Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тибён – “Исломни бузувчи амаллар” нинг шарҳи /4 ,5

3852 марта кўрилган

Исломни бузадиган амалларнинг тўртинчиси

    Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқасининг йўли у зотнинг йўлларидан мукаммалроқ,  ёки  тоғутларнинг ҳукмини у зотнинг ҳукмидан устун кўрган киши сингари, бошқаларнинг ҳукмини у зотнинг ҳукмидан яхшироқ деб эътиқод қилса кофир бўлади”.

    Биринчи масала: “Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқасининг йўли у зотнинг йўлларидан мукаммалроқ деб эътиқод қилмоқлиги”. Бу жуда муҳим ва хатарли масала. Бундай эътиқод одамни жаҳаннамга элтади. Чунки, бундай эътиқод оят ва ҳадисларга ҳам, ақлий далилларга ҳам зид ва тўқнашдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума хутбаларида: “Аммо баъд; Энг яхши сўз бу Аллоҳнинг китоби, энг яхши йўл эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир”, – деб айтар эдилар. (Муслим ва бошқалар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.)

    Шак-шубҳасиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари ҳар томонлама мукаммал йўлдир. Чунки, бу йўл у кишига ваҳий қилинган: “Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Нажм: 4)

    Шунинг учун ҳам ишончли ва мўътабар олимлар: “суннат - исломий қонунчиликнинг иккинчи асоси, мустақил равишда шаръий ҳукмлар чиқара олади ва ҳалол ва ҳаром қилиш масаласида худди Қуръон каби”, эканлигига иттифоқ қилганлар.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг қўлида айрим аҳли китоблардан олган бир китобни кўрган чоғларида: “Эй Ибн Хаттоб! Бу (дин) борасида ҳали ҳам шубҳадамисизлар?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен бу динни сизларга очиқ ва тоза ҳолатда олиб келдим. . .” , – дедилар.

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган дин барча динларни насх, (яъни бекор) қилувчи ва динлар ичидаги энг осон ва енгил диндир: “Аллоҳга энг суюкли дин – енгил ислом динидир” .

    Бу каби оят ва ҳадислардан кейин қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқаларнинг йўли у зотнинг йўлидан комил бўлсин?! Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мусо алайҳиссалом сизларнинг орангизда бўлиб, сўнгра сизлар мени ташлаб унга эргашганларингизда, қаттиқ адашган бўлур эдингизлар!”, -деган эдилар. Аллоҳ таоло бу умматга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам воситасида динини комил қилгани ҳамда ўз неъматини тўлиқ қилганини эслатиб шундай деди: “... Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим”. (Моида: 3) Аллоҳ биз учун танлаган динни биз ҳам танлаймиз. Чунки, у Аллоҳ суйган ва танлаган ҳамда энг афзал Пайғамбар орқали юборган диндир.

    “Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир”. (Оли Имрон: 19)

    “Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг “дини” Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир”. (Оли Имрон: 85)

    Исломдан бошқа дин истаган ҳар қандай кимса кофирлардандир.

    Иккинчи масала: “тоғутларнинг ҳукмини у зотнинг ҳукмидан устун кўрган киши сингари, бошқаларнинг ҳукмини у зотнинг ҳукмидан яхшироқ деб эътиқод қилмоқлиги”. Бундай инсон бутун илм аҳли иттифоқи билан кофирдир. Тоғутларнинг инсонлар томонидан жорий қилинган қонунларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмидан афзал деб билган кишилар ана шундай кофирлар жумласидандир. Улар ўзларига ўхшаш, ёки ўзларидан ҳам паст одамларнинг ҳукмини оламлар Рабби элчисининг ҳукмидан афзал қилганликлари боис кофир бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло у зотни бутун оламга ҳидоят қилиб, одамларни куфр ва жаҳолат зулматларидан иймон ва маърифат нурига олиб чиқиш учун юборди: “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Раббларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга — қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига — олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир”. (Иброҳим: 1)

    Ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёл шуни яхши билиши лозимки, Аллоҳ ва Расулининг ҳукми барча ҳукмлардан устундир. Одамлар орасида қандай бир масала чиқмасин, албатта у Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига ҳавола қилинмоғи керак. Ким Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан бошқа ҳукм истаса, у Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтганидек кофир бўлади: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди... Йўқ, Раббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”. (Нисо: 60-65)

    Аллоҳ таоло Ўзига қасам ичиб шуни маълум қилдики, одамлар то уч нарсани тўлиқ ўзларида мужассам қилмагунларича мўмин бўла олмайдилар:

1.     Барча ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳакам деб билиш.

2.     У зот чиқарган ҳукмдан дилда ҳеч қандай танглик топмаслик.

3.     У зотнинг ҳукмига бутунлай, тўлиқ бўйсуниш.

Қайси оқил киши Аллоҳнинг ҳукмини ташлаб, ожиз ва нотавон инсон фикрининг маҳсули бўлмиш жорий қонунлар унинг устидан ҳукмрон бўлишига рози бўлади?! Ахир Аллоҳ бу ҳукмларни инсонларни зулматлардан нур сари олиб чиқиш учун Расулига нозил қилганку?!

Қолаверса, бу қонунлар зулм ва одамларнинг мол-мулкини ноҳақ суистеъмол асосига қурилган.

Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини тарк қилиб, инсоният иродаси билан жорий қилинган қонун-қоидаларга рози бўлган аксар давлатларга нима бўлганига бир назар солинг! Бу жамиятларда зулм авж олган, ботил ғоя ва фикрлар, турли ахлоқий бузуқликлар, жиноятлар кенг тарқалган. Шунга қарамай, бу нохуш ҳолатларни инкор қиладиган кимса йўқ,  ёш авлод шу муҳитда ўсиб-ўлғайган, кексалар эса шунга ўрганиб қариган. Бора-бора уларнинг фитрати, хулқ-атвори ҳам ўзгариб қолган. Уларнинг ҳаёти ҳайвоний бир ҳаётга айланиб қолган. Зеро, Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан чиққан ҳар бир киши мана шундай ҳаёт кечириши муҳаққақ.

“Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир”. (Моида: 44)

Аллоҳ нозил қилган шариат билан ҳукм қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукми бошқаларнинг ҳукмидан яхши, деб эътиқод қилиш - “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дея гувоҳлик бериш тақозо қиладиган маънолардан биридир. Кимда ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқасининг ҳукми у зотнинг ҳукмидан яхши, деб ўйласа, у “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг маъносини билмай, аксинча, унга зид амални қилган бўлади. Чунки, Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига бўйсуниш бу улуғ калима талабларидан биридир. Бу шундай калимаки, у туфайли осмону ерлар барпо этилди, пайғамбарлар юборилиб, китоблар нозил қилинди. Бу калима туфайли жиҳод фарз қилиниб, инсонлар саодатли ва бадбахтга ажралдилар. Шундай экан, ким бу калимани ўрганиб, унинг барча шарт ва рукнларини тўла-тўкис адо этса, ўшанда Аллоҳ ва Расулидан бошқаларнинг ҳукмидан воз кечган бўлади.

Дарҳақиқат, ҳолат аввалгидан батамом ўзгарди. Айниқса, ҳозирги замонамиз худди икки пайғамбар оралиғидаги муддатга ўхшайди. Одамлар Аллоҳ ва Расулининг каломи, ҳукмини қўйиб, мўминлар борасида на қариндошчилик риштаси, на аҳду паймонга риоя қилмайдиган яҳудий ва насронийларнинг фикрларини олдилар, бетавфиқ кишилар фикрининг маҳсули бўлмиш қонун-қоидалар уларнинг ўртасида ҳукм юритишига рози бўлдилар.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари нақадар ажойиб сўзлар:

Қасамки, гуноҳлар менга ҳадикмас

Зеро, Аллоҳ қилур афву мағфират

Бироқ хавотирман, қалбим тортса бош

Қуръону суннатнинг олий ҳукмидан

Сўнг рози бўлса гар, юрса эргашиб

Одамларнинг тахмин сўқир фикрига

Эй Аллоҳ буни ҳеч қилмагин насиб

Муваффақ қил мени ваҳий ҳукмига

Ёлғиз Аллоҳнинг ўзига шикоят қиламиз, Ундангига ёрдам сўраймиз ва Унгагина таваккул қиламиз. Зеро, Аллоҳ тавфиқ ва мадад бермас экан, ҳеч бир гуноҳдан тийилиш ва ҳеч бир тоат-ибодат қилишнинг имкони йўқдир.

Шунингдек, “Хотин кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ёки ўғрини қўлини кесиш каби Аллоҳнинг ҳукмларини ижро этиш бугунги кунимизга муносиб эмас. Бизнинг замонамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналаридан бошқача. Бундай ишларни ижро қилсак ғарб давлатлари бизни маломат қилишади”, – деган сўзлар ҳам юқорида ўтган куфр ва залолат жумласидандир. Бу сўзларни айтган динсиз киши бугунги аср одамларининг ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларидан яхши ва тўғрироқ, деб даъво қилган ҳисобланади.

Шунингдек, “бугунги кунда Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси билан ҳукм қилса бўлади”, деган киши ҳам юқорида зикр қилинганларнинг биридир. Чунки, у ҳаромлигига иттифоқ қилинган ишни ҳалол деб санамоқда. Аллоҳу аълам!

Исломни бузадиган амалларнинг бешинчиси

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган бирор амални ёмон кўрса, гарчи ўзи унга амал қилса ҳам кофир бўлади”.

 “Ал-Иқноъ” китоби муаллифи ва бошқа уламоларнинг нақл қилишича, бунга бутун уламолар иттифоқ қилганлар. Сўзми ёки ҳатти-ҳаракат бўлишидан қатъий назар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган амаллардан бирортасини ёмон кўриш – эътиқодий мунофиқлик турларидан бири ҳисобланиб, бундай эътиқоддаги одам дўзахнинг энг тубидан ўрин олади.

Кимики,  буйруқ ёки қайтариқ бўлишидан қатъий назар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган бирор амални ёмон кўрса, у жуда ҳам хатарли иш устидадир.

 Оврупо маданиятидан таъсирланган, ислом динидан мутлақо юз ўгирган кўплаб худосиз ёзувчиларнинг кўп хотинлик хусусидаги салбий фикрлари шулар жумласидандир. Улар турли хил усуллар билан кўпхотинликка қарши курашишади. Улар бу билан Аллоҳ ва Расулига қарши курашаётганлари ва Аллоҳнинг буйруғини рад қилаётганларини билмайдилар.

Шунингдек, аёлнинг ҳукми эркакнинг ҳукмидан бошқача эканини ёмон кўрган кишилар - куфр ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ёмон кўришда юқоридаги кимсалар билан теппа-тенгдирлар. Улар аёл кишининг хунҳақи эркакнинг ярим хунҳақи миқдорида эканлиги, икки аёл кишининг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг келиши ва шу каби ҳукмларни ёқтирмайдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларга қарата айтган қуйидаги сўзларини ҳам ёқтирмайдилар: “Мен сизлардан кўра, қатъиятли эркакнинг ақлини оладиганроқ, ақли ва дини ноқис кимсани кўрмадим...”. Муттафақун алайҳ, Абу Саид Худрий розиёллоҳу анҳу ривояти.

Шу боис уларнинг бу ҳадисга тил теккизаётганларини кўрасиз: гоҳида ҳадисни зоҳир маъносидан бурсалар, гоҳида уни ақлга, ёхуд воқега тескари деган ва бундан бошқа даъволар билан уни заифга чиқармоқчи бўладилар. Бу эса улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳукмларни хушламасликларининг яққол исботидир.

 Улар гарчи ҳадис мазмунига амал қилсалар ҳам, лекин “Ла илаҳа иллаллоҳ” шартларига тўлиқ амал қилмаганликлари сабаб кофирдирлар. Чунки, “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг талабларидан бири – бу калима далолат қилган ҳар бир нарсани яхши кўриш, қалбни очиб, севиб қабул қилишдир. Анави инсонлар эса бу калима далолат қилган нарсалардан қалблари танг бўлиб, ундан нафратланадилар. Бу айнан мунофиқларнинг қилмишидир. Улар шариат аҳкомларини ёмон кўрсаларда, қандайдир сабабларга кўра шариатнинг кўпгина ташқи гўзал амалларини бажариб юрадилар.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким чин юракдан “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деса жаннатга киради”, – дедилар. Ҳадисдаги “чин юракдан” деган сўз билан мунофиқлар чиқиб кетадилар. Чунки, улар бу калимани чин юракдан айтмай, аксинча, фақат молу жонларини сақлаб қолиш учун айтадилар.

Аллоҳ таоло Расулига нозил қилинган ҳукмларни ёмон кўрадиган кишини кофирлигини ҳукм қилароқ шундай дейди: “Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зое кетказур. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказди”. (Муҳаммад: 8, 9)

Улар Қуръон ва ундаги ҳукмларни ёмон кўрганлари сабаб Аллоҳ таоло уларнинг амалларини беҳуда кетказди ва ҳавода тўзғиган чанг мисол қийматсиз қилиб қўйди. Аслида Аллоҳ таоло Расулига нозил қилган бу Қуръонни – уни маҳкам тутиб, унинг буйруқларига амал қилган, ундаги қайтариқлардан тийилган инсонларга эзгулик, нажот ва саодат қилиб нозил қилган эди.

 Аллоҳ нозил қилган шариат аҳкомларини ёмон кўрган ҳар бир кимса, гарчи ўзи ёмон кўрган бу шариатга амал қилса ҳам, унинг амали беҳуда кетади. Мусулмон киши қаттиқ қўрқмоғи лозим бўлган амаллардан бири – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳукм ва амаллардан бирини ёмон кўрмоқлигидир.

Гоҳида бу нарса инсон қалбининг бир четида яшириниб ётиб, уни умри бир жойга етиб боргандагина сезиб қолиши мумкин. Шу боис инсон: “Эй қалбларни ўзгартирувчи зот! Менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!”, – дея кўп дуо қилиши керак. Чунки, қалблар Аллоҳнинг икки бармоғи орасида бўлиб, Аллоҳ таоло уни ўзи хоҳлаганидек ўзгартириб туради.

Яна шунга ҳам эътибор қаратиш лозимки, кўпчилик инсонларга баъзан бир ишни нотўғри эканини баён қилсангиз, у буни қабул қилмайди. Айниқса, у ўша нотўғри ишни қилиб турган бўлса, сизнинг гапингизни олмайди. Бундай киши тўғрисида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариатни ёмон кўради”, дейилмайди. Чунки, у сиз унга баён қилган ҳақни, уни ҳақ эканлиги учун эмас, Балки,  сиз унга ҳикматсиз тарзда амр маъруф ва наҳий мункар қилганлигингиз сабабли қабул қилмаслиги, агар сиздан бошқа бир киши келиб, унга айнан ўша нотўғри ишни баён қилса қабул қилиб буйсуниши мумкин. Шунингдек, у киши билан сизнинг ўрталарингизда содир бўлган қандайдир келишмовчилик сабаб айнан сиздан насиҳат қабул қилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда унга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариатни ёмон кўради”, дейилмайди.

Баъзи бир инсонлар гуноҳкор кишиларнинг бўйнига аслида бўлмаган айбларни қўймоқчи бўладилар. Масалан, соқолини қириб олган, шимини тўпиғидан пастга тушириб кийган ҳамда ароқ ичган кишиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолни узун қўйиш, шимни тўпиқдан юқори қилиб кийиш ҳамда ароқ ичмаслик каби буйруқларини ёмон кўриш билан айблаб: “Агар сизлар Расулуллоҳнинг айтган буйруқларидан нафрат этмаганингизда, бу буйруқларга амал қилган бўлардингиз.” – дейишади.

Бу нотўғри айбловдир. Чунки, баъзи бир саҳобийлар ҳам ароқ ичиш каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига хилоф ишлар қилган ва бирор киши уларни бунақа айб билан айбламаган. Аксинча, ароқ ичган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб келиниб, бир киши: “Бу одам на мунча кўп (маст бўлгани учун) олиб келинади?!”, – дея уни лаънатлаганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни лаънатлашдан қайтариб: “У Аллоҳ ва Расулини севади”, – деганлар. Бухорий ривояти

Бундай кишиларни бунақа айб билан айблаш – гуноҳи кабира қилган кишиларни диндан чиқаришни тақозо қилади ва бу аҳлисунна вал-жамоат ақидасига зиддир. Уларнинг ақидасида гуноҳи кабира қилган киши Аллоҳнинг хоҳиши остида бўлади: хоҳласа кечиради, хоҳласа жиноятларига яраша жазолайди ва кейин эса уларнинг борар жойлари жаннат бўлади. Валлоҳу аълам!