Пайшанба 12 Декабрь 2024 | 10 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

8-дарс/Масжидда аёлларнинг ўзлари учун бир эшикни хослаш ҳақидаги боб.

3463 марта кўрилган


Бундан аввалги дарсларимизда аёл кишининг уйда ўтиришлиги ҳақидаги, эҳтиёж бўлганда чиқишлигининг жоизлиги ҳақидаги китобни ўқиб, ўрганиб ўтдик. Унда аёллар эҳтиёж туфайли кўчага чиққанларида баъзи бир қоидаларга роия қилишлари зарурлигини ҳам айтиб ўтдик. Энди кўчага чиққанда аёл киши эркакларга аралашишлик эҳтимоли бўлгани учун алоҳида бир китобда, яъни "Аралашишни ман қилиш ҳақидаги китоб" деб номлаган китобда аралашишдан қайтарадиган баъзи бир ҳадисларни ўрганиб ўтамиз.


“باب تخصيص النساء بباب في المسجد”

 

Масжидда аёлларнинг ўзига хос эшикни хослашлик ҳақидаги боб.


«عَنْ نَافِعٍ، عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ تَرَكْنَا هَذَا الْبَابَ لِلنِّسَاءِ» قَالَ نَافِعٌ: فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ ابْنُ عُمَرَ حَتَّى مَاتَ»

Нофеъ Ибн Умардан ривоят қилади. Ибн Умар айтдиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мана шу эшикни аёлларга қолдирсак”. Нофеъ айтади: Ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу гапни эшитганларидан кейин то вафот этгунларига қадар мана шу эшикдан қайтиб кирмадилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинадаги масжидларининг бир нечта эшиклари бор эди. У эшикларнинг ҳар биридан намозхонлар киришар эди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам хоҳлаган эшикларидан киришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшиклардан бирини аёлларга хослашни хоҳладилар ва бунга тарғиб қилиб "Бир эшикни аёлларга қолдирсак", дедилар. Шу билан бир эшик аёлларники бўлиб қолди. Ҳозирги кунда суффанинг қаршисидаги, шарқ томондаги эшик "аёллар эшиги" деб номланади "бабун ниса" деб валлоҳу аълам шу эшик бўлган бўлиши мумкин.

Аёллар аввалги ҳадисларимизда зикри ўтди, аксар ҳолатда тунги намозларда, фажрда, яъни эрта тонгда ва шом, хуфтон намозларига келишар эди. Шундай ҳолатлар ҳам бўлардики, кундузларда масалан, пешин, аср намозларида аёлларнинг эшигидан деярли биров кирмас эди. Аёллар йўқлиги туфайли гоҳи эркаклар ўша эшикдан киришар эди. Лекин Ибн Умар розияллоҳу анҳумо суннатга қаттиқ амал қилганларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу битта гаплари кифоя қилди, "Шу эшикни аёлларга қолдирсак" умр бўйи шу эшикдан қайтиб кирмадилар, ҳатто, аёллар йўқ пайтида ҳам. Ушбу ҳадисни Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довудни шарҳлаган Аллома Абут Тийб Муҳаммад Шамсулҳақ Азим Ободий айтадиларки: Бу ҳадисдан мақсад, аёллар масжидга кириб чиқишда аралашмасинлар ва яна ҳадисда далолат борки, масжиднинг ичида аёллар эркакларга аралашмасинлар, балки улар масжиднинг бир четида, алоҳида, бир чеккада имомга иқтидо қилиб намоз ўқисинлар. Абут Тийб раҳимаҳуллоҳдан нақл тугади.

Демак, шариати исломийя эркаклар ва аёллар аралашиши ва учрашиши мумкин бўлган ўринларда, уларнинг баъзилари бошқаларига аралашиб кетмасликларига қаттиқ аҳамият берган ва бунинг ўз эҳтиёт чораларини кўрган. Бу эҳтиёт чораларидан бири бобимизнинг ҳадиси. Бундан ташқари ҳам бу хусусда бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: “Эркакларнинг сафларининг яхшироғи аввалгиси, ёмонроғи охиргиси. Аёлларнинг сафларининг яхшироғи охиргиси, ёмонроғи аввалгиси”. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб туриб дедиларки: “Ҳадисдаги аёлларнинг сафларидан мурод эркаклар билан бирга масжидда намоз ўқийдиган аёлларнинг сафларидир.

Аммо аёллар ўзлари ёлғиз, алоҳида жамоатда ўқишадиган бўлишса уларнинг ҳам сафлари яхшилик, ёмонликда яъни фазилатда эркакларникига ўхшайди. Аввалги сафлари яхшироқ бўлади, охиргилари ёмонроқ бўлади. Чунки, у кеч қолиб, имомдан узоқроқ тургани учун.

Имом Нававий шарҳларида давом этиб айтадиларки: Аёллар сафларининг охиргилари яхшироқ дейилди. Бунинг сабаби эркакларга аралашишдан узоқроқ бўлганликлари учундир ва эркакларни кўрмасликлари ва уларнинг, яъни аёлларнинг ҳаракатларини кўрган пайтда ёки уларни сўзларини эшитган пайтларида бир-бирларининг ҳаракатларини, овозларини эшитган пайтда қалблар боғланиб қолмаслиги учундир. Уларнинг, яъни аёлларнинг сафларининг аввали мазмум саналди, чунки бу ҳозир айтиб ўтилган нарсанинг акси бўлгани учун. Яъни, улар эркакларга яқин бўлишади, кўриб қолишади, гапларини эшитиб қолишади ваҳоказо бўлганлиги учун аёлларнинг аввалги сафлари мазмум, ёмонроқ деб эътибор қилинди.

Шундай дейиш билан аёлларни ҳам, эркакларни ҳам бир-биридан узоқлаштирилди.

Бу ҳадисни эшитган ҳар бир аёл иложи борича орқа сафга туришга ҳаракат қилади. Бу ҳадисни эшитган ҳар бир эркак иложи борича олдинги сафга туришга ҳаракат қилади ва шу билан эркак-аёл ўртасидаги аралашиш йўқолади. Аёлларнинг орқароқда туришларининг афзаллиги; гоҳида аёл кишининг юзи очилиб қолиши мумкин, рўмоли тушиб кетиб қолиши мумкин, боши очилиб қолиши мумкин. Агар у эркаклардан узоқроқда бўладиган бўлса тезда эркакларнинг кўзи тушишидан олдин ўзини тўғрилаб олади. Аммо, эркакларга яқинроқ бўладиган бўлса у ҳали ўзини тўғрилаб улгурмасидан аввал эркакларнинг кўзи тушиб қолиши мумкин.

Эркакларга нисбатан ҳам шундай иш бўлиши мумкин. Масалан, рукуъ, сажда қилаётган пайтларида эркакларнинг аврат жойлари очилиб қолиши мумкин. Яқин турган аёлларнинг бунга кўзи тушиши мумкин. Авратларга кўзнинг тушишлиги энг қабиҳ ишлардан. Бўлиб ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида эркаклар изор кийишар эди. Изор ичидан ундан бошқа бирор ички кийим кийишмас эди. У вақтда бу нарса одатда йўқ эди.

Шунинг учун ёлғиз изор кийган одам сажда ёки рукуъ қилганда унинг авратлари кўриниб қолиш эҳтимоли бўлган. Шунинг учун бошқа бир ҳадисда Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг ҳадисларида келганки, аёллар эркаклардан аввал бошларини кўтармаслиги ҳақида, бундан мақсад эркакларнинг авратларига аёлларнинг кўзи тушиб қолмаслиги учун эди. Чунки, улар орқада туришар эди.

Ушбу бобимиздаги ҳадиснинг маъносидаги ҳадислардан яна бир Умму Салама ривоят қилган ҳадиски, буни Имом Бухорий ривоят қилганлар. Унда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берган пайтларида то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб масжиддан чиққунларигача аёллар уйларига қайтиб, уйларига кириб бўлишар эди. Муҳаммад ибн Шиҳаб аз-Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Нимага энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кутиб ўтирар эдилар? Бунинг иллати шуки: — валлоҳу аълам — деб айтяптилар: Ул зот аёллар чиқиб кетишини кутиб ўтарардилар то намоздан чиққан эркаклар аёлларга етиб олмасинлар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Ушбу ҳадисда имом муқтадийларнинг аҳволларини роия қилиши бордир, эътиборга олиши бордир. Мамнуъ, яъни қайтарилган гоҳи ишларнинг содир бўлиб қолишининг олдини олиш ҳам бордир ва бунда туҳмат ўринларидан четланиш ҳам бордир ва яна кўчаларда эркак ва аёлларнинг аралашишларини кариҳ кўриш ҳам бордир. Демак, аёл киши намозда эркаклар билан бир сафда турмас экан, балки аёл киши эркакларнинг орқаларидаги сафда туради, гарчи ёлғиз бўлса ҳам, битта аёл бўлса ҳам. Бир дона аёл ҳам алоҳида битта сафда туради. Бунга далил: Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен, етим ва онам бизнинг уйимизда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида туриб намоз ўқидик. Онам Умму Сулайм бизнинг орқамизда турган эди”. Яъни, Умму Сулайм ёлғиз ўзлари иккинчи саф бўлиб турганлар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳларида шундай боб қўйганлар "Аёл кишининг ёлғиз ўзи сафда туриши ҳақидаги боб". Демак, бу нимага далолат қиляпти? Ибн Ҳажар айтадиларки: “Бу ҳадисда далолат борки, аёл киши эркаклар билан бирга сафда турмайди. Чунки, бир сафда турадиган бўлса, эркаклар бу аёлга мафтун бўлиб қолишлари ва фитналаниб қолишлари мумкин. Бундан ташқари эркак ва аёллар бир сафда туришлари аралашишликка олиб боради. Шариат эса эркак ва аёлни аралашишидан қаттиқ қайтарган. Гоҳи ғарб давлатларида аёл кишининг жума хутбасини қилгани ва имомлик қилгани эркаклар ва аёллар аралашиб сафларда туриб намоз ўқишлари... буни кўрган одам мағрурланмасин-алданмасин, мана бўлар экан-ку! деб. Бу шариатдан мутлақо узоқ иш. Бу мумкин бўлмаган ишни қилишдир.

Яна мана шу бобга тааллуқли ҳолатларданки, ҳайит намозларида аёлларнинг эркакларга аралашмасдан туришлари. Бунга Ибн Аббоснинг ҳадислари далолат қилади, айтадиларки: "Мен гувоҳлик бераман Расулуллоҳ алайҳи ва саллам хутбадан аввал намоз ўқидилар, сўнгра хутба қилдилар ва аёллар эшитмай қолди шекилли, деб ўйладиларда аёлларнинг олдиларига бориб уларга ҳам гапириб, уларга ҳам ваъз қилдилар. Бухорийнинг лафзида келганки: Сўнгра, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбадан кейин аёлларнинг олдига бордилар ва ул зот билан Билол бирга бор эдилар. Аёлларга ваъз қилдирлар, уларга охиратни эслатдилар. Ибн Ҳажар ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки: "Сўнгра аёллар олдига бордилар" бундан тушуниляптики аёллар эркаклардан алоҳида эдилар, аралашган эмасдилар ва яна айтдиларки ул зот билан Билол бирга эдилар. Бунда аёлларга ваъз қилиш, хитоб қилиш, улар устида ҳукм қилиш одоблари ҳам борки, бундай ҳолатларда эркаклардан фақат эҳтиёжи бўлганларгина келади. Яъни, ўша эркакнинг ҳозир бўлишига ҳожат бўлган одамгина келади. Маслан, гувоҳ бўлсин, ва шунга ўхшаганлар келса бўлади, ундан ортиғи келмайди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматчилари эди ва садақани қабул қилишдаги мутаваллийлари эди. Шунинг учун Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бордилар. Абу Бакр, Умар ва бошқалар бормадилар.

Исломнинг аралашмасликка берган аҳамиятни қарангу, бугунги кундаги Ислом оламидаги мусулмонлар юртларидаги аралашишга қаранг! Кўчаларда, тўйларда, маъракаларда, ҳар хил йиғинларда, бозорларда, оммавий нақлиёт воситаларида, тоираларда бўлсин, бошқаларда бўлсин, ҳамма жойда аралашиш. Аралашиш шу даражадаки, ҳаттоки эркакларда ғурур қолмаган, ғурур йўқ. Нақлиёт воситасида кетаётганда бирор эркакнинг ёнида жой бўшаб қоладиган бўлса дарров аёлини ўтқазиб қўяди. Ҳолбуки, бу ўтиришда икки ёнма-ён ўтирган одамларнинг жасадлари бир-бирига тегиб туради. Оёқлари, сонлари бир-бирига тегиб туради, ўртада буларни ажратиб турадиган нарса йўқ. Тоираларда бўлсин, а, б, c, д деб ҳар бирини номига билет ёзилган бўлса, аёлиники а экан, эрники c экан, ўртада б битта бошқа эркакка тушиб қолган, бу сизнинг жойингиз экан деб ўртасига эр-хотин ўртасига битта эркакни ўтқазиб қўяди. Ҳа, деса, билетда шундай ёзилган эканда. Сен уни буёққа ўткиз, ёки ўзинг ўт. Алмуҳим аёлингга бошқа эркакни аралаштирма. Мактабларда бўлсин, олий илм даргоҳларда бўлсин, йигитлар ва қизлар аралашиб юрадилар, аралашиб ўтирадилар, ёнма-ён ўтирадилар. Ишхоналарда эркак ва аёл битта хонада учта-тўрттаси бўладида, ҳар бирининг ўз жойи бор, стол-стули бор, қарама-қарши, ёнма-ён ўтиришадида, бир-бирига дардлашиб ўтиришади. Бу аёл ўзининг эридан анави қўшни эркакка, ёнидаги бирга ишлайдиган эркакка шикоят қилса. Бу эркак ўзининг аёлидан бу аёлга шикоят қилади. Ёки ўртада гап сотиб ўтиришади, гаплашиб, суҳбатлашиб; Уни эшитдизми, буни эшитдизми, уни кўрдизми, буни кўрдизми? Худди булар ҳаммаси ака-ука, эр-хотиндек. Ислом ман қилган ихтилотнинг кўринишлари бу!

Ёки мудир, Аллоҳ таоло бир бандасига озгина мол берса, у бир ширкат очадида, ширкатига офиc очади, офиc очгандан кейин... Ҳа, энди офиc очгандан кейин, мудир бўлгандан кейин унинг бир "нимаси" бўлиши керак? Секретари бўлиши керак. Секретар деганда аёл киши тушунилади, эркак киши секретар бўлиши мумкин эмас, буларнинг қоидасида, буларнинг китобида у нарса ёзилган эмас. Буларда секретар аёл киши бўлиши керак. Таққилатиб, қоғозини кўтариб киради, чой дамлаб киради. Охири иккаласининг ҳам ҳолига вой бўлади. Гоҳида мудир хотинини талоқ қилиб, мана шу секретарига уйланиб олади ёки ундан бошқа иш бўлади. Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилиш албатта Аллоҳ таоло буюрган қайсидир ишга путур етказиши турган гап.

Мазкур ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

Биринчи: Эркаклар ва аёллар аралашиши мумкин эмас.

Иккинчи: Масжидларда ёки бошқа жойларда аёлларга ўзларига хос кириш учун эшикни қилиб бериш шаъран машруъ бўлган ишдир.

Учинчи: Эркаклар ва аёллар муҳтож бўладиган умумий ишларда уларни ҳам, буларни ҳам эҳтиёжи тушадиган ўринларда, эркак ва аёлларни аралашмасликка йўл қилиш керак. Аёллар учун алоҳида кирди-чиқди эшиклари ёки нақлиёт воситаси қилиш керак ва эркакларга ҳам алоҳида қилиш керак. Ҳар бириники ўзига муносиб бўлиши керак.

Тўртинчи фойда: Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг тақволари ва суннатга эргашишда бўлган ҳарисликлари. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин бир оғиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганидан кейин қайтиб ана шу эшикдан кирмадилар.

Бешинчи фойда: Мусулмонлар устидаги ҳоким раиятга муносиб воситаларни қилишлиги керак экан ва лозим бўлган тартиб-қоидаларни ўрнатиб эркак ва аёлларни аралаштирмасликка эътибор бериши керак экан. Ва яна мусулмон ҳоким-валиюламр ўз раиятини уларга фойдали деб билган нарсага далолат қилиши керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Шу эшикни қолдирсак" дедилар. Шунга ўхшаган ишларга мусулмон ҳоким эътибор қаратиши керак.


Навбатдаги бобимиз باب ليس للنساء وسط الطريق

Йўлнинг ўртаси аёлларга эмаслиги ҳақидаги боб.

«عَنْ حَمْزَةَ بْنِ أَبِي أُسَيْدٍ الْأَنْصَارِيِّ، عَنْ أَبِيهِ، أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَقُولُ: وَهُوَ خَارِجٌ مِنَ الْمَسْجِدِ فَاخْتَلَطَ الرِّجَالُ مَعَ النِّسَاءِ فِي الطَّرِيقِ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِلنِّسَاءِ: «اسْتَأْخِرْنَ، فَإِنَّهُ لَيْسَ لَكُنَّ أَنْ تَحْقُقْنَ الطَّرِيقَ عَلَيْكُنَّ بِحَافَّاتِ الطَّرِيقِ» فَكَانَتِ الْمَرْأَةُ تَلْتَصِقُ بِالْجِدَارِ حَتَّى إِنَّ ثَوْبَهَا لَيَتَعَلَّقُ بِالْجِدَارِ مِنْ لُصُوقِهَا بِهِ.»


Ҳамза ибн Аби Усайд ал-Ансорийдан ривоят қилинади, у отасидан ривоят қилди, ул зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганларини этишган эканлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддан чиқаётганларида эркаклар ва аёллар йўл устида аралашиб кетдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга айтдиларки: "Чеккага чиқинглар, йўлни ўтрасида юришга сизларнинг ҳаққингиз йўқ, сизлар йўлнинг четидан юринглар". Шундан кейин муслима аёл шу даражада деволга ёпишиб юрардики, ҳаттоки унинг кийимлари деволга ўта ёпишиб юрганлигидан деволга осилиб қолар эди.

Ислом эркак ва аёлларни масжидга ўхшаш узоқ муддат аралашишлик мумкин бўлган ўринларда аралашишда ман қилгани каби, муаққат бир оз вақт, лаҳазот-лаҳзаларда аралашиш мумкин бўлган ўринларда ҳам аралашишдан ман қилди. Масалан, йўлда ўтиб кетаётганда, яъни сал одам кўпайиб қолганида тиқилинч бўлиши мумкин ёки бошқа пайтда рўпара келиш кам ҳолатда бўлади. Шундай ҳолатларда ҳам эркак-аёл рўпара келиб қолишликдан қайтарди. Шунинг учун йўлнинг ўртасини эркакларга, чекаларини аёлларга белгилаб бердилар. Демак, Ислом аёл кишини доим сақлашга, уни ҳимоя қилишга эътибор қаратган. Йўлнинг ўртасини эркакларга, аёлларга эса йўлнинг четини белгилаб берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг давридаги аёллар ул зотнинг буйруқларига шу даражада итоат қилардиларки, айтилгандан ошириб юборса юборишар эдики, кам қилишмас эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Йўлнинг четида юринглар" дедилар, деворга ёпишиб юринглар демадилар. Йўлнинг чети деганда улар энг чеккасини тушундилар. Ҳаттоки, улардан биттаси йўлни четидан юриб бораётган пайтда уйларнинг деволларига кийими илашиб қоларди. Яъни, илашиб очилиб қолмасди, сиз тасаввур қилиб кўринг; кенг кийим кийган аёл деволнинг ёнидан кетяпти, у деволлар ҳозирги пайтга ўхшаб тўрт мартадан сувалиб, унинг устидан беш мартадан краскаланган эмас. Балки, у деворлар қурилган бўйи, ҳатто усти сувоқ ҳам қилинмаган деволлар. Бундай деворларда кийимнинг илиниб қолиши турган гап. Яъни, шу даражада четдан юришарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини шундай қабул қилишар эди. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган бўлса айтибдиларда, нима қиламан мен кийимимни кир қилиб ёки бошқа қилиб, деб йўлнинг ўртасига тушиб олишмас эди! Гоҳилар ўйлайдиларки аралашиш дегани, бу узоқ вақт аралашиб туриш. Масалан, бир соат, ярим соат аралашиб, гаплашиб туришликни аралашиш дейишади. Масалан, ишхона, мактаб шунга ўхшаган ҳолатларни. Аммо, бундан бошқа ерлар масалан, йўлда аралашиб қолиш, бозорда аралашиб қолиш бу нарсаларни аралашиш деб эътибор қилишмайди.

Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедиларки: “Йўлнинг ўртаси аёллар учун эмас”. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг аёллар мазкур ҳадисларга амал қилмай қўйганларини кўрганларида ушбу сўзни айтган бўлсалар керакки, айтдиларки: “Сизлар аёлларингиз кўчага чиқишидан рашк қилмайсизларми?”. Бошқа бир ривоятда келганки: “Сизлар уятмайсизларми, ёки рашк қилмайсизларми? Мен эшитдимки сизларнинг аёлларингиз бозорларда кофир эркакларга аралашиб юрибди эканлар”. Демак, бунда, Али розияллоҳу анҳунинг сўзларида аёллар бозорларда эркаклар билан аралашиб, тиқилинч қилиб юрмасликларига ишора бордир ва ҳамда аёлларни шундай қилиб ташлаб қўйган эркакларнинг рашклари, ғийралари ва ҳаёлари йўқ ёки заиф эканлигига далил бордир. Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Валиюламр яъни ҳоким, мусулмонлар ҳокими эркак ва аёллар ўтасини бозорларда аралашишликдан ман қилиши керак. Амирул мўъминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аёлларни кўчанинг ўртасидан юришдан, яъни эркакларнинг йўлидан юришдан ман қилганлар ва кўчада уларга, яъни эркакларга аралашишдан қайтарганлар. Ҳар бир ҳоким Умар розияллоҳу анҳуга шу ишларда эргашсин. Сўзларида давом этиб айтадиларки: Шубҳасизки аёлларга эркаклар билан аралашишга имкон бериб қўйиш ҳар бир ёмонлик ва балонинг бошидир. Бу оммавий жазолар, азобларнинг тушишининг энг катта сабабларидан биридир ва яна бу умумий ва хусусий бузуқликларнинг бош сабабларидандир”. Ибнул Қоййимдан нақл тугади.

Ушбу ҳадис бир неча фойдалар ва аҳкомларга далолат қилмоқда:

Биринчиси: Эркаклар ва аёллар умумий жойларда бўлсин, йўлларда бўлсин, масжидларда бўлсин аралашишлиги мумкин эмас. Бундан қайтарилган.

Иккинчиси: Мусулмонларнинг ҳокими ўз раиясини мулоҳаза қилиб, уларни шундай ҳолатларда аралашишларига йўл қўймаслиги керак.

Учинчи фойда: Аёлларни йўлни ўртасида юришдан қайтариши керак ва уларни йўлнинг четида юришликка тарғиб қилиши керак.

Тўртинчи фойда: Ҳожат бўлган пайтда, фитнадан хотиржам бўлинган пайтда эркак киши аёлларга гапиришининг жоизлиги. Уларга амру маъруф ва наҳий мункар қилишининг жоизлиги. Буни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларга бориб хутба, ваъз қилганларидан олдик.

Бешинчи фойда: Саҳобийя аёлларнинг ажойиб иймонлари ва эътиқодлари ва буйруқ келган пайтда уларнинг жуда ҳам тезкор равишда ижобат қилишлари. Аллоҳ таоло бизнинг аёлларимизни ҳам шу саҳобийя аёлларга ўхшатсин.

Олтинчи фойда: Саҳоба аёлларнинг кўчага чиққан пайтда кийимлари кенг бўлган экан, тор бўлган эмас экан. Биз буни аёлнинг кийимлари деворга илиниб, осилиб қолишидан оляпмиз. Агар унинг кийими тор бўлганда илиниб қолмас эди. Одатда кенг нарса илиниб, осилиб қолади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизнинг аёлларни ҳам саҳобийя аёлларга ўхшаб буйруқ келган пайтда, билмаган нарсаларини билган пайтларида тезда шу нарсага амал қиладиганлардан қилсин ва эркакларимизни ҳам рашклари, ғайратларини ошириб, ўз аёлларини кўчаларга чиқариб, очиқ-сочиқ ҳолатда бўлсин, ҳижобли ҳолатда бўлсин эркаклар билан аралашиб юрадиган жойларга чиқаришдан ҳаё қиладиганлардан қилсин.