асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Тибён – “Исломни бузувчи амаллар” нинг шарҳи / 24259 марта кўрилган Исломни бузадиган амалларнинг иккинчиси Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Иккинчиси: Ким ўзи билан Аллоҳ ўртасида (кимни ва нимани бўлишидан қатъий назар) восита қилса; уларга дуо қилиб, (Аллоҳнинг олдида) шафоат қилишларини сўраса ва уларга таваккал қилса, ижмоан кофир бўлади”. Исломни бузадиган бу амал энг кўп содир бўладиган ва кишига энг хатарли бўлган амаллардан биридир. Чунки, исломга ўзини мансуб деб билиб, лекин ислом ва унинг моҳиятини билмайдиган кўп кимсалар ўзи билан Раб таоло ўртасида ҳар қандай воситалар қилиб, мушкулини осон қилиши ва қийинчиликларда ёрдам беришини сўраб, уларга дуо қилади. Бундай кимсалар мусулмонлар иттифоқи билан кофирдирлар. Чунки, Аллоҳ таоло (самовий) китобларни тушириб, пайғамбарлар юборишидан мақсад – инсонлар кимсани У зотга шерик қилмасдан, ёлғиз Ўзигагина ибодат қилишлари эди. Лекин қабрга сиғинувчилар бундан бош тортиб, Аллоҳ таоло билан ўз ўрталарида (авлиёларни) восита қилиб, улардан ўзларига бирор фойда келтиришларини ёки улардан бирор зарарни даф қилишларини сўрайдилар ва Аллоҳ таоло буюрган ибодат мана шу, дейишадилар. Ким уларнинг бундай қилмишларини танқид қилса, унга “бу одам солиҳ кишилар ва азиз-авлиёларни ҳурмат қилмайди”, деб таъна тошини отадилар. Улар ўзларининг бузуқ эътиқодларича, Аллоҳ таолони улуғлаб, У зотнинг ўзидан тўғридан-тўғри сўрамас эмишлар. Айтишларича, подшоҳлардан ўртага одам қўйиб сўралганидек, Аллоҳ таолодан ҳам восита орқали сўраш шарт ва Аллоҳ таоло подшоҳдан кўра бу нарсага янада лойиқроқ эмиш! Улар (Аллоҳ ўзи паноҳ берсин!) Аллоҳ таолони ожиз бандага ўхшатдилар ва адашишларига ҳам шу сабаб бўлиб, ҳатто исломдан чиқиб кетдилар. Қуръон ва суннатда уларнинг гаплари нотўғри эканини исботлайдиган далиллар жуда ҳам кўп. Кимики Қуръонни ҳидоят истаб, ўзининг ҳою-ҳавосидан ҳақни устун қўйиб мушоҳада қилса, у кишига бу нарсалар яққол равшан бўлади. Ҳақ динга эргашган кимса доимо одамлар орасида ғариб эканлиги ҳамда кўпчилик одамлар Раббларининг динини яхши билмаслиги унга намоён бўлади. Ушбу далиллардан айримлари қуйидаги оятлардир: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: “Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверингларчи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур” (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар).” (Сабаъ: 22, 23) “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Рабга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Раббингизнинг азоби қўрқинчлидир.” (Исро: 56, 57) “Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (исломда) тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Аллоҳни қуйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз! Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир.” (Юнус:106, 107) “Айтинг: “Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз – агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолгувчимилар?! ” Айтинг: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилувчи – суянувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар”. (Зумар: 37) Қуръони Каримда ибодатни ёлғиз Аллоҳга холис қилиш ва У зот билан одамлар ўртасида ҳеч қандай бир восита қилмаслик кераклигини кўрсатувчи бундан бошқа ҳам кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилди: “Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар” . Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Аллоҳ ва сиз хоҳласангиз” – дейилганида: “Мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Ёлғиз Аллоҳ хоҳласа деб айт!” – дедилар. Чунки, “ва сиз” деган иборадаги “ва” сўзи тенгликни ифода қилади. Аллоҳ таоло ёлғиз илоҳ бўлганидек, ибодат ҳам ёлғиз Унинг ўзига қаратилмоғи ва фойда-зарар келтиришда бандаларидан бирортасига ҳам тенг қилинмаслиги лозим. Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ва уни “ҳасан” деб тавсифлаган улуғ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳнинг шариатига риоя қилгин! Шунда Аллоҳ сени (динда адашиш, оила ҳамда молу-мулкда хато қилишдан) асрагай. Аллоҳни шариатига риоя қилгин! Шунда сен У зотни қаршингда (сени ҳар турли ёмонликдан сақлаганини ва барча яхшиликларга бошлаганини) топгайсан. Агар (ҳожатинг битишини) сўрасанг, фақат Аллоҳдан сўра! Агар ёрдам сўрасанг, фақат Аллоҳдан ёрдам тила! Шуни аниқ билгинки, агар бутун уммат бирлашиб, сенга фойда келтирмоқчи бўлсалар, Аллоҳ сенга насиб қилган нарсанигина наф келтира олгайлар. Ёки улар бирлашиб, сенга бирор зарар бермоқчи бўлсалар ҳам, фақатгина Аллоҳ пешонангга битган зарарнигина етказа оладилар. (Банданинг тақдирини битишдан) қаламлар бўшаб, (тақдирлар битилган) саҳифалар (даги сиёҳлар) ҳам қуриб бўлган”. Шайхулислом Ибн Таймия шундай деганлар: “Мўмин киши Аллоҳ таоло ҳар нарсанинг Рабби ва эгаси эканини билса ҳам, у худди Аллоҳ таоло ёмғирни ўсимлик унишига сабаб қилгани каби Аллоҳ таоло яратган сабабларни инкор қилмайди: “. . . ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган сув деган неъматда . . . — (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир”. (Бақара: 164) Шунингдек Аллоҳ таоло ўзи яратадиган баъзи бир нарсаларга қуёш ва ойни сабабчи қилган. Худди шундай, шафоат ва дуони ҳам улар иккисидан келиб чиқадиган ишларга сабаб қилган. Бунга яна бир мисол мусулмонларнинг маййитга жаноза намози ўқишларидир. Жаноза намози Аллоҳ маййитни раҳматига олиши ва унга жаноза ўқиган кишиларни савобдор қилиши учун бир сабабдир. Лекин сабаблар тўғрисида қуйидаги уч масалани яхши тушуниб олиш керак: Биринчи масала: Муайян бир сабаб мустақил равишда мақсадни рўёбга чиқара олмайди. Балки, бу мақсад рўёбга чиқишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Айни пайтда бу сабабларни мақсадни рўёбга чиқаришидан ман қиладиган тўсиқлар ҳам бор. Агар Аллоҳ таоло шу сабабларни барчасини пайдо қилиб, тўсиқларни олдини олмаса, у мақсад амалга ошмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нимани хоҳласа, гарчи инсонлар уни хоҳламасалар ҳам амалга ошади. Инсонлар хоҳлаган нарсалар эса Аллоҳ таоло хоҳламас экан, амалга ошмайди. Иккинчи масала: Билмасдан туриб, муайян бир нарса муайян бир мақсадга сабаб бўлади, деб эътиқод қилинмоғи ножоиздир. Кимики илмсиз ёки шариатга хилоф бир нарсани сабаб деса, нотўғри қилган бўлади. Назр қилиш бирон бир неъматни жалб қилади, ёки балони даф қилади, деб ўйламоқлик бунга бир мисолдир. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам назрдан қайтарганликлари ва: “Назр бирон яхшилик келтирмайди, аксинча унинг воситасида бахил одамдан (мол-давлати) чиқарилади”, – деганликлари ривоят қилинган. Учинчи масала: Шариатда йўқ бўлган диний амаллар савоб ҳосил қилиш, ёки Аллоҳ таолога яқинлашиш учун сабаб қилиб олиниши жоиз эмас. Чунки, ибодатларнинг ҳар бири муайян бир далилга асосланиши лозимдир. Инсон Аллоҳ таолога Ундан бошқасини шерик қилиб, У зотдан бошқасига дуо қилмоқлиги, (гарчи шундай қилиши унинг баъзи бир мақсадлари ҳосил бўлишига сабаб бўлади, деб ўйласа ҳам) мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога шариатга хилоф бўлган бидъатлар билан (гарчи бу бидъатлар мақсадга элтади, деб ўйланса ҳам) ибодат қилинмайди. Чунки, инсон ширк келтирар экан, баъзан шайтонлар унинг айрим мақсадларига эришмоқлигига ёрдам берадилар. Гоҳида куфр, фосиқлик ва осийлик билан инсоннинг баъзи мақсадлари амалга ошиши мумкин. Бироқ, унга бу ишлар ҳалол бўлмайди. Чунки, бу ишларнинг фойдасидан зарари кўп. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятга тегишли барча манфаатларни рўёбга чиқариш, уни мукаммал қилиш, башариятга етиши мумкин бўлган барча зарарларни йўқотиш ва уни имкон қадар камайтириш мақсадида юборилганлар. Демак, Аллоҳ таоло нимага буюрган бўлса, унинг фойда томони кўпроқ ва нимадан қайтарган бўлса, унинг зарар томони кўпроқдир”. (Фатово: 1/137, 138) (Иқтибос тугади). Мушриклар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зикр қилганидек, шафоатга қаттиқ ёпишиб олганликлари боис катта ширк тузоғига тушиб қолганлар. Мушриклар эришамиз деб ўйлаган шафоат қиёмат кунида уларга насиб қилмайди. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир қанча жойларида бундай шафоат борлигини инкор этган: “Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на оқлов бўлмайдиган кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсалар зулм қилувчилардир”. (Бақара: 254) “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу (Қуръон) билан ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган ҳолда Раблари даргоҳида тўпланишдан қўрқадиган зотларни қўрқитинг! Шояд улар (гуноҳ ишлардан) парҳез қилсалар”. (Анъом: 51) Шафоатнинг ушбу юқорида зикр қилинган оятларда инкор қилинган тури Аллоҳдан бошқадан сўраладиган шафоатдир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда бошқа бир қанча жойларда шафоат бор эканини айтган: “Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди”. (Бақара: 255) “Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар”. (Анбиё: 28) “Айтинг: “Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир. . .”. (Зумар: 44) “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган, рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Нажм: 26) Демак, шафоат икки тур бўлади: а. Инкор этилган ботил шафоат: бундай шафоат Аллоҳ таолодан бошқасидан сўраладиган шафоатдир. б. Исбот этилган ҳақиқий шафоат: бундай шафоат Аллоҳ таолодангина сўраладиган, тавҳид ва ихлос аҳлигагина насиб этадиган шафоатдир. Бу шафоат мазкур шартларга қўшимча яна иккита муҳим нарса билан чекланган: Биринчиси: Аллоҳ таоло шафоат қилувчи кишига изн бериши: “Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди”. (Бақара: 255) Иккинчиси: Аллоҳ таоло шафоатга олинган кишига рози бўлиши: “Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар”. (Анбиё: 28) Яъни, Аллоҳ таоло шафоатга олинган кишининг айтган сўзлари ва қилган амалларига рози бўлсагина шафоат қилувчилар унга шафоат қилурлар. Мушрикларнинг амаллари эса тўзғиган ғубор мисол беҳуда кетади. Уларнинг мақсадларига зид ўлароқ уларга шафоат насиб этмайди. Зеро, кимки бир нарсага вақтидан олдин нотўғри йўл орқали эришмоқчи бўлса, ўша нарсадан маҳрум қилиш билан жазоланади. |