Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тибён – “Исломни бузувчи амаллар” нинг шарҳи / 3

3728 марта кўрилган

Исломни бузадиган амалларнинг учинчиси

    Муаллиф раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Учинчиси: Ким мушрикларни кофир демаса ёки уларнинг кофир эканида шубҳа қилса ёки уларнинг йўлини тўғри деб билса, кофир бўлади”.

    Чунки, мушриклар Аллоҳнинг шаънига бўҳтон тўқигани, Унга бошқаларни шерик қилгани ҳамда У зотнинг фарзанди бор, деб даъво қилганлиги учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида уларни кофир деган ва уларни душман тутишга буюрган. Аллоҳ улар айтган нарсалардан пок ва ниҳоят даражада юксакдир. Аллоҳ таоло уларни душман тутиб, уларни ёмон кўришни ҳар бир мусулмонга фарз қилган.

Киши мушрикларни кофир деб билмас экан, унга мусулмон деб ҳукм қилинмайди. Агар у мушриклар масаласидаги иш очиқ ва равшан, кофирликлари аниқ намоён бўла туриб, уларнинг кофир эканида шубҳаланса ёки иккиланса, у ҳолда бу кимса ҳам мушрикларга ўхшашдир.

    Кимда ким уларнинг йўлини тўғри деса, улардаги куфр ва туғён ҳолатини яхши деб санаса, бундай кимса бутун мусулмонлар иттифоқи билан кофир бўлади. Негаки, бу киши исломнинг моҳиятини билмаган. Ислом – Аллоҳ таолонинг ҳукмларига тавҳид билан таслим бўлиш, тоат ила У зотга бўйсиниш ва ширк ва ширк аҳлидан воз кечиш ва узоқлашишдир. Бу одам эса мушрикларни кофир деб билиш у ёқда турсин, уларни ўзига дўст тутиб олган.

 “Саҳиҳи Муслим” асарида Марвонул Фазорий, Абу Молик Саъд ибн Ториқ ва унинг отасидан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ деб, Аллоҳдан бошқа олиҳаларни инкор этса, унинг моли ва жони(га тегиш) ҳаром бўлади ва унинг ҳисоби Аллоҳнинг зиммасидадир”.

Мусулмон кишининг қони “маъсум”, яъни ҳаром ва ҳимояланиши учун унинг “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишининг ўзи кифоя қилмай, балки, бунга қўшимча, Аллоҳдан бошқа ибодат қилинувчи нарсаларни инкор этмоғи лозимдир. Борди-ю, Аллоҳдан бошқа ибодат қилинувчи нарсаларни инкор этмаса, унинг жони ва моли ҳалол ва қатл қилинишга ҳақли бўлиб қолаверади. Чунки, бу кимса (ширк ва мушриклардан воз кечиш ва улардан узоқлашишдан иборат) Иброҳим алайҳиссалом динининг асосларидан бирини рўёбга чиқармаган ҳисобланади. Зеро, биз мусулмонлар мазкур динга эргашишга, Аллоҳ душманларининг истак-хоҳишларига риоя қилиш илинжида бу динни ўзгартирмасдан унинг йўлидан боришга буюрилганмиз.

    Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: “Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, “ибодат” қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир”, – дедилар”. (Мумтаҳана: 4)

    Бу Иброҳим алайҳиссаломнинг дини бўлиб, ундан фақат ақли заиф ва енгилтак кимсаларгина юз ўгиришади.

    Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, ким (Аллоҳдан бошқа) олиҳаларга кофир бўлиб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди”. (Бақара: 256)

    Муаллиф раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Тоғут”, яъни Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган нарсаларга кофир бўлиш дегани – уларга ибодат қилиш ботил, деб эътиқод қилмоғинг, уларга ибодат қилмаслигинг, уларни ёмон кўришинг ҳамда уларга ибодат қилган кимсаларни кофир ва душман деб билмоғингдир”.

    Ушбу шарҳдан сўнг мусулмон саналган талай мамлакатлар бошлиқларининг ҳолати сизга маълум ва ойдин бўлиб қолади. Улар мушрикларни ўзларига дўст тутадилар, уларни ўзларига яқин олиб, қаттиқ ҳурмат қиладилар ва улар билан ўзаро дўстона алоқалар ўрнатадилар. Бу алоқалар – уларнинг мушриклар билан ўзаро биродар тутинганлигига далолат қилади. Бу ҳам етмаганидек, улар диндорларни ўзларига душман тутиб, уларга озор бериб, уларни қамоқхоналарда сақлайдилар. Хўш, шунча ишдан кейин уларда исломдан нишона қолиши мумкинми?!

    Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас”. (Моида: 51)

    “(Модомики, барча иш – бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак) Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир)”. (Оли Имрон: 28)

    Демак, исломни ўзига дин деб билган ҳар бир мусулмон мушрикларни кофир деб, ўзига душман деб билмоғи, уларни ва уларга муҳаббати бўлган ёки уларни ёнини олиб ҳимоя қиладиган, ёхуд Аллоҳ ва Расули қабул қиладиган шаръий узрсиз уларнинг диёрларига борадиган кишиларни ёмон кўрмоғи лозим.

    Мусулмонлар ўз динларига қайтишлари лозимдир. Зеро, шу дин сабабидан мусулмон обрў-иззат ва қадр-қиммат қозонади, ғалаба ва нусратга эришади. Шу дин билан одамлар фаровон ҳаёт кечирадилар ва шаҳарлар обод бўлади. Шу дин билан Аллоҳнинг динига ёрдам берадиган Аллоҳнинг дўстлари билан, агар қорни тўқ бўлса дин тўғрисида мутлақо қайғурмайдиган шайтон малайлари орасида ажралиш ҳосил бўлади.

    Барча мусулмонлар Иброҳим Халил алайҳиссаломдан ўрнак ва намуна олишлари керак: “Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак” . (Зухруф: 26, 27)

    Биз ўз ақидамиз ва динимизга қайтиб, Аллоҳ жалла ва алонинг кофирлар тўғрисидаги ҳукмини бажармоғимиз даркор: “Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”. (Тавба: 123)

    “Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса,  мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз! Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!  (Яъни улар билан урушишни бас қилингиз)”. (Тавба: 5)

    Инсонлар кундалик ҳаётларига Қуръон ва Суннат ҳукмини жорий қилишдан юз ўгирганлари сари, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ҳукмрон қилиб қўяди. Мусулмон давлатларининг аксар ҳокимлари Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилишдан бош тортиб, ўзлари ишлаб чиққан малъун қонунларга рози бўлган чоғларида бу мамлакатлар таназзулга юз тутди ва уларда тарқоқлик ҳукмрон бўлди. Улар ўзлари сезмаган ҳолда душманнинг қаттиқ азобига учрадилар. Негаки, кўпчилик ҳокимларнинг ўз мансабларини сақлаб қолишдан ўзга қайғуси йўқ бўлиб, дин эъзозланадими, йўқми, буни уларга аҳамияти йўқдир. Ҳолбуки, куч-қудрат ва ер юзида етакчилик ва ҳокимликка эришишнинг ягона йўли бу динга ёрдам беришдир. Чунки, динни юксалишига ўз ҳиссасини қўшиш куч-қудрат ва иқтидори етган ҳар бир кишининг зиммасидаги фарздир. Бироқ, уларнинг аксарлари буни билмайдилар. Бунга сабаб, уларнинг ён-атрофида ёмон ва ғаламис маслаҳатчиларнинг ўрнашиб олганлиги, қолаверса, Аллоҳнинг динига чақирувчи олим ва даъватчиларнинг масаланинг шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратмаганлигидир. Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин!

    Ҳар бир мусулмон шуни яхши англамоғи керакки, кофирлар ичларидаги ҳасад туфайли мусулмонларни динларидан узоқлаштиришга жуда қаттиқ ҳаракат қиладилар, зўр бериб интиладилар. Дини хусусида қайғурган киши бу уйқудан уйғонмас экан, яқин кунларда қаттиқ пушаймон бўлади. Лекин ўшанда кеч бўлади, пушаймонликнинг фойдаси бўлмайди ва у ўз қилмишининг жазосини кўради. “Ким душманга қарши курашмаса, душман унга қарши курашади”.

    Ҳар бир олим, даъватчи, масжид имоми кофирларни дўст тутиш, уларнинг юртларига бориб олиш ёки уларни мусулмонлар диёрларига жалб қилиш қанчалик хатарли эканини Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатидаги далиллар асосида инсонларга тушунтиришлари лозим. Чунки, Аллоҳ таоло мусулмон билан кофир ўртасида, гарчи энг яқин қариндоши бўлсада муҳаббат ва дўстлик ришталари бўлишидан қатъий қайтарган: “Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз!”. (Тавба: 23)

    “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир...”. (Мужодала: 22)

    “Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар! Улар пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Раббингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар-ку! Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (у ҳолда мушрик-кофир кимсаларни дўст тутманглар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам жуда яхши билгувчидирман! Сизлардан ким шу (иш)ни қилса, аниқки, у тўғри йўлдан озибди!”. (Мумтаҳана: 1)

    Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бухорий ва Муслим Усома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Мусулмон кофирдан мерос олмайди. Кофир ҳам мусулмондан мерос олмайди.” Токи мусулмон билан кофир ўртасида ҳеч қандай алоқа-боғлиқлик бўлмаслги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масалани бартараф қилиб, улар орасидаги мерос масаласини бекор қилдилар.

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда шундай деганлар: “Мусулмон киши кофирнинг эвазига ўлдирилмайди”. Бунинг сабаби кофирнинг хор эканидир. Қандай қилиб хор бўлмасин, ҳолбуки Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир. . .”, (Тавба: 28) – деган-ку?!

    Ҳар бир мусулмон шуни аниқ билиб олсинки, яҳудий, насроний ва бошқа кофирлар, токи мусулмонлар уларнинг динига кириб, уларнинг изларидан юрмас эканлар, мусулмонлар билан ҳеч қачон сулҳлашиб, тинчлик тарафдори бўлиб, улардан рози бўлмайдилар: “Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: “Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир.” Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам берувчи бўлмайди”. (Бақара: 120) Бу оят кофирларнинг динига эргашган кишига Аллоҳ тарафидан қаттиқ танбеҳ ва таҳдиддир.

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон киши мушриклардан бирига айланиб қолмаслиги учун улардан узоқ туришга буюрдилар: “Мушриклар орасида яшайдиган мусулмондан мен йироқман”, – дедилар. Саҳобалар: “Нега, эй Расулуллоҳ?”  – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уларнинг ҳукми бир хил эмас; Бири Аллоҳнинг йўлига чақирса, бошқаси шайтоннинг йўлига чақиради. Шундай экан, мушриклар ёққан олов сизларга кўринадиган ва сизлар ёққан олов уларга кўринадиган даражада уларнинг яқинига йўламанг” [1].

    Насоий ва бошқалар Баҳз ибн Ҳаким, у отасидан ва отаси эса бобосидан “жаййид” (яхши) ровийлар шажараси ила ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мушрик киши исломни қабул қилса, то мушрикларни ташлаб, мусулмонларга қўшилмагунича Аллоҳ таоло ундан бирон амални қабул қилмайди”.

    Биз динни ғариб бўлиб қолгани, одамларнинг аҳволи ўзгариб кетгани: уларнинг мана шундай очиқ, огоҳ этувчи оят ва ҳадисларни эшита туриб кофирларнинг диёрларига боришлиги, улар билан бирга ўтириб, бирга еб-ичиб, бирга кулишиб юрганлигидан Аллоҳга шикоят қиламиз!

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мушрик билан бирлашиб, уларнинг диёрида яшаса, у ҳам мушрикларга ўхшашдир”, – деганлар [2].

    Иброҳим алайҳиссалом дини қаерда қолди?!

    Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун ёмон кўриш қани?!

    Бундай нохуш ҳолатлар содир бўлсада аксар инсонлар бунга мутлақ бепарводирлар.

    Бугунги кунга келиб аксар инсонлар даъват қилаётган социализм ёки “илмонийлик” (яъни, кундалик ҳаётдан дин ҳукмронлигини четлатишга асосланган дунёвий йўналиш) каби оқимлар муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг “ёки уларнинг йўлини тўғри деб билса” деган сўзлари остига киради. Чунки, бу оқимларнинг барчаси залолат ва куфр оқимларидир. Бу оқимлар тарафдорлари ўзларини мусулмон деб аташларининг ҳеч ҳам фойдаси йўқ. Чунки, исмнинг ўзгариши нарсанинг моҳиятини ўзгартирмайди.

    Биз бу ғаройиб асрда бошимизга тушган бундай нарсалардан ёлғиз Аллоҳга шикоят қиламиз. Дарҳақиқат, бу замонда ўлчов ва андозалар алмашиб қолди: кўпчилик моҳият билан эмас, исм билан муомала қиладиган, далил билан эмас, қуруқ даъво билан муомала қиладиган бўлиб қолди. Кечаю кундуз, сирли ва ошкора тарзда динга қарши курашаётган Аллоҳнинг душмани “калима қайтариб турибди-ку?”, деган даъво билан саводсиз нодон ва маишатпараст кишилар наздида тавҳидда турган мўмин ҳисобланиб қолди. Ҳолбуки, иблис лашкаридан бирига айланиб бўлган, жони ва мол-давлати билан динга қарши курашадиган бундай кимсанинг калима қайтариши унга қандай фойда бериши мумкин?! Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин!

[1] Абу Довуд ва Термизий Исмоил ибн Абу Холид ривоят йўли орқали, у Қайс ибн Абу Ҳозимдан ва у Жарирдан ривоят қилганлар. Ҳадис ровийлари ишончли кишилардир. Бироқ, Термизий ва бошқалар бу ҳадисни мурсал эканлиги билан “иллат”ини баён қилганлар. Ҳадиснинг мурсал эканлиги ҳақ, лекин ҳадис мазмунини келгусидаги ҳадис қўллаб қувватлайди.

[2]Абу Довуд Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.