асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Уламолар гўшти заҳарлидир! (4)4203 марта кўрилган Иккинчи: уламоларимизга нисбатан зиммамиздаги масъулиятлар1 – Уламоларнинг Уммат йўлбошчилигидаги мавқеъ ва таъсирларини сақлаб қолиш.Салафи солиҳларимизнинг ўз уламоларига қилган муомалаларида бизлар учун ўрнак ва намуналар бор. Зеро, улар толиби илм одоблари ҳақида ёзиб қолдиришган сатрлар ёғдуси айрим беандиша талабаларнинг йўлларини ёритса, фойдадан холи бўлмас эди. Ироқий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Муҳаддис – ўзидан кўра билимдонроқ бўлган муҳаддис олдида сукут қилсин. Чунки, Иброҳим ва Шаъбий бир ерда бўлсалар, Иброҳим оғиз очмас эди"(Иброҳим ва Шаъбий роҳимаҳумаллоҳлар буюк муҳаддислардан ҳисобланади). Имом Шофиийнинг ўғли айтади: "Отам мунозара қилганида ҳеч кимга товушини кўтармаган". Яҳё ибн Муин роҳимаҳуллоҳ айтади: "Бирон шаҳарда ҳадис ривоят қилишга ўзидан кўра лойиқроқ олим бўла туриб ҳадис айтган одам аҳмоқдир". Саълукий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Устозига масхаромуз: "Нега энди?" деган талабанинг юзи ёруғ бўлмайди." Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга нисбатан шу қадар одоб сақлаган эканки, илмий масалалардан бир масалани сўрайман деб, бир йил юриб, сўрай олмаган экан. Товус ибн Кайсон роҳимаҳуллоҳ айтади: "Олимни ҳурмат қилиш – суннатдир". Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Салама Ибн Аббос билан тортишавергани сабабли кўп илмдан маҳрум бўлган". Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Муҳаддисларни Яҳё ибн Муин каби ҳурматлаган бошқа бирон кишини кўрмадим". Муғийра роҳимаҳуллоҳ айтади: "Иброҳимдан амирдан ҳайбатлангандек ҳайбатланар эдик". Ато ибн Рабоҳ роҳимаҳуллоҳ айтади: "Баъзилар менга ҳадис айтар эканлар, у ҳадисни биринчи марта эшитаётгандек тинглайман. Ҳолбуки, у ҳадисни у одам туғилишидан олдин эшитганман". Имом Шофиий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Ким билан мунозара қилган бўлсам, Аллоҳ таолодан унинг тилида ҳақиқатни сўзлатишини умид қилдим". Имом Аҳмад бетоб ётган ҳолида унинг ҳузурида уламолардан бири тилга олинди. Шунда у зудлик билан ўтириб олди-да: "Солиҳ кишилар тилга олинар экан, бизнинг ёнбошлаб олишимиз яхши эмас"- деди. Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Тақводор одам ҳеч қачон жанжал кўтармайди". Шундай инсонлардангина намуна олса арзийди. Аллоҳ таоло айтади: "Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!" (Анъом: 90). 2 – Аллоҳ сақлаган фаришта ва пайғамбарларгина гуноҳ ва хатолардан маъсум эканини билиш.Бинобарин, ҳар бир олим хато қилиши мумкин эканини назардан четлатмай, ижтиҳод қилганида хатога йўл қўйса кечиришимиз ва уламоларнинг хатоларини излаб, санаб юрмаслигимиз керак. Салафи солиҳ бу нарсани жуда яхши билар ва бунга қатъий риоя қилар эди. Имом Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Ҳеч бир киши хато қилишдан маъсум эмас". Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: "Хато ва ғалатдан ким ҳам қутула олади?!". Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Зеҳнлари кучли бўлишига қарамай катта-катта имомлар ҳам хатога йўл қўйганлар". Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ айтади: "Адолатли экани маълум бўлган бир шайхнинг ҳадисини унинг ривоятидаги ноаниқликлар сабабли олмаслик инсофдан эмас. Агар шу мантиқ билан иш кўрсак Зуҳрий, ибн Журайж, Саврий ва Шуъба роҳимаҳумуллоҳларнинг ривоят қилган ҳадисларини олмаслигимиз керак бўлади. Ҳолбуки улар, ривоятлари соғлом ҳамда ўта зеҳнли ва ишончли бўлсалар-да, хатолардан маъсум эмаслар". 3 – Ихтилоф саҳобалар даврида ҳам бўлган ва Қиёмат кунигача давом этишини унутмасликШунинг учун ҳам, уламолар ўртасидаги ихтилофларга бағримизни кенгроқ қилсак яхши бўлади. Зеро уларнинг ҳар бирининг ўз нуқтаи назари бор. Улар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши табиий. Бу ҳақда уламоларнинг ўзлари айтган сўзларга, масалан, шайхулислом ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳнинг "Рафъул-малом анил-аимматил-аълом" (Машҳур уламолардан маломатни кетказиш) китобига қаранг. 4 – Сезмаган ҳолда Ислом душманларининг режаларини ижро этиш ўрнига, аксинча, уларга фурсат бермаслик, уларнинг ғоя ва мақсадларини ўрганиб, уламоларимизни мудофаа қилиш.5 – Уламоларимизнинг сўзлари ва фикрларини тўғри маънода тушуниш, сўзларини олмасак-да, уларга ёмон гумонда бўлмаслик.Дарҳақиқат, уламоларнинг ҳар бир сўзини олишга мажбур эмасмиз. Бироқ бир олимнинг сўзини (унинг зиддига далил бўлса) олмаслик билан уни айблаш ўртасида катта фарқ бор. Яъни, бир олимнинг сўзларига қаноат ҳосил қилмаслигимиз – унга тил теккизиб, обрўсини тўкишни тақозо этмайди. Имом Шофиий роҳимаҳуллоҳ: "Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир",дер эди. Бу сўз бошқа талайгина уламолардан ҳам ривоят қилинган. Чунки улар бир олимнинг сўзи билангина Аллоҳ таолога ибодат қилинмаслигини, баъзида унинг сўзлари далилга хилоф келиши, яъни унга бу далил етиб келмаган бўлиши мумкинлигини идрок этишар, шундай бўлса-да, ўша олимнинг обрўси ва шарафи ҳимояланган ҳолатида қолар эди. Умар розияллоҳу анҳу айтади: "Мусулмон биродарингизнинг оғзидан чиққан сўзга ёмон гумонда бўлманг. Уни яхшиликка йўйинг!". 6 – Бошқаларнинг, хусусан уламоларнинг айбу-нуқсонлари ўрнига ўз айбу-нуқсонларимиз билан шуғулланиш.Ўзинг қилган ишни бошқада кўрсанг, Айблаб, эй воиз, бўлма гуноҳкор. Ширкдан сўнг биз билган энг катта гуноҳ Ўзининг хатосин билмаслик зинҳор! У гуноҳни таниди, бошқаларда излагач, Нима қилсин бечора, ўзида ҳеч кўрмагач! Уламолардаги айбу-нуқсонларни излаб, ўзидагиларни унутган одамнинг мисоли шоирнинг қуйидаги сўзларига ўхшайди: Қояни парчалаш учун сузди-ю, Шохини синдирди тоғнинг такаси... Ёхуд ушбу шоирнинг сўзларига ўхшайди: Осмонўпар тоғларни сузган, эй қўчқор, Бошингга ҳушёр бўл, тоққамас зинҳор! Гоҳида олим хатога йўл қўйиши мумкин. Бу – унинг билими ва қилган ишларини тарк этишни тақозо қилмайди. Илмимга амал қилсам, амалда қилсам хато, Мендаги хато сенга зарарсиздир мутлақо! 3 – Уламоларга хатоларини баён қилиш учун обрўларини тўкмайдиган тўғри йўлни танлашҲозирда кўпчилик меъёр нималигини билмай қолган. Баъзилар уламоларни айблаб, обрўларини тўкаётган бўлса, бошқа баъзилар ҳақиқатни шаръий далиллар билан тушунтираётган олим ёки толиби илмларни уламоларни обрўсизлантириш ва фитналарга сабаб бўлишда айбламоқда. Ҳар иккала тоифа ҳам бу хусусда тўғриликдан узоқдадир. Шундай экан, шаръий далилга асосланган сўзларнигина айтган ҳолда, ҳам уламолар обрўсини тўкмасликни, ҳам ҳақиқатни баён қилишни ўзида жамлайдиган тўғри йўл қандай бўлиши мумкин?! Бу йўлни қуйидагича изоҳлаш мумкин: 1 – Уламолар ҳақида айтилаётган сўзларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш.Уламолар ҳақида турли ғаразли мақсадлар йўлида ҳар хил миш-мишлар тарқатилади. Аввало, шу миш-мишларнинг тўғрими, нотўғри эканига ишонч ҳосил қилиш керак. Чунки, баъзан бундай гап-сўзлар асоссиз ва нотўғри бўлиб чиқади. Катта уламоларимизга нисбатланган қанча сўзлар борки, бу ҳақда уларнинг ўзларидан сўраганимизда, улар бундай гапларни умуман айтмаганликлари маълум бўлган. Ҳозирда шундайлар кўпайиб кетганки, борган ҳар ерларида: "Фалон олим ҳақида фалон-фалон гаплар юрибди" дейди. "Нима учун?" деб сўрасангиз: "У фалон-фалон гапларни айтибди" деб жавоб беради. Сиз ўша олимнинг олдига бориб, шу ҳақда сўрасангиз: "Аллоҳга қасамки, мен у сўзларнинг биронтасини ҳам айтмаганман", дейди. Демак, олимга нисбатланаётган сўзларни текшириб кўриш, биз мақсад қилаётган тўғри йўл устидаги биринчи қадам саналади. 2 – Бир олимнинг сўзларини олмаслик, у билан мунозара қилиш ва унга ҳақиқатни баён қилиш уламоларни қоралашдан тубдан фарқ қилишини билиш.Бу икки нарса ўртасидаги фарқ жуда ҳам каттадир. Биз бирон бир фатвони далилларга мутаносиб келмагани учун олмаслигимиз жоиз бўлар, бироқ уламоларни қоралашимиз асло жоиз бўлмайди. 3 – Гапираётган одам Аллоҳ розилигини талаб қилиши.Гапираётган одам холислик билан гапирсин, нафс-ҳаво, интиқом олиш, ўзини кўрсатиш каби вақтинчалик шахсий ғаразларидан четлансин: "Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)"(Каҳф: 110). Шуни ҳам унутмаслик керакки, рад қилиш аслида холис ва Аллоҳ розилиги учун бўлган-у, бироқ кейинроқ шайтон унга ўзини кўрсатиш ва бошқа ниятни бузадиган офатларни ҳам васваса қилган бўлиши мумкин. 4 – Инсоф ва адолатАйрим толиби илмлар ҳолига назар ташлаган одам, улар олим айтаётган сўзларни бирваракайига ҳаммасини қабул қилаётганини ёки аксинча, унинг ҳеч бир сўзини умуман қабул қилмаётганини кўради. Бу – Аллоҳ таоло буюрган адолат ва инсофга зиддир. Аллоҳ таоло айтади: "Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз!" (Моида: 8). Адолатли ва инсофли бўлиш - аҳли суннат ва жамоат манҳажидир. Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ: "Аҳли суннат бидъатчига, бидъатчиларнинг бир-бирларига қилган адолатидан ҳам адолатлироқдир!"-деганлар. Олимлар ҳақида инсофли ва адолатли бўлишга қуйидагилар киради: а) Олимга у муносиб бўлган даражада мақтов айтиш. б) У йўл қўйган хатони тушунтиришда ҳаддан ошмаслик.Уламолардан бири хато қилган бўлса ва сиз уни тушунтирмоқчи бўлсангиз, у қилган барча хатоларни санашга киришиб, обрўсини тўкишга шошилманг. Билъакс, ўзингиз баён қилмоқчи бўлган хатоси ҳақидагина айтинг, ундан нарига ўтманг! Бошқаларнинг ҳаддингиздан ошишга ундашларига қулоқ солманг! 5 – Кишиларга баҳо беришда муҳаддислар йўлидан юришБаъзи олимлар тарафидан йўл қўйилган хатоларни тушунтирмоқчи бўлган одам, муҳаддислар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) чизиб берган инсофли манҳаж-йўлдан юриши лозим. Бу мавзуда ҳажми кичик бўлишига қарамай, бебаҳо бўлган бир рисола борки, у бу манҳажни тўлақонли акс эттирган. У шайх Аҳмад Сувайён қаламига мансуб: "Кишиларга ва уларнинг асарларига баҳо беришда аҳли суннат ва жамоат манҳажи" рисоласидир. Ўқувчиларга мазкур китобни ўқишни тавсия қиламан. 6 – Билмоқ керакки, олимнинг хатоси икки турли: фуруъ (шохобча) ва усул (ақида)да бўлади.а) Фаръий масалалар – ижтиҳодий масалалардан ҳисобланиб, унда ихтилофлар бўлиши табиий. Агар шундай масалада олимнинг хатоси бўлса, унинг обрўсига путур етмайдиган қилиб тузатиш мумкин. б) Усул (ақида) масалаларида бўлса, бу ҳақда энг тўғри бўлган сўзни баён қилинади. Меъёрдан оширмаган ва камайтирмаган ҳолда, умумий равишда бидъатчилардан огоҳлантирилади. Бидъатига чорлаётган кимсанинг хатарлари ҳақида эслатилади. Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ: "Аҳли суннат бидъатчига бидъатчиларнинг бир-бирларига қилган адолатидан ҳам адолатлироқдирлар!"-деганлар. Яъни, бидъатчилар бир-бирларининг гўштини ейишади. Ҳар бир тоифа бошқаларининг ҳаққига тажовуз қилади. Аҳли суннат ва жамоат эса куфрга етиб бормаган хатоларга йўл қўйган одамлар у ёқда турсин, кофирларга ҳам инсоф билан қарайдилар. Ҳозирги кунда одамлар бу масалада аҳли суннат ва жамоат йўлидан четланиб кетдилар. Яқинда бир гап эшитдим. Баъзи одамлар уламолардан бирининг ақида бобида йўл қўйган хатосини баён қилиш билан чекланмай, унинг оиласига – аёли, қизлари ва ўғиллари шаънига ҳам тил теккизганлар! Субҳоналлоҳ! Унинг хотини-ю, ўғил-қизларининг бу ишга нима алоқаси бор?! Унинг обрў-номусига чанг солишнинг нима ҳожати бор?! Унутмайликки, биз хато содир бўлганида сукут қилишга тарғиб қилмаяпмиз. Фақатгина, ҳақиқатни очиш ва тушунтириш учун тўғри йўлни танлашга чақирмоқдамиз. 7 – Хоҳ усул (эътиқод) ва хоҳ фуруъ масалаларида хато содир этган олим билан боғланиш имкони бўлса, шу энг тўғри йўл бўлса керак. Шояд хатоларидан воз кечиб, ҳақиқатга қайтар.Чунки мақсад - ҳақиқатга қайтишдир. Хато қилган одамнинг ўз хатосидан қайтишининг ва қилган хатосини ошкор эълон қилишининг одамлар учун катта манфаати бор. Чунки, унга хатоларини тушунтириб, ҳақиқатни баён қилсангиз, одамларнинг ярми қаноат ҳосил қилади. Агар насиҳат қилганингиздан ва Аллоҳдан қўрқишни ёдига солганингиздан сўнг, унинг ўзи ҳақиқатга қайтса, унга ишонган одамларнинг ҳаммаси қаноат ҳосил қилади. Шу ерда бир воқеани эслатмоқчиман: уламолардан иккитаси бир масала ҳақида ихтилоф қилиб қолган эса-да, ҳар иккиси ҳам одамлар ўртасида қарши тарафни хатога нисбатлашга ҳаракат қилмади. Балки икковлон бир ерга келиб, мунозара қилдилар. Мунозара ниҳоясида ҳар иккиси ҳам бир-бирларининг сўзларини қабул қилдилар. Чунки уларнинг мақсадлари ҳақиқатга эришиш эди. |