асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
4-дарс/Аёл киши ўз уйидан фақат эрининг изни билангина чиқади, агар у изн бермаса чиқиш жоиз бўлмайди4586 марта кўрилган 4- Дарс Тўртинчи боб Аёл киши ўз уйидан фақат эрининг изни билангина чиқади, агар у изн бермаса чиқиш жоиз бўлмайди
Ибн Умар розияллоҳу таоло анҳумодан ривоят қилинади, дедилар: Умар розияллоҳу анҳунинг аёли бомдод ва хуфтон намозларини масжидда жамоат билан ўқирди. Унга айтилдики: Нимага энди сиз намозга чиқасиз? Сиз Умар буни яхши кўрмаслигини ёки Умар буни ёмон кўришини ва ғийра қилишини биласиз-ку! — Ғийра, яъни бизда рашк дейилади. — Рашк қилишини биласиз-ку. У аёл айтдики: Нима нарса уни мени қайтаришдан ман қилади? Айтдики: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари сизни қайтаришдан уни ман қилади. Ул зот дедиларки: “Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар, қайтарманглар”. Муттафақун алайҳ. Ислом шариати шахсий бўлсин, ижтимоий бўлсин, эркак ва аёлларга тегишли бўлсин, барча инсонларнинг манфаатларини риоя қилди. Аёл кишини уйда ўтиришга буюрди. Бу аёл учун ҳам, жамиат учун ҳам фойдадир. Шунингдек аёл кишига баъзи бир ҳолатларда, эҳтиёж бўлганда уйидан чиқишга рухсат берди. Бу чиқиш ўзининг ҳожати учун бўлсин, мусулмонлар жамоатининг ҳожати учун бўлсин, Ислом бунга рухсат берди. Лекин,, шариати исломийя аёл кишига чиқишга, яъни ҳожат учун чиқишга рухсат берган пайтда, муайян аёл кишининг чиқишига тааллуқли бўлган аҳкомларга мувофиқ равишда чиқишга рухсат берди. Агар аёл киши эҳтиёж бўлганда, мазкур қонун-қоидаларга риоя қилиб чиқадиган бўлса, унинг чиқиши бало эмас неъмат бўлади, азоб эмас раҳмат бўлади. Ушбу бобимиздаги ҳадис мазкур қоидаларнинг баёнидаги энг биринчи ҳадисдир. Яъни, аёл кишининг чиқишлиги ҳақидаги қонун-қоидаларнинг ҳақидаги биринчи ҳадис. Бунда аёл кишининг чиқиши учун эрнинг ёки валийнинг изни лозимдир. Аёл киши ўз уйидан фақат изн бериш ҳаққи бўлган; ота, эр, ёки ака кабиларнинг изни билангина чиқади. Ҳаттоки аёл бу чиқиши билан масалан, масжидда намоз ўқиш каби солиҳ амални мақсад қилган бўлса ҳам, агар эр ёки умуман валийси унга изн бермаса ёки уни чиқишдан қайтарадиган бўлса, аёлнинг чиқиши мумкин эмасдир. Балки унга эрга итоат қилиши ва уйда қолиши вожиб бўлади. Бобимиздаги ҳадис мана шунга далолат қилди. Умар розияллоҳу анҳунинг бир аёли бор эди. У масжидда, жамоат намозида ҳозир бўларди. Умар буни кўрарди ва унинг чиқишини биларди. Шу билан бирга Умар унинг чиқишини кариҳ ҳам кўрарди, ёқтирмасди. Лекин, Умар розияллоҳу анҳу аёлини намозга чиқишдан қайтаришга далолат қиладиган бирор сўзни айтмасди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда ҳадислари бор эди, аёл эса эрининг масжидга чиқишини кариҳ кўришини, уйда ўтиришини яхши кўришини биларди. Бироқ, эри уни чиқишдан қайтармаганлиги учун масжидга боришда давом этди. Шунда аҳли байтлардан бири — бу ерда ибн Умар бўлиши мумкин — бу ҳақида бу аёл билан гаплашди. Айтдики: Сизни эрингиз бу нарсани кариҳ кўради. У аёл айтдики: Хўп, мени қайтаришдан уни нима нарса тўсяпти? Демак, бундан тушуниляптики, бу аёл биладики агар Умар хоҳламаса, яъни эр хоҳламаса унга чиқиш мумкин эмаслигини у рози бўлмаса ҳам чиқиб кетавериш мумкин эмаслигини ва у яна билардики, агар эри уни қайтарадиган бўлса, у қайтиши керак эди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ Муваттоларида Яйҳо ибн Саиддан, у эса Умар ибн Хаттобнинг аёллари Отика бинт Зайд ибн Амр ибн Нуфайлдан ривоят қилади, Отика Умар ибн Хаттобдан масжидга чиқишга изн сўрарди, Умар жим қолардилар, яъни жавоб бермасдилар. У айтардики, яъни аёл айтадики: Аллоҳга қасамки, то сиз мени ман қилмагунингизгача чиқавераман. Умар эса уни ман қилмас эди. Муваттоъни шарҳловчи айтадики: Бу аёлнинг Умар ибн Хаттобдан масжидга чиқишда изн сўрашлиги бу аёл эри уни ман қилишга ҳақли эканини эътиқод қилишига далил бўлади, яъни у шундай эътиқодда эди аёл. Агар шундай эътиқодда бўлмаганда эди, изн сўрашнинг ҳеч бир маъноси бўлмас эди. Умар эса жавоб бермасди, индамай қўяверарди. Аёл ўзи билиб масжидга чиқмай қўйса, Умар уни қайтармасдан. Чунки бу хусусда буйруқ бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандиларки: "Агар аёлларингиз сизлардан намозга чиқишга изн сўрасалар, уларни ман қилманглар". Мана шу ҳадисга кўра Умар розияллоҳу анҳу аёлини қайтаришликка ботина олмасдилар. Бундан маълум бўладики аёл киши уйдан чиқаётган пайтида эридан рухсат сўрашлиги, изн сўрашлиги лозим экан. Бу гарчи намоз учун бўлса ҳам. Умарни хоҳламаслигига қарамасдан чиқмас эди. Умар розияллоҳу таоло анҳу ҳам аёлини чиқишини кариҳ кўриши билан бирга бу ишдан қайтармасди. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг ҳудудлари олдида қаттиқ турувчи эди, яъни тўхтаб қоларди. Чунки, аёлларнинг масжидга чиқишда изн сўрашлари ҳақида бир нечта ҳадислар ворид бўлган ва уларни масжиддан қайтармаслик ҳақида бир нечта ҳадис ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: "Агар сизлардан аёлларингиз тунда масжидга чиқишга изн сўрасалар, уларга изн беринглар". Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу таоло анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ривоят қилаётган пайтда, яъни "Аёлларингизни масжиддан қайтарманглар агар улар изн сўрасалар..." шунда ибн Умарнинг ўғилларининг бирини ғайрати келиб кетди яъни рашки келиб айтдики: Аллоҳга қасамки, биз аёлларни қайтарамиз!. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар ўғлига юзландида ва уни жуда ҳам қаттиқ сўкди. Ровий айтадики, мен Абдуллоҳ ибн Умарни бу каби сўкинганини ҳеч эшитмаган эдим. Айтдиларки: Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ман қилманглар деяптилар деб айтсам, сен "Валлоҳи биз қайтарамиз!" - дейсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атганларки: "Агар сизлардан бирингиздан аёли масжидга чиқишга изн сўрайдиган бўлса, уни қайтармасин", демак, ушбу ҳадислар иккита нарсага далолат қиляпти: Биринчиси: Эр учун ўз аёлини масжидга боришдан ман қилиши мумкин эмас. Балки, эр бунга рухсат бериши керак, агар аёл шуни хоҳлайдиган бўлса. Иккинчиси: Аёл киши ҳам агар чиқишни хоҳлайдиган бўлса эридан изн сўрашлиги керак. Юқорида аёл кишини масжида чиқишлиги "тунда" деб муқайяд суратда ҳам келди, мутлақ суратда ҳам келди "агар изн сўраслар" деб келди. Бунинг сабаби аксар аҳли илмларнинг раъйларига кўра, аёлларнинг чиқиши фақат кечқурунга чекланган, аёлларнинг масжидга чиқишларида изн сўрашлиги ҳақидаги ҳадис гоҳида муқайяд, яъни "кечада" деган сўз билан чекланиб келди. Гоҳида эса мутлақ, яъни бирон бир вақтга чекланмасдан келди. Шунга кўра гоҳи уламолар айтганларки: Кечада изн сўраш керак кундуз бўлса изн сўрашга ҳожат йўқ деганлар. Тўғрироғи, кундузги намозларда ҳам, тунги намозларда ҳам изн сўралади. Лекин, тунги намозлар шубҳага яқин бўлганлиги, яъни қоронғида ҳар хил ҳолатлар рўй бериши аниқроқ бўлганлиги учун тунги намозларга таъкид қилинган. Бу таъкиддан мақсад, гоҳилар аёл кишининг масжидга чиқиши фақат кундузги намозларга чекланган деб ўйлаб қолмаслиги учун, шунинг учун кечқурунни ҳам айтилган. Аммо уйдан то масжидгача бўлган йўл хотиржам, тинч йўл бўлмайдиган бўлса, йўлларда ҳар хил фосиқлар ва бошқалар бўлиши мумкин бўлса аёл киши ўзи ёлғиз чиқишлиги яхши эмас. Бирорта маҳрамининг ҳамроҳлигида чиқиши лозим бўлади. Аёл киши уйдан чиқаётганда эридан рухсат сўраши кераклигига далолат қилувчи ҳадислардан яна бири Оиша розияллоҳу таоло анҳонинг ўша туҳмат бўлган қиссадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн сўрашларидир. Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдиларки: Менга ота-онамнинг олдиларига боришимга рухсат берасизми? Ибн Ҳажар бу ҳадисни шарҳлаб туриб айтдиларки: бу ҳадисдан биз истифода қиладиган нарсамиз, аёл кишининг уйидан чиқиши эрнинг изнига боғлиқдир, гарчи у ўз ота онасининг уйига кетаётган бўлса ҳам. Энди баъзи бир ўринлар борки бу ўринларда аёл киши эрнинг рухсатисиз ҳам уйдан чиқиши мумкин бўлади. Аслида аёл киши уйда ўтириши керак, уйдан чиқмаслик керак агар чиқадиган бўлса эрдан рухсат сўраш керак. Қуйидаги ҳолатларда эрдан рухсатсиз чиқиш жоиз бўлади: Биринчи ҳолат зарурат ҳолати. Масалан, дейлик уйда ўт кетиб қолди (Аллоҳ сақласин) ёки қаттиқ зилзила бўлди ёки уй қулаб тушиш эҳтимоли бор ёки ундан бошқа масалан, уйдан илон чиқиб қолди ёки биров уйига бостириб киряпти; шу ҳолатларда эрдан рухсат сўраб ўтирилмайди. Агар эр уйда йўқ бўладиган бўлса, бундай ҳолатларда чиқиб кетилаверади. Албатта, бундай ҳолатда чиқиш аёл биринчи ҳолатда шундай зарурат, қўрқинчли, даҳшатга тушган ҳолатларда ҳам биринчи ўринда ҳижобига югуриши керак бўлади. Мана шу ўринда бир ажиб қисса ёдимга тушди. Ҳаждан қайтаётган жуда ҳам катта, улкан бир кемада минглаб ҳожилар бўлишган. Ҳаждан Мисрга, юртларига қайтишаётган бўлишган. Кема чўка бошлаган. Кема чўкишни бошлаган пайтда эр хотинига айтадики: Юринг тез чиқайлик! Тезроқ чиқмасак, хонанинг ичида қолиб кетишимиз мумкин. Бу аёл айтадики: Шошманг! Мен ҳижобимни кийиб олай, агар вафот этадиган бўлсам ҳам ҳижобимда вафот этай, деб ҳижобига ёпишиб, ҳижобини кийган экан. Иккинчи ҳолат ота-онанинг зиёратига чиқиш. Башарти уларнинг ёшлари катта бўлса, ўзлари зиёратга келиша олмайдиган бўлсалар ёки улар бу аёлнинг хизматига муҳтож бўлсалар. Яъни, қизларининг хизматига муҳтож бўлсалар. У қараб қўйиши лозим бўладиган бўлса, шундай ҳолатда эрнинг рухсати лозим эмас. Албатта, бу хусусда уламолар ихтилоф қилганлар. Гоҳилар ҳар қандай ҳолатда чиқмайди, дейишган, лекин ота-онага нисбатан бўлган ҳурмат, уларга яхшилик қилишнинг лозимлиги, эр ҳам буни тушунишлигининг лозимлиги, эр-хотин ўртасидаги муомала, ҳуснул муошарат, бир-бирининг кўнглига қараш, деган нуқтаи назарлардан келиб чиқиб аёл киши бундай ҳолатларда чиқса бўлади эри буни билган пайтда қаттиқлик қилмаслиги лозим бўлади. Яна чиқиш мумкин бўладиган ҳолатлардан бири: Мусулмонлар юртига душман боситириб келган пайтда мусулмонлар волийси ҳаммани жиҳодга сафарбар қиладиган бўлса. Бу ўринда аёл эридан рухсат сўрашга эҳтиёж қолмайди. Шундай ҳолатлардан яна бири: Одатда эри унинг чиқишига муофиқ эканлигини билган ҳолатларда чиқиши. Масалан, ота-онасиникига бўлсин, дарсга бўлсин, биронта дугонасиникига бўлсин, ёки бошқа бир масалан, баъзи бир намозларга масжидга чиқиш бўлсин, одатда эри рухсат беради, чиқишини айтмасдан чиқса ҳам рози бўлаверади, рухсат бераверади, шундай ҳолатларда чиқиши мумкин бўлади.
Биринчи: аёллар жамоат намозига чиқишлари жоиз; Иккинчи: Эрлар аёлларини масжидга чиқишдан ман қилишликдан қайтарилганлар. Аёл киши масжидга бўлсин бошқасига бўлсин, фақатгина эрнинг изни билан чиқади ёки агар эри бўлмайдиган бўлса, отасининг ёки акасининг яъни валийсининг изни билангина чиқади. Фойдалардан яна бири: Эр аёлининг масжидга чиқишини кариҳ кўрса, яъни унга рашк қилганлигидан, бироқ уни қайтармаса унда ҳараж йўқ. Агар аёл киши эридан масжидга чиқаман деб изн сўраса эри унга рухсат бермайдиган бўлса, бу аёл масжидга чиқмаслиги керак. Умар розияллоҳу анҳу шариат ҳудудлари олдида турарди, яъни тажовуз қилмасди. Шариат аҳкомларини ўзининг рағбати ва хоҳиш-истакларидан устун қўярди. Фойдалардан яна бири: Эр ўз аёлини ўзи афзал деб билган нарсага мажбур қилиши мумкин эмас. Бугунги ҳадисимиз аёл кишини уйидан чиқаётган пайтда нималарга риоя қилиши, қайси қонун-қоидаларга амал қилиши хусусида эди. Бу — аёл эрининг рухсатисиз уйдан чиқмаслиги. Аллоҳ субҳанаҳу ва тоалодан ушбу ўқиб ўтилган ҳадисга амал қилишни ва барчаларимизни эшитиб, қулоқ солиб, итоат қиладиганлардан қилишини сўраб қоламиз. |