Душанба 23 Декабрь 2024 | 21 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Саҳобаларнинг аёл ҳижоби ва сатрланиши ҳақидаги сўзлари ва бу хусусда хатога йўл қўйилиш сабаблари

3324 марта кўрилган

Изланувчи барча оятлардаги саҳобаларнинг ҳамма сўзларига қараши, бир сўзни бошқасига боғлаши ва ҳар бир сўзнинг ўз ўрнини билиши зарур. Ана шунда тушунча тўғри бўлади, масъулиятдан холи бўладиган маънога ҳукм қилинади. Саҳобаларнинг Қуръонни тафсир қилишдаги сўзларининг асли иттифоқдир. Уларнинг бу бобдаги ихтилофлари зиддиятли эмас, ранг–баранглик ихтилофидир. Бир саҳобийнинг мавзуси битта бўлган бир ёки икки оятдаги сўзи қандай қилиб кўпсонли бўлиши мумкин? Унинг сўзи иттифоқ бўлишга ҳақлироқдир. Саид ибн Мансур Суфёндан ривоят қилди, у деди: «Қуръон тафсирида ихтилоф йўқ, улар пурмаъно сўзлар бўлиб улардан у маъно ҳам бу маъно ҳам мақсад қилинади».[1]

Айни маънодаги сўзни Ибн Қутайба «Таъвилу мушкилил Қуръан»да,[2] Муҳаммад ибн Марвазий «Сунна»[3]да, Шотибий «Мувофақот»да[4] ва Ибн Таймия бир неча жойда айтган.[5]

Кимки бир масаладаги саҳоба ва тобеинларнинг сўзларини тушунмоқчи бўлса, уларнинг ўша, ўшанга ўхшаш ва унга умумий маъносида яқин бўлган масаладаги ҳамма сўзларини жамласин. Саҳобаларнинг аёл киши либоси ҳақида сўзлари бор: чўри ва озод аёл, ёш ва қари аёл ҳақида, маҳрамлар ва бегоналар ҳузурида ҳамда гўдаклар ва катталар олдидаги ҳолатлари ҳақида. Аёлнинг намоз ва ҳаж каби ибодатларга хос ҳукмлари бор. Унинг либоси ҳақида эмас, балки унинг маъноси ўз ичига олган аҳкомлари бор. Масалан, жамоат ва икки ҳайит намозларига чиқишига доир ҳукмлар. Кимки ҳар бир бобда айтилган сўзларни жамласа кейин уларни чуқур ўрганса, уларнинг айрим жойдаги лафзининг умумий маъносини ва бошқа ўринлардаги унинг хос маъноларини билади, агар аввалда унинг тушунчасида чигаллик бўлса, шу билан барҳам топади.

Аёлнинг ҳижоби ва ўраниши ҳақидаги саҳобаларнинг сўзларини тушунишдаги хатоларнинг бир неча сабаби бор:

Биринчи: Саҳобий ё тобеиннинг бир жойдаги тушунарсизроқ сўзини танлаб олиш ва айни шу сўзни шарҳлайдиган, унинг мақсадини баён қиладиган бошқа бир неча жойдаги айни маънодаги тушунарли очиқ гапларини ташлаш. Мен салафларнинг баъзиларидан нақл қилаётган одамни кўрдим. У ўша олимнинг: «Аёлнинг кўриниб турган зийнати; юз ва икки кафтидир», деган мужмал (қисқа) сўзини олади–да, уни аёл омматун носнинг олдида кўриниш берадиган жойга ишлатади. У махсус сўзни олиб, ўз зеҳни билан ўзи хоҳлаган одамга татбиқ қилди ва олимнинг аёл киши маҳрамларидан ўзга бегоналарга юз ва кафтларини кўрсатиши мумкин эмас деган бошқа сўзларини тарк қилди. Нафақат шу, балки у олимнинг аёл кишини намозларга ва икки ҳайит намозига чиқишдан ман қиладиган бошқа сўзлари ҳам бор. Мана бу кимса олимнинг умумни кўзлаган сўзларини олади, у хоҳламаган фикрни айтади ва у хоҳлаган нарсаларни ташлайди. Бу одам Аллоҳ таолонинг мушриклар ҳақидаги сўзининг зоҳирини олган кимса кабидир: «мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, асир олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5), у бу оят маъносини шарҳлаб берадиган ва бу оят кимларга йўналтирилганини баён қилиб берадиган оятларни ташлаб қўяди.

Бирор оят олдида турилганда унга хос ҳукмда ўхшайдиган ва унга умумий ҳукмда яқин бўладиган барча оятларни жамлаш лозим. Ким муфассирнинг ёш аёл ҳижоби ва сатрланиши ҳақидаги муродини тушунишни истаса, унинг қари аёл либоси тўғрисидаги оятда айтган сўзига қарасин. Саҳоба ва тоебинлардан бўлган муфассир олим кампир учун нимага рухсат берган бўлса, ўша нарсага ёш аёлнинг ҳижобида рухсат бермаган. Бу одам ана шу оят билан ёш аёл либоси ҳақидаги оят маъносини тафсир қилсин кейин сатр оятларига яқин бўлган аҳкомлардаги ўша саҳобийнинг сўзларидан айни маънони таъкидлайдиган масжидларга, ҳайит намозларига, ҳаж ва шу кабиларга чиқиш ҳақидаги ҳадисларга қарасин. Эҳромдаги аёлни бегона эркаклар олдида юзини ўрашга буюрадиган одам қандай қилиб эҳромда бўлмаган аёл учун бегоналарга юз ва кафтларини кўрсатаверсин дейди?! Уни ҳажда ҳажини бузадиган амални қилишга буюрса, кейин эса ҳаждан бошқасида яхши ишни тарк қилишга буюрса!

Иккинчи: Қуръон тафсиридаги бир саҳобийнинг сўзини бошқа барча саҳобаларнинг сўзидан ажратиш ва улар тушунарли бўлиши учун уларни жамаламаслик ва бир–бирига қўшмаслик. Юқорида айтиб ўтганимиздек уларнинг сўзларидаги асл – иттифоқ ва баъзиси баъзисини шарҳлашдир.

Учинчи: Саҳобийнинг сўзини ғолибо унинг сўзидан ташқарига чиқмайдиган тобеин шогирдларининг сўзлари ва фатволаридан айриш. Зеро, тобеинларнинг сўзлари саҳоба шайхларининг сўзларини шарҳлайди.

Аёлнинг ҳижоби ва сатрланиши ҳақида келган оятларни жамлаш ва улардан мақсад нима эканининг баёни

Қуръоннинг беш ўрнида аёлнинг ҳижоби ва сатрланиши ҳақида очиқ оятлар келган. Буларнинг ҳаммасини бир жойда жамлаб ўрганиш Аллоҳ таолонинг айтганини бажариш демакдир: «Аллоҳ энг гўзал сўзни (оятлари фасоҳат, балоғатда ва ихтилоф қилмасликда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб қилиб нозил қилдики...» (Зумар: 23), яъни баъзиси баъзисини таъкидлайди ва тасдиқлайди. Бундай эканлигидан мурод: Аллоҳ Ўз ҳукмини бир неча жойда такрор зикр қилади, бу эса ўша ҳукмни мустаҳкамлайди ва чигал жойларини бошқа ўринлардаги баъзи қўшимча сўзлар ва ҳарфлар билан ечиб ташлайди.

Аёлнинг ҳижоби ва сатрланиши ҳақидаги очиқ оятлар мана булар:

Биринчи оят: Аллоҳ таолонинг Набий – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёллари шаънида мўъминларга айтган сўзи: «Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир.» (Аҳзоб: 53).

Юқорида Қуръондаги ва салафларнинг истилоҳларидаги ҳижобнинг маъноси ҳақида айтиб ўтилди. Улар ҳижобдан мақсад икки нарса ўртасини ажратадиган девор, тахта, парда ва бошқалар эканида ихтилоф қилмайдилар. Шу маънодаги оятлардан бири: «Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий орқали, ё (ҳижоб) бирон парда-тўсиқ ортидан... (сўзлар)» (Шўро: 51), Бу оятдаги ҳижобдан мақсад аёллар киядиган либос эмас.

Кейинги замон олимлари бу истилоҳни ишлатдилар ва у кенг ёйилди. Уларнинг айримлари Қуръонни фуқаҳолар истилоҳлари билан тафсир қилишиб, ҳижобни – сарт қилувчи кийимни – Мўъминларнинг оналарига хос ёпинчиқ ва рўмол қилиб қўйишди! Бу билан улар салафлардан биронтаси айтмаган гапни пайдо қилишди. Чунки, салафлар шахсларни тўсиб турувчи нарса билан баданларни кийимлар билан ўраш ўртасини фарқлайдилар. Аллоҳ таоло мўминларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларига – гарчи улар тирноқлари ҳам кўринмайдиган даражада ўранган бўлсалар ҳам – қарашдан (яъни, уларнинг қораларини кўришдан) қайтарди ва уларнинг ҳаммасини (саҳобалар ва уммаҳотлар) сўзлашаётганда девор ё тўсиқ ортида бўлишларига буюрди. Шунинг учун Уммаҳотул мўъминин туяларга минадиган бўлсалар аввал тахтиравонга солиниб кейин туялар устига қўйилардилар.

Аллоҳ таоло Набий – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ни улуғлагани учун аёлларига нисбатан ҳукмни қаттиқ қилди. Қолган аёллар ҳам бу ҳукм остига дохилдирлар, бироқ уларнинг ҳукмлари енгилроқ. Чунки, уларнинг ва эрларининг зиммаларидаги масъулият енгилроқ. Мазкур оят икки жинс заруратсиз бир–бирлари билан аралашиши ва бирга ўтиришларининг ҳаром эканига далолат қилмоқда. Зеро, у барча аёллар муштарак бўлган иллат–сабабни зикр қилди: «Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир.» (Аҳзоб: 53), бу оят барча аёлларга умумий суратда тегишли эканини Ибн Жарир Табарий, Ибн Абдулбар ва бошқалар айтган.[6]

Бу оят уйларда эркаклардан тўсиниш ҳукмини олиб келган. Таълим ва иш жойлари шу кабидир, чунки у ерларда гап ҳам, ўтириш ҳам узоқ чўзилади. Аҳзоб сурасининг 53 ҳижоб ояти бир ҳукмни баён қилган бўлса, Аҳзоб 59 ёпинчиқлар ояти бошқа бир ҳукмни баён қилган; бу ҳукм кўча, бозор, масжид ва бошқаларга чиқмоқчи бўлганда кийиладиган кийим ҳақидадир.

Иккинчи оят: Аллоҳ таоло деди: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар, яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса илгариги динсизлик давридаги очиқ-сочиқлик каби очиқ-сочиқлик қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ҳамда барча ишларда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! Эй пайғамбар хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос. » (Аҳзоб: 33)

Аллоҳ таоло бу оятни нозил қилди ва унинг муқаддимасида – Пайғамбар оиласининг мусулмонлар орасидаги эътибори ва уларнинг олий мартабалари борлиги ҳамда уларнинг динда одамларга намуна эканликлари учун – Пайғамбар – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёлларига буйруқ бериш билан бошлади. Бу оят ҳам Набий – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёлларига қаттиқ ҳукмни баён қилишда ва бошқа аёллар ҳам бу оят ҳукми остига киришларида аввалгиси кабидир. Бироқ, бошқа аёлларники уларникидан енгилроқ. Аллоҳ таоло бу оятда эҳтиёжлари учун чиқишларини мустасно қилди. Ҳожат борлиги учун аёлларни эркаклар билан гаплашишдан ман қилмади, лекин уларни майин (нозланиб) сўзлашдан қайтарди.

Бу оят аёлларнинг ўринлари эркакларникидан узоқ бўлишига далолат қилмоқда. Аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлигини Мужоҳид ибн Жабр қуйидагича тафсир қилгани собит бўлган: “Аёл кўчага чиқиб эркакларнинг олдига тушиб юрарди. Ана шу аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлигидир”.[7] Муқотил ибн Ҳайён айтди: “Аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлиги –улар рўмолни бошларига ташлаб олар, уни маҳкам қилиб ўрамасдилар([8]).

Баъзи салафлар ‒ Ибн Аббос каби ‒ розияллоҳу анҳумо ‒ дан аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлиги Нуҳ билан Идрис ўрталарида бўлган деган сўзлари келган([9]). Икрима деди: “Бу Иброҳимнинг туғулиш замони”.[10] У бундан кейин бўлган деб ҳам ривоят қилинган.[11]

Нуҳдан кейин, бундан кўра баттарроқ оммавий очиқ-сочиқлик бўлганда, албатта Аллоҳ уни ёмонлиги учун мисол ўлароқ зикр қилган бўларди.

Бу оят Пайғамбар аёлларига ҳам, бошқа барча аёлларга ҳам умумий суратда тегишли эканини бир жамоа уламолар айтганлар, жумладан, Жассос, Ибн Касир ва бошқалар.[12] Бунга Набий – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёллардан аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлигида очиқ-сочиқ юрмасликка байъат олганлари далолат қилади. «Муснад»да саҳиҳ ривоятда келган, Умайма бинт Руқайфа ул зотни байъат қилганда унга айтган сўзлари қаторида: «Аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлигида очиқ-сочиқ юрмагин» – деганлар.[13] Бу ривоятга Табароний Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – дан қилган ривояти гувоҳ бўлади.[14]

Одам халқ ичида қанчалик машҳур, уларга намуна бўладиган; олимлар, муслиҳлар ва амирлардан бўлса, уларнинг аёллари ҳамин қадар кўпроқ ўранган бўлишлари керак. Чунки, одамлар ўзларининг катталарига эргашадилар. Улар ҳам ўзларига яхшиликда эргашганларнинг ажрларини, ёмонликда эргашганларнинг гуноҳларини оладилар.

Учинчи оят: Аллоҳ таоло деди: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин воситадир. Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир.» (Аҳзоб: 59).

Бу ва Нур сурасидаги иккита (31 ва 60) оят барча мўминлар аёлларининг ҳижоби ҳақидаги энг очиқ ва дангал оятлардир. Бу оятлар (Пайғамбар – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёллари), (қизлари) ва (мўминларнинг аёллари) учундир. Аллоҳ уларни устларига ёпинчиқларини ёпишга буюрди. Юқорида ёпинчиқлар – рўмол устидан ташланадиган, баданнинг юқори ва ўрта қисмини ўрайдиган кенг кийим экани, ҳамда у билан юз ва кўкрак ўралиши айтиб ўтилди. «Саҳиҳайнда» Оиша онамизнинг ҳадисларида келган: «Юзимни ёпинчиғим билан ўраб олдим...».[15]

Ёпинчиқ бугунги кундаги (араб аёллари ёпинадиган) абоага, ўтмишдаги паранжига яқин. Унинг енг ва ёқалари бўлмайди. Ёпинчиқ фақат юзни ёпадиган нарса эмас, балки юз ва ундан бошқа нарсаларни ҳам ўрайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» деди, (Аҳзоб: 59). Маъноси: Ёпинчиғининг томонларини олиб юз–қўлларини ўраб олсинлар. Демак, оятдаги буйруқ аёл юзини ўраши экан. Ёпинчиқ юқорида, (яъни бошда) аёл уни юзига тушириб олиш ва юзини у билан ўрашга буюрилди. Замахшарий айтди: «Агар аёл кишининг юзидаги мато очилиб кетса, юзингни ўра дейилади.»[16] (Сўзма–сўз таржимаси: кийимингни юзингга торт, тушир, яқинлаштир.)

Оятдаги арабча “идноун” сўзи юқори томондан яқин бўлиш маъносини ўз ичига олишига Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – нинг «устларига ёпинчиқларини ташлаб олсинлар» деб, (идноунни) (идлоун) билан тафсир қилганлари далил бўлади. Буни Шофеий ва Байҳақий ривоят қилган[17]. Тушириш юқори томондан бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари шу маънода: «Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир. У аввал юксак уфқда кўриниб, тик турди. Сўнгра яқинлашиб, пастлади. (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлди. » (Нажм: 5–8), бу Жаброилнинг Пайғамбар – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – га яқинлиги эди. У юқорида эди, кейин яқинлашиб пастлади. Пақир далв деб аталди, чунки у қудуққа юқоридан пастга туширилади.

Ушбу оятдаги ва ундан бошқа суннатда келган ёпинчиқ ёпишни бир қанча саҳобалар юзни ўраш деб тафсир қилишган. Бу гап Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо –, Оиша – розияллоҳу анҳо. Тобеинлардан: Убайда Салмоний, Муҳаммад ибн Сирин ва Ибн Авнлардан ривоят қилинган. Мен саҳобалардан бирортасидан бунга хилоф маъно саҳиҳ ривоят билан келганини билмайман.

Ибн Аббоснинг сўзи: «Аллоҳ мўминларнинг аёлларини бирор юмуш билан уйларидан чиқсалар, ёпинчиқларини бошларининг устидан ташлаб, у билан юзларини ўрашга ва фақат битта кўзни очишга буюрди.» Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим Алий ибн Талҳадан, у Ибн Аббосдан ривоят қилган.[18] Бу бир саҳифада ёзилган тафсирдир, бу саҳифани имом Аҳмад қувватлаган, имом Бухорий уни ҳужжат қилиб келтирган.[19]

Оиша – розияллоҳу анҳо – сўзлари: «Аёл киши ёпинчиғини бошидан юзига ташлаб олади.[20]» Саид ибн Мансур «Сунанида» саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Убайда Салмонийнинг сўзини: Ибн Авн Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилган, у деди: «Убайда Салмонийдан Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳақида сўрадим: «Устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» (Аҳзоб: 59) у бошини ва юзини ўраб битта кўзини қолдирди.» Ибн Сирин ва Ибн Авн мана шундай тафсир қилганлар. Ибн Жарир ривояти.[21]

Исломнинг биринчи асрида саҳобалар аёлларининг ҳаммаси мана шундай бўлганлар. «Саҳиҳайнда» Ҳафса бинт Сирин Умму Атиядан ва бошқалардан ривоят қилинган, Пайғамбар – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – аёлларни ҳайит намозига ҳозир бўлишларига буйруқ берганларида, сўраганлар: «Биздан бирортамизнинг ёпинчиқи бўлмаса, ҳайит намозга чиқмай қўяверса бўладими?» Ул зот: «Ўртоғи унга ўз ёпинчиғидан кийдириб турсин, у ҳам яхшилик ва мусулмонларнинг дуоларида ҳозир бўлсин.», деб жавоб берганлар.[22]

Айрим кишилар тўртинчи оятдаги нарсани яхши тушуна олмайдилар: Аллоҳ таоло деди: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни узук, сурма, юз, кафт ва хиналаридан бошқа зеб-зийнатларини маҳрамларига) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги қул ва чўриларга ё аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркакларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар!» (Нур: 31).

Кимки ҳижоб оятлари нозил бўлган замонларни билмаса, ҳижоб ва сатр оятларидаги саҳобаларнинг сўзларини бир–бири билан жамламаса ва аёл кишининг либоси, тўсиниши ва ҳижоби бобидаги уларнинг мазҳабларига қарамаса, унга бу масала тушунарли бўлмайди ва у – юқорида айтиб ўтганимиздек – сўзларнинг баъзисини бошқасига қарши қўяди. Нур ва Аҳзоб сураларидаги ҳижоб оятлари бир дафъада тушган эмас. Саҳобаларнинг тафсир қилишдаги сўзлари ҳолат ва ўринларга қараб турли–туман бўлади ва лекин қарама–қарши бўлмайди. Юқорида айтилганидек, битта масалада бир саҳобийнинг сўзлари қарма–қарши бўлмаслиги авлороқдир.

Аллоҳ таоло оятда зийнатни зикр қилди ва уни умумий суратда икки турга бўлди:

Биринчи: Аслида кўриниши мумкин бўлмаган ички зийнат. Бу ушбу оятда келди: «Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар» сўнгра истиснони келтирди.

Иккинчи: Аллоҳ хослаган одамларга кўринадиган очиқ зийнат. «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни узук, сурма, юз, кафт ва хиналаридан бошқа зеб-зийнатларини маҳрамларига) кўрсатмасинлар» (Нур: 31). Баъзи кимсалар салафларнинг «кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини» ҳақидаги тафсирларини аёллар бу зийнатларни маҳрам бўлмаган бегона эркакларга кўрсатаверадилар деб талқин қиладилар ва саҳоба ва тобеинлардан бу ҳақда айтган сўзларини нақл қиладилар. «Кўриниб турган...» ҳақида у – кафт ва юз. Бу тафсир Ибн Аббос ва Ибн Умар – розияллоҳу анҳум – дан ва Заҳҳокдан ривоят қилинган. Ёки у – Ибн Аббос, Мужоҳид ва Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинганидек – сурма, хина ва узук. Ё сурма ва узук, Анас – розияллоҳу анҳу – дан ривоят қилинган. Ё хина ва сурма, Атодан ривоят қилинган. Шаъбий ва Қатодадан, у сурма экани, Ҳасан Басрий ва Қатодадан, у юз ва кийим экани ривоят қилинган. Икримадан, у юз ва кўкракнинг икки суяк бўртиб турадиган юқори қисми экани, Шаъбийдан, у сурма ва либос экани келган. Мана шу айтиб ўтилган тафсирлар ушбу «Кўриниб турган...» ояти ҳақида саҳоба ва тобеинлардан ривоят қилинган энг саҳиҳ тафсирлардир.

Номлари айтиб ўтилган салафлар сўзларининг бари насабдан ёки эмикдошликдан маҳрам бўлганлар учун кўринадиган зийнатлардир. Бегоналар учун эмас. Ҳозирги очиқ–сочиқлик ва яримяланғочлик кўпайган замонда айрим одамлар бу тушунчани оғир санайдилар. Бу эса воқелик уларнинг қалбларига қилган таъсир оқибатидир. Саҳоба ва тобеинларнинг иффат ва уятлари жуда қаттиқ бўлгани боис улар озод аёл бегона эркакка қаерларини кўрсатса бўлади? – деган саволни деярли сўрамаганлар.

Саҳоба ва тобеинларнинг очиқ зийнатларни кўрсатиш ҳақида айтган сўзларидан мақсадлари бегоналарга эмас, маҳрамларга кўрсатиш эканини уларнинг бошқа жойда айтган очиқ сўзлари ва улардан бошқаларнинг айтганлари очиқлаб беради. У сўзлар фақат мана шу маъно устида жамланади ва иттифоқ бўлади. Бу қуйидаги тўртта сабабга кўрадир:

Биринчи: Нур сурасидаги «Кўриниб турган...» оятининг тафсири ҳақида юқорида кимдан саҳиҳ ривоят келган бўлса, албатта ундан бошқа жойда бу оятдаги ҳукм маҳрамларга хос эканини қувватлайдиган очиқ ёки кучли далолати бор сўзлари келган. Абдуллоҳ ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – дан саҳиҳ ривоятда келган, у деди: «Кўриниб турган зийнат: юз, кўздаги сурма, кафтдаги хина ва узук. Бу нарсаларни ўз уйида унинг олдига кирганларга кўрсатса бўлади.» Яна ҳам очиқроқ айтганлари: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни узук, сурма, юз, кафт ва хиналаридан бошқа зеб-зийнатларини маҳрамларига) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги қул ва чўриларига ё аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркакларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар!» (Нур: 31).» «Ана шу одамларга кўрсатса бўладиган зийнатлари: зираги, бўйнидаги марвариди ва билагузуги. Халхоли (оёқ тўпиғи устига тақилади), қўлининг билакдан юқориси, кўкраги ва сочини фақат эрига кўрсатади.» Байҳақий Алийдан у эса Ибн Аббосдан ривоят қилган, саҳиҳ ривоят.[23]

Ибн Аббос маҳрамлар ҳақида гапирган қуйидаги сўзлари саҳиҳ ривоят билан собит бўлган: «Уларга кўрсатадиган зийнатлари: зираги, марварид шодаси ва билагузугидир, аммо халхоли, икки қўлининг чиғаноқдан юқориси, кўкраги (нинг юқори қисми) ва сочини фақат эрига кўрсатади». Ибн Жарир Алий орқали Ибн Аббосдан ривоят қилган.[24] Шундай қилиб Ибн Аббоснинг ҳаж, Аҳзоб оятлари, қари кампирлар ҳақидаги оят каби фиқҳий бобларнинг барчасидаги сўзлари ва тафсирлари тўла бўлди. «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир.» (Нур: 60). У деди: «ёпинчиқларини»[25], бу ёш аёл устида бўладиган нарса (яъни, ёпинчиқ).» Яна Ибн Аббосдан собит бўлганки, у деган: «Аллоҳ мўминларнинг аёлларини бирор юмуш билан уйларидан чиқсалар, ёпинчиқларини бошларининг устидан ташлаб, у билан юзларини ўрашга ва фақат битта кўзни очишга буюрди.» Ундан: «Ёпинчиқни юзига ташлаб олади» деб айтган сўзининг ривояти ҳам саҳиҳ.

Ибн Аббоснинг сўзига ўхшаган сўзларни айтган унинг барча шогирдлари номаҳрамлар ҳақида сўрашмас эди, уларнинг масалалари очиқ–ойдин бўлгани учун улар ҳақида савол бўлган эмас. Улар жуда иффатли, гаплари ўта пардали бўлган. Улар шундай гапирадиларки, бу гапларни очиқлик, яримяланғочлик муҳитида заҳарланганлар тушуна олмайдилар. Бу муҳитда айрим аёллар салафларнинг аёллари отаси, акаси ва ўғлининг олдида киймайдиган кийимларни бегоналарнинг олдида киядиган бўлди. Кимки салафлар зийнатни нима деб тафсир қилганларини сатр–ўраниш ва аврат бобларидан жамласа, унга уларнинг мақсадлари очиқ–равшан кўринади.

Саид ибн Жубайрдан: Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолганларга енгиллик бериш – фақат ёпинчиқларини олиб қўйишларига рухсат, холос. – экани саҳиҳ ривоятда келган.[26] Саид ибн Жубайр деди: «Ёпинчиқни қўйиш билан очиқланмасинлар, уларнинг устларидаги зийнат кўриниб қолади». Ёпинчиқлар юзларни ҳам қўшиб беркитадиган кийим экани юқорида айтиб ўтилди. Бу Саид ибн Жубайрнинг раъйига кўра кампирга берилган рухсат бўлса, у ёш аёлга рухсат бўлмайди. Уламолар қари кампирга сочини очиши ҳалол бўлмаслигига ижмоъ қилганлар. Бу ҳақдаги ижмоъни Жассос ва Ибн Ҳазм келтирганлар.[27]

Ато ибн Аби Рабоҳдан сочни маҳрамлардан тўсиш афзал экани ҳақидаги сўзи саҳиҳ ривоятда келган. У никоҳи ҳаром бўлган аёлларнинг бошларини кўрадиган киши ҳақида: «Аёллар ундан бошларини тўсишлари мен учун севиклироқ, агар кўрадиган бўлса, ҳечқиси йўқ». Ибн Абу Шайба Абдулмалик орқали Атодан ривоят қилган. Саҳиҳ ривоят.[28]

Атодан ҳам Саид ибн Жубайрдан кампир ҳақида: у ёпинчиғи билан юзини тўсмаса бўлади, дегани каби сўзи саҳиҳ ривоятда келган.

Мужоҳид ибн Жабрдан муслима аёл кофир аёл олдида рўмолини ечмайди деган сўзи саҳиҳ йўл билан ривоят қилинган. Унинг очиқ зийнат ҳақидаги: «у узук, хина ва сурма», деб айтган сўзини бу мусулмон бўлсин, мушрик бўлсин бегона эркаклар учун деб қандай ҳам айтиш мумкин?! Лайс Мужоҳиддан ривоят қилди, у деди: «Муслима мушриканинг олдида рўмолини бошидан олмасин ва мушрика муслимага доялик қилмасин, зеро Аллоҳ таоло айтади: «ё ўзлари каби аёлларга» (Нур: 31), мушрика ўзлари каби аёллардан эмас.» Байҳақий Мужоҳиддан ривоят қилган.[29] Лайснинг Мужоҳиддан ривояти бир китоб ва нусхадир, буни Ибн Ҳиббон айтган.[30]

Саид Ибн Жубайр ва Атодан собит бўлганидек Мужоҳиддан ҳам кампир ҳақида Аллоҳ унга ёпинчиғини қўйишга рухсат бергани ҳақидаги сўзи собит бўлган.[31] Бу унинг назарида кампирнинг ёш аёлдан фарқи бор эканига далолат қилади.

Очиқ зийнат ҳақида Омир аш­–Шаъбий: «Сурма ва кийим», деган, Ибн Аббоснинг мавлоси Икрима «Юз ва кўкракнинг юқори қисми» деган. Бу икки олимдан улар жумҳур уламога хилоф ўлароқ аёл кишини ўз амакиси ва тоғаси олдида рўмолини олишдан қайтарганлари собит бўлган. Шундай экан, уларнинг «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни узук, сурма, юз, кафт ва хиналаридан бошқа зеб-зийнатларини маҳрамларига) кўрсатмасинлар» (Нур: 31) оятидаги сўзларини «Аёл киши юзини, кўкрагини ва сурмасини ғирт бегона эркакларга кўрсатаверади» деган маънога йўйиш мумкин?! Ҳолбуки, улар оятда номлари келмаган маҳрамлар ҳақида қаттиқ гапни гапириб турган бўлсалар. Довуд Шаъбий ва Икримадан ривоят қилар экан: «Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига...!» (Нур: 31) оятини охиригача ўқиди; у иккилари дедилар: «Аллоҳ амаки ва тоғани зикр қилмади, чунки улар ўз ўғилларига васфлаб берадилар. Яна дедиларки: аёл амакиси ва тоғаси олдида рўмолини бошидан олмасин», Ибн Абу Шайба, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривоят қилганлар.[32]

Буни Жобир Омир аш–Шаъбийдан қилган ривоят қувватлайди. У ҳар қандай маҳрам аёлнинг сочини кўришни кариҳ кўрар эди. Ибн Абу Шайба ривоят қилган.[33]

Шаъбийдан ҳам Ибн Жубайр, Ато ва Мужоҳиддан қари аёл ҳақида айтганлари каби сўзи саҳиҳ ривоятда келган.[34]

Ҳасан Басрийнинг раъйига кўра ака синглисини бошида рўмолсиз кўрмаслиги керак. Ҳишом Ҳасан Басрийдан ривоят қилди, ундан сўралди: «Аёл акасининг олдида рўмолини олса бўладими?» У деди: «Аллоҳга қасамки, унинг бунга ҳаққи йўқ.» Ибн Абу Шайба ривоят қилган, саҳиҳ.[35] Бу унинг маҳрамларни назарда тутганига далилдир. Зеро, улар ўта тақволи бўлганларидан улардан бошқалар ҳақида сўрашмас ва улардан бошқаларини мақсад қилишмас эди.

Ҳасан Басрийдан Ибн Жубайр, Ато, Мужоҳид ва Шаъбийдан келгани каби, қари аёл ҳақида Аллоҳ уни ёпинчиқни қўйиш ҳукмида хослаган деган сўзи саҳиҳ ривоятда келган.[36]

Заҳҳок маҳрамлар ҳақида гапирганига Музоҳимнинг ундан қилган ривояти далолат қилади, у деди: «Онамнинг олдига кирмоқчи бўлсам, бошингизни ўраб олинг дейман.» Ибн Абу Шайба ривоят қилган.[37]

Қатодадан Ибн Жубайр, Ато, Мужоҳид, Шаъбий ва Ҳасандан қари аёл ҳақида айтганлари каби сўзи саҳиҳ ривоятда келган.[38]

Ибн Аббоснинг шогирдлари ва улардан бошқа тобеинларнинг биронтаси шу маънодан ташқарига чиқмадилар. Икрима ва Абу Солиҳдан «Очиқ зийнат кўйлакдан юқоридаги (ташқаридаги) нарсалар»[39] деб айтгани саҳиҳ ривоятда келган. Маълумки, кўйлак уй кийими бўлиб, у билан кўчага чиқилмайди. Чунки, кўйлак соч ва кўкракни тўсмайди, буларни бегоналарга кўрсатиш ҳаром эканига иттифоқ қилинган.

Очиқ зийнатни кўйлак деб тафсир қилиш Иброҳим Нахаийдан ҳам ривоят қилинган.[40]

Товусдан собит бўлган: Товуснинг ўғли деди: У (отам) учун ўзига маҳрам бўлган аёллардан биронтасининг авратини кўришдан кўра ёқимсизроқ нарса бўлган эмас. Маҳрам аёллардан бири унинг олдида рўмолини ечишини ёқтирмас эди. Абдурраззоқ Мусаннафида Маъмар орқали Товуснинг ўғлидан Товус ҳақида ривоят қилган. Саҳиҳ.[41]

Абдуллоҳ ибн Умардан Аллоҳ таоло кампир учун очишини истисно қилган нарса ёпинчиқ эканини айтгани саҳиҳ ривоятда собит бўлган.[42] Уламолар юзни ёпинчиқ билан ўрамасликка рухсат кампир учун хос эканига иттифоқ қиляпдилар. Шундай экан ёш аёлга нисбатан юзни ёпинчиқ билан ўраш ҳукми қолди. Аёл кишининг ҳижоби ва либоси каби кундек равшан масалада (бобда) саҳобаларнинг сўзларини бир–бирига қарама–қарши қўйиш уларнинг фиқҳларига ҳам, тушунчаларига ҳам, ақлларига ҳам лойиқ эмас.

Байҳақий ўз сунанида мана шу сўзлар ўртасини жамлашга мувофиқ тарзда боб ажратган; Ибн Аббос – розияллоҳу анҳумо – нинг «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни узук, сурма, юз, кафт ва хиналаридан бошқа зеб-зийнатларини маҳрамларига) кўрсатмасинлар» (Нур: 31) оятига қилган тафсирининг маъносига ишора қилиб: «Аёл киши оятда номлари айтилган маҳрамларига кўрсатса бўладиган зийнатлар ҳақидаги боб», деган кейин Ибн Аббоснинг бу хусусдаги сўзини келтирган: «Кўриниб турган зийнат: юз, кўздаги сурма, кафтдаги хина ва узук. Бу нарсаларни ўз уйида унинг олдига кирганларга кўрсатса бўлади.»

Ибн Абдулбар ҳам шу маънони айтган; зийнатни очиш ва уни кўрсатишни бегоналарга эмас, маҳрамлар учун қилиб деган: «Насабдан бўлсин, эмикдошликдан бўлсин маҳрамлардан фақат авратлар тўсилади, аёл кишининг юзи ва икки кафтидан бошқа жойи авратдир»[43].

Кимки қолган саҳобаларнинг ҳам бу масаладаги тафсирларига қараса, у мана шу маънога мутобиқ ва мувофиқ эканини топади. Абдуллоҳ ибн Масъуддан очиқ зийнат; кийимлар[44] экани собит бўлган. Унинг ироқликлардан бўлган Абул Аҳвас, Нахаий, Ҳасан, ибн Сирин ва бошқалар каби ҳамда бошқа барча шогирдлари худди шу фикрдалар.[45] Мужоҳид ҳам шундай деган.[46] Ибн Масъуднинг “Кийимлар”дан мақсади: ёпинчиқнинг остида бўладиган кийимларнинг зийнат ва безакларидир. Ёпинчиқ одатда уйларда кийиладиган кийимларнинг зийнатини тўсиб туради. Маҳрамлар учун буларни кўриш жоиз. Зеро, кийимда зийнат бўлади, (яъни кийим кийишнинг ўзи зийнатдир. Тарж) бунга далил Аллоҳ таоло ушбу сўзи: «ҳар бир намозни адо этаётганда зийнатланингиз (яъни, авратларингизни беркитадиган тоза либосда бўлингиз)» (Аъроф: 31) яъни кийим зийнати. Абу Исҳоқ Сабиий Ибн Масъуднинг сўзини шу маънода тафсир қилди ва «ҳар бир намозни адо этаётганда зийнатланингиз (яъни, авратларингизни беркитадиган тоза либосда бўлингиз)» оятини ўқиб қўйди. Абу Исҳоқ Сабиий бу тафсирни Абул Аҳвас орқали Ибн Масъуддан ривоят қилди.[47]



[1] Саид ибн Мансур “Сунан”да ривоят қилган (Тафсир/1061).

[2] «Таъвилу мушкилил Қуръан» (40–бет).

[3]«Сунна» (41–43).

[4]«Мувофақот» (5/210–217).

[5] Қаранг: «Мажмуул фатово» (5/160–163), (6/390–391), (13/333, 340–344, 381–384) ва (19/139–141).

[6] «Тафсир Табарий» (19/166), «Тамҳид» (8/236).

[7] Абдурраззоқ «Тафсирида» (2/116) ва Ибн Саъд «Табақотул куброда» (10/189) да ривоят қилган.

([8]) «Тафсир ибн Касир» (11/152) га қаранг.

([9]) Ибн Жарир тафсирида (19/98, 99), Ҳоким «Мустадракда» (2/548) ва Байҳақий Ҳокимдан «Шуабул иймонда» (5068) ибн Аббос ‒ розияллоҳу анҳумодан ‒ ривоят қилган. «Фатҳул Борий» (8/520) га қаранг.

[10] Ибн Саъд «Табақотул куброда» (10/189, 190) да ривоят қилган.

[11]Ибн Жарир тафсири (19/97–98) га қаранг.

[12] «Аҳкомул Қуръан» (5/259) ва «Тафсир Ибн Касир» (11/150) га қаранг.

[13] Аҳмад «Муснадда» (2/196 рақам 6850) Ибн Жарир тафсирда (22/597) ривоят қилган.

[14] Табароний «Кабирда» (11/264 рақам 11688) да ривоят қилган.

[15] Бухорий (4141, 4750) ва Муслим (2770) ривоят қилган.

[16] «Тафсир Замахшарий» (3/560) га қаранг.

[17] Шофеий «ал–Умда» (3/370)

[18] Ибн Жарир «Тафсирда» (19/181), Ибн Аби Ҳотим «Дуррул мансур» (12/141) да келишича Алий ибн Аби Талҳа орқали Ибн Аббосдан ривоят қилган.

[19] «Фатҳул Борий» (8/438, 439) га қаранг.

[20] «Фатҳул Борий» (3/406) айтилганидек Саид ибн Мансур «Сунанда» ривоят қилган.

[21] Ибн Жарир «Тафсирда» (19/181, 182) да ривоят қилган.

[22] Бухорий (324) ва Муслим (890) ривоят қилган.

[23] Ибн Жарир «Тафсирида» (17/259), Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2576) ва Байҳақий «Сунан Кубро» (7/49) да ривоят қилган.

[24] Ибн Жарир «Тафсирида» (17/264, 267)да ривоят қилган.

[25] Абу Убайд «Фазоилул Қуръан» (307–бет), Ибн Жарир «Тафсирида» (17/360), Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2641) ва Байҳақий «Сунан Кубро» (7/93) да ривоят қилган.

[26] Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2642) да ривоят қилган.

[27] Жассос «Аҳкомул Қуръан» (5/196), Ибн Ҳазм «Муҳалло» (10/32).

[28] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»ида (17566) ривоят қилган.

[29] Саид ибн Мансур «Сунанда» (1576/тафсир қисмида), у орқали Байҳақий «Сунанул Куброда» (7/95) да ривоят қилган.

[30] «ас–Сиқот» (7/331) га қаранг.

[31] Саид ибн Мансур «Сунанда» (1617/тафсир қисмида), Ибн Жарир «Тафсирида» (17/361, 363, 364) да ривоят қилган. Бу ривоят Мужоҳиднинг тафсирида (2/444) да мавжуд.

[32] Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (17580), у орқали Ибн Мунзир ривоят қилган. Қаранг: «Тафсир Ибн Касир» (10/220) ва «Ибн Жарир тафсири» (19/173).

[33] Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (17569) ривоят қилган.

[34] Ибн Жарир «Тафсирида» (17/363) да ривоят қилган.

[35] Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (17568) ривоят қилган.

[36] Абдурраззоқ тафсирида (2/63), Ибн Аби Ҳотим тафсирида (8/2641, 2642) да ривоят қилган.

[37] Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (17574, 17576) да ривоят қилган.

[38] Ибн Аби Ҳотим тафсирида (8/2640) да ривоят қилган.

[39] Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (3/383) да ривоят қилган.

[40] Ибн Аби Ҳотим тафсирида (10/109), Таҳовий «Шарҳ маоний осор» (4/332) да саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

[41] Абдурраззоқ «Мусаннафида» (12831) да ривоят қилган.

[42] Саид ибн Мансур «Сунанида» (1616/Тафсир қисмида), Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2641) да ривоят қилган.

[43] «Тамҳид» (8/263) га қаранг.

[44] Абдурраззоқ тафсирида (2/56), Саид ибн Мансур «Сунанида» (1569/тафсир) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (17282, 17292), Ибн Жарир «Тафсирида» (17/256, 257), Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2573, 2574) ва бошқалар ривоят қилганлар.

[45] «Сунану Саид ибн Мансур» (1571), Ибн Абу Шайба «Мусаннафи» (17258, 17289, 17293) ва Ибн Жарир «Тафсири» (8/2574) га қаранг.

[46] Ибн Аби Ҳотим «Тафсирида» (8/2574) да ривоят қилган.

[47] «Тафсир Абдурраззоқ» (2/56) ва Ибн Жарир «Тафсири» (17/257)га қаранг.