Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уламолар гўшти заҳарлидир!

4470 марта кўрилган

Муаллиф: Шайх Носир ибн Сулаймон Умар

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Ушбу китоб:

- хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма равишда бўлсин, уламоларга тил теккизадиган;

- илмига амалли уламоларни қоралайдиган, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида уларни айблаб, шаънларига чидаб бўлмас ҳақоратларни ёғдирадиган ва бошқаларни ҳам шу йўлларига чақирадиган;

- куч-ғайратларини илм аҳлига қарши сарфлайдиган барча-барчага қаратилган.

Биз уларга шундай деймиз:

Биринчидан: Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин, уламоларни бунча кўп чайнайверманг! Унутманг, уларнинг гўшти заҳарли! Бировлар обрўсини ноҳақ тўкувчиларга Аллоҳнинг берадиган жазоси маълум!

Иккинчидан:

Осмонўпар тоғларни сузган, эй қўчқор,

Бошингга ҳушёр бўл, тоққамас зинҳор!

Учинчидан: Ислом Уммати ўз уламоларига бўлган ишончини йўқотган эмас. У қалби моғор босган тубан кимсаларнинг аккиллашларини қабул қилмайди!

Аллоҳим! Дининг, Китобинг, пайғамбаринг суннати узра барқарор бўлган солиҳ бандаларингга Ўзинг мадад бергайсан.

Ношир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у зотга ҳамда аҳли-аёл ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

"Эй мўминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек тақво қилинглар!" (Оли Имрон: 103).

"Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган, ундан эса жуфтини яратган ва у иккисидан кўплаб эр ва аёлларни таратган Роббингиздан қўрқингиз! Ва ўзаро ўртага қўйиб сўраётганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик ришталарини узиб қўйишдан қўрқингиз! Дарҳақиқат Аллоҳ сизларни Кузатиб турувчи зотдир." (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди.» (Аҳзоб: 70,71).

Сўнг …

Ўртага ташлаётганимиз ушбу мавзу ғоят аҳамиятли ҳамда ортидан келадиган натижалар хатарли бўлгани учун ҳам уни билишимиз зарур.

Бугун кўз очаётган исломий уйғониш ички тарафдан мағлуб бўлиб қолмаслик учун йўлланма ва тавсияларга муҳтож бўлиб қолмоқда.

Олов ютар ўз парчасини *** Тополмаса ёнилғисини!

Мен исломий уйғониш ўзини тўғрилик сари йўлловчи ва унга ҳақ тавсиялар берувчи бирон кишини топа олмай қолгудек бўлса, душманлари у ёқда турсин, ўз ичидан хатарларга тушиб қоладими, деб қўрқаман.

Мавзуга киришишдан аввал шуни эслатиб ўтмоқчиманки, ўтган йили исломий онги уйғоқ бўлган, асосан толиби илмлардан иборат айрим мухлис ёшлар жамланиб қолишса кўпроқ шариат уламолари ҳақида сўз юритишаётгани, улардан баъзиларини оқлаб, баъзиларини мазаммат ва танқид қилишаётгани хабари қулоғимга тушди. Шундан сўнг салафларимиз китобларини варақлаб, "Уларнинг ёшлари ва уламолари ҳам бизлар қилаётган ушбу салбий ишларни қилганмикинлар?", деган саволга жавоб излай бошладим.

Талайгина маълумотлар тўпладим-да, шу асосда дорулфунунлардан бирида маъруза ўқидим. Бироқ, ҳали тўлиқ бўлмагани учун бу мақолани нашр қилишга ҳаракат қилмадим.

Кунлар ортидан ойлар ўтди… Бир кун келиб, даъватчи уламолардан бирлари шаънига туҳмат билан озор беришларига гувоҳ бўлинди. Бу – унгагина эмас, балки барча уламо ва толиби илмларга қаратилган зарба эди. Шу боис бу ҳодиса барчамизни алам ва изтиробга солди. Мазкур маърузамизни эшитган айрим биродарларимиз шундай долзарб пайтда уни рисола шаклида нашр қилиш зарурати туғилганини уқтирдилар. Мен рисоланинг тугалланмаганини таъкидлаб, уларга узр айтдим.

Сўнгра кейинги аччиқ ҳодисалар рўй берди. Кундузлари тундек қоронғу фитналар даврини бошдан кечира бошладик. Аслида нима бўлган эди?!

Душманлар хоҳлаган иш содир бўлган эди. Уламолар гўшти ҳалол қилинганди!! Уламо ва толиби илмлар обрўсига путур етказадиган дарвозаларнинг икки қаноти ланг очилди! Авом халқ, мунофиқлар ва илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) уламоларимизга қарши мутакаббирона фаолиятларини бошладилар.

Қайси йиғинга кирманг, бир уламони айбламасдан ўтмайдилар. Шу боис мен "Эҳтиёжни ўз мавридидан кечиктириш мумкин эмас" деган қарорга келдим ва ушбу сатрлар эслатма ва панд-насиҳат, ҳамда уламоларга тил теккизиш ва уларнинг шарафини булғашнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантирувчи мақола сифатида дунёга келди. Унда мен мазкур масалани аҳли суннат ва жамоат манҳажига мувофиқ ҳал қилишнинг тўғри йўлини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим.

Аллоҳ таоло Ибн Асокирни раҳмат қилсин, қуйидаги сўзларни айтган эдилар: "Дўстим, Аллоҳ мени ва сизни Ўз ризосига муваффақ айласин ва Ўзидан лойиқ бўлганидек қўрққанлар қаторида қилсин, уламоларнинг гўшти заҳарли эканини унутманг! Уларнинг обрўларига путур етказмоқчи бўлганларга нисбатан Аллоҳнинг қонунияти маълум! Аллоҳ таоло уламоларга тил теккизган кишини ўлимидан аввал қалбини ўлдириш билан мубтало қилади. "У (пайғамбар олиб келган) ишга мухолиф бўлган кимсалар (бошларига бу дунёда) фитна ва (охиратда) аламли азоб келишидан қўрқсинлар!" (Нур: 63)".

"Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!" мавзуси узун ва унинг моддалари кўп. Бироқ мен имкон қадар мухтасар қилишга, ўзим зарур деб ҳисоблаган фикрлар билангина чекланишга ҳаракат қиламан.

Бу мавзуга киришиш сабаблари

Бизни ушбу мавзуда сўз юритишга асосан қуйидаги сабаблар етаклади:

1 – Уламоларнинг Исломдаги ўрни эътиборли экани ва уларни ҳурмат қилиш лозимлиги;

2 – Кўп одамларнинг бу мавзуга эътиборсизлиги;

3 – Баъзи толиби илмларнинг ўзлари сезмаган ҳолда уламоларга тил теккизишлари;

4 – Бу муаммони ҳал қилишда кўплаб даъватчиларнинг тўғри йўлни билмасликлари;

5 – Ҳожалари бўлмиш яҳудий ва масиҳийлар ортидан эргашиб юрган мунофиқ ва илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари)нинг уламоларимизга қарши қилаётган шафқатсиз ҳужумлари.

Уламоларнинг даража ва фазилатлари

Аллоҳ таоло айтади:

"Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?!" (Зумар: 9);

"Дарҳақиқат, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар." (Фотир: 28);

"Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) раҳбарларга бўйсунинглар! " (Нисо: 59).

Илм аҳлларининг айтишларича, "раҳбарлар" уламолардир. Айрим муфассирлар эса уни амирлар ва уламолар, дея изоҳлаганлар.

Аллоҳ таоло айтади: "Аллоҳ сизларнинг ичларингиздан иймон келтирган ва илм ато этилган кишиларнинг мақомларини юксалтиради. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан огоҳдир" (Мужодала: 11).

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Аллоҳ кимга яхшиликини раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди" ҳадисини ривоят қилганлар.

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи ва саллам: "Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди" деганлар. (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари.)

Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганидек: "Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишлари" аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар"- деганлар.

Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: "Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас" – деганлар.

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: "Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир"- деганлар.

Шу маънода шоир айтади:

Одамзот шаклда баробар яралмиш,

Барчаси Одаму Ҳавводан таралмиш.

Мақтанмоқ на ҳожат "Мен фалоний" деб,

Асли насли обу тупроқдан тўралмиш.

Афзаллик олимлар шаънига ярашар,

Уларнинг нурила зулматлар ёришар.

Инсоннинг қиймати илмла ўлчанар,

Жоҳиллар "Зўрман" деб беҳуда кучанар.

Мазкур оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлардан Уммат уламолари эга бўлган олий мақом ва даражалар намоён бўлмоқда. Шунинг учун одамлар уларни тақдирлашлари, ҳурматларини ўрнига келтиришлари, шараф ва обрў каби ҳақларини тўла қилиб беришлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

"Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Роббиси ҳузурида ўзи учун яхшидир" (Ҳаж: 30);

"Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлади" (Ҳаж: 32).

Ушбу оятдаги "шаира" сўзи, уламолар таъкидлаганидек, Аллоҳ таоло изн берган, ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсадир.

Уламолар, шубҳасиз, юқоридаги оятларда Аллоҳ изн берган ҳамда ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсалар қаторига биринчи бўлиб қўшиладилар.

Демак, уламоларга озор бериб, уларни айблаш Аллоҳга бўлган тоат-ибодатдан юз ўгириш ва уни камситишдир. Баъзи олимларнинг: "Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир"- деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди.

Ислом умматининг мунаввар чироқлари бўлмиш уламоларга озор беришнинг нақадар хатарли экани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ҳам таъкидланмоқда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан". (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам китобхон, судхўрлик билан шуғулланган одам шу ишини ташлаб, тавба қилмагунича Аллоҳ унга уруш эълон қилганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бироқ, юқоридаги ҳадисда баён қилинганидек, Аллоҳнинг дўстларига адоват қилган кимсага қарши Аллоҳ уруш эълон қилганини ҳаммамиз ҳам биламизми?! Бирон олим ҳақида сўз кетар экан, мазкур таҳдидларни хаёлимизга келтирамизми?!

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ имом Абу Ҳанифа ва имом Шофиий роҳимаҳумаллоҳларнинг: "Агар фақиҳлар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак, Аллоҳнинг дўсти йўқ экан" деб айтганларини, имом Шофиийнинг эса: "Фуқаҳолар – илмларига амал қилган олимлардир" деб айтганини нақл қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: "Бир фақиҳ (олим)га озор берган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган одам эса Аллоҳ таолога озор берибди".

Шояд бу хабарлар уламоларнинг фазилатини ифодалаш ҳамда уларга нисбатан адо этилиши керак бўлган ҳуқуқларни эслатишга кифоя қилса.

/p