).
Қуйидаги икки ишнинг бири билан Рамазон ойининг кирганига ҳукм қилинади. Биринчиси: Ойни кўришлик. Аллоҳ таоло деди: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қачон ойни кўрсангиз рўза тутинглар» (Муттафақун алайҳ). Ойни ҳар бир кишининг ўзи кўриши шарт эмас, балки гувоҳлиги қабул қилинадиган бир кишининг кўриши билан барчага вожиб бўлади. Ойни кўрганлигига гувоҳлик берувчи шоҳид балоғатга етган, оқил, кўзи равшан ва омонатли мусулмон бўлиши шарт. Балоғатга етмаган ёш бола ҳамда мажнуннинг гувоҳлиги билан ойнинг кирганига ҳукм қилинмайди. Ушбу ҳадисга кўра кофирнинг гувоҳлиги билан ҳам Рамазоннинг кирганлигига ҳукм қилинмайди: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига келиб: «Мен Рамазон ойини кўрдим» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик берасанми?» дедилар. У: «Ҳа», деди. «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. «Эй Билол, одамларга эшиттир, эртадан рўза тутсинлар» дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмаддан бошқа етти имом ривоят қилишган).
Ёлғон билан танилган, шошқалоқ ёки ойни кўришга қодир бўла олмайдиган даражада кўзи ожиз кишиларнинг гувоҳликлари билан ҳам ойнинг кирганига хукм қилинмайди.
Аммо бир кишининг гувоҳлиги билан собит бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: «Одамлар Рамазон ойини кўргани чиқдилар, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ойни кўрганим хақида хабар берган эдим, ўзлари ҳам рўза тутдилар, одамларни ҳам тутишга буюрдилар» (Абу Довуд, Ҳоким ривояти).
Рамазон ойини аниқ кўрган киши бу ҳақда мусулмонларнинг раҳбарларига хабар бермоғи вожибдир, шу каби шаввол ва зул-ҳижжа ойлари ҳам, чунки бу билан рўза, фитр ва ҳаж каби вожиблар келиб чиқади. Вожиб нима билан мукаммал бўлса, у ҳам вожибдир. Агар бирон киши узоқ ерда ёлғиз ўзи рамазон ойини кўрса, аммо бу хақда мусулмонларга хабар етказа олмаса, ўзи рўза тутади ва имкон қадар бунинг хабарини етказишга ҳаракат қилади.
Рамазон ойининг бошлангани ёки тугагани хақидаги хабар ҳукумат тарафидан радио ва шунга ўхшаш воситалар орқали эълон қилинса, шунга кўра амал қилиш вожиб бўлади. Чунки буни ҳукумат тарафидан эълон қилиниши, амал қилиш вожиб бўлган шаръий ҳужжат хисобланади. Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларида рамазон ойининг бошланганлиги тўғрисида хужжат собит бўлгач, Билол розияллоҳу анҳуга рамазон ойининг кирганини эълон қилишни буюрдилар. Ва бу эълонга кўра барча мусулмонлар рўза тутишларини вожиб қилдилар.
Рамазон ойининг кирганлиги шаръий далил билан собит бўлгач, ойнинг манзилига эътибор берилмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам хукмни ойни кўришга тааллуқли қилганлар, унинг манзилига эмас: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)!» (Муттафақун алайҳ). Ва яна айтганлар: «Агар икки мусулмон гувоҳлик берса, рўза тутинглар ва рўзани тугатинглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Иккинчи: Рамазондан аввалги ойни тўлиқ 30 кун қилиш билан ҳам Рамазон ойининг кирганлигига хукм қилинади. Сабаби, қамарий ойлар 30 кундан кўп ва 29 кундан кам бўлмайди. Аксар ҳолларда бир ёки икки ой комил бўлиб, учинчи ой ноқис бўлади. Энди қачон ой ўттиз кун бўлгач, гарчи ойнинг ўзи кўринмаса ҳам, шаръан кейинги ой кирганлигига ҳукм қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ушбу сўзлари бунга далил бўлади: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)! Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорийнинг ривоятида: «Агар ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кун қилиб тўлиқ ўтказинглар».
Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойини бошқа ойларга нисбатан жуда ғанимат билиб ўтказардилар, рамазон ойини кўргач рўза тутардилар, агар булутли бўлиб қолса ўттиз кун қилиб, сўнг рўза тутардилар» (Абу Довуд, Дору Қутний ривояти).
Ушбу ҳадислардан рамазон рўзаси ойни кўрмай тутилмаслиги, агар булутли бўлиб ой кўринмаса, шаъбон ойини ўттиз кун қилиниши маълум бўлади. Шаъбон ойининг ўттизинчи куни кун очиқ ёки булутли бўлишидан қатъий назар, рўза тутилмайди. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтганлар: «Шак куни ким рўза тутса Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлибди». (Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).
Парвардигор! Ҳидоятга эргашишни бизларга насиб эт, бахтсизлик ва ҳалокат сабабларидан бизларни узоқ қил, Рамазон ойини бизларга яхшилик ва баракот ойи қилиб, бу ойда Ўзинга итоатда бўлишимизга бизларга ёрдам бер, гуноҳ йўллардан Ўзинг сақла, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират эт, эй Раҳмли ва Меҳрибон Зот!
Пайғамбаримизга, у зотнинг оилалари, асҳоблари ва уларга эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин.
◄◄◄Бошига қайтиш