Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уламолар гўшти заҳарлидир! (5)

2357 марта кўрилган

Хотима

Хулоса сифатида қуйидагиларни айтишимиз мумкин:

Биринчи: Биз шахсларни муқаддаслаштиришга, хатолардан кўз юмишга ёки ҳақиқатни айтишдан сукут қилишга чақирмаймиз. Балки уламолар обрўсига путур етказмай, меъёрдан ошмай ёки камитмай, ғулувга берилмай ҳақни баён қилишнинг соғлом йўлига чақирамиз.

Иккинчи: Кейинги пайтларда ижмоъ давоси кўпайди. Менга "Фалончи уламоларнинг ижмоъсига қарши чиқиб, фитна бошлаяпти!"- деган хатлар кўплаб келмоқда. Мен уларга шундай жавоб бермоқчиман: "Аввало, ижмоъ оддий иш эмас. Шунинг учун биз ижмоъ билан ижтимоъ (тўпланиш) ўртасини ажратиб олишимиз керак.

Ижмоъ – уламолар таърифлаганидек, қайсидир бир асрда бирон масала юзасидан Уммат ишонган уламоларнинг берган қароридир. Агар бу уламолардан биронтасининг фикри хилоф бўлса, у ижмоъ-қарор ҳисобланмайди.

Ижмоъ – бир ўлканинг эмас, балки бутун ислом Умматининг ишончли уламолари тарафидан олинган қарордир.

Демак, ижмоъ оддий иш эмас, балки унинг асослари ва шартлари бордир. Шунинг учун ҳам, баъзи олимлар: "Саҳобалардан сўнг ижмоъ чиқмади"- деб айтганлар.

Бас, ижмоъни даъво қилаётган одамлар шошилмасинлар! Қандайдир сўзни айтаётган одамларнинг кўплигига эмас, соғлом далил билан айтилишига эътибор берсинлар!

Учинчи: Баъзи уламолар сабаблари қоим бўлган фатволарни берадилар. Бошқа олимлар ва толиби илмлар эса уларга қарши чиқиб, уларни мухолифлик, фитналарни қўзғаш, ўзини кўрсатиш, билимларни ўғирлаш, илмсизлик ва бошқа сифатлар билан айблайдилар.

Бу тўғри эмас. Биз бу мавзуда, қуйидаги сабабларга кўра, ҳушёр бўлишимиз керак:

а) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ваҳий ва У Зотнинг сўзларидан бошқа барчанинг сўзини олинади ҳам, рад қилинади ҳам.

б) Бир-бирига мухолиф бўлганлар - уламолардир. Шундай экан, мухолифларни қадрлаш ва уларнинг обрўларини тўкмаслик, уларни айбламаслик керак.

в) Одамлар ҳақиқат билан танилади, ҳақиқат одамлар билан эмас.

г) Ким тарафидан бўлмасин, чиқарилган фатвонинг тўғрилиги ва шартларининг тўлалигини текшириш лозим. Мухолиф тарафнинг фикрларидан қатъий назар, фатвонинг соғломлиги ва шартларининг тўлалиги муҳимдир.

д) Ижтиҳодий масалаларда ихтилофлар бўлиши табиий. Ҳатто саҳобалар ўртасида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Ҳар бирингиз аср намозини Қурайза қабиласи (ерлари)да ўқингиз!"- деб айтган сўзларини (Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривояти) фарқлича тушунганлар бўлди.

Улар ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ҳам баъзи келишмовчиликлар рўй берди. Бироқ бу келишмовчиликлар, уларни фитна қўзғаш ва бировларни қоралашга олиб бормади. Шунинг учун ҳам, ижтиҳодий масалалардаги ихтилофлар учун юрагимизни кенгроқ қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.

е) Мухолифлик хато ҳисобланмайди. Ибрат ёшнинг катта ёки кичиклигида эмас, балки фатво шартларининг тўлалигидадир. Зотан, уламоларнинг кичиклари катталарининг айрим фатволарига қарши чиқиш ҳоллари тарихда ҳам бўлган, ҳозирда ҳам бор. Чунки, гоҳида ҳақиқат кичикларда ҳам бўлиши мумкин.

Бунинг яққол мисоли шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳдир. У ҳақиқат унинг тарафида бўлгани боис ўз давридаги ватандош уламоларига мухолиф бўлган.

Яна шундай бир мисол, шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳнинг берган фатвосига у киши ҳали тирик пайтида қарши чиққанди. Шундай бўлишига қарамай шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳ: "Сен ким бўлибсанки, менга қарши чиқаяпсан?!!"- демади. Бу - шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳ билимининг чуқурлигига далилдир. Зеро, шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳнинг далиллари кучлироқ эди.

Тўртинчи: Нега уламоларнинг хатолари бошқаларникидан кўра кўпроқ тилга олинади?!

Сабаби, уламолар бу умматнинг сараси, пешвоси ва мақтовга сазоворидир. Улардан содир бўлган битта-яримта хато тезда кўриниб, билиниб қолади. Чунки бу хато сутдек оппоқ варақдаги қора нуқтага ўхшайди. Шунинг учун ҳам: "Олимнинг хатоси оламга ноғора" деб бежиз айтмаганлар.

Олимнинг мисоли оппоқ кийимга ўхшайди. Унга бирон бир доғ тегса, қанчалар кичик бўлса ҳам, кўриниб тураверади.

Инчунун, уламолар буни яхши билишлари, ўзларини доимо назорат қилишлари, ҳаракатлари ва сўзларига диққат этишлари керак. Одамлар ҳам уламолар ҳақида айтилган гапларни бўрттирмасликлари шарт.

Бешинчи: Мақтовсимон мазаммат қилишдан қочингиз!

Айрим одамлар уламолардан бирига мақтовлар ёғдирар экан, унинг фазилатларини икир-чикиригача санагач, сўнг: "Ҳар ҳолда, шайх яхши одамлардан!" ёки "Нима бўлганда ҳам, ўзи юраги соф одам!" каби камчиликларни ифодалаган оҳангда гапириб қўяди ва бу сўзи билан унинг ғофил эканини қасд қилади. Бундай услубларни қўллаган одамларга шу сўзларни айтамиз: "Аллоҳдан қўрқиб, Ундан тақво қилингиз! Айтаётган гапларингизнинг нақадар хатарли эканини билиб, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфорлар айтинг! Камситган одамингиздан кечирим сўранг!".

Олтинчи: Олимларга нисбатан одобсизлик қилган одам ўз жазосини бу дунёда ёки охиратда, албатта, кўради. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида ўшандай одамлардан бири ҳақида мана бу сатрларни ёзган: "У кўп китоблар ёзди. Мунозара қилар экан, тили ва қўлига эрк берди. Уламоларга нисбатан одобсизлик қилиб, уларга қўпол сўзларни ишлатди: таҳқирлади, сўкди. "Қилмиш қидирмиш" деганларидек, жазоси ҳам ўз қилмишининг жинсидан бўлди. Унинг асарларидан баъзи уламолар юз ўгирдилар, ундан воз кечдилар, нафратландилар. Унинг китоблари тириклик пайтидаёқ ёқиб юборилди".

Уламоларни ҳақоратлаган ва уларга нисбатан журъатли бўлган одамнинг одамлар эътиборидан четда қолганига воқеълик гувоҳ бўлмоқда.

Ҳофиз Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: "... Воқеъ бунга шоҳиддир. Одамлар ҳақидаги маълумотларни ва олам тарихини чуқур ўрганган кишилар, ўз биродарига макр қилган кишининг макри ўзига қайтгани, макр қилинган кишининг эса қутулиб, шу макр сабабли нажот топганини жуда яхши билади".

Еттинчи: Одамларнинг қоралашлари ва ёмон сўзлари билан юзма-юз қолган олим ва толиби илмлар сабр қилиб, Аллоҳдан тақво қилсинлар. Ва унутмасинларки, улар пайғамбарлар ва расуллардан афзал эмаслар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қораландилар, ҳатто рафиқаларини машҳур "Туҳмат" воқеъасида (зино қилишда) айбланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уламолар учун намунадир. Бас, у зотдан ўрнак олсинлар ва унутмасинларки, оқибат тақводорларникидир! Аллоҳ таоло айтди:

"Улар: «Сен Юсуфмисан?» деб сўрадилар. «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди (яъни шунча йиллик айрилиқ азобидан кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат қилса, албатта Аллоҳ бундай чиройли амалларни қилувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас», деди у" (Юсуф: 90);

"(Фиръавннинг сўзларидан даҳшатга тушиб кетганларида) Мусо қавмига деди: «Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу Ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берар. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлар" (Аъроф: 128);

"Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур" (Фотир: 43).

Шоир деди:

Таънагўйнинг сўзидан қутулмоғинг кўп душвор,

Гарчи бўлса масканинг тоғ устида пинҳон ғор.

Одамларнинг тилидан ким ҳам қолур саломат?!

Йиртқичга ем бўлсанг ҳам, ортдан қолмас маломат.

Саккизинчи: Масалани умумлаштиришдан сақланинг!

Талайгина одамлар ҳукмларни умумлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар ва бу ўта хатарлидир. Бундай қилиш онг савиясининг пастлиги ва инсофсизликка далолат қилади. Масалан, шундай одамлардан бирининг: "Уламолар ундай қилди, уламолар бундай деди, уламолар калтафаҳмлик қилди, уламолар хатога йўл қўйди",- деб умумийликни ифодалайдиган иборалар истеъмол қилаётганининг шоҳиди бўласиз. Тўғриси эса, яхши ишларда умумий лафзларни, ёмон ишларда эса шу ишни қилганларни ифодалайдиган сўзларни истеъмол қилишдир. Аллоҳнинг раҳмати, масалан, ёмғир ҳамма учун умумийдир, жазо эса жазога лойиқ бўлган кишининг ўзига хосдир: "Уларнинг ҳар бирини қилган осийликларига биноан жазоладик".

Яхшилар билан бирга бўлганларга ҳам раҳматнинг ёғилиши Аллоҳнинг марҳаматидандир: "Улар – ўзлари билан бирга ўтирган кишилар бахтиқаро бўлмайдиган одамлардир!".

Аллоҳ таоло Бадр жангида иштирок этган саҳобаларга: "Кечирилган ҳолатингизда кетинглар!"- деди (Муттафақун алайҳ). Жазога келсак: "Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас." (Анъом: 164).

Тўққизинчи: Уламолар ҳақида сўз юритаётганларга шундай демоқчиман: "Аллоҳдан қўрқиб, Унга тавба қилинг! Аллоҳга қайтинг! Уламоларни ғийбат қилганингиз миқдорича мақтанг! Йўқса, зарар кўрган СИЗ бўласиз! Оқибат тақводорларникидир. Сизнинг мисолингиз қуйидаги байтларда тилга олинган кишиникидан фарқли эмасдир:

Қояни парчалаш учун сузди-ю,

Шохини синдирди тоғнинг такаси...

Ёхуд ушбу шоирнинг сўзларига ўхшайди:

Осмон ўпар тоғларни сузган, эй қўчқор,

Бошингга ҳушёр бўл, тоққамас зинҳор!

Ҳушёр бўлинг! Йўлингизни тузатинг! Оқибатларга назар ташланг! Аллоҳнинг ҳурматларини сақланг, Аллоҳ сизни ўз ҳимоясида сақлаб, гуноҳларингизни мағфират қилсин!".

Аллоҳ таолодан Ўзи берган илмини бизга манфаатли қилишини, сўз ва амал фитналаридан сақлашини сўраймиз. Аллоҳ энг яхши билувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва бутун саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.