Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳамкорликка даъват

19257 марта кўрилган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Биз Аллоҳга ҳамду истиғфорлар айтамиз ва ундан нафсимиз ҳамда амалларимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи ва адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи зот йўқдир. Мен ягона шериксиз Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Ислом динини ўзи учун севганидек бошқалар учун ҳам севган;

Ислом динига даъват қилишни ўзининг ҳаётидаги бирламчи вазифаси қилиб олган;

Даъват майдони қисқаргани сайин янги майдонларни очишга интилган;

Даъватнинг ҳар бир жабҳасида мусулмонларнинг зийрак ва фаол бўлишларини умид қилган;

Даъват ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини бошқа мусулмон биродарлари билан ўртоқлашишни режалаштирган;

Роббининг раҳматига сазовор бўлиш учун кечалари бедор ва кундузлари дунё рақобатларидан ўзинган вақтларида қилган ижодларини даъватнинг кенгрок майдонида ёймоқчи бўлган Сиз забардаст мусулмон ака-ука ва опа-сингилларимизни ҳамкор бўлишга даъват этамиз.

Биз «www.islamnuri.com» интернет саҳифасининг таҳририяти бу саҳифани ўзимизнинг эмас , балки, Ислом даъватини ёйиш ва Аллоҳ олдидаги масъулиятни адо этиш учун фаол бўлган ҳар бир мусулмон ва муслиманинг саҳифаси деб биламиз.

Бизнинг даъватдаги ғоя ва мақсадларимиз шу кунга қадар саҳифамизда сизларга тақдим етганимиз китоб, мақола, ва маърузаларда ўз аксини топган эканига амин бўлсакда, яна бир бор эслатмоқчимиз: Биз Исломга Куръон ва Суннат ўз ичига олган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушхабар берган «НАЖОТ ТОПУВЧИ ЖАМОА- АҲЛУССУННА ВАЛ-ЖАМОА» нинг пешволари «САЛАФ СОЛИҲ» тушунчалари асосида даъват этамиз.

Чунки даъват майдонида турли номлар остида фаолият кўрсатаётган, бироқ, ишни ўз пойдеворидан бошламаган қанча-қанча жамоат ва гуруҳлар борки, улар халқимизга динни етказишда турли муаммоларни келтириб чиқармоқдалар. Уларнинг баъзилари динни етказишда меъёрсиз ҳаракат қилса, баъзилари таъвизлар бермоқдалар. Бу эса одамларда турли номаъқул фикрларнинг пайдо булишига сабаб бўлиб, Ислом дини ҳақида нотўғри фикрда бўлган гуруҳлар кўпаймоқда.

Исломнинг Аллоҳ хоҳлаган тушунчаси - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобиинлар ва уларга яхшилик билан эргашган кишилар тушунган тушунчадир. Исломни улардан бошқача тушунишнинг дунё ва охиратдаги оқибатлари жуда хунукдир.

Бизнинг ғоямиз Аллоҳнинг розилигига эришиш бўлиб, унга етишда одамларга дин нима эканини билдириш, танитиш ва ўргатишни васила (восита) қилдик.

Ушбу буюк вазифани тўлақонли адо этиш учун сиз мусулмон дўстларимизни биз билан ҳамкор бўлишга чақирамиз. Агар сизнинг «АҲЛУССУННА ВАЛ-ЖАМОА» кутубхонасини бойитадиган мақола, китоб ёки аудио тасмангиз бўлса бизларга e-mail орқали юборинг. Биз уни иншоаллоҳ, ўз саҳифангизда мусулмон биродарларимизга тақдим этамиз.

Келинг, ҳамкор бўлайлик! Келинг, кучларимизни бирлаштирайлик ва мусулмонларнинг биринчи душмани ШАЙТОН ва иккинчи душмани ЖАҲОЛАТГА қарши кураш майдонида ёнма-ён турайлик!

Келинг бу вақтларни ғанимат билинг! Кечикманг! Кечикиб кўп савоблардан маҳрум қолманг! Зеро, Аллоҳнинг берган илҳоми билан битилган қўлёзмаларингизни ўқиш ёки эшитиш билан минглаб кишилар ҳидоят топиши, минглаб мусулмонлар иймонларига иймонни зиёда қилиб, амал майдонида фаолликларини оширишлари мумкин. Сиз бу савобларни олишга шошилинг!

Биз билан ҳамкор бўлган ака-ука ва опа-сингилларимизга олдиндан ташаккур айтамиз. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий орзу умидларини ўзлари ўйлаганларидан кўра яхшироқ қилиб рўёбга чиқарсин. Аллоҳ барчамизга тўғри йўлда юриш ва тўғри йўлга даъват этишни насиб этсин.

Сизларга ҳурмат билан Ислом Нури интернет саҳифасининг таҳририяти.