Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уламолар гўшти заҳарлидир! (2)

2572 марта кўрилган

Тилнинг ўрни ва хатари

Тилнинг хатари ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз зарур. Чунки биз тилларимизга эрк бериб, уни тойилишдан қутқариб қолишда сустлик қилмоқдамиз. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизга лутф қилган аъзо – тил неъматининг фазилатларига ишора қилмоқчимиз. Тилнинг нақадар буюк неъмат эканини Мусо алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари ифодаламоқда:

"Тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин" (Тоҳа: 27);

".... ва тилим бурро эмасдир" (Шуаро: 13);

"Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир" (Қасас: 34).

Аллоҳ таоло бандасига миннат қилиб шундай деди:

"Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб қилмадикми (яратмадикми)?" (Балад: 8).

Агар бу неъматдан маҳрум бўлган инсон – соқовнинг ҳолини бир тафаккур қилиб кўрсак, тил неъматининг қадрини чуқурроқ идрок этамиз:

"Соқов одам ўзининг ички туйғуларини тўла ифода эта оладими?!".

У бирон бир нарсани ифода этмоқчи бўлса, анчагина аъзоларини ҳаракатга келтиради. Бироқ у на ўзини қондира олади ва на бошқаларга тўлақонли тушунтира олади. Тушунтирганда ҳам, кўп қийналиб тушунтиради.

Демак, тил – Аллоҳ ато этган ва лутф қилган буюк неъматлардан бири экан. Шундай экан, биз уни сақлай олдикми?! Уни яхшиликларга ишлатдикми, ёлғондан, уламоларнинг ва бошқаларнинг шаънларига доғ туширадиган сўзлардан сақлай олдикми?!

Илоҳий хабарлар бу аъзо ишининг муҳимлиги ва уни сақлашда қилинган сустликнинг аянчли оқибатларига ишора қилмоқда. Аллоҳ таоло туҳмат ҳақида шундай деди:

"Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у, Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)" (Нур: 15).

Мунофиқлар ҳақида шундай деди:

"Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитадилар" (Аҳзоб: 19);

"Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани - ёлғонни айтурлар" (Фатҳ: 11).

Шунинг учун ҳам, тилни эҳтиёт қилиш ва унга эрк бермаслик ҳақида буйруқ келган. Аллоҳ таоло айтади:

"Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!" (Аҳзоб: 70);

"У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)" (Қоф: 18);

"(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)" (Исро: 36).

Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: "Одамларни жаҳаннамга улоқтираётган нарса уларнинг тилларининг ҳосиласи эмасми ахир?!", муттафақун алайҳ бўлган ушбу ҳадисда эса: "Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсага (яъни тили ва жинсий аъзосини сақлашга) кафил бўлса, мен унга жаннатга (киришига) кафил бўламан" дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Кўпчилик, хусусан мухлис инсонлар, оёқлари ўртасини ҳаромдан сақлашга кафил бўладилар. Бу ҳам катта неъмат, аслида. Аллоҳ уларга доимо тавфиқ ато этсин. Бироқ биз тилларимизни кафолатга ола биляпмизми? Бирор кунимиз олим ёки бошқаси бўлсин, бирон бир мусулмоннинг обрўсига тил теккизмасдан ўтаяптими?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Мусулмон – унинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир" (Муттафақун алайҳ) деб айтган сўзларига амал қилиб ҳамда "Банда ўйламасдан шундай бир сўзни айтадики, шу сабабли жаҳаннам ичра машриқ ва мағриб ўртасидан ҳам узоқроқ ўринга тойилиб кетади" деб айтилган ҳадисдаги огоҳлантиришга риоя қилиб, ҳамма ўзини сарҳисоб қилиб кўрсин. Бу хатарли мавзуда фикр юритсин.

Шоирнинг ушбу сатрлари қандай доноларча битилган-а:

Кишига ҳар офат тилидан келар,

Бу сўзим ҳақлигин ҳар оқил билар.

Гар қадам тойилса, тизза шилинар

Тил тойилса-чи, бош дорга илинар.

Бошқа шоир деди:

Тилингни сақлагин, эй азиз инсон!

Ўзингни чақмасин, у ғаддор илон.

Не-не кураклари ерга тегмаган

Полвонларни тили гўрга киритган.

Яна бир шоир шундай деди:

Хомушлик зийнату, сукут шижоат.

Лақмалик сен учун бўлмасин одат.

Сукутга бир бора қилсанг сен афсус,

Минг бора қиларсан Сўзга надомат!

Ҳотим Асам роҳимаҳуллоҳ айтади: "Хабарчи сўзларингни ёзиш учун ёнингга ўтирса сўзларингни диққат билан талаффуз қиласан-у, Аллоҳга кўндаланг қилинадиган сўзларингни айтишда эҳтиёт бўлмайсан!".

* Бу ерда баён қилиш керак бўлган яна бир муҳим мавзу бор: Уламоларни ғийбат қилиш ёмон ва ғийбатнинг энг хунук турларидан эканини билдик, бироқ, бу - улардан бошқаларнинг "гўшти" ҳалол эканига далолат қилмайди. Балки у ҳам ҳаром. Аллоҳ таоло айтади: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир" (Ҳужурот: 12);

"Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари боис озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар" (Аҳзоб: 58).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни баён қилиб дедилар: "Мусулмонга мусулмоннинг қони, обрўси ва моли ҳаромдир" (Имом Муслим ривояти).

Ҳажжатул-вадоъда шундай дедилар: "Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз сизларга шу шаҳрингиз ва шу ойингиздаги шу кунингиз каби ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!" (Муттафақун алайҳ).

Бошқа бир ҳадисда ушбу сўзлар бор: "Ғийбат нима эканини биласизларми?". Саҳобалар: "Аллоҳ ва расули билувчироқ!"- дедилар. – Биродарингизни у ёқтирмайдиган нарса билан тилга олишингиздир. – Агар биродаримда мен айтаётган нарса бўлса-чи?. – Агар сиз айтаётган нарса дўстингизда бўлса уни ғийбат қилган, агар унда ўша нарса бўлмаса унга туҳмат қилган бўласиз" (Имом Муслим ривояти).

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ "Сунан"ида Анас розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини келтирган: "Мен (Меърожга) олиб чиқилганимда тирноқлари мисдан бўлган одамлар ёнидан ўтдим, улар юзлари ва кўксиларини тирнаётган эдилар. "Ё Жибрил, булар кимлар?"- деб сўрадим. У: "Улар одамларнинг "гўштлари"ни еган ва уларнинг обрўларини поймол қилганлар "- деди".

Агар оддий одамларга тил теккизган, уларнинг обрўларини поймол қилганларнинг ҳоли шу бўлса, уламоларга тил теккизганларнинг ҳоли не кечаркин?!.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг бу маънода нафис ва зарҳал ҳарфлар билан ёзилишга сазовор иборалари бор. Чунки бу сўзлар кўплаб толиби илмларнинг ҳолатига айнан мос келади: "Кўплаб парҳезкор инсонларни кўрасизки, зулму бузуқликлардан сақланган бўлишади. Бироқ, айтаётган сўзларига аҳамият бермай, тиллари тириклар ва ўликлар обрўсига чанг солади".

Уламолар гўштини ейиш сабаблари
1 – Ҳавас ва ғайирлик

Ҳавас – мақтовга сазовор хислатлардан бўлиб, кишининг Аллоҳнинг дини ва ҳаром қилган нарсалари учун таъсирланишидир. Бироқ бу хислат эҳтиёткор бўлмаган одамни, сезмаган ҳолатида, аста-аста уламолар гўштини ейишга олиб бориши мумкин.

Ғайирлик эса мазамматли хислатлардан бўлиб, ҳасаднинг оғасидир. Бу ердаги ғайирликдан мақсад - (билим савияси яқин бўлган) уламоларнинг бир-бирлари ҳақида айтган сўзларидир. Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтганлар: "Уламоларнинг илмига қулоқ солингиз. Бир-бирлари ҳақида айтган танқидий гапларини эса тасдиқламангиз. Жоним қўлида бўлган Зотнинг номига онт ичиб айтаманки, улар, қўтонларидаги эчкиларнинг бир-бирлари билан аралашиб кетишидан ҳам тезроқ ўзгарувчандирлар". Яъни, уламоларнинг билимларидан фойдаланинглар, аммо савияси тенгдошларнинг бир-бирлари ҳақида айтган сўзларига ишонманглар.

Шунинг учун ҳам имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ: "Савияси тенгдош бўлганларнинг бир-бирлари ҳақида айтган гапларига эътибор берилмайди. Айниқса, у гаплар ҳасад ё мазҳаб ёки нафс-ҳаво сабабли айтилган бўлса" дейдилар.

2 – Ҳасад.

Ҳасад – инсоннинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Обрў ва бойликка эришиш учун рақобатлашиш ҳам ҳасаднинг бир туридир. Баъзилар султонга ёқиш ёки обрў ва бойликка эришиш учун бир-бирларини қоралайдилар.

3 – Нафс-ҳаво (истак)

Уламолар гўштини (ғийбат билан) еяётган айрим кимсалар бу ишларини Аллоҳ учун холис қилмаяптилар, балки Уммат уламолари обрўсига путур етказиш учун нафс-ҳаволарига (кўр-кўрона) эргашмоқдалар. Нафс-ҳавога кўр-кўрона эргашиш эса, бандани яхшиликка олиб бормайди. Аллоҳ таоло айтди: "Ҳавога эргашманг, сизни Аллоҳнинг йўлидан адаштиради" (Сод: 26);

"Улар Сизга ижобат қилмасалар, билингки, улар нафс-ҳаволарига эргашмоқдалар" (Қасас: 50).

Шайхулислом ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ: "Нафс-ҳаво эгасини кўр ва кар қилиб қўяди"- деганлар.

Салафи солиҳлар: "Икки тоифадан – нафс-ҳавосига эргашган одамдан ҳамда дунёдор одамдан эҳтиёт бўлингиз. Зеро, улардан биринчисини ҳавоси фитнага солган, иккинчисини эса дунё кўзини кўр қилгандир"– дердилар.

4 – Тақлид

Аллоҳ таоло мушрикларни залолатда аждодларига тақлид қилган, дея хабар берди: "Бизлар оталаримизни бир уммат узра топдик ва биз ҳам уларнинг изидан эргашамиз" (Зухруф: 22).

Барча тақлид ҳам мазамматли эмас. Уламолар тақлид ҳақида баъзи тафсилотларни айтиб ўтганлар. Бироқ мен бу ўринда, уламоларни айблашга олиб борадиган тақлид тури ҳақида тўхталмоқчиман. Гоҳо бирон бир олимнинг обрўсини тупроққа қориштираётган кимсага дуч келганингизда ундан: "Сиз шу олимнинг суҳбатида бўлганмисиз, ўзи?"- деб сўрасангиз: "Йўқ!"- деб жавоб беради. "Ундай бўлса, қандай қилиб у олимнинг гап-сўзларию, юриш-туришлари ҳақида бундай сўзларни айтаяпсиз?"- десангиз, у: "Менга фалончи айтди-да!"- деб жавоб беради. Демак, у, фалончининг сўзига кўр-кўрона тақлид қилиб, бир олимнинг шаънини осонлик билан булғаб юрган бўлиб чиқади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Сизлардан бирингиз, динида бир одамга, у мўмин бўлса мўмин бўлиб, кофир бўлса кофир бўлиб, кўр-кўрона тақлид қилмасин. Зеро, ёмон ишларда ўрнак олинмас"- дедилар.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: "Китобларимдан манбаъларимни билмай туриб фатво бериш, ҳеч бир кишига ҳалол эмасдир"- дедилар.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ: "Диний ишларда бошқаларга тақлид қилиш – кишининг диний билимининг саёзлигига далилдир"- дедилар.

5 – Мутаассиблик

Уламоларга тил теккизаётганларнинг, хусусан толиби илм ва баъзи даъватчиларнинг сўзларини чуқурроқ текшириб кўриб, уларни бунга ундаган нарса мутаассиблик эканини билдим. Мутаассибликка сабаб эса гуруҳбозлик, яъни мазҳаб, жамоат, қабила ёки ўлка учун тарафкашлик қилишдир. Ҳолбуки, бу тор маънодаги тарафкашлик мусулмонларни шунчалар парчалаб ташладики, уларга шоирнинг ушбу сўзлари мос тушади:

Ғузайя нима бўлса

Мен ҳам айни ўшаман.

У ҳақ бўлса мен ҳам ҳақ,

Адашса адашаман.

Айрим толиби илмлар баъзи олимлар ҳақида салбий гапларни айтиб юрадилар-да, бирдан мавқеъларини ўзгартириб, фалончи мақтагани учун мазкур олимни мақташ йўлига ўтадилар. Таассуб қилаётган одамлари адашса адашадилар, тўғри йўлда бўлса тўғри йўлда бўладилар. Бас, баъзи толиби илмлар ва даъватчилар ақлларини бошқалар қўлига топшириб, ўшаларнинг динларига тақлид қилмоқдалар.

* Яқинда ўз ўлкаси уламоларини қўллаб, бошқа ўлка уламоларини қоралаган одамларни кўрдик. Во ажаб! Мусулмонларнинг ўлкаси алоҳидами?! Бу – мазмум мутаассиблик эмасми?! Шарқликлар шарқлик уламоларга, ғарбликлар ғарблик уламоларга ва улар ўртасидаги минтақада яшаётганлар ўша ерлик уламоларга таассуб қилишлари тарқоқлик-ҳизбчилик эмасми?!

Бу таассуб, "Ҳақиқатни, ким айтишидан қатъий назар, қабул қиламиз" деб даъват этганимиз соғлом манҳажга зиддир. Шунинг учун ҳам, Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ мутаассибликни қоралар экан: "Мутаассиблик – кишиларни ҳақиқат мезони билан эмас, ҳақиқатни кишилар мезони билан танийдиган ақли заиф инсонларнинг одатидир"- деган эдилар.

6 – Ўзини олим қилиб кўрсатиш

Ҳозирги даврда ўзини олим сановчиларнинг сони кўпайган. Баъзи ёшлар кўр-кўрона қайсидир уламоларни танқид қилиш ёки аксинча, уларнинг сўзларига кўр-кўрона ёпишиб олиш йўлини тутишмоқда. Бу – ўта хатарли ишдир. Чунки, жоҳилларнинг жоҳили - ўз меъёрини билмаган ва ҳаддидан ошган одамдир.

7 – Мунофиқлик ва ҳақиқатни ёқтирмаслик

Аллоҳ таоло айтади:

"Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди" (Бақара: 10);

"Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?» - дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар" (Бақара: 13);

"Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади" (Бақара: 14).

* Ҳақни суймаган илмоний, миллатчи, динни масхара қиладиган мунофиқ шоир ва бошқалар, қалбларидаги мараз ва ҳаққа ҳамда ҳақ аҳлига нисбатан нафратлари боис, уламоларга тил теккизишнинг катта сабабчиларидир.

Йиғилишларнинг бирида уламолар обрўсига тил узатган шундай мунофиқлардан бирининг сўзини эшитдим ва айни шу йиғилишда унинг сўзларини ўйламай-нетмай тасдиқлаб ўтирган солиҳ кишилардан бирини кўришим ачинарли ҳол эди. Бечорага ўша йиғилишнинг ўзида раддия берилди.

Илмонийлар уламоларимиз ҳақида қаламга олишга хижолат бўлинадиган сўзларни айтмоқдалар. Бу эса уларнинг қалбидаги ғализликка, пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар зиммасига олган ҳақиқатга нисбатан адоватга далолат қилади.

8 – Душманларнинг секуляризм (илмонийлик) ва шу каби режаларини ижро этиш

Уламолар ўз ўлкаларида обрўли ва ҳайбатли бўлар экан, бу ўлкаларда ўзлари учун таянч бўлмаслигини жуда яхши ҳис этган илмонийлар (Аллоҳ уларни расво қилсин) туҳмат, ифтиро ва ихтилофлар билан олимларни обрўсизлантириш ва уларнинг қадрларини туширишга киришдилар. Буларни тахмин билан эмас, балки ишончли илмонийларнинг бизларга нақл қилинган сўзларига асосланиб айтмоқдаман.

Иншааллоҳ, келгуси саҳифаларда бу мавзуда кенгроқ тўхталиб ўтамиз.