Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

3-Дарс/Аёл кишининг кўчага чиқишидаги ёмонликларнинг баёни ҳақидаги боб

4862 марта кўрилган

Учинчи ҳадис:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الْمَرْأَةَ عَوْرَةٌ، فَإِذَا خَرَجَت اسْتَشْرَفَهَا الشَّيْطَانُ، وَأَقْرَبُ مَا تَكُونُ مِنْ وَجْهِ رَبِّهَا وَهِيَ فِي قَعْرِ بَيْتِهَا»

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, аёл киши авратдир. Агар у уйдан чиқадиган бўлса, шайтон унга кўз тикади. Аёл киши Раббининг юзидан энг яқин бўладиган ҳолати уйининг энг ичкарисидадир”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда аёл кишининг аврат эканлигини таъкидлаб айтдилар. Аврат дегани, мусулмонларнинг ҳаммасига маълум бўлган, бировлардан беркитилиши лозим бўлган ўринлардир, шунга аврат дейилади, буни ҳамма мусулмон билади.

Аёл кишини аврат дейилди. Буни “الْمَرْأَةُ عَوْرَةٌ” демадилар балки инна билан таъкидлаб “إِنَّ الْمَرْأَةَ عَوْرَةٌ” дедилар. “Албатта аёл киши авратдир”, дедилар. Бу таъкид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам; энг фасиҳ бандаларнинг ичидаги энг фасиҳ зотдан содиқул масдуқ зотдан содир бўлди, "Албатта" деб таъкидлаб айтдилар.

Бу нимага далолат қилади? Бу аёл кишини бегона кўзлардан жуда ҳам қаттиқ эътибор билан сақлашга далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадислари билан умматга хитоб қилган пайтда улар авратнинг нима эканлигини, унинг беркитиш лозимлигию, уни очиш жуда ҳам хунук нарса, жуда ҳам қабиҳ нарса эканлигини жуда ҳам яхши билишарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атайин эркакларнинг ҳамиятига тегадиган сўзни қилиб айтдилар, “Аёл киши авратдир”, дедилар. Демак, аёлларни очиқ-сочиқ юришдан сақлаш кераклигига далолат бўлди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис давомларида айтдиларки: бу аёл кишининг Раббисининг юзидан энг яқин бўладиган ҳолати уйининг энг ичкарисида эканлиги дедилар. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини уйда ўтиришга тарғиб қилдилар. Агар инсоннинг мақсади Аллоҳ таолога яқинлик бўладиган бўлса, у Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ҳар қандай йўл билан Аллоҳ таолога яқинлик қилишни хоҳлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини Раббингга қачон яқин бўласан, қаерда яқин бўласан, деб туриб уни уйининг энг ичкарисида бўлган ҳолатини Раббига энг яқин вақти дедилар. Демак, Раббига энг яқин вақти уйининг энг ичкариси бўладиган бўлса, аёл киши кўчага эмас уйининг энг ичкарида ўтиришга интилади.

Аёл кишининг кўчага чиқишида жуда ҳам кўп ёмонликлар бор. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар. Мана шу ўрганётган ҳадисимизда айтдиларки: "Агар аёл киши кўчага чиқадиган бўлса", “اسْتَشْرَفَ” аслида узоқроқдаги нарсага кўз тикиб қармоқчи бўлсангиз қўлингизни пешонангизга айвон қилиб қарайсиз, яъни тикилиб қарайсиз, шуни араб тилида “اسْتَشْرَفَ” дейди. Шайтон унга тикилиб, кўзини қадаб қарайди. Исташрафанинг яна бир бошқа маъноси: уни юқорига кўтариб ҳаммага кўз-кўз қилади. Аёл киши уйида эканлигида у ҳимояда эди, шайтон у билан бошқа бировларни васваса қилишга имкони йўқ эди. Ўғри қароқчилар ҳам унга ҳужум қилиш учун деворлардан ошиб ўтиб киришлиги керак эди. Энди эса аёл киши кўчага чиқди. Ўз оёғи билан кўчага чиқди. Кўчага чиққандан кейин у жинлардан бўлган шайтонга ҳам, инслардан бўлган шайтонга ҳам енгил ўжалга айланди, ана энди шайтон бу аёл билан ўз ишини қилишни бошлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисда айтдиларки, бу ҳадисни ҳам Ибн Масъуд ривоят қилганлар:

 قَالَ عَبْدُ اللَّهِ: " احْبِسُوا النِّسَاءَ فِي الْبُيُوتِ، فَإِنَّ النِّسَاءَ عَوْرَةٌ، وَإِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا خَرَجَتْ مِنْ بَيْتِهَا اسْتَشْرَفَهَا الشَّيْطَانُ، وَقَالَ لَهَا: إِنَّكِ لَا تَمُرِّينَ بِأَحَدٍ إِلَّا أُعْجِبَ بِكِ "

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Аёлларни уйда ҳибс қилиб сақланглар. Аёллар авратдирлар. Агар аёл киши уйидан кўчага чиқадиган бўлса, шайтон унга ўз кўзини тикади ва унга айтадики: — унинг дилига солади, унинг юрагида гапини айтади — Сен қайси бир эркакнинг олдидан ўтсанг албатта у сендан ажабланади". Воажаб! Жуда чиройли экан! - дейди, деган гапни унинг кўнглига солади. Яна бир ривоятда айтдиларки: “Аёл киши авратдир. Агар у уйдан чиқадиган бўлса, шайтон унга кўзини тикади. Аёл киши айтадики ким мени кўрса мендан ажабланади? Мени кўриб менга жуда қойил қолади, деб ўз ичида айтади. Аёл кишининг уйнинг энг ичида бўлиши Аллоҳ таолога энг яқин бўлган ҳолатидир”. Шайтон аёл кишини ўзига ўзини ҳам чиройли қилиб кўрсатади. Уни бошқа атрофдаги эркакларнинг кўзида ҳам чиройли қилиб кўрсатади. Гарчи у аёл қабиҳа, хунук аёл бўлса ҳам. Бу шайтоннинг иши. Бу аёл кимни олдидан ўтса, албатта ўша эркакнинг кўзини бу аёлга буради. Қара унинг чиройига дейди, ёки у ерига қара, бу ерига қара дейди. Алмуҳим эркакларни мана шу аёл билан фитналайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисда Умматга насиҳат қилиб айтдиларки — : “Мен ўзимдан кейин эркаклар учун аёллардан кўра ёмонроқ, зарарлироқ фитнани қолдирмадим”. Яъни, мендан кейинги, мен ўтиб кетгандан кейинги эркакларга нисбатан энг ёмон, энг зарарли нарса бу аёллардир. Бу дегани аёлларнинг фитнаси. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни шарҳлаб туриб айтадиларки: “Аёллар билан фитналаниш бошқа нарсалар билан фитналанишдан кўра қаттиқроқ экан”. Масалан, одам мол билан фитналаниши мумкин, гоҳилар масалан, каптарвозлик билан фитналаниши мумкин, инсон ҳаётда кўп нарсалар билан мубтало бўлиши мумкин. Гоҳилар масалан, модага берилиб кетади, гоҳилар машина билан, гоҳилар телефон билан фитналанади, дарди шу янги телефон чиқидми, машина чиқдими, янги палон нарса чиқдими шуни орқасидан югуриб юради.

Буларнинг ичида энг кўп фитнага соладиган, мафтун қиладигани аёллар экан. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисда эркакларга хитоб қилиб айтдиларки: “Аёллардан эҳтиёт бўлинглар, Бану Исроилнинг энг биринчи фитнаси аёлларда бўлган эди”, ва шунингдек айтдиларки: “Аёл киши шайтон суратида келади ва шайтон суратида кетади”. Яъни, келаётганида ҳам, кетаётганида ҳам шайтон суратида бўлади деганлар. Аёл кишининг келаётганини кўриш ҳам, кетаётганини кўриш ҳам эркакларга нисбатан фитнадир. Яъни, гоҳилар айтадики: аёл кишининг юзини кўрса фитналаниши мумкин. Йўқ, аёл кишининг соясини кўриш ҳам фитнага солади. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эркакларни аёлларга, аёлларни эркакларга жинсий ғариза билан бир-бирга ёқадиган қилиб қўйди, лаззатланадиган қилиб қўйди. Ҳар бири бошқасини кўрганда лаззатланади. Бироқ, эркакларнинг аёллардан лаззатланиши аёлларнинг эркакларга қараб лаззатланишидан кўра кучлироқдир. Буни воқеъ ҳам билади, буни ҳар бир инсон билади. Бу нарсани эркак ҳам, аёл ҳам билади. Шунинг учун ҳозирги пайтда эълон, реклама фақат аёллар билан бўлиб қолди. Нимага эркаклар билан бўлмайди? 95% реклама аёллар билан. Катта бир аёл кишининг суратини қўйишади, истаб қарасангиз қўлида ёки бир жойда бир нарсани ушлаб турган бўлади, мақсад одамларни йўлдан уриш.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни бир аёлни кўриб қолдилар, яъни кўчада бир аёлни кўрдилар. Бу аёл чиройли аёл эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тез уйларига кирдилар. Зайнаб онамизнинг олдиларига бордилар. Зайнаб онамиз бир терини уютиб, ошлаш учун уни ишқалаб ўтиргандилар. Уни чорлаб ўз ҳожатларини ўтадилар, яъни эр аёлидан ўтайдиган ҳожатни ўтадилар, сўнгра асҳобларига чиқиб дедилар: "Аёл киши шайтон суратида келади, шайтон суратида кетади. Агар сизлардан бирортангиз бирон аёлни кўрадиган бўлса ва ундан ажабланадиган бўлса аҳлига борсин-ўзининг оиласига борсин, мана шу нарса унинг қалбидаги нарсани кеткизади”. Бошқа бир ривоятда ҳозир саҳиҳ, заифлиги аниқ эсимда йўқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: иккаласида ҳам бор нарса бир нарса деганлар. Ҳадис мана шу лафз билан тўқима экан. "Унда бор нарса бунда ҳам бор", деганлар. Шу лафз билан келган ҳадис саҳиҳ экан. 

Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисдаги "Аёл киши шайтон суратида келади, шайтон суратида кетади" деган сўзларини шарҳлаб айтадилар: Уламолар дедилар: Бунинг маъноси: нафс-ҳавога ишорадир ва аёл киши билан мубтало бўлиш, фитналанишга чақиришликка ишорадир. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эркакларнинг қалбида аёлларга нисбатан майлни ва уларга қараш билан лаззатланишни қилиб қўйган. Бу — аёл киши шайтонга шайтон бошқаларни ёмонликка чақириши, васваса қилиши ва ёмонликни зийнатлаб кўрсатишида ўхшатиляпти. Яъни, аёл кишини шайтон дейилмаяпти, шайтон суратида дейиляпти. Кўчада юрган аёл шайтон мисоли бўлади. Қандай? Шайтоннинг қиладиган иши одамларни васваса қилиш, йўлдан уриш, фитналаш аёл киши шундай. Демак, аёл киши зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслиги керак. Уйда ўтирсин. Эркаклар ҳам кўчада аёлларни кўрадиган бўлсалар, кўзларини тийсинлар. Кўзларини олиб қочсинлар, бегона аёлларга кўзларини тикмасинлар. У ҳижобли бўлсин, юзи очиқ бўлсин, бошқа бўлсин унга кўзини тикмасин. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кўз тикишдан қайтарган.

Бу ерда кўпчилик эътибор қилмайдиган жуда ҳам хатарли бир чиқиш бор. Кўплаб солиҳа опа-сингилларимиз уйларида ўтирадилар, фақат шаръий ҳожатлари учунгина чиқадилар. Яъни, шариат рухсат берган ҳожатлари учунгина чиқадилар. Бироқ, ҳозирги замонда шундай бир маънавий чиқиш пайдо бўлди, бу ҳам махфийдир. Ҳам манавий, ҳам махфий, билинмайди. Олдинги замонларда бу нарса йўқ эди, бунинг боиси техниканинг ривожланиши ва алоқа воситаларининг ривожланишидир. Кўпчилик опа-сингилларимиз ўзларини биз уйда ўтирибмиз деб ҳисобласалар ҳам, ёки кўпчилик одамлар уларни шундай деб ҳисобласалар ҳам улар уйларида ўтириб олиб телефонлар орқали интернет орқали, чат бўлсин, мессенжер бўлсин, фейcбук бўлсин, твитер бўлсин бутун алоқа воситалари билан дунёни кезиб чиқадилар, кирмаган жойлари қолмайди. Ҳар бир жойга кирганда ўз изини, ўз асарини қолдириб кетадилар. Фейсбукка (Facebook) кириб кимгадир раҳмат айтади, кимнидир мақтайди, кимгадир эътироз билдиради. Албатта у — аёл киши исми билан киради. Мулоҳаза ёзаётган одам исмига қараб аёл бўлсин, эркак бўлсин, дарров буни мулоҳаза билдирилган одамга нисбатан ўзига хос таъсири бўлади. Кимга қандай таъсир қилади. Бу битта мулоҳаза билдириш ёки бир эътироз билдириш. Бу кетма-кет бўлиб савол-жавоблар, ёзишмаларга сабаб бўлиши мумкин. Ўтириб олиб биз муслималармиз, биз яхши амал қиляпмиз деб оммавий, ҳамма кўрадиган жойларда фалончихон, пистончихон исмлари билан кириб кимларгадир ибтисомлар яъни, табассумлар қилишади, кимларгадир ташаккурномалар ёзишади, ҳолбуки унинг бу қилаётган ишларини аксар ҳолатда уйдаги эркаклар; отаси бўлсин, эри бўлсин кимга нима ёзаётганини аксар ҳолатда билмайди. Бу нарсалар жуда ҳам катта хатарли ишларга олиб бориши мумкин. Гоҳида бу нарса аёл кишини кўчага чиқишидан кўра ёмонроқ бузуқликларга, ёмонроқ, хатарлироқ, ёмонликларга обориб қолиши мумкин. Шу кунларда қанча-қанча аёлларнинг, қанча-қанча қизларнинг ҳикояларини эшитилмоқда. Мана шу интернет туфайли, оммавий алоқа воситалари орқали тузоққа тушганлари, алданганлари, номусларини йўқотганлари, номуслари поймол бўлганларини жуда ҳам кўп эшитяпмиз. Шунинг учун муслима опа-сингилларимиздан илтимос қиламиз, бундай ўринларга агар мажбур бўлсалар фойдаланиш учун кирсинлар. Майли бировга фойда бермасинлар, ўзлари фойдаланиш учун кирисинлар. Агар иложи бўлса мустаор ном билан кирсинлар, лозим эмаски аёл киши аёл кишиман деб кириши илло аёлларга хос ўрин бўладиган бўлса, аёл киши аёл кишилигини билдирса бўлади, аммо оммавий жойларда мен аёл кишиман, мен палончихонман, палон йилда туғилганман, палон ерданман, палон ерда ишлайман, бунга ўхшаган маълумотларни ҳеч ҳожати йўқ. Бундан эҳтиёт бўлайлик. Бир кун келиб бармоқларни тишлаб қолинмасин.


Аёл кишининг беҳожат кўчага чиқишидаги келадиган зарарлар:

Аёл киши беҳожат кўчага чиқадиган бўлса, эркаклар ва аёллар ўртасидаги аралашишнинг хосил бўлиши. Аёл киши бегона эркаклар билан гаплашишга мажбур бўлиши. Вақтларни зое кетказиш. Оилавий келишмовчиликларнинг келиб чиқиши. Болаларнинг пароканда бўлиб, зое бўлиши. Аёлларни фосиқ кишилар томонидан озорларга учраши. Шариат ман қилган хилватнинг ҳосил бўлиши. Бу қачонки аёл киши ёлғиз эркак ҳайдовчи билан сайёрага минган пайтда бўлади. Кўп чиқиш туфайли очиқ-сочиқлика таарруз бўлиш. ҳеч бўлмаганда аёл киши кўчада юрганда ўз иродасисиз баъзи бир жойларининг очилиб қолиши.


Мазкур ҳадисдан қуйидаги аҳкомларни ва фойдаларни олишимиз мумкин:

Биринчи: Аёл киши авратдир, уни ёпиш керак, сақлаш керак, ҳимоя қилиш керак;

Иккинчи: Аёл кишига аврат деб айтишнинг жоизлиги. Бу аёл кишига нисбатан айб ва таъна эмас, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умматга меҳрибон зот шундай деб атадилар;

Учинчи: Шайтон инсоннинг душманидир. У доимо инсонни адаштиришга, йўлдан уришга, уни ҳалокатга учратишга ҳарисдир. Шунинг учун ҳам ундан эҳтиёт бўлиш лозим;

Тўртинчи: Аёл киши шайтоннинг энг кучли қуролларидан;

Бешинчи: Аёл кишининг уйда ўтириши, шайтоннинг режаларини чиппакка чиқаради;

Олтинчи: Аёл кишининг уйдан чиқиши, уни ўз қўрғонидан маҳрум қилади. Чунки у уйда ўтирганда қўрғонда эди, гўёки ҳимояда эди у;

Еттинчи: Аёл кишининг уйда ўтириши Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқинликдир;

Саккинзинчи: Аллоҳ таолога юз сифатининг исбот қилиниши. Аллоҳнинг юзи бор деб исбот қилиш;

Тўқизинчи: Аёл кишининг юзини ёпиши ва бутун баданини ёпиши вожиб эканлиги яъни, фарзлиги. Чунки, "аёл киши авратдир" дедилар юзларини, кафтларини ажратиб қўймадилар. Ҳамма йўғи аврат дедилар;

Ўнинчи: Аёл киши агар зарурат бўлса-эҳтиёжи бўлса уйдан чиқишликка рухсатнинг борлиги.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча опа-сингиларимизни Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақласин. Динларига чиройли амал қилишни насиб айласин.