асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аёлнинг ҳижоби ва ўраниши ҳақидаги саҳобаларнинг сўзларини тушунишдаги хатоларнинг бир неча сабаби бор (давоми)2885 марта кўрилган Иккинчи: тафсирдан бошқа сатр ва назарнинг қолган бобларида салафларнинг тушунчаси битта мана шу маънога далолат қилмоқда. Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан: «Агар эркак киши маҳрамлардан бўлса, аёлнинг рўмоли остидан чиқиб турган (соч) гажагини кўришининг ҳечқиси йўқ, аммо унинг олдида рўмолини тўла ечиб қўйиши мумкин эмас.»[1] Зуҳрий ҳам аёл киши маҳрамининг олдида рўмолини бутунлай олиб қўйиши ҳақида худди шундай деган: «Рўмол тагидан (чиқиб турган) бирон нарсани кўришининг зарари йўқ, аммо рўмолни тўла олиб қўйиши, кетмайди». Абдурраззоқ Маъмар орқали Зуҳрийдан ривоят қилган, саҳиҳ.[2] Ким салафларнинг жамики боблардаги сўзларини жамлаб, уларга бир сиёқда қараса, уларнинг тақволари ва аёлларининг ҳушёрликларини идрок қилади ва улар кўпчилик ёзувчилар улар ҳақида айтаётгандан умуман бошқа иффат ва эҳтиёткорлик доирасида эканларини англаб етади. Улар (салафлар) юз ва унинг атрофидаги зийнат ҳақида гапирганларида узоқ бегоналарни назарда тутмайдилар ҳамда улар; аёл яқинлари учун юзини очишининг жоизлигида ихтилоф қилмайдилар. Улар бу хусусда батафсил гапирмайдилар, балки мухтасар қилиб юз дейдилар, бу рухсатга сурма ва сирға тобе ўлароқ кириб кетаверади. Улар қўл дейиш билан чекланадилар, ҳолбуки унга унинг узук, хина ва билагузук каби зийнати кириб кетаверади. Улар фақат юз ёки қўлни назарда тутмайдилар. Ким уларнинг тафсирлари мажмусига қараса, буни аниқ тушуниб етади. Айтиб ўтиш муҳим бўлган нарсалардан бири: саҳобаларнинг очиқ зийнатни тафсир қилишлари уларнинг ўзлари эга бўлган ўта қаттиқ ҳаё, иффат ва ибо бобидан бўлиб, уларнинг сўзларидан аёл киши ўз маҳрамларига сочи ва қўлларини кўрсатишини ҳаром қилаётганлари кўринмаяпди. Шариат берган енгиллик шудир ва биз ҳам шуни эътиқод қиламиз. Энди уларнинг сўзларини баён қилиш, уларни ўзлари келтирган сиёқ ва ўринларга қўйишдан мақсад шуки; замондошларимиз (бугуннинг одамлари) билан саҳобаларнинг замони ва воқеи ўртасини асрлар ажратгани боис, булар уларнинг сўзларини ўз ўрнида ишлата олмадилар ва буларнинг ақллари қандай тасаввур қилган бўлса, шундай тасвир қилдилар[3]. Салафларнинг ҳукмни баён қилишда айтган сўзлари эҳтиёт бобидан бўлганди, сўнгра у сўзлар бепаровлик боис ўз ўрнидан бошқасига қўйилди. Учинчи: Аллоҳ таоло ҳижоб оятларининг бешинчисида ёши ўтиб қолган аёлларга ёпинчиқларини олиб қўйишга рухсат берди: «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок (яъни, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.» (Нур: 60). Саҳоба ва тобеинлардан иборат муфассирлар Аллоҳ таоло капмир учун олиб қўйишга рухсат берган нарса ёпинчиқ эканига иттифоқ қилганлар. Бу ҳақда Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар – розияллоҳу анҳум – дан, Шаъбий, Ибн Жубайр, Ҳасан, Мужоҳид, Ато, Икрима, Қатода ва бошқалардан саҳиҳ ривоятлар келган[4]. Уларнинг ҳаммасининг очиқ зийнат ҳақидаги тафсирлари юқорида ўтди. Улар бу ерда кампир ёш аёлдан фақат ёпинчиқни олиб қўйиш билан хосланган, холос эканига иттифоқ қилишган. Ёпинчиқлар: Жисмдан юзни тўсишга хосланган кийим бўлиб, у ҳамма кийимлар устидан кийилади. Ёпинчиқ рўмолнинг ҳам устида бўлади. Ёпинчиқ ёш аёлнинг юзини ёпиб тургани энг фасоҳатли ва ваҳий нозил бўлган замонга энг яқин бўлган саҳоба ва тобеинлардан бир қанчаларининг тафсирларида келган: Жумладан: Оиша – розияллоҳу анҳо – нинг сўзлари: «Аёл киши ёпинчиғини бошидан юзига ташлаб олади.[5]» Саид ибн Мансур саҳиҳ санад билан ривоят қилган ва «Саҳиҳайн»даги сўзлари: «Ёпинчиғим билан юзимни тўсиб олдим»([6]). Яна: Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – нинг сўзи: «Ёпинчиқни юзига ташлаб олади», Абу Довуд «Масоил»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган ва юқорида тўлалигича ўтган.([7]) «Аллоҳ мўминларнинг аёлларини бирор юмуш билан уйларидан чиқсалар, ёпинчиқларини бошларининг устидан ташлаб, у билан юзларини ўрашга ва фақат битта кўзни очишга буюрди.» Ибн Жарир саҳиҳ санад билан ривоят қилган.[8] Ва яна: Осим ал–Аҳвалнинг ривояти, у деди: Биз Ҳафса бинт Сирин ҳузурига кирардик. У ёпинчиқни мана бундай қилиб олганди, яъни у билан ниқобланиб олганди. Биз унга: Аллоҳ сизни раҳм айласин! Аллоҳ таоло: «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир.» (Нур: 60) демаганми, у ёпинчиқ–ку, десак. У бизга: Оятнинг давомичи? – деб сўрарди. Биз: «Ўзларини пок (яъни, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир.», деб жавоб берардик. У айтардики: У ёпинчиқни маҳкамлаш[9]. Агар саҳобалар қари аёллар учун ёпинчиқларни қўйишга ва юзни зийнатсиз очишга рухсат эканига иттифоқ қилган бўлсалар, ёш аёлга бегона эркаклар олдида нимани очишни ҳалол қиладилар?! Кампир ҳар қанча қари бўлмасин, бегона эркакка сочини кўрсатиши мумкин эмаслигига ижмоъ қилинган эканини бир неча олимлар айтганлар. Бу ижмоъ–иттифоқни Жассос, Ибн Ҳазм ва бошқалар айтган.[10] Кампирнинг сочи бегона эркаклар учун худди ёш аёлнинг сочи каби авратдир, бунда ихтилоф йўқ. Агар Ибн Умар, Ибн Аббос – розияллоҳу анҳум–, Ибн Жубайр, Икрима, Ҳасан, Шаъбий, Заҳҳок, Мужоҳид, ва Қатоданинг: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар» (Нур: 31) оятини булар: юз ва икки кафт деб тафсир қилган бўлсалар ва бу ерда бегона эркаклар назарда тутилган бўлса, ёши ўтган аёллар ҳақидаги оятнинг нозил бўлишидан ва уларга ёпинчиқни олиб қўйишга рухсат беришдан не фойда?! Тўртинчи: Аллоҳ «зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар» деган сўзи билан зийнатни кўрсатишни ман қилди, сўнгра «кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини» деб, истисно қилди. Ундан кейин уларга зийнатни кўрсатиш мумкин деган сўздан кимлар мақсад қилинганини, уларнинг яқинликдаги даражаларига қараб батафсил баён қилишни хоҳлади ва деди: «Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги қул ва чўриларга ё аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркакларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). » (Нур: 31). Баъзи кишилар – эр олдида бирор нарса истисно қилинмайди–ку – эр нима учун тилга олинган, деб ҳайрон бўладилар. Оятдаги хитоб узоқ (бегона) одамларга деб тушуниб қолинмаслиги учун бу ерда назарда тутилган кишиларни чеклаш (аниқлаш) бобидан эр ҳам бошқа маҳрамлар билан бирга зикр қилинди. Унга кўрсатиладиган зийнат ҳам бошқаларга кўрсатиладиган зийнат экани мақсад қилинмаган. Эр бошқалардан кўра хосроқ бўлгани учун рўйхат ундан бошланди. Муфассирлар оятда номи келганларнинг даражаларидаги фарқни яхши биладилар. Ибн Ваҳб Ибн Зайддан ривоят қилди, у деди: «Эрнинг афзаллиги бор, ундан кейин оталарнинг афзаллиги бор, қолганлар ҳам бир–бирларидан афзалликда тафовутлидирлар. Яна деди: Очиқ зийнат буларнинг ҳаммасини ўз ичига олади», Ибн Жарир ривояти.[11] Абдурроҳман ибн Зайд ибн Асламнинг: «Очиқ зийнат буларнинг ҳаммасини ўз ичига олади» деган сўзининг маъноси: номлари келганлар маҳрамлардир ва улар оятнинг бошида «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни узук, сурма, юз, кафт ва хиналаридан бошқа зеб-зийнатларини маҳрамларига) кўрсатмасинлар» (Нур: 31). дейилганда назарда тутилган кишилардир, оятда бегоналар назарда тутилмаган. Ибн Зайд айтганидек: Маҳрамларни очиқлаш ва баён қилиш учун зикр қилинган. Эрнинг ҳаммадан афзаллиги ва хусусияти бор. Ҳижобнинг аста–секин фарз бўлишиБаъзи муфассирлар ҳижоб бирданига эмас, балки аста–секин фарз бўлган дейдилар. Ҳижобнинг ҳукми биринчи нозил бўлганда мўминаларнинг оммаси зикр қилинган: Нур сураси оятлари, сўнгра Аҳзоб сураси оятлари. Бу фикрни Ибн Жарир Табарий, Абу Бакр Жассос, Ибн Таймия ва бошқалар айтганлан. Улар бошқалар билан мазкур босқичларда ихтилоф қилсаларда, ҳижобнинг ҳукми бориб тўхтаган ва қарор топган нуқтада бошқалар билан ҳамфикрдирлар. Муфассирларнинг китобларига қарайдиган одамларнинг кўпчилиги Нур сурасига қарайди ва муфассирларни очиқ зийнат ҳақидаги салафларнинг сўзларини қисқача қилиб келтираётганларини сўнгра ана шу имомлар Нур сурасини шарҳлаётганлари ва аёл юз ва икки кафтини очиши жоиз деган сўзларини кўради. Улар ана шу олимларнинг Аҳзоб сурасидаги сўзларига қарасалар эди, улар аёлга бу ишни ман қилаётганларини топардилар. Бу иккиланиш эмас, икки бир–бирига қарши сўз ҳам эмас. Муаллиф бир, китоб ҳам бир. Фақат улар Нур сурасининг оятлари Аҳзоб сураси оятларидан муқаддам эканини эътиқод қилишиб, ҳар бир жойни ўзига мос тушунчалари билан тафсир қиладилар ва ҳижобни бир неча босқичда фарз бўлган деб эътибор қилишади. Кимки уламолар билган сураларнинг олдин кетинлигини билмас экан, Қуръон мақсадларини ва салаф муфассирларининг тайинлаган ҳукмларини билмайди. Ибн Жарир Табарий Аҳзоб сурасида деди: «Агар аёллар уйларидан эҳтиёжлари учун чиқсалар чўриларга ўхшаб сочлари ва юзларини очмасинлар, ёпинчиқлари билан ўрансинлар.[12]» Кейин салафларнинг юзни ёпинчиқ билан ўраш ҳақидаги тафсирларини келтирди. Аҳзоб сурасидаги ўтириб қолган аёлларга тегишли оятни ҳам шу қабилда тафсир қилди.[13] Нур сурасида аёл юзини очади[14] деб айтган сўзи ҳижоб фарз бўлишининг биринчи босқичи ҳақида бўлса, ундан кейин Аҳзоб ояти келади. Ибн Жарир илми кучли имом, у салафлар сўзларини ўз ўрнида нақл қилади ва шарҳлайди. Агар оят ўтган ҳукм ҳақида бўлса, кейин аввалги ҳукмга зиёда қиладиган оятлар келса, ҳар бир оят олдида унинг ўз ҳукмини айтади. Унинг тафсирида ушбу қабилдаги ишнинг жуда кўп ўхшашлари бор. Имом Жассос ҳам Ибн Жарир Нур оятида айтган сўзнинг айни маъносини айтган, чунки у оят олдин келган[15], сўнгра кейин келган Аҳзоб оятида деди: «Бу оятда ёш аёл юзини бегона эркаклардан тўсишга ва уйдан чиқаётганда иффат ва ибо–ўранишни изҳор қилишга буюрилган эканига далолат бор»[16]. Шунингдек кўплаб муфассирлар Нур оятини Ибн Жарир қилгани каби аввалги кўринишда шарҳлайдилар, сўнгра Аҳзоб оятида эса аёлни юзини очишдан ман қилишни очиқ айтадилар. Ана шу муфассирлардан айримларининг номларини келтирамиз: Абу Лайс Наср Самарқандий ҳанафий «Тафсирида»[17], Абу Абдуллоҳ Заманин[18], Саълабий[19], ал–Киё Ҳарросий[20], Замахшарий[21], Из ибн Абдуссалом[22], Байзовий[23], Насафий[24], Ибн Жузай[25], Суютий[26], Биқоий[27], Абус Сууд[28] ва бошқалар. Кўпчилик юқоридаги уларнинг очиқ зийнатни кўрсатиш ҳақидаги сўзларини нақл қиладиганлар Аҳзоб сурасидаги уларнинг қатъий сўзларини эътиборсиз ташлаб қўядилар, ҳолбуки бу ундан кейин нозил бўлган! Ҳижоб ҳукми аста–секин тушган дейиладими, бир мартада тушгану Қуръон оятлари хитобда ранг–баранг бўлган дейиладими мақсад битта; у ҳам бўлса ҳамма оятларда кўринган ва Аҳзоб сурасида очиқ намоён бўлган нарсадир. Саҳобия ва тобеияларнинг ҳижобиСаҳобия ва тобеияларнинг ҳолини ўрганган одам, уларнинг ҳижоблари ва сатрланишлари аёлнинг тўла сатрланишидан фарқ қилмайди. Уларнинг ҳаммалари юзларини ўраганлар. Бирорта озод, ёш ва танилган на саҳобия ва на тобеиянинг юзини очганини билмайман. Агар нақл қилинган бўлса ҳам номаълум аёл ҳақида нақл қилинган. Унинг ҳолини нақл қилувчи ривоят унинг кампирми ё ёш, озодми ё чўри эканини баён қилмайди. Улар юзларини ўраб юрганлар, бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган: Жумладан: «Саҳиҳайнда» Ҳафса бинт Сирин Умму Атиядан ва бошқалардан ривоят қилган ҳадиси собит бўлган Набий – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёлларни ҳайит намозига ҳозир бўлишларига буйруқ берганларида, сўралганлар: «Биздан бирортамизнинг ёпинчиғи бўлмаса, ҳайит намозга чиқмай қўяверса бўладими?» Ул зот: «Ўртоғи унга ўз ёпинчиғидан кийдириб турсин, у ҳам яхшилик ва мусулмонларнинг дуоларида ҳозир бўлсин.», деб жавоб берганлар.[29] Юқорида ёпинчиқ у билан юз ўраладиган кийим экани саҳобаларнинг тафсирларидан нақллар келтириш билан баён қилинди. Яна бир ҳадис: Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадис. Оиша – розияллоҳу анҳо – айтдилар: Сафвон ибн Муаттил келганда «Ёпинчиғим билан юзимни тўсиб олдим»([30]) Саид ибн Мансур «Сунанида» Асвад у эса Оиша – розияллоҳу анҳо – дан саҳиҳ санад билан ривоят қилган, эҳромдаги аёл ҳақида дедилар: «Аёл киши ёпинчиғини бошидан юзига ташлаб олади.[31]» Яна бир ҳадис: Абу Довуд имом Аҳмаддан ривоят қилган масалаларида Абу Шаъсодан, у Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – дан саҳиҳ санад билан ривоят қилган, у деди: «Ёпинчиқни юзига ташлаб олади, уни юзига маҳкам ўрамайди...([32])». Яна бир ҳадис: Имом Молик «Муваттоъда» Фотима бинт Мунзирдан ривоятда қилган, у деди: «Биз Асмо бинт Абу Бакр билан бирга эҳромдалик ҳолимизда юзларимизни рўмол билан тўсардик»([33]). Фотима саҳобия ва тобеия аёлларнинг эҳромдалик ҳолатларида қилган ишларини айтиб бермоқда. Яна бир ҳадис: Саид ибн Мансур, Ибн Мунзир ва Байҳақий Осим ал–Аҳвалдан саҳиҳ санад билан қилган ривоятда у деди: Биз Ҳафса бинт Сирин ҳузурига кирардик. У ёпинчиқни мана бундай қилиб олганди, яъни у билан ниқобланиб олганди. Биз унга: Аллоҳ сизни раҳм айласин! Аллоҳ таоло: «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир.» (Нур: 60) демаганми, у ёпинчиқ–ку, десак. У бизга: Оятнинг давомичи? – деб сўрарди. Биз: «Ўзларини пок (яъни, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир.», деб жавоб берардик. У айтардики: У ёпинчиқни маҳкамлаш[34]. Кампирнинг юз зийнати ва ёш аёлнинг юз зийнатиАллоҳ кексайиб қолган аёлга ёпинчиғини олиб қўйиш ва юзини очишга рухсат берди, лекин уни зийнатланишдан ман қилди, сўнгра унга ёпинчиқни олиб қўймаслиги афзал эканини баён қилди. Аллоҳ таоло деди: «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок (яъни, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир.» (Нур: 60) ва зийнатланмасликни ёпинчиқни олиб қўйишнинг шарти қилди. Зийнатдан мурод: ясамаси (яъни, табиий бўлмагани); у тилла ёки юздаги бўёқлар бўлиши мумкин. «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари...» ояти ҳақида Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – дан ушбу саҳиҳ ривоят келган: «Бу бир аёлки, ўз уйида кўйлак ва рўмолда ўтиради, ёпинчиғини олиб қўяди модомики у Аллоҳ ёмон кўрадиган ясан–тусанни қилмас экан. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг тасдиғидир: «Бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир.» кейин шундай деди: «Ўзларини пок (яъни, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир.»» Байҳақий ривоят қилган[35]. Саид ибн Жубайр деди: «Ёпинчиқни олиб қўйиб, устларидаги зийнатни кўрсатиш билан ясанмасинлар»[36]. Агар Аллоҳ кампирга юзини очган пайтида зийнатланишни ҳаром қилган ва капмирнинг очишига рухсат бериш учун зийнат билан ясанмасликни шарт қилган бўлса, ёш аёлга зийнатсиз бўлсада юзини очишининг ҳаром бўлиши авлороқдир (мин боби авлодир). Ёш аёл юзини очганда зийнатланса бўлаверади, деб айтган одамнинг гапи жуда қизиқ! Аллоҳ буни кампирга ҳаром қиляпти ва қариб қолганлигини юзини очиши учун шарт қиляпти. Анави қизиқ гапни салаф муфассир ва фуқаҳоларидан бирортаси айтган эмас.
[1] Абдурраззоқ «Мусаннафида» (12829) да ривоят қилган. [2] Абдурраззоқ «Мусаннафида» (12830) да ривоят қилган. [3] Худди тарихий сериалларнинг сценарийсини бугунги кун тасаввури билан ёзганлари каби. Бу сериалларда ҳам асосий урғу севги, рашк қурбонлари, аёлларнинг салтанатни бошқаришдаги рўллари, ҳижобсизлик, бегоналардан умуман қочмасликка берилади. Ҳозирги кунда ҳам анча–мунча мусулмон оилаларда «қочиш» сўзи эркагу аёлларга бегона, уларнинг наздида таниш билишнинг ҳаммаси худди туғишган ака–укадек маҳрам… Таржимондан. [4] Абдурраззоқ «Тафсир» (2/63), Ибн Жарир «Тафсир» (17/360 – 363) ва «Тафсир Ибн Аби Ҳотим» (8/2639 – 2642) га қаранг. [5] «Фатҳул Борий» (3/406) айтилганидек Саид ибн Мансур «Сунанда» ривоят қилган. ([6]) Бухорий (4141, 4750) ва Муслим (2770) ривоятлари. ([7]) Шофеий муснадида (1/303 788 рақам), «ал-Ум» (3/370, 371), Абу Довуд «Масоилу имом Аҳмад» (732) ривоят қилган. Шофеий Абу Шаъсони зикр қилмаган. [8] Ибн Жарир «Тафсирда» (19/181), Ибн Аби Ҳотим «Дуррул мансур» (12/141) да келишича Алий ибн Аби Талҳа орқали Ибн Аббосдан ривоят қилган. [9] Саид ибн Мансур «Сунан»да (1618/тафсир), Саъдон ибн Наср «Жузъда» (60) ва Байҳақий Саъдон орқали «Сунан кубро»да (7/93) да ривоят қилган. [10] «Аҳкомул Қуръан» Жассос (5/196) ва «Муҳалло» (10/32)га қаранг. [11] Ибн Жарир «Тафсирида» (10/173, 174) да ривоят қилган. [12] Ибн Жарир «Тафсири» (19/181) га қаранг. [13] Ибн Жарир «Тафсири» (17/359, 360) га қаранг. [14] Ибн Жарир «Тафсири» (17/261, 262) га қаранг. [15] «Аҳкомул Қуръан» (5/172, 173) га қаранг. [16] «Аҳкомул Қуръан» (5/245) га қаранг. [17] «Тафсир Самарқандий» (2/508) ва (3/69) га қаранг. [18] «Тафсир ибн Заманин» (3/230, 231) ва (3/412) га қаранг. [19] «Тафсир Саълабий» (7/87) ва (8/64) га қаранг. [20] «Аҳкомул Қуръан» (3/312) ва (4/350) га қаранг. [21] «Тафсир Замахшарий» (3/231) ва (3/560) га қаранг. [22] «Тафсир Из ибн Абдуссалом» (2/398) ва (2/590) га қаранг. [23] «Тафсир Байзовий» (4/104) ва (4/238) га қаранг. [24] «Тафсир Насафий» (2/500) ва (3/45) га қаранг. [25] «Тафсир ибн Жузай» (2/67) ва (2/159) га қаранг. [26] «Иклил» (192–бет) ва (214–бет Илмийя) га қаранг. [27] «Назмуд дурар» (13/259) ва (15/411) га қаранг. [28] «Иршаду ал–ақл ас–салим» (6/170) ва (7/115) га қаранг. [29] Бухорий (324) ва Муслим (890) ривоят қилган. ([30]) Бухорий (4141, 4750) ва Муслим (2770) ривоятлари. [31] «Фатҳул Борий» (3/406) айтилганидек Саид ибн Мансур «Сунанда» ривоят қилган. ([32]) Шофеий муснадида (1/303 788 рақам), «ал-Ум» (3/370, 371), Абу Довуд «Масоилу имом Аҳмад» (732) ривоят қилган. Шофеий Абу Шаъсони зикр қилмаган. ([33]) Молик «Муваттоъда» (1/328) ва Исҳоқ ибн Роҳуя «Муснадида» (2255) ривоят қилган. [34] Саид ибн Мансур «Сунан»да (1618/тафсир), Саъдон ибн Наср «Жузъда» (60) ва Байҳақий Саъдон орқали «Сунан кубро»да (7/93) да ривоят қилган. [35] Ибн Жарир «Тафсирида» (17/360), Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2641) ва Байҳақий «Сунан Куброда» (7/93) да ривоят қилган. [36] Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2642) да ривоят қилган. |