Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳижоб шариат ва фитрат далил ва келгинди сўз ўртасида

4776 марта кўрилган

Муаллиф: Абдулазиз Марзуқ Тарийфий
Таржимон: Абу Закарийя ал-Маданий

Аллоҳ уни, ота-онасини ва мусулмонларни мағфират қилсин

Тўртинчи нашр

1437 ҳ — 2016 м

Дорул минҳож кутубхонаси нашри


بسم الله الرحمن الرحيم

Барча ҳамду сано шариатни барпо қилган, фитратни (инсон табиатини) мутаносиб қилган ва барча махлуқотларни гўзал қилиб яаратган Аллоҳ учун. Саййидул мурсалин, Амин Пайғамбаримизга, аҳли-оиласига, асҳобларига ва уларга то қиёмат чиройли эргашганларга салавоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

Ҳижоб ва аёлнинг бегона кишилар олдида кийиши лозим бўлган кийимларига тегишли масала очиқ-равшан масалалардан ҳисобланади. Шунинг учун асрлар давомида биронта олим бу ҳақда алоҳида китоб ёзишига эҳтиёж бўлган эмас. Тўрт мазҳаб имомлари ҳам бу масалага алоҳида фасл ажратмаганлар, балки масала ойдин бўлгани боис сўзлари асносида, бошқа масалага тобе ўлароқ келган.

Ҳижоб ва либосга тегишли далиллар қандай тушган бўлса шундайича, ўз ўрнига қўйиларди. Далиллар саҳобалар ва уларга эргашганлар амал қилганларидек жорий эди. Ниҳоят ҳижрий ўн тўртинчи ва ўн бешинчи асрларга етиб келинди. Аксар исломий диёрлар бир неча ўн йил мустамлака остида қолди. Исломга ёт бўлган нарсалар кўрилиши ва уларга аралашиш оқибатида кўплаб тушунчалар ва одамларнинг ақллари таъсирланди, далиллар олиниб ўз ўрнидан бошқа ўринларга қўйилди. Фуқаҳоларнинг сўзлари ўз сиёқидан бошқа томонга йўналтирилди. Озод аёл билан чўри ўртаси, ёш жувон билан кампир ўртаси, ҳижоб фарз бўлишидан олдин билан ундан кейини, далилларнинг муҳками билан муташобиҳи ўртаси ажратилмади!

Бу ҳам етмагандек, уламоларнинг мазҳаблари танимайдиган сўзлар урчитилди. Имом Молик, Абу Ҳанифа ва Шофеийга "Аёл юзини ўраши шариат эмас", ёки "Аёлнинг юзини ўраши билан очиб юриши баробардир, бу хусусда фитна билан бошқаси ўртасида фарқ йўқ, ҳамма ҳолатда аёл гуноҳкор эмас!" деган гапларни нисбат беришди. Уларнинг намоздаги сатр аврат ҳақида айтган сўзлари олиниб, уларни бегона эркакларнинг назари тушиши мумкин бўлмаган аврат ўрнига қўйилди. Нақлларнинг ўта қарама-қаршилигини кўрган ўқувчи, мазҳаблар бу масалада беқарор ва ўта зиддиятли экан, деб ўйлаб қолади. Шофеий мазҳабига мансуб фақиҳ Муҳаммад ибн Алий Мавзаий (825-ҳ) "Тайсирул баён" номли китоблари 4/77,78 бетларда айтдилар: "Молик, Шофеий, Абу Ҳанифа ва улардан бошқа салаф уламолари фақат намоздаги сатр аврат ҳақида гапирганлар... Улардан бирорталари ёш аёл ҳожат бўлмаган ҳолатда юзини очишига рухсат беришади, деб ўйламайман."

Ҳижоб ва аёлнинг либоси масаласи кенг ёритиб берадиган алоҳида китобга ва олимларнинг сўзларини тўплашга муҳтож эмас. Бу масала фақат Қуръон ва Суннат далилларини ўз ўринларига қайтаришга, фуқаҳоларнинг сўзларини ўз сиёқларида йўналтиришга, рўй берган ўзгартишларни баён қилиш билан бирга далилларнинг муташобиҳини муҳкамига боғлашга, тўғри сўз ўз эгасига боғланиши ва мазҳаблар уламолари айтмаган сўзларни улар тилидан айтмаслик учун ўзгартишларни бартараф этишга муҳтож. Муташобиҳ ва ом фақат Аллоҳнинг каломида мавжуд эмас, балки бу иккиси фуқаҳоларнинг сўзларида кўпроқдир.

Юқорида зикр қилинган эҳтиёждан келиб чиқиб бу китобни ёзиш мақсад қилинди.

Аллоҳдан мадад беришини, рушду ҳидоятга ва тўғри сўзларни сўзлашга муваффақ қилишини сўраймиз.

Абдулазиз Тарийфий

1436/4/20 ҳ, душанба.


Қуръонни нозил қилган, инсонга гўзал фитрат ато этган, уни иймонга мушарраф этган ва ботилдан ҳақни фарқлайдиган, ёмонликдан яхшиликни ажратадиган қилиб табиатлантирган Аллоҳга ҳамду санолар айтаман. Омонатдор Пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, оиласи, асҳоблари ва уларга то қиёмат эргашганларга салавоту саломлар айтаман.

Аммо баъд:

Шариатни туширган Зот инсон табиатини ҳам яратган, агар табиатлар Аллоҳ яратгандек, ўзгармай, бузилмай турган бўлса, улар худди бир одамнинг икки кафтидек баробар бўлади. Соғлом фитрат (Инсоннинг соғлом фитрати унинг соғлом табиати демакдир. Бундан кейин бу икки сўз бир маънода ишлатилади.) билан шариат икки бир хил шестерня (тишли ғилдирак) каби бир-бирига мос тушади ва то улардан бири бузилмагунча мунтазам айланишда давом этади.

Шунинг учун ҳам самовий шариатлар икки улкан асосни олиб келган:

Биринчиси: Буйруқни бажариш ва уни сақлаш-муҳофаза қилиш; Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Раббингизнинг китоби Қуръоннигина тиловат қилинг, Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқдир» [Каҳф: 27] ва «Раббингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқдир» [Анъом: 115].

Иккинчиси: Соғлом, табиий хилқатни ўзгартириш ва алиштиришдан огоҳлантириш; «Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас» [Рум: 30].

Хилқат билан шариат мувофиқ келгани ва бир-бири билан аралашиб кетгани учун гоҳида Аллоҳ Ўз динини фитрат-хилқат деб, хилқатни эса дин деб номлайди. Саҳобалар ҳам Қуръондаги фитрат ва хилқатни дин деб тафсир қилганлар.

Бу иккисидан бирида ҳосил бўлган ҳар бир ўзгартириш Аллоҳнинг муродига кўра юриш ва унга ижобат қилишга халал беради. Шунинг учун ижобат камайиши ва қайрилиш кўпайиши учун шайтон буларнинг ҳар иккисида носозлик пайдо қилишга ҳарис. Иккисини бузишдан ожиз бўлса, улардан бирини бўлсада ўзгартиришга ҳаракат қилади, токи иккинчиси қабул бўлмасин ва ижобат қилмасин.

Аллоҳ таоло Иблиснинг шариатни ўзгартириш, уни бузиш ва хилқатни ўзгартириб уни бошқасига алиштириб юбориш йўлида қилган ҳаракатлари ҳақида хабар берган. Аллоҳ таоло деди: «(Иблис деди) мен уларга буюраман, улар Аллоҳ яратган нарсаларни (хилқатни) ўзгартириб-бузадилар» [Нисо: 119], Аллоҳ таоло ‒ шариатни алиштириш ва ўзгартириш учун Шайтоннинг далилларни бузишини безаш ва чиройли кўрсатиш деб атади. Аллоҳ таоло деди: «Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жиндан бўлган шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Раббингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлар эдилар. [Анъом: 112], «(Иблис) айтди: «Раббим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга (Одам болаларига) Ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўяман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздираман.» [Ҳижр: 39] чиройли кўрсатиш ва безашни унинг ортидан феъл ва авраш эргашиб келадиган муқаддималар қилди, бироқ шайтоннинг иши ташқи томонни чиройли кўрсатиш ва безашлигича қолади, у ички томонни ўзгартира олмайди.

Бузғунчи одам ўз бузғунчилигига қулоқ солувчи топа олмаса, бузғунчилиги ва қинғирлиги учун қалбларга йўл топиш учун шариатда бўлсин, табиатда бўлсин ўзгартириш ясашга ҳаракат қилади. Бу услуб барча замонларда тўғри ғояларга қарши чиқишда фаол қурол сифатида ишлатилган. Қурайш ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақириқларига қарши келганда ўзгартиришни талаб қилган. Аллоҳ таоло улар ҳақида деди: «Қачон уларга Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир.» [Юнус: 15] Мунофиқлар ҳақида хабар бериб деди: «Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар.» [Фатҳ: 15]. Бу — халқлар ва жамиятларни ўзгартирмоқчи бўлган ҳар бир одам учун манҳаж ва одатга айланган. Улар икки ишдан бирини қиладилар: Ё соғлом далил ва ҳужжатларни ўзгартирадилар ёки соғлом табиатни ўзгартирадилар, шунга эришсалар у иккиси бир-бирига мувофиқ келмай қолади, ундан кейин эса далилларга ишонмайди, қаноат ҳосил қилмайди ва бўйсунмайди.

Аллоҳ таоло бу уларнинг одатлари эканини баён қилди: «Уларнинг иймонга келишларига орзуманд бўласизми (эй мўминлар)? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитадилар, сўнгра, уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартирадилар.» [Бақара: 75].

Шариатни ўзгартириш фитрат-табиатни ўзгартиришдан тезроқ ва осонроқ. Табиатнинг ўзгариши бир неча авлодда рўй беради, гоҳида бир неча асрлар керак бўлади. Шариат бўлса, 10 йил, 20 йил, 30 йилда гоҳида ўзгартириш далил-ҳужжатларининг кучига қараб ундан оз муддатда ҳам ўзгаради. Масалан, ярим яланғочлик соғлом табиатли, ҳаё, иффат ва мастурлик билан яшаб келган юртга бир неча ўн йилда, балки бир аср ёки ундан ҳам кўпроқ вақт давомида сизиб кириши мумкин. Зеро, инсон шундай яратилган, бу унинг табиатига ҳам қоришгандир. Аллоҳ таоло Ўзи бахш этган соғлом табиатни ранг деб номлаган. «Аллоҳнинг ранги-ла (рангланинглар), яъни зоҳиран ва ботинан сизларни табиатлантирган Аллоҳнинг динини лозим тутинглар.

И з о ҳ. Бу оятдаги Аллоҳнинг рангидан мурод Аллоҳнинг динидир. Зеро, худди кийимнинг устида ранги кўрингани каби мўмин-мусулмонларда ҳам дин аломатлари кўриниб туради.

Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг берувчи борми? Яъни, Аллоҳнинг динидан кўра гўзалроқ дин борми?» [Бақара: 138].

Агар фитрат ўзгарса ва бузилса, унинг аслига қайтиши ундан чиқиб кетишидан кўра енгилроқ кечади. Фитратдан чиқиб кетишнинг қийинлиги; ҳаёли, виқорли инсонга ялонғочланиш ҳақида ҳар қанча далиллар келтириб уни қаноатлантирилса ҳам унинг бир кунда яланғочланиб олиши қийин. У бир мартада "хўп", деб гапга кириб кетавермайди, балки уни босқичма-босқич яланғочлантириш керак бўлади. Бироқ, яланғочланган одамни сатр ва ҳижоб далиллари билан қаноатлантирсангиз, унинг ўранишни қабул қилиши осон бўлади, бир мартада қабул қилиши ҳам мумкин. Бу ҳар иккисига бир хил даражада қаноатлантириш учун далиллар келтирилгандаги ҳолат. Чунки, биринчи одам соғлом фитратдан чиқмоқда, иккинчиси эса соғлом фитратга қайтмоқда. Аслий фитрат ғолиб бўлувчи, ўзига ром қилувчидир гарчи уни ақлга далиллар билан бузиб кўрсатилган бўлса ҳам.

Шариатлар, фитратлар ва уларни ўзгартириш

Фитрат ўзини ўзи тафсир-баён қилади. Уни ҳар томонлама илмий талқин қилиш қийин. Аллоҳ уни соғлом қилиб яратган. Унга Аллоҳнинг шариати тушса, у ана шу шариатни ҳеч қандай тафсирсиз тушунади. Шариат фитратга қаламнинг қопқоғи каби мос тушади.

Масалан, Аллоҳ инсонни намоз олдидан зийнатланишга буюрди: «Эй Одам болалари, ҳар бир намоз олдидан зийнатланингиз (яъни, авратларингизни беркитадиган тоза либосда бўлингиз).» [Аъроф: 31], бироқ Аллоҳ бу зийнат нима эканини тафсир қилмади, чунки фитрат зийнатдан мурод нима эканини ўз-ўзидан билишга табиатланган.

Аллоҳ инсонни Пайғамбари орқали Қуръонни чиройли овоз билан ўқишга буюрди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонни овозларингиз билан зийнатлангиз», бироқ чиройли овоз билан хунук овоз ўртасидаги фарқни баён қилиб бермади. Чунки, у ўз ҳис-туйғуси ва эшитиши билан бу нарсани билишга табиатланган.

Аллоҳ уни хушбўйланишга буюрди, лекин хушбўй билан бадбўй ўртасидаги фарқни тушунтирмади. Буни билиш учун у табиатланган ҳидлаш хусусиятидан кўра каттароқ далил керак эмас.

Инсон табиатланган фитрат ўзгарган бўлса, то унинг қинғирликлари тўғриланмас экан, у худди тўнтариб қўйилган идишни тўғрилаб қўйилмагунча ичига қўйилаётган нарсани ушламаганидек, Аллоҳ буюрган шаръий буйруқларни на ўзига сиғдира олади ва на тушунади.

Шунинг учун Аллоҳ фитратга қаттиқ эътибор қаратди, уни ўзгартириб юборишдан огоҳлантирди. Зеро, бу Унинг буйруқ ва қайтариқларини англаб етишига, уларнинг сабаб ва мақсадларига иймон келитиришга салбий таъсир кўрсатади. Фитрат қанчалик қаттиқ ўзгарган бўлса, шунчалик майда-чуйда масалаларнида инкор қиладиган бўлади. Чунки, у қоидаларни ва асосий масалаларни тушунмаган. Зинони ҳалол санайдиган, унга рухсат бериб, қонунийлаштирадиган халқлар ҳижобланишни, хилватда бирга қолиш ва икки жинснинг аралашишини ҳаром қилиниш сабабини ҳаргиз тушунмайди, чунки мана шу нарсалар улар унинг ҳаром қилинганига ишонишмайдиган нарса-зинонинг муқаддималари ва унга етишиш олдини тўсадиган узоқдаги тўсиқларидир.

Инсон кўп нарсага табиатланган. Мана шу табиатлардан баъзиларини ўзгартириш мумкин, баъзиларини эса инсон хилқатига қоришиб кетгани ва у сув каби инсонинг яралиш моддаларидан бири бўлгани учун ўзгартириб бўлмайди.

Ўзгартириш мумкин бўлганлари инсон табиатига ўрнашишдаги мустаҳкамлигига қараб замон ва куч сарфлаш жиҳатидан фарқли бўлади. Шайтон шариатни ўзгартиришдан кўра фитратни ўзгартиришга кўпроқ ҳарис. Чунки, фитратнинг бузили жуда осон. Бузилгандан кейин соғлом фитратга қайтиш бир неча ўн йилга, балки бир неча асрга муҳтож. Ўзгартирилган шариат далил-ҳужжатларини ўз ҳақиқатига қайтарадиган битта мужаддидга эҳтиёжи бор, холос. Шунда соғлом табиат бу ҳужжатларни осонликча қабул қилади. Мабодо қабул қилишдан мутакаббирлик қилса, қайсарлиги узоққа бормайди, тезда таслим бўлиб, қабул қилади.

Битта фитратни ўзгартиришнинг ўзи билан бир қанча шаръий ишлар бекор бўлиб кетади. Бу худди дарахтнинг катта шохларини кесиш кабидирки, улар билан саноқсиз новдалар ва барглар кесилиб кетади. Агар у шаръий ишларни бирма-бир йўқотаман деса, бу уни анча қийнаган ва узоқ муддатга чўзилган бўларди. Шунинг учун ҳам шайтон ва малайларининг услубларидан бири:тобе бўлган шаръий ишларни амалдан тушириш енгил бўлиши учун фитрат асосларини ўзгартиришдир.

Иффат фитрати ва уни ўзгартириш

Фитратнинг энг катта асосларидан бири инсондаги иффат табиатидир. Агар у ўзгартирилса, у билан бирга, унга эргашиб кўп шаръий ишлар ўзгаради, жумладан: кўзни ҳаромдан тийиш, аёл овозини пасайтириши, нозланмай гапириши, ҳижобланиш, шаҳватларни жунбушга келтирмаслик учун кўзни ўйнатадиган аъзоларни ўраш, бегона билан хилватда қолишга эътиборсиз бўлмаслик, икки жинс ўртасини ажратиш, ишқий алоқаларни ташлаш, икки жинс ўртасида дўст тутинмаслик ва бундан бошқа ишлар. Агар иффат кетса, мазкур нарсалар ва улардан бошқалари унга тобе ўлароқ кетади.

Шунинг учун ҳам барча пайғамбарларни тавҳид билан бирга фитрат асосларини сақлашга даъват қилганларини кўрамиз. Зеро, тавҳид ибодатларнинг асли, фитрат эса одамийликнинг аслидир. Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ Маккада шу нарсага даъват қилганлар. Абу Суфён Ҳирақлнинг Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ нимага даъват қилмоқда деган саволига: У бизни намозга, тўғрисўзликка, иффатга буюрмоқда, деб жавоб берган. Ҳирақл: «Мана шу пайғамбарнинг сифати», деган.

Ушбу фитрий асос-ИФФАТ катта эътиборга молик бўлгани учун бир инсон ўзини ҳимоя қилишига қўшимча ўлароқ, Аллоҳ унга соқчилар ва ҳимояловчиларни қилди, улар бир одамнинг ўз фитратига қарши бош кўтариши сабабларига қарши курашадилар.

Аллоҳ инсонда рашкни яратди. Хотин эридан рашк қилади ва уни доим кузатиб юради. Эр ғаюрлигидан хотинининг устидан кузатувчи бўлади. Ота қизини, ака синглисини кузатади, бунинг акси ҳам шундай бўлади. Ҳатто рашк бегоналар ўртасида ҳам бўлади. Аллоҳ таоло уларни бир нафар ўз иффатига ёхуд бошқанинг иффатига қарши исён қилишининг олдини олиш учун навбатлашиб турадиган соқчилар қилди.

Фитратни ўзгартириш кавний қонунларни ўзгартиришдан оғирроқ ва инсоннинг динига таъсири кучлироқ. Набиюллоҳ Мусо – алайҳиссалом ‒ ўта ҳаёли, ўраниб юрувчи эдилар. Ул зот ўз баданларидан Бану Исроил бемалол кўрсатаверадиган жойи очилиб қолишидан ҳам ҳаё қиларди. Шунинг учун ҳам улар Мусога озор бериб дедилар: "Бу бекорга бунчалик ўраниб юрмайди, бунинг терисида бирон касали бор, ё песи бор ёки дабба". Аллоҳ унинг фитратини ўзгартиришни эмас, уни оқлаб қўйишни хоҳлади. Мусо – алайҳиссалом ‒ чўмилмоқчи бўлиб кийимларини бир тош устига қўйдилар, чўмилиб бўлгач кийимларини олмоқчи бўлгандилар тош чопиб, кийимларини олиб қочиб кетди. Мусо – алайҳиссалом ‒ асоларини қўлларига олганча тошнинг орқасидан: «Ҳой тош, тўхта!», «Ҳой тош, тўхта!», дея югурдилар. Шу алфозда Бану Исроил олдига чиқиб қолдилар. Улар уни кўришди ва у ‒ ўзлари қилаётган туҳматдан покиза эканини билишди. Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ га бу ҳолатни эслатиб қуйидаги оятни нозил қилди: «Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарларингиз Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ га нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган Мусога) озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди.» Бу ҳадисни Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло Мусони кийимларини ечиб, одамлар олдига чиқиб, ўзини оқлашга буюрмади. Лекин, кавний қонунларни, ернинг тортишиш кучини ўзгартирди, тошда кийимларни олиб қочишга қувват берди. Токи, у кийимлари ортидан югурсин ва одамлар олдида ўз ихтиёрисиз, кийимсиз, авратлари очиқ ҳолда кўринсин. Бундан мақсад — қалбда бу каби ишни танлаш ҳақида заррача ҳам қаноат ҳосил бўлишига йўл қўймаслик. Агар фитрат тешиладиган бўлса, секин аста кенгайиб бораверади ва унинг интиҳоси бўлмайди.

Шунинг учун иффатли, оқил инсон аврат жойида бирон касалликка чалинса ва жарроҳлик амалийясига киришга мажбур бўлса, сиз уни кийимларини ўз қўли билан ечмаслиги, авратини ўз ихтиёри билан кўрсатишни истамаётгани учун нарокоз олишга тайёрлигини кўрасиз. Ҳолбуки, натижа бир хил – кийимнинг ечилиши, авратнинг очилиши. Бироқ, инсон ўз кийимини ўзи ечишига фитрат ва қалбдан иффат ҳайбатини суғуриб олиш ҳамроҳ бўлади. Ҳаё ва иффатни синдириш ихтиёрий равишда кечади. Ким бу ишни бир марта қилиб кўрса, уни иккинчи маротаба, бундан кўра арзимаган ҳолатда қилиши осонлашади.

Аллоҳ таоло башариятнинг аввали бўлмиш Одам ва Ҳаввони иффат ва ўранишга табиатлантирган. Улар ман қилинган дарахтдан еб қўйганларида уларнинг устларидан либослари тушиб кетди. Шунда уларнинг хилқатига сингган фитрат даъватчиси сатрланиш учун реакцион ҳаракат (аксилҳаракат)га чақирди, иккови баргларни йиғиб, авратларини тўса бошладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло деди: «Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар.» (Аъроф: 22)

Кавний қонун: иффатнинг боши очилса, секин-асталик билан унинг ҳаммаси йўқолади. Аёлнинг ҳижоби ҳам шунингдек, агар бир чеккаси тушадиган бўлса, охиригача тушади. Бу барча жамиятлар ва халқларда кўрилиб турган ҳолат. Ҳаттоки, уларнинг кўпида бу нарса соғлом фитратга терс одатга айланди.

Инсон ўзи табиатланган нарсаларнинг баъзиларига зид бўлган ишларга ўрганиши ва табиатланиб қолиши мумкин. Бунинг учун кўп аралашиш, кўп кўриш ва кўп қўшни бўлиш-яқин юриш керак бўлади. Шунингдек, худди мочалка сувни шимиб олгандек фитрат ҳам ўзига хилоф нарсани сингдириб олгунча сабр ила босқичма-босқич ҳаракатланиш лозим. Ана шунда инсонсасиб кетган ўлимтик каби энг сассиқ ва бадбўй ҳид яқинида туришга қодир бўлади. Аввалда қийин бўлсада, бир неча кун ўтгач ҳидга ўрганиб қолади ва ўткинчилар жиркантираётган ҳидни сезмай қолади. (Ўзбеклардаги кўнчининг келини каби). Фикрлар ва феъл-атворлар ҳам шунга ўхшайди. Очиқ-сочиқлик ва яланғочланиш шу жумладан. Одамлар бу нарсаларга узоқ вақт яқин бўлсалар ҳамда уларни ўзларига сингдириб олсалар, бир-бирларига кўникиб қоладилар, бир-бирларига қараб бирон ғайриоддий ҳолатни кўрмайдилар. Балки, соғлом табиатли одам уларнинг кўзларига ғалати кўриниб қолади. Лут қавми шу ҳолга тушгандилар. Секин-аста қинғирликка кетавердилар; унга яқинлашдилар, қўл урдилар, ададлари кўпайди, узоқ вақт давом этдилар охир оқибат Лут – алайҳиссалом ‒ ҳақларида масхара қилиб: «(Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг аҳли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқаринглар! Улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди.» (Намл: 56) ўзлари айбдор бўла туриб уларни айбладилар!

Ҳижоб ибодат ва одат

Иссиқ, совуқ ва ёмғир бўлмаса ҳам инсон ўранишга табиатланган эканини бирон оқил рад қилмайди. Инсон биров кўрмайдиган ёлғиз ҳолатда бўлса ҳам кийим кийишни, ўзи учун бўлсада ясанишни ёқтиради. Шунинг учун ҳам Одам ва Ҳавво улар билан бирга ҳеч ким бўлмасада ўзларидан ўзлари тўсиндилар. Аллоҳ таоло уларни кийимларининг очилиб қолиши билан уқубатланишлари улар бирон сабабсиз бир-бирларининг авратларини кўришлари эканини баён қилиб деди: «... авратларини ўзларига кўрсатиш учун либосларини ечиб...» (Аъроф: 27).

Лекин одамлар бу табиатнинг чегараларида, баданни тўсадиган кийимларнинг ҳажмида улар устида ҳоким бўлган нақл (ривоятлар), ақл ва урф-одатларга қараб, ёки уларни йўлдан оздираётган шаҳватлари ва шубҳаларига кўра фарқлидирлар.

Кийиниш фитрати ‒ ақл, нафс-ҳаво, унинг ёлғон даъволари ва шайтоннинг инсонга зийнатлаб кўрсатиши ўртасида талаш бўлган бир пайтда буни чегараловчи ва унга ҳукм қилувчи бўлиб Аллоҳнинг шариати кўп далилларни келтирди. Бу далиллар барча шариатларда ва ҳамма пайғамбарларнинг рисолатларида ўз умматлари устида собитдир. Бу далиллар Қуръон ва Суннатда кўп келган. Аллоҳ таоло авратларни очиб ташлаш ва баданнинг мафтун қиладиган жойларини очиш Иблис ва унинг зурриётининг Одам ва унинг зурриётига қарши эски ғояси эканини баён қилди: «Эй Одам болалари, шайтон Ота-онангиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига кўрсатиш учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам тақво либосини ёки авратни тўсадиган ҳиссий либосни тарк қилиш маъсиятини сизларга чиройли кўрсатиб алдаб қўймасин! (Аъроф: 27).

Шариатлар одамларнинг қалбларида одатлардан кўра кучлироқ ҳайбатга ва сақланишга эга, гарчи улар ўз динларига зоҳирда амал қилишга бепарво бўлсалар ҳам. Уларнинг одатлари асрлар давомида кўп ўзгаради, динлари эса қалбларда ўз ҳайбати билан сақланиб қолади. Улар динларидан чиқиб яна қайта кириб турадилар. Одатлар кетадиган бўлса, аксар ҳолларда қайтиб келмайди.

Ўраниш (кийиниш) умуман, – аёлнинг ҳижоби хусусан ‒ башарият фитрати билан қоришиб кетган раббоний ибодат бўлар экан, шайтон ва унинг малайларининг қуролларидан бири; ҳижобнинг ибодатлигини йўқотиш ва унинг одат эканини қолдириш бўлди. Шундай қилинса, ҳижобга боғлиқ истак-майлларни бошқариш осонлашади. Ҳижобнинг номи қолади, холос. Зеро, истак-майллар шамолнинг тўзонига ўхшаб енгил нарсаларни учириб кетади. Оғир нарсани секин-аста енгиллатиш сўнгра тўлалигича йўқотиш, уни оғир ҳолатида йўқотишдан кўра енгилроқ.

Ҳижобни, умуман ўранишни ибодат ва дин эмас, шунчаки одат ва анъана дейдиган чақириқлар пайдо бўлди. Зеро, ибодатни вайрон қилиш учун унинг далилларини йўқотиш-суғуриб олиш керак. Агар унинг далиллари йўқотиш-суғуриб олишнинг имкони бўлмайдиган даражада мустаҳкам, кучли бўладиган бўлса, шариатнинг ҳаммасига қарши чиқишга тўғри келади. Чунки, диндан экани ҳаммага маълум бўлган ишни инкор қилган одам, диннинг ҳаммасини инкор қилган киши кабидир.

Ҳижобнинг Қуръон ва Суннатдаги далиллари ҳавои-хоҳишлар уларни суғуриб олишидан кўра кучлироқ ва мустаҳкамроқдир. Шунинг учун ҳавои-хоҳишлар уларга орқасини қилиб, юз ўгириши кейин уларни кўрмаётганини даъво қилиши мумкин. Сиз қайси нарсага орқангизни қилсангиз ёки ундан кўзингизни юмсангиз уни ҳаргиз кўрмайсиз. Балки, инсон кўзларини юмса, ўзини ҳам кўрмайди. Агар кўрмасликка олиш ҳужжат бўладиган бўлса, бунинг ортида зарра мисқолича ақл йўқ!

Ҳижобнинг машруъ бўлиш ҳикмати

Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳаром иш ва гуноҳи кабирани одамлар унга етишиб, уни қилиб қўймасликлари учун чор атрофини қўрғонлаб қўйган. Аллоҳ ширк ва куфрни ҳаром қилди, уларга етиш воситаларини ҳаром қилди, унга олиб борувчи тешикларни беркитди; сеҳрни ҳаром қилиш билан бирга унинг воситаларини ҳам ҳаром қилди. Рибони ҳаром қилиш билан бирга унинг воситаларини ҳам ҳаром қилди. Зинони ҳаром қилиш билан бирга унга олиб борувчи воситаларни ҳам ҳаром қилди.

Воситалар ғоя-мақсадлардан сон жиҳатидан кўп. Ҳар бир ғояга етиш учун бир неча восита мавжуд. Масалан, Маккага боришни мақсад қилган одам учун унинг тўрт томони, водийлари, тоғлари ва йўллари, буларнинг ҳаммаси Маккага олиб боради. Қайси нарсанинг ҳаромлиги қаттиқ бўлса, Аллоҳнинг унинг воситаларидаги ҳукмни қаттиқлаштирган ва одамлар унга тушиб қолиш олдини олиб қаттиқ эҳтиёт чораларини кўрган. Бунинг акси ўлароқ гуноҳ сағиралар ва уларнинг воситаларининг ҳаром қилиниши заифроқдир. Булар ўртасидаги фарқ кичкина ўра билан катта чуқурлик ўртасидаги фарққа ўхшайди. Биринчиси яқин ердан, енгилгина ўраб қўйилади, иккинчиси эса узоқроқдан ўралади ва хатарданогоҳлантирувчи белгилар қўйилади.

Зино энг катта гуноҳ кабиралардан. Аллоҳ таоло деди: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлади. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинади ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолади. Тавба қилган ва иймон келтириб яхши амаллар қилган одам бундан мустасно.» (Фурқон: 67-70) Аллоҳ таоло деди: «Зинога яқинлашманглар! Чунки, у бузуқликдир - энг ёмон йўлдир.» (Исро: 32) Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ еттита ҳалок қилувчи нарсаларни санаганларида зинони тилга олмадилар, ва лекин: «афифа, гуноҳ ишларни қилишни билмайдиган содда, мўмина аёлларга зино билан туҳмат қилиш», дедилар. Бу ‒ зинодан пок одамга туҳмат қилишнинг ўзи ҳалок қилувчи амал эканига далолат қилмоқда экан, унда бу гуноҳнинг тўрига тушиб қолиш, уни эълон қилиш ва тарқатиш қандай бўларкин?! Бу услубда зино тилга олинмаган бўлсада, зино номини тилга олишдан кўра кўпроқ бўрттириш бор. Пайғамбар ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ саҳиҳайнда ривоят қилинган ҳадисда: «Зинокор ‒ мўмин ҳолида зино қилмайди», дедилар. (Бухорий 2475, Муслим 57 Абу Ҳурайра ривояти).

Агар зино ёйилган бўлса, демак, унга элтувчи воситалар қулай экан. Воситалар қулайлашса, мақсадларга етиш осонлашади. Шунинг учун Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ зинонинг ёйилиши Қиёмат аломатларидан эканини хабар қилдилар. Унинг ёйилиши, воситаларининг ёйилиши ва унга назар-писанд қилмасликка бўлган чақириқларнинг кучлилиги билан бўлади. Анас ‒ розияллоҳу анҳу ‒ривоят қилади, Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ дедилар: «Қиёмат аломатлари: Илмнинг камайиши, жаҳолатнинг тарқалиши ва зинонинг ёйилиши.» (Бухорий 80, Муслим 2671).

Зино туфайли ҳаром қилинган воситалар: Қараш, очиқ-сочиқлик, нозланиб сўзлаш, ишқий ёзишмалар-ғазал, икки жинснинг аралашмоғи ва икки жинснинг ёлғиз қолиши. Булар кетма-кет келадиган қадамлар; биринчи қадамда қарайди, кейинги қадамда бузуқ сўзларни сўзлайди, кейин аралашади, бирга ёлғиз қолади, ушлайди ва ниҳоят зино қилади. Буни Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ қуйидагича баён қилганлар: «Аллоҳ бани Одамга зинодан бўлган улушини битиб қўйган, албатта унга етишади; кўзнинг зиноси қараш, тилнинг зиноси сўзлаш, нафс орзу қилади, истайди фарж-жинсий аъзо буларнинг ҳаммасини тасдиқлайди ёки пучга чиқаради.» (Бухорий 6243, Муслим 6257 Абу Ҳурайра ривояти).

Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ зино ҳақида фикрлаш ва орзу қилишни айтиб ўтдилар, зеро у юрак ичида яширинган қувватни ва зинони излашга бўлган рағбатни қўзғатади, натижада одам зино қилиш қадамларини ташлайди. У зинога Аллоҳ қайтарган воситалар билангина етишади. Восита фаҳш ишга қанчалик яқин ва уни қанчалик енгиллаштириб берувчи эканига қараб, унинг Қуръон ва Суннатдаги қайтариғи шунчалик қаттиқроқ бўлади.

Ғоя-мақсадларнинг хатарини ва уларнинг қай даражада қаттиқ ҳаром қилинганини билмаган одам воситаларнинг ҳаром қилиниш миқдорини билмайди. Шунинг учун биров зинога енгил қараса, уни қилади ва одатланади, ўзини мен зинокорман деб эълон қилмасада, зинога олиб борувчи воситаларга беписанд қарайди, улар ҳақида қаттиқ гапираётган одам устидан масхара қилиб кулади. Аллоҳ ақлий ва нақлий қонунни қилиб қўйди: Ғояларга ишонмаган одамгина воситаларни вайрон қилади.

Аллоҳ зинони улкан жиноят эканини таъкидлади ва эркагу аёлга зино воситаларини қаттиқ ҳаром қилди. Иккала жинсга тегишли умумий, эркакларга алоҳида ва аёлларга алоҳида ҳар бирининг фитратига мос ҳукмларни ва воситаларни сақлаш учун бир-бирининг муқобилида шаръий бурчлар ва қонунларни жорий қилди. Агар улар татбиқ қилинса, одамлар ҳаром қилинган ишларга тушиб қолишмайди.

Эркакнинг аёлдан фитналаниши кучлироқ, зинога қўл уришга жасоратлироқ бўлгани учун ‒ улар қайтариқда шерик бўлсаларда ‒ эркакка қараш воситасини аёлникидан кўра қаттиқроқ ҳаром қилинди. Эркак журъатлироқ бўлгани учун қарашдан кейинги қадамни ташлаши мумкин. Аёл қараган тақдирда ҳам кўпинча эркак киши каби иккинчи қадамни ташлашга жасорат кўрсата олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло деди: «Сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тама қилиб қолади.» (Аҳзоб: 32), аёл кишидан содир бўлиш эҳтимоли бўлсада, тамаъни эркакда қилди. Оятдаги хитоб Пайғамбар ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ аёлларига бўлганди. Бунинг сабаби Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ ни улуғлаш, аёлларини поклаш ва жасорат эркакларга хос эканини билдириб қўйиш эди. Зеро, ваҳий ҳар икки жинсдаги нарсани мукаммал қилувчи бўлиб келди.

Аллоҳ эркакни ҳаромга қарашдан қаттиқ қайтарди, аёлни ҳижобланишга қаттиқ буюрди, токи улар ўртасидаги майл ва жозибадорлик камайсин. Бу ‒ эркак баданидан мафтун қиладиган жойларини кўрсатиб, аёлларни йўлдан уриши мумкин, аёл киши ҳам эркакларга бемалол қараб, мафтун бўлавериши жоиз дегани эмас. Ваҳий қалблардаги мустаҳқам арқонлардан кўра бўшаб қолган арқонларни қаттиқроқ тортади. Иффат фитрати баркамол ва соғлом бўлиши учун разолат ботқоғига тушишга яқинроқ бўлган одамни ундан узоқроқда бўлган одамдан кўра қаттиқроқ тортилади. Агар эркак кўзини ҳаромдан сақламаса, аёл унинг фитнасини ҳижоби билан даф қилади. Мабодо аёл ҳижобланмаса, эркак унинг фитнасини кўзини ҳаромдан сақлаш билан даф қилади. Аллоҳ таоло кўзни ҳаромдан тийиш билан зино ўртасини боғлади, зеро у зинонинг асосий сабабчисидир. Эркакларга қарата деди: «(Эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (Нур: 30), аёлларга қарата деди: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (Нур: 31) лекин У аёлларга нисбатан мана бу буйруқни қўшимча қилди: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар» (Нур: 31).


Икки жинснинг бир-бирига майли


Нафақат зино воситаларини, ҳатто зинонинг ўзини турли услублар билан аҳамиятсиз қилиб кўрсатадиганччя фикрий чақириқлар кўпайди. Либерал фикрлилар бугунги кунда мазкур иш учун турли йўллар билан ҳар юрт ва ҳар жамият учун ўзига мос қилиб тамал тошини қўймоқдалар. Ана шу йўлларнинг энг хатарлиси; икки жинснинг бир-бирига бўлган мойилликларига ‒ гўёки у арзимаган нарсадек унга ‒ эътибор бермаслик, инсондаги ғариза ва фитратни худди сув каби инсон таркиб топган моддалардан бири деб эътибор қилиш, унинг Аллоҳ икки жинсни буюрган шаръий аҳкомлар ва иффат синиб фаҳш рўй бермаслиги учун қайтарган қайтариқларига ҳеч алоқаси бўлмаган оддий, фитрий ишлар деган фикрларни қўзғамоқдалар.

«Аёллар эркакларнинг туғушганлари», икки жинснинг биродарлиги, кўнгли тозалик ва поклик  каби сўзларни жонлантирмоқдалар. Икки жинснинг ўзаро ҳамкорликлари ва бирдамликлари ҳақида кўп гапирмоқдалар. Икки жинс бир-биридан қочишларига ҳожат йўқ, улар ўртасидаги ётсирашни синдириб ташлаш керак, деган даъволар билан ўзларича соғлом моддий ғояларни ўртага ташламоқдалар. Улар Аллоҳ таоло ҳаром қилган (зино каби) ғоя-мақсадларга олиб борувчи воситалардан ўзларини эҳтиёт қиладиган кишиларни шак, васваса, гумон ва шаҳвонийликда айбламоқдалар. Уларнинг бундан кўзлаган мақсадлари; бошқаларнинг даъво қилган мақсадлари ёмон эканини билдириб қўйиб, уларни изза қилиш ва ўзлари «бизнинг мақсадларимиз олий» дея бошларини ғоз тутишдир.

Изза қилиш, хижолатга қўйиш услуби далилдан қочиш учун қўлланган қадимги ақлий услуб. Уни ҳужжатлашишни хоҳланмаган пайтда, ҳар қанча катта бўлмасин, уни таҳқирлаш учун ишлатилади. Солиҳ – алайҳиссалом ‒ нинг қавми унга қарата дедилар: «Эй Солиҳ, сен бу даъватни бошлашингдан илгари бизнинг орамиздаги обрўли киши эдинг. Сени яхши маслаҳатлар берадиган оқил инсон бўлади деб умид қилардик-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарасанми?!» (Ҳуд: 62).

Либерал тушунчадаги ақл ва фитратни менсимаслик кўринишларидан энг катталари: эркак билан аёл ўртасини фарқламаслик. Улар бу билан ҳаром қилинган ғоя-мақсадлар ‒ зино каби фаҳш иш содир бўлган тақдирда ун ‒ га беэътибор қарашни сингдирмоқчи бўладилар. Бу каби ғоя-мақсадлар бу қадар тўсиқлар ва ҳимоя воситалари қўйилишига лойиқ эмас, дейдилар. Улар зинога худди сўрашаётган икки қўлдек қарайдилар, ҳолбуки, мусулмонлар ичида бир-бирига бегона эркак-хотиннинг қўл бериб сўрашишини либерал фикрлашдаги у иккисининг зиносини қаттиқ кўришидан кўра қаттиқроқ кўрадиган одамлар бор! Фитрат айниган, ёмон ғоя-мақсадларга тушиб қолишдан қўрқиш ҳам, уларнинг воситаларига амал қилиш ҳам, барчаси йўқ бўлган.

Мана шу асосдан келиб чиқиб, гарчи очиқдан-очиқ айтмасаларда, аёл ва эркак жинси ўртасидаги ўзаро мойилликни тан олгилари келмайди. Мақсад - жоҳил кимсаларга исломдаги икки жинс ўртасидаги ҳайбат тўсиғи ҳижобни йўқотиш ҳамда эркак ва аёллар ўртасида аралашувни йўлга қўйиш билан синдириб ташланса, улар ўртасидаги биродарлик худди эркакларнинг эркаклар билан, аёлларнинг аёллар билан биродарлиги каби бўларди, деган тасаввурни сингдириш! Маълумки, аёл ва эркак ўртасидаги мазкур хижолат ва ҳайбат тўсиғи нари борса эр-хотин ўртасидагича синдирилар. Ҳолбуки, бир неча ўн йиллар давом этган эр-хотинлик даврида улар ўртасидаги ғариза давом этаверади, эр хотинига, хотин эрига интиҳосиз табиий мойилликни ҳис қилаверади. Бироқ Аллоҳ ҳаром қилган ишларга беписанд қарайдиган кимса ўргимчак уйи каби энг нимжон ҳужжатларга ҳам осилиб олаверади.

Уларнинг зино воситаларини эътиборсиз қилиб кўрсатишдаги услубларидан бири: «Воситанинг рўй бериши туфайли ғоянинг рўй бериши лозим эмас. Қараш, аралашиш, аёлнинг очиқ-сочиқлиги ва бегона эркак билан хилватда қолиши зинога тушиб қолишни лозим тутмайди. Бир эркак бир неча марта қараши, аёл бир неча йил очиқ-сочиқ юриши ва улардан биронтаси зинога қўл урмаслиги мумкин». Аллоҳ ҳаромга олиб борувчи воситаларни ҳаром қилган пайтда улардан баъзиси содир бўлса, ўша туфайли ҳаром қилинган ғоянинг содир бўлиши лозим эмаслигини билган. Акс ҳолда ғоялар билан воситалар ўртасида, қараш, очиқ-сочиқлик ва аралашиш билан зино ўртасида фарқ бўлмас эди. Лекин ақл ва нақлга мувофиқ бирламчи ҳақиқат шуки; воситалар кетма-кет келаверса ғояга олиб боради. Шунинг учун қайтариқнинг асл моҳиятида биринчи қадам билан охирги қадам ўртасида фарқ йўқ, фарқ шу қадамларнинг қай бири машъумроқ эканида. Киши юзта аёлга қараши ва битта аёл билан зино қилиши мумкин. Шунча аёлга қараш биттаси билан зино қилишга ёнилғидир. Юриб кетаётган одамни чуқурга унинг охирги қадами олиб боргани йўқ, у охирги қадам, холос. У чуқурга битта қадам билан эмас, барча қадамлари мажмуаси билан етиб борди.

Аёлнинг эридан бошқалар олдида очиқ-сочиқ ҳолда ясаниб кўриниши ва ҳижобни тарк қилиши бузуқликка олиб борувчи воситалар жумласидан. Бу ‒ аёлнинг ўзига нисбатан бўладими, унинг бошқага ёнилғи бўлишидами баробар, гарчи у ўзини шундай (ёнилғи) эканини билмаса ҳам.


Ҳижоб ва ўраниш жорий бўлиш тарихи


Аллоҳ шариатининг пухталиги кўринишларидан бири; У ғоя-мақсадларларга олиб борувчи воситаларни ҳаром қилишдан олдин ғоя-мақсадларни ҳаром қилади. Зеро, қуллик-бандаликдан бўлган мақсад воситалардан кўра ғояларда кўпроқ кўринади. Шунинг учун воситаларни ҳаром қилиш тобе бўлиб келди. Воситаларнинг аксари аввал мубоҳ эди, кейинчалик ғояларнинг ҳаромлиги қалбларга ўрнашгандан кейин уларни ҳаром қилинди. Шунга кўра зинога олиб борувчи воситалар айрим ҳолатларда мубоҳ бўлиши мумкин. Бироқ, зино зинҳор ҳалол бўлиши мумкин эмас. Зеро, у айнан ҳаром қилингандир. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Раббим ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган». (Аъроф: 33) Бегона аёлга қараш; кампирга ва совчи қўйилган қизга қараш жоиз. Эркак аёлни, аёл эркакни жуда қаттиқ зарурат бўлганда даволаш ва тиббий кўрик учун ушлаши мумкин. Лекин зинони бирон зарурат жоиз қила олмайди.

Зинога олиб борувчи воситалар кўп бўлгани учун уни бирданига ҳаром қилиш; Каъбани яланғоч тавоф қилиш, бузуқликни мадҳ этувчи шеър, ахлоқсиз ғазал ва чўрилар билан зино қилиш ва улар ортидан пул топиш каби залолат ва жоҳилиятдан чиққанига узоқ бўлмаган қалблар учун оғир бўлгани боис, аввало ғоя бўлмиш зинони ҳаром қилувчи ҳукмлар унга олиб борувчи беҳисоб воситаларини ҳаром қилишдан олдин босқичма-босқич келди. Мақсад: қалбларни мойил қилиш, янги ҳолатларга ўргатиш эди. Аллоҳ зинони ҳаром қилган, унга жиддий қараган, ўтган жоҳилият туфайли бузилган фитратларни тўғрилаган пайтда, зино воситаларининг кучи, таъсир қуввати ва зинога қанчалик яқин-узоқлигига қараб улардан зинога олиб борувчиларини ҳаром қилиши ва зинодан тўсувчиларини жорий қилиши муносиб бўлди. Аёл кишининг ўраниши, ҳижоби-паранжиси ва бошидан то кўкрагигача ўраб турадиган рўмоли ана шу воситалар жумласидан, Аллоҳ буларни ҳижрий 5 йилда ёки шунга яқин бўлган муддатда жорий қилди.

Аёлларнинг ҳижоби, кийимлари ва ҳижоб фарз бўлишидан олдин қандай аҳволда кўчага чиққанлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган ҳодисаларнинг тарихини билмаган одам учун далиллар чигаллашиб кетади, хусусан қалбларда ҳавои-хоҳишлар мавжуд бўлса, далиллардан уларга амал қилиш қолган ёки бекор бўлганини ўзи ҳам билмайдиганларига ёпишиб олади. Ҳар қандай одам Қуръон ва Суннатдаги ҳукми бекор бўлган далилларни олиб, ўзи истаган нарсага ва ҳатто Ислом рукнларига ҳам далил қилиши мумкин; у саҳобаларнинг фарз намозларни икки ракаатдан ўқиганларини далил қилиши мумкин. Чунки, уларга аввалда намоз икки ракаатдан фарз қилинганди, кейинчалик пешин, аср, шом ва хуфтон ракаатлари кўпайтирилган.  

Мен ёзувчилардан баъзилари ҳижобнинг аҳамиятини камайтириш учун ҳижоб фарз бўлишидан олдинги ҳадисларни далил қилиб келтираётганларини кўрдим. Ҳолбуки, уламолар бу ҳадисларни билишар ва бу ҳадисларнинг диндаги ўрни ва қадрини яхши тушунишарди, шунинг учун ўша ҳадисларни хато раъй, ҳавои-хоҳиш ва залолат учун далил қилиб келтириш улардан биронтасининг хаёлига келмаган. Икки ваҳий: Қуръон ва Суннатнинг нозил бўлиш тарихини билмаслик ҳар бир ҳавосига эргашган одам учун эшикдир. У ундан хоҳлаган нарсасини олиш учун киради. Керак бўлса, ароқ ҳақида, у ҳаром қилинишидан олдин одамлар ичганлари тўғрисида ҳадислар ва ривоятлар жуда кўп!

Ҳижоб ва кийимлар билан ўраниш бутун тафсилотлари билан бирданига фарз қилинмади, балки тадрижий (аста-секин) бўлган.


Ҳижоб ва либосда аёлларнинг турлари ва улардан баъзиларининг бошқаларига қиёс қилишнинг фасоди ҳақида


Аёлнинг ҳижоби ва либоси аҳкомларини билмоқчи бўлган одам, аёлларнинг турларини билиши лозим. Аёллар ҳар хил жиҳатдан бир неча турга бўлинади. Шариат уларнинг ҳар бирининг ўзига хос ҳукмларни қилди, либос ва ҳижоб аҳкомлари шу жумладан.

Аёллар ёш жиҳатидан: Қизча, ёш аёл ва ҳайздан қолган кампир.

Ҳуррият жиҳатидан: Озод аёл ва чўри.

Дин жиҳатидан: Муслима ва кофира.

Буларнинг ҳаммаси луғатда ва шариатда аёллар деб, улардан биттаси эса, хотин ва аёл деб васфланади. Мана шу турларнинг хусусиятларини билмаган одам ҳижоб ҳукмларини билмайди ва  иккиланиб қолади, натижада бир турни бошқа турга қўшиб юборади, иш унга қоронғилашади. Зеро, ҳадислар ва ривоятларнинг баъзилари муштарак номларни ва васфларни зикр қилади. Ҳозирги замонда ҳолатлар ўзгариб кетгани боис чигаллик янада ортади.

Аллоҳ таоло улар учун ўраниш ва ҳижобланишда озод аёлларникидан фарқли бўлган, алоҳида ҳукмларни жорий қилган чўрилар ва жорияларнинг ҳукмлари бугунги кун одамларидан узоқдир. Саҳоба ва тобеинлардан айримларининг уйларида чўри хизматчилар озод аёллардан кўп бўлган. Чўрилардан саҳобиялар ва тобеия аёллар бор эди. Улар ўзларига хос аҳкомларида қоладилар, чунки Аллоҳ ўзи хоҳлаган одамга қандай хоҳласа шундай нарсани фарз қилади, ҳукмини оғир ёки енгил қилади. Буларнинг ҳаммаси очиқ ё махфий ҳикмат ва сабабларга биноан бўлади. Пайғамбар ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ аёлларининг ўзларига хос ҳукмлар бор. Ул зотнинг кўпхотинликда ўзларига хос ҳукмлари бор. Эркак кишининг истаганча чўриларга эга бўлиш ҳаққи бор, никоҳида эса тўрттадан ортиқ хотин бўлиши мумкин эмас. Аёл кишининг фақат битта эри бўлади. Озод аёлнинг ўзига хос кийими ва аврати бор. Чўри-қул аёлнинг ўзига хос либоси ва аврати бор. Бу нарсаларда бирини бошқасига қиёслаш мумкин эмас. ‒ қайсидир томондан чекланган, заиф ўхшашлик бўлганда ‒ Жоиз бўлмаган нарсани жоиз бўладиганга қиёс қилиш Аллоҳнинг ҳадларига ва аҳкомларига тажовуз қилишдир.

Аллоҳ чўрига либосида ҳадни қўйди ва озод аёлдан фарқли, ўзига хос ҳижобга буюрди. Ҳатто араблар ҳам жоҳилиятда шундай эдилар.


Сабра Фақъасий деди:


Жуфти ҳалолингиз қўрқув зўридан    Чўридек юзини очиб юради

Ҳолбуки хизматкор чўриларингиз    Ёнингизда худди ҳурдек туради.

Яъни: «Бошингизга тушган мусибат ва мағлубият кўп бўлганидан аёлларингиз асирга тушиб чўрига айланишдан қўрқиб, тинмай юзларини очиб юрадилар.» Зеро, араблар нархлари қимматроқ ва душманга оғирроқ бўлгани учун озод аёлларни асирга олишни яхши кўрадилар.

Фараздақ деди:


Кулайблик ҳурларни ўз ватанида    Ниқобсиз чўридек очиқ кўрасан

Кулайб қабиласин мазаммат қилар    Фараздақ бу аччиқ киноя билан.

(Давоми бор)