Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

50-79

5966 марта кўрилган

50-савол: Рубубият тавҳидининг зидди нима?

Жавоб: Бор қилиш ё йўқ қилиш, ҳаёт бахш этиш ё вафот топтириш, яхшиликни келтириш ё ёмонликни кетказиш каби рубубият маъноларидан бўлмиш борлиқ ишларидан бирон ишнинг тадбирида Аллоҳ азза ва жалла билан бирга бошқа бирон тасарруф қилувчи зот ҳам бор деб эътиқод қилиш ёки У зотнинг ғайбни билиш, буюклик ва кибриё каби исм ва сифатлари тақозо этган маъноларда рақиби бор деб эътиқод қилишдир.

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас уни ушлаб-тўсиб қолувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина (барҳақ) дир» (Фотир: 2, 3).

«Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир» (Юнус: 107).

«Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз – агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилувчи – суянувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар» (Зумар: 38).

«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).

«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).

«Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтди: Азамат (буюклик) менинг изорим, кибриё (улуғворлик) эса ридоимдир, ким улардан бирортасини мендан тортиб олмоқчи бўлса, мен дўзахимни унга маскан қиламан». (Муслим ривояти).


51-савол: Исм ва сифатлар тавҳиди нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло Китобида Ўзини сифатлаган ёки пайғамбари Уни васф этган гўзал исмлар ва олий сифатларга иймон келтириш, уларни қандай бўлса ўшандай ҳолича, кайфийятини баҳс этмасдан қабул қилиш. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Каломида кўп ўринларда исм ва сифатларни зикр қилиш билан бирга уларни қандайлигини билиб бўлмаслигини уқтирган ...?

Аллоҳ таоло деди: «У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

«Кўзлар унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир» (Анъом: 103).

Термизий ривоят қилган ҳадисда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтади: Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга Раббингизнинг насабини баён қилинг» дейишганда Аллоҳ таоло нозил қилди: «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У Аллоҳ Бирдир. (Яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).


52-савол: Аллоҳнинг гўзал исмларига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (унга дуо қилинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар» (Аъроф: 180).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон (Меҳрибон), деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (бари бирдир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир» (Исро: 110).

«Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи ҳақдир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир» (Тоҳа: 8).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг 99 исми бор, ким уларни ихсо қилса (ёддан айтиб чиқса, ёдласа, маъноларини билиб унга амал қилса) жаннатга киради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай деганлар: «Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайманки у исм билан Ўзингни номлагансан ёки уни бирон китобингда нозил қилгансан ёки уни бирон бандангга билдиргансан ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйгансан. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори... қилгин» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти).


53-савол: Қуръонда асмоул-ҳусно (гўзал исмлар)дан мисоллар борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ Алий-энг юксак ва Кабир-буюк бўлган зотдир» (Нисо:34).

«Албатта Аллоҳ Латиф-меҳрибон ва Хобир-огоҳ бўлган зотдир» (Аҳзоб: 34).

«Зотан У Алим-билим ва Қодир-қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).

«Ал­батта, Аллоҳ Самиъ-эшитувчи, Басир-кўрувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58).

«Албатта, Аллоҳ Азиз-қудрат ва Ҳаким-ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 56).

«Албатта Аллоҳ Ғафур-мағфиратли ва Роҳим-меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 23, 106).

«Албатта, У зот мўминларга Рауф-марҳаматли, Роҳим-меҳрибондир» (Тавба: 117).

«Аллоҳ Ғаний-беҳожат ва Ҳалиймдир» (Бақара: 263).

«Албатта, У Ҳамид-ҳамду сано эгаси ва Мажид-буюк зотдир» (Ҳуд: 73).

«Албатта, Пар­вардигорим ҳамма нарсани Ҳафиз-кузатиб турувчидир» (Ҳуд: 57).

«Албатта, Парвардигорим Қориб-яқин ва Мужиб-(дуоларни) ижобат қилувчидир» (Ҳуд: 61).

«Албатта Аллоҳ Роқиб-устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Аллоҳнинг ўзи етарли Вакилдир» (Нисо: 81, 132, 171, Аҳзоб: 3, 48).

«Аллоҳнинг Ўзи етарли Ҳасиб-ҳисоб-китоб қилувчидир» (Нисо: 6, Аҳзоб: 39).

«Аллоҳ ҳамма нарсага Муқит-қодир бўлган зот­дир» (Нисо: 85).

«Албатта Аллоҳ барча нарсага Шаҳид-гувоҳдир» (Ҳаж: 17).

«Албатта У зот барча нарсани Муҳит-иҳота қилувчидир» (Фуссилат: 54).

«Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ. Фақат Унинг Ўзи ҳақдир. У Ҳай-тирик ва Қайюм-абадий турувчидир» (Бақара: 255, Оли Имрон: 2).

«Аввал ҳам, Охир ҳам, Зоҳир ҳам, Ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани Алим-билувчидир» (Ҳадид: 3).

«У Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) Олим-билувчидир. У Раҳмон-меҳрибон ва Раҳим-раҳмлидир. У Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. У (ёлғиз) Малик-подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) Қуддус-покдир, Салом-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) Муъмин-омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) Муҳаймин-кўриб-кузатиб турувчидир, Азиз-қудрат соҳибидир, Жаббор-бўйсундирувчидир, (танҳо) Мутакаббир-кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир. У Аллоҳ Холиқ-яратувчидир, (йўқдан) Бориъ-бор қилувчидир, (барча нарсага) Мусаввир-сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У Азиз-қудрат ва Ҳаким-ҳикмат соҳибидир» (Ҳашр: 22-24).


54-савол: Суннатда асмоул-ҳусно (гўзал исмлар)дан мисоллар борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай дердилар:

«Азим-Улуғ, Ҳалим (меҳрибон) Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Арш эгаси улуғ Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳ йўқ. Осмонлар Рабби, ер Рабби, Арш Рабби бўлган Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Эй Ҳай-мангу ҳаёт ва Қойюм-абадий турувчи Зот! Эй улуғлик ва икром соҳиби! Эй осмонлару ернинг Бадийъ-яратувчиси!» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

«Унинг исми билан ердаги ва осмондаги ҳеч бир нарса зарар етказолмайдиган, Самиъ-Эшитувчи, Алим-Билувчи Зотнинг исми билан (паноҳ сўрайман)». (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

«Олимул ғайби вашшаҳода-Ғайбу ошкорни билувчи, осмонлару ернинг Фотир-яратувчиси, барча мавжудотнинг Рабби ва Малики-подшоҳи бўлган эй Аллоҳ!» (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

«Етти осмон Рабби, улуғ Аршнинг Рабби, бизнинг Раббимиз ҳамда барча нарсанинг Парвардигори, уруғу донни ёрувчи-яратувчи, Таврот, Инжил ҳамда Фурқон (Қуръон)ни нозил этувчи эй Аллоҳ! Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) ҳар ёмонлик эгасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ! Сен Аввалдирсан ва Сендан олдин ҳеч нарса йўқ! Сен Охирдирсан! Сендан сўнг ҳам ҳеч нарса йўқ. Сен Зоҳирдирсан! Сенинг тепангда ҳеч нарса йўқ! Сен Ботиндирсан! Сендан пастда-яқинда ҳам ҳеч нарса йўқ!» (Муслим ривояти).

«Эй Аллоҳ! Сенга ҳамд бўлсин! Сен осмонлару ер ва улардагиларнинг Нуридирсан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардагиларни Қайюм-тутиб турувчидирсан!» (Бухорий ривояти)

«Эй Аллоҳ! Мен Сендан ўзга илоҳ йўқ деб, Сен Ёлғиз, шериксиз, туғмаган ҳам, туғилмаган ҳам ва ҳеч бир тенги бўлмаган Самад - беҳожат Зотлигингга гувоҳлик келтирганим ҳолда сўрайман» (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

«Эй қалбларни буриб қўйувчи зот!» (Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

Булардан бошқа ҳам кўп ҳадислар мавжуд.


55-савол: Аллоҳнинг гўзал исмларидан ҳар бири неча хил нарсага далолат қилади?

Жавоб: Уч турли нарсага: Зотининг айнан ўзига (мутобиқ равишда) далолат қилади, ўз зимнида бўлган (яъни маъносини ўз ичига олган) сифатга (зимний) далолат қилади, ундан иштиқоқ қилинмаган, бироқ айни исм эгасида бўлиши лозим бўлган бошқа сифатларга (лузумий) далолат қилади.


56-савол: Бунга мисол айта оласизми?

Жавоб: Масалан, Раҳмон ва Раҳим исмлари исм эгасининг зотига, яъни Аллоҳ азза ва жалланинг ўзига айнан (мутобиқ равишда) далолат қилади. Шу билан бирга бу исмларнинг ўзаги бўлган «раҳмат» сўзининг зимнидаги раҳмдиллик сифатига (зимний) далолат қилади. Шунингдек, бу ўзакдан ажралиб чиқмаган, бироқ ушбу исм эгасида бўлиши лозим бўлган – тириклик, қудрат каби сифатларга ҳам далолат қилади. Бошқа исмлар ҳам айни шундай. Махлуқларда эса ундай эмас. Мисол учун, бир одамнинг исми Ҳаким бўлгани ҳолда ўзи жоҳил бўлиши, исми Азиз бўлгани ҳолда ўзи хор бўлиши, исми Шариф (шарафли) бўлгани ҳолда ўзи тубан бўлиши, исми Саид (бахтли) бўлгани ҳолда ўзи бахтсиз бўлиши, исми Солиҳ бўлгани ҳолда ўзи ярамас бўлиши, исми Асад (шер) бўлгани ҳолда ўзи қуёнюрак бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло эса Ўзини қандай васф этган бўлса, айни шундайдир.


57-савол: Гўзал исмлар ўз мазмунига далолат қилиши жиҳатидан неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Тўрт қисмга:

  1. Гўзал исмлар маъноларининг барчасини ўз ичига олувчи атоқли от – АЛЛОҲдир. Шунинг учун исмларнинг барчаси унга сифат бўлиб келади: «У Аллоҳ Холиқ-яратувчидир, Бориъ-(йўқдан) бор қилувчидир, (барча нарсага) Мусаввир-сурат-шакл берувчидир» (Ҳашр: 24) оятида келгани каби. Бироқ, у бошқа исмларга ҳеч тобе бўлиб келмаган.

  2. Аллоҳнинг зотидаги сифатни ўз зимнига – ичига олган исмлар. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг Самиъ (эшитувчи) исми Унинг хоҳ махфий, хоҳ ошкор, барча овозларни эшитиш сифатини ўз ичига олган. Басир (кўрувчи) исми Унинг каттаю кичик барча кўрилувчи нарсаларни кўриш сифатини ўз ичига олган. Алийм (билувчи) исми «Осмонлар ва ердаги бир зарра мисқоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса Ундан махфий бўлмайдиган» (Сабаъ: 3), ҳамма нарсани қамраб олган илмини ўз ичига олган. Қодийр (қудратли) исми бор қилиш, йўқ қилиш ва бошқа барча ишларга қодирлигини ўз ичига олган.

  3. Аллоҳ таолонинг феълий сифатини ўз зимнига олган исмлар: Холиқ (яратувчи), Розиқ (ризқ берувчи), Бориъ (йўқдан бор қилувчи), Мусоввир (сурат-шакл берувчи) каби.

  4. Аллоҳ таолонинг муқаддаслигини, барча нуқсондан поклигини ўз зимнига олган исмлар: Қуддус, Салом каби.


58-савол: Гўзал исмлар Аллоҳ азза ва жаллага итлоқ қилиниши (истеъмол қилиниши, қўлланиши) жиҳатидан неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Мазкур исмлардан ёлғиз ҳолда ёки бошқаси билан қўшилиб туриб, Аллоҳга нисбатан қўлланадиганлари бор: Аллоҳнинг комиллик сифатини ўз ичига олувчи Ҳай (тирик), Қайюм (абадий турувчи), Аҳад (ягона), Сомад (беҳожат) ва бошқалар каби.

Улардан фақат ўзининг муқобили билан қўшилиб, Аллоҳга нисбатан қўлланадиганлари ҳам борки, ёлғиз ҳолда айтилса, нуқсонли сифатни ифодалаши мумкин: Зоррун ва Нофеъ (зарар берувчи ва фойда етказувчи), Хофиз ва Рофеъ (пастлатувчи ва юксалтирувчи), Муътий ва Монеъ (ато этувчи ва ман қилувчи), Муъиз ва Музил (азиз қилувчи ва хор қилувчи) каби. Зоррун, Хофиз, Монеъ ва Музил исмларини ёлғиз ҳолда истеъмол қилиш жоиз эмас, улардан биронтаси Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам ёлғиз ҳолда имтеъмол қилинмаган. Аллоҳ таолонинг Мунтақим (интиқом олувчи) исми ҳам шу жумладан бўлиб, Қуръонда у ўзи тааллуқли бўлган бошқа сўз билан қўшилибгина истеъмол қилинган: «Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда: 22) каби. Ёки мазкур калиманинг ўзагига «соҳиби» сўзини қўшиб истеъмол қилинган: «Аллоҳ қудрат эгаси ва интиқом соҳибидир» (Оли Имрон: 4, Моида: 95) каби.


59-савол: Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари бор, дейилди. Зотий сифатларига Қуръондан мисол келтира оласизми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Йўқ! У зотнинг икки қўли очиқдир» (Моида: 64).

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Юзигина (яъни, ўзигина мангудир)» (Қасас: 88).

«Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг Юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 27).

«У зот нақадар кўрувчи, эшитувчидир (Каҳф: 26).

«Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).

«У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).

«Эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга боргин» (деган эди)» (Шуъаро: 10).

«(Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб: «Сизларни бу дарахт­дан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!»,(деди)» (Аъроф: 22).

«(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейдиган кунда» (Қасас: 65).

Булардан бошқа оятлар ҳам мавжуд.


60-савол: Зотий сифатларга Суннатдан ҳам мисоллар борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Унинг пардаси нурдир, агар уни очиб юборса Юзининг нури бутун махлуқотини куйдириб юборган бўларди» (Муслим ва Ибн Можа ривояти).

«Аллоҳнинг ўнг қўли лиммо-лим, кечаю кундуз тўхтовсиз инфоқ қилиши уни камайтиролмайди. Осмонлару ерни яратганидан бери қанча инфоқ қилганини кўрдингларми? Бу эса У зотнинг ўнг қўлидагини камайтиролмади. Унинг арши сув узрадир, бошқа қўлида файз (бандаларнинг ризқини) кўтариб тушириб туради.» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Дажжол ҳақидаги ҳадисларида: «Албатта, Аллоҳ сизларга махфий қолмайди. Албатта, Аллоҳ ғилай (бир кўзи мажруҳ) эмас», деб қўллари билан кўзларига ишора қилдилар (яъни Аллоҳнинг кўзи борлигига ишора қилдилар) (Бухорий ва Муслим ривояти).

Истихора қилишни ўргатган ҳадисларида: «Парвардигоро! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора қиламан - яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қудрат-қодирлик тилайман. Сендан улуғ фазлинг билан сўрайман. Сен Қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билувчи эмасман. Сен ғайбларни-да билувчидирсан» (Бухорий ривояти).

«Сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсиз, эшитувчи, кўрувчи, яқиндаги зотга дуо қилаяпсиз» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Аллоҳ агар бир ишнинг хабарини беришни истаса, ваҳий билан гапиради» (Бухорий ривояти).

Қайта тирилиш ҳақидаги ҳадисларида: «Аллоҳ таоло: «Эй Одам!» деб хитоб қилади, шунда Одам: «Лаббай», деб жавоб беради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Қиёмат мавқифида Аллоҳ таоло бандаларига гапириши, жаннат аҳлига гапириши тўғрисида сон-саноқсиз ҳадислар бор.


61-савол: Феълий сифатларига Қуръондан мисоллар борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Сўнгра самога юзланди...» (Бақара: 29).

Улар (Қиёмат кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади...» (Бақара: 210).

«Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир» (Зумар: 67).

«Эй Иблис, Мен Ўз қўлларим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!» (Сод: 75).

«Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик» (Аъроф: 145).

«Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади» (Аъроф: 143).

«Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18)


62-савол: Феълий сифатларга Суннатдан мисоллар борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Раббимиз ҳар кеча туннинг охирги учдан бир бўлаги қолганда дунё осмонига тушади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шафоат ҳақидаги ҳадисларида: «Шунда Аллоҳ улар танийдиган суратида уларнинг ҳузурига келиб: «Мен Раббингизман» дейди, улар ҳам: «Сен Раббимизсан» дейишади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳадисдаги феълий сифатдан мурод Аллоҳнинг келиши, сурати эмас.

«Қиёмат куни Аллоҳ таоло ерни чангалида тутади, осмонлар ҳам Унинг қўлида бўлади, сўнгра айтади: Мен подшоҳман...» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Аллоҳ махлуқотни яратгач, ўз қўли билан: «Албатта Менинг раҳматим ғазабимдан ғолибдир» деб ёзиб қўйди» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Одам ва Мусо алайҳимассалом ўзаро баҳс қилганлари ҳақидаги ҳадисда: «Одам деди: Эй Мусо, Аллоҳ сени каломига танлади, сенга Тавротни ўз қўли билан ёзди» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳнинг каломи ва қўли зотий сифат, сўзлаши зотий ва феълий сифат, Тавротни ёзиши феълий сифатдир.

«Аллоҳ таоло тунда кундузги гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиш учун қўлини ёзади, кундузи эса тунги гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиш учун қўлини ёзади» (Муслим ривояти).

Бундан бошқа ҳадислар ҳам мавжуд.


63-савол: Барча феълий сифатлардан исмлар ясаладими ёки Аллоҳнинг барча исмлари тавқифийми (яъни Аллоҳ ва Расулининг хабарларига чекланганми)?

Жавоб: Аллоҳ таолонинг барча исмлари тавқифийдир, У Китобида Ўзини исмлаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида исмлаган исмлар билангина исмланади. Аллоҳ таоло Ўзига умумий суратда истеъмол қилган ҳар бир феъл мадҳ ва камолни ифодалайди, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ Ўзини мутлақ васф қилган сифатлар эмас, уларнинг ҳаммасидан ҳам исмлар чиқариб олинмайди. Балки улардан баъзилари борки, Аллоҳ таоло улар билан Ўзини мутлақ васфлаган: «Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир» (Рум: 40) каби ва Ўзини бошқа ўринларда Холиқ (яратувчи), Раззоқ (ризқ берувчи), Муҳйий (тирилтирувчи), Мумийт (ўлдирувчи), Мудаббир (тадбир қилувчи) деб номлаган.

Улардан яна баъзилари борки, Аллоҳ таоло уларни жазо ва муқобала тариқасида Ўзига итлоқ қилган: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир» (Нисо: 142), «(Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр-уларнинг макрларини ибтол қилди. Аллоҳ макр қилувчиларни зўрроғидир» (Оли Имрон: 54) ва «Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди» (Тавба: 67) оятларида келгани каби. Лекин бу феълларни мазкур оятларда келганидан бошқа ўринда Аллоҳга истеъмол қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло макр қилади, алдайди, мазах қилади деб айтилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Мокир (макр қилувчи), Муходиъ (алдаб қўювчи), Мустаҳзиъ (мазахловчи) деб исмланмайди, бу нарсани на мусулмон ва на оқил одам айтади. Зотан, Аллоҳ таоло фақат ноҳақ макр, алдов ва масхара қилган кимсаларга жазо тариқасидагина Ўзини макр, алдаш, мазахлаш сифатлари билан сифатлади. Маълумки, бундай ишлар учун адолат билан жазо бериш махлуқлар шаънида ҳам яхши сифат ҳисобланади, шундай бўлгач, адолатли, билимдон ва доно яратувчи шаънида қандай ундай бўлмасин?!


64-савол: Аллоҳнинг Алий, Аъло ва шу маънодаги Зоҳир, Қоҳир, Мутаолий исмлари қандай маънони ўз ичига олган?

Жавоб: Алий, Аъло исми унинг ўзаги бўлган «олийлик» сўзидан олинган, олийликнинг барча маънолари У зотда собит эканини билдиради:

Аллоҳ таоло арши узра юксалганлигининг маъноси: барча махлуқотидан олий, улардан ажралган, уларни кузатиб турувчи, уларнинг ҳар бир ҳолатини билади, илми ҳар бир нарсани қамраб олган, унга ҳеч нарса махфий қолмайди.

Қудратининг олийлиги: Унга бас келувчи, У билан талашиб-тортишувчи, Унга қаршилик кўрсатувчи, Уни тўхтатиб қолувчи йўқ. Балки ҳамма нарса Унинг азаматига – улуғлигига бўйсунган, Унинг иззатига – ғолиблигига таслим бўлган, Унинг кибриёси – улуғворлиги олдида бўйин эгган, Унинг қудрати ва тасарруфи остида, Унинг чангалидан чиқиб кетолмайди.

Шаънининг олийлиги: камолот сифатларининг барчаси Унда собит, У ҳар қандай нуқсондан холи, азза ва жалла, таборака ва таоло.

Олийликнинг мазкур барча маънолари бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва бири иккинчисидан асло ажралмайди.


65-савол: Юқорига юксалганлигига Қуръондан далил борми?

Жавоб: Бунга очиқ ва сон-саноқсиз далиллар бор.

Бунга юқоридаги олийлик маъносидаги исмлар ҳам далил бўлади.

Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари ҳам далил бўлади:

«(У зот) Ўз аршига кўтарилган-ўрнашган Раҳмондир» (Тоҳа: 5).

Қуръоннинг етти жойида келган.

«Ё сизлар осмондаги зот сизларни Ер юттириб юборишидан... хотиржаммисизлар» (Мулк: 16).

«Улар устиларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар» (Наҳл: 50).

«(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур» (Фотир: 10).

«Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4).

«У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбир қилиб – бошқариб турур, сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладиган бир кунда Унинг Ўзига кўтарилур» (Сажда: 5).

«Эй Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман» (Оли Имрон: 55).

Ва бошқа оятлар.


66-савол: Бунинг Суннатдан ҳам далили борми?

Жавоб: Ҳа, Суннатда ҳам сон-саноқсиз даражада кўп далиллари бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Арш унинг юқорисида, Аллоҳ аршнинг устида ва У етти қават осмон устидан мулкига ҳукмронлик қилади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, заиф ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чўри қизга: «Аллоҳ қаерда?» деб савол берганларида у: «Осмонда» деб жавоб бергач, хожасига: «Уни озод қилавер, у мўмина» деганлар. (Муслим ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга кўтарилишлари ҳақидаги ҳадислар ҳам бунга далил бўлади.

«Сизларнинг орангизда кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа малоикалар алмашиб турадилар. Улар бамдод ва аср намозлари вақтида жамланишади, сўнг сизларнинг ичингизда тунни ўтказганлари (самога) кўтарилади. (Аллоҳ таъоло) Ўзи яхши билган ҳолда улардан: «Бандаларимни қай ҳолда қўйиб келдинглар?» деб сўрайди. Улар: «Уларни намоз ўқиётган ҳолда тарк қилдик, намоз ўқиётган ҳолларида борган эдик» дейишади.» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Ким бир дона хурмо қийматича нарсани ҳалол-пок касбидан садақа қилса, ваҳоланки Аллоҳ ҳузурига фақат пок нарсагина кўтарилади..» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Агар Аллоҳ таоло самода бир ишга ҳукм қилса, малоикалар Унинг сўзига бўйсунганликдан худди тош устида занжир судралгани каби (овоз чиқариб) қанотларини қоқишади» (Бухорий ривояти).

Бундан бошқа ҳадислар ҳам кўп, жаҳмиялардан бошқа барча мавжудот бунга иқрор бўлган.


67-савол: Салафи солиҳ дин имомлари «истиво» (яъни, Аллоҳ таолонинг арши узра кўтарилгани-ўрнашгани) масаласида қандай фикрда бўлганлар?

Жавоб: Барчалари бир фикрда якдил бўлганлар: Истиво маълум, кайфиятини билиш инсон ақли доирасидан ташқарида, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда сўраш (савол-жавоб қилиш) бидъат, рисолат Аллоҳдан, пайғамбарининг вазифаси етказиш, бизнинг вазифамиз таслим бўлишдир. Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳақида сўз юритилган барча оят ва ҳадислар хусусида уларнинг фикрлари шундай: «У (Китоб)га иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир» (Оли Имрон: 7), «Аллоҳга иймон келтирдик. Гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчилармиз» (Оли Имрон: 52).


68-савол: Қудрати олий-улуғлигига Қуръондан далил борми?

Жавоб: Ҳа, жуда кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло деди:

«Унинг Ўзи бандалари устида ғолибдир» (Анъом: 18, 61).

«У зот (айбдан) покдир. У яккаю ягона ва ғолиб Аллоҳдир» (Зумар: 4).

«Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир!» (Ғофир: 16).

«(Эй Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантирувчидирман холос. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина бордир» (Сод: 65).

«Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир» (Ҳуд: 56).

«Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, (лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас)!» (Раҳмон: 33).

Ва бундан бошқа оятлар.


69-савол: Бунга Суннатдан ҳам далил борми?

Жавоб: Суннатда ҳам кўп далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида айтардилар:

«Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) ҳар бир қимирлаган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман» (Муслим ривояти).

«Эй Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингдирман. Қулингнинг ўғлиман. Чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Менинг устимда қилган қазоинг (ҳукминг) адолатдир» (Аҳмад ривояти).

«Албатта, Сен ҳукм этасан. Сенинг устингдан ҳукм этилмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас» (Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ривояти).

Ва бошқа кўп ҳадислар.

70-савол: Шаъни улуғлигига далил нима ва нималарни Аллоҳ таолога нисбатламаслигимиз лозим?

Жавоб: Шаънининг улуғлиги - Қуддус, Салом, Кабир, Мутаол ва шу маънодаги исмлар ўз ичига олган ва Унинг камолига ва улуғлигига далолат қилувчи барча сифатлари лозим тутган нарсадир.

У зот ўзининг ягоналигида бошқанинг У билан бирга эгадорлик қилишидан ёки Унга ёрдамчи ва кўмакчи бўлишидан ёки Унинг ҳузурида Унинг изнисиз шафоатчи бўлишидан олий – юқори зотдир.

Ўзининг азамати (буюклиги), кибриёси (улуғлиги), малакути (подшоҳлиги) ва жабарутида (қудратида) бировнинг У билан талашиб-тортишувчи ёки Унга бас келувчи ёки Унга валий (дўст) ва насийр (мададкор) бўлишидан олий – юқори зотдир.

Ўзининг беҳожатлигида умр йўлдоши, фарзанд ва отадан, шунингдек тенги ва ўхшаши бўлишидан олий – юқоридир.

Ўзининг барҳаётлиги ва абадий туришлигида ўлиш, мудраш, ухлаш, чарчаш, заифлашишдан олий – юқоридир.

Илмининг комиллигида ғофиллик ва унутишдан, шунингдек, еру осмонлардаги бирон нарса Унинг илмидан заррача миқдорда чиқиб кетишидан олий – юқоридир.

Ҳикматининг комиллигида бирон нарсани беҳуда яратиб қўйишдан ва халқини буйруқ ва қайтариқсиз, қайта тирилтириш ва жазосиз бекор ташлаб қўйишдан олий – юқоридир.

Адлининг комиллигида бировга заррача миқдорда зулм қилишдан ёки биронтасининг ҳасанотидан бирон нарсани ажр-савобсиз қолдиришдан олий – юқоридир.

Ғиноси – беҳожатлигининг комиллигида таомланиш, ризқланиш ё бировга бирон нарсада муҳтож бўлишдан олий – юқоридир.

Ўзини васф этган ёки Расули Уни васф этган барча сифатларда таътилдан (яъни бирон сифатини йўққа чиқариш) ва тамсилдан (яъни махлуқотларнинг сифатларига ўхшатилишдан) олийдир. У пок, мақтовли, ғолиб, улуғ, баракот эгаси, олий ва муқаддасдир, улуҳияти ва рубубиятига, гўзал исмлари ва олий сифатларига зид келувчи ҳар қандай айбу нуқсондан покизадир: «Осмонлар ва ердаги энг олий сифат Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Рум: 27). Бу хусусда Қуръон ва Суннатдан далил-ҳужжатлар хўп ва кўп, маълум ва машҳурдир.


71-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг гўзал исмлари ҳақида: «Ким уларни санаса, жаннатга киради» деган сўзларининг маъноси нима?

Жавоб: Буни бир неча маъноларда тафсир қилинган:

а) уларни ёд олиш, улар билан дуо қилиш, улар билан Аллоҳга ҳамду сано айтиш;

б) улардан Карим (саховатли), Раҳим (раҳмдил) каби эргашиш мумкин бўлган сифатларни банда ўз ҳолига муносиб равишда ўзида мужассам қилишга уриниши, Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзига хос бўлган Жаббор, Азим, Мутакаббир каби сифатларга банда иқрор бўлиши, уларга бўйсуниши, улардан биронтасига эга бўлишга уринмаслиги, ваъда маъносини ўз ичига олган Ғафур, Шакур, Афув, Рауф, Ҳалим, Жавод каби сифатларга нисбатан умид ва рағбат устида туриши, ваид-қўрқитиш маъноси бўлган Азиз, Интиқом соҳиби, Азоби қаттиқ, Ҳисоби тез каби сифатларга нисбатан хавф ва қўрқув ҳолатида туриши;

в) банда уларни мушоҳада этиши, уларни билиш ва бандалик изҳор этиш жиҳатидан ҳақларини тўла адо этиши. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг ўз халқидан олий ва улардан юқорида эканини, халқидан ажралган, бироқ илми ва қудрати билан уларни иҳота қилган ҳолда аршида ўрнашганини мушоҳада этган одам мана шу сифатнинг тақозосига кўра ибодат қилади, ўзини У зотнинг пойида худди хор бир қул қудратли подшоҳнинг олдида турганидек бош эгиб, муножот қилиб турган деб билади, ҳар бир сўзу амали У зотга рўбарў қилинишини чуқур ҳис қилиб, У зотнинг ҳузурига уни шармандаю шармисор қиладиган сўз ва амаллари кўтарилиб боришидан ҳаё қилади.

Аллоҳнинг бепоён илмини, барча нарсани эшитиши ва кўришини, Унинг барҳаётлиги ва абадий туришини ва бошқа сифатларини мушоҳада этиш ҳақида ҳам айни сўзларни айтиш мумкин.


72-савол: Исм ва сифатлар тавҳидининг зидди нима?

Унинг зидди – Аллоҳнинг исмларини, сифатларини ва оят-аломатларини инкор қилиш бўлиб, у уч хил:

  1. Аллоҳ таолонинг исмларини ўзгартириб, улар билан ўз бут-санамларини номлаган мушрикларнинг инкори. Масалан, улар Лотни Илоҳ сўзидан, Уззони Азиздан, Манотни Маннондан олишган.

  2. Аллоҳ таолонинг сифатларига шакл бериб, уларни бандаларнинг сифатларига ўхшатувчи мушаббиҳаларнинг инкори. Бу мушрикларнинг инкорига қарама-қарши инкордир. Чунки мушриклар махлуқларни Раббил оламийнга тенглаштирдилар, улар эса Аллоҳ таолони махлуқлар манзилатига туширдилар ва У зотнинг сифатларини махлуқотнинг сифатига ўхшатдилар.

  3. Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқарувчи муаттила (таътил аҳли)нинг инкори. Улар икки қисм:

Биринчи қисм: Аллоҳ таоло исмларининг лафзини тан олишади, бироқ бу лафзлар ўз ичига олган камолот сифатларини инкор қилишади, илмсиз Алим, раҳмсиз Раҳмон ва Раҳим, эшитишсиз Самиъ, кўришсиз Басийр, қудратсиз Қодийр ва ҳоказо дейишади.

Иккинчи қисм: Исмларни ҳам, уларнинг мазмунларини ҳам бутунлай инкор қилишади ва У зотни на исми, на сифати бор бўлган буткул йўқлик билан васфлашади.

Аллоҳ таоло золим, кофир ва мулҳидлар айтаётган бу сўзлардан ғоят пок ва бениҳоя олийдир: «У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65).

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

«У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).


73-савол: Тавҳиднинг барча турлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқми, улардан бирига эътироз билдирган одам ҳаммасига эътироз билдирган бўладими?

Жавоб: Ҳа, тавҳиднинг барча турлари бир-бирига боғлиқ, ким улардан бир турида мушрик бўлса, қолганларида ҳам мушрик ҳисобланади. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш ва фақат Угина қодир бўладиган нарсани бошқадан сўраш бунга мисол бўлади. Дуо – ибодат, бўлиб ҳам ибодатнинг мағзи ҳисобланади. Уни Аллоҳдан бошқага қилиш Аллоҳнинг улуҳиятида ширк келтиришдир. Аллоҳдан бошқадан бирон яхшилик ато этишини ёки бирон ёмонликни даф қилишини сўраш ва уни шунга қодир деб эътиқод қилиш Аллоҳнинг рубубиятида ҳам ширк келтириш бўлади. Чунки уни Аллоҳнинг малакутида Унга шерик деб эътиқод қилган бўлади. Бундан ташқари, Аллоҳдан бошқага дуо қилар экан, қаерда ва қачон бўлмасин, хоҳ узоқда, хоҳ яқинда бўлсин, унинг дуосини эшитувчи, деган эътиқодда дуо қилади. Бу эса Аллоҳнинг исми ва сифатларидаги ширк жумласига киради. Чунки бу билан Аллоҳдан бошқага чексиз-чегарасиз эшитиш сифатини исботлаган бўлади. Бу эса Аллоҳгагина хос бўлган сифат эди. Демак, улуҳиятдаги ширк ҳам рубубиятдаги, ҳам исм ва сифатлардаги ширкни келтириб чиқарди.


74-савол: Фаришталарга иймон келтиришга Қуръон ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Қуръондан бунга жуда кўп далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло деди:

«Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано айтиш билан (У зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) покларлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрарлар» (Шўро: 5).

«Албатта Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан ор қилмайдилар. Уни поклайдилар ва Унгагина сажда қиладилар» (Аъроф: 206).

«Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 98).

Фаришталарга иймон келтириш ҳақида Суннатда Жибрил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан савол-жавоб қилгани ҳақидаги ҳадисда баёни келди. «Саҳиҳи Муслим»да: «Аллоҳ таоло уларни нурдан яратган» ҳадиси келган. Улар хусусида бошқа ҳадислар ҳам кўп.


75-савол: Фаришталарга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг борлигига ва Аллоҳнинг ғоят тарбияли ва бўйсинувчан халқлари эканига қатъий иқрор бўлиш, демакдир.

«Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар, Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).

«У фаришталар Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдилар, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладилар» (Таҳрим: 6).

«Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар» (Анбиё: 19, 20).


76-савол: Аллоҳ уларга топширган ваколатлар ва вазифалар нималардан иборат?

Жавоб: Бу эътибор билан улар кўп қисмга бўлинадилар:

Улар ичидан пайғамбарларга ваҳийни етказишга вакил қилингани бор, у Руҳул-амин Жибрил алайҳиссаломдир.

Ёмғирга вакил қилингани бор, у Микоил алайҳиссаломдир1.

Сурга вакил қилингани бор, у Исрофил алайҳиссаломдир2.

Жон олишга вакил қилингани бор, у Малакул-мавт ва унинг ёрдамчиларидир3.

Бандаларнинг амалларига вакил қилинганлари бор, улар Киромун Котибийндир4.

Бандаларни олди ва орқаларидан сақлаб-муҳофаза қилиб юрадиганлари бор, улар Муъаққибот (таъқиб қилувчилар)дир5.

Жаннат ва унинг неъматларига вакил қилинганлари бор, у Ризвон ва бошқалардир.

Дўзахга ва ундаги азобларга вакил қилинганлари бор, улар Молик6 ва бошқа азоб фаришталиридир, уларнинг катталари 19 тадир.

Қабр фитнасига вакил қилинлари бор, улар Мункар ва Накирдирлар7.

Улардан Аршни кўтариб турувчилар бор8.

Улардан Карубийлар (яъни муқарраб, Аллоҳга энг яқин бўлган фаришталар) бор.

Она қорнидаги ҳомилани вужудга келтириш ва унинг қисматини битишга вакил қилинганлари бор9.

Улардан Байтул Маъмурга кирадиган фаришталар бор, ҳар куни унга етмиш минг фаришта киради, сўнг яна қайтиб киришга навбат келмайди10.

Улардан зикр мажлислари ортидан юрадиган сайёҳ фаришталар бор11.

Улардан узликсиз қиёмда (намоз ичида) турувчи сафлар бор.

Улардан рукуъ ва саждадан бош кўтармайдиганлари бор.

Яна бундан бошқа хиллари ҳам кўп: «Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).


(ҳошияларни қўйиб чиқиш керак)


77-савол: Китобларга иймон келтиришнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин» (Нисо: 136).

«Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 136).

Бундан бошқа оятлар ҳам кўп, Аллоҳ таолонинг: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим» (Шўро: 15) оятининг ўзи ҳам кифоя қилади.


78-савол: Қуръонда барча илоҳий китоблар номи келтирилганми?

Жавоб: Қуръонда Аллоҳ таоло у китоблардан Таврот, Инжил, Забур, Иброҳим ва Мусо саҳифаларини номлаган, қолганларини эса умумий суратда зикр қилган:

«Аллоҳ (ягона), ҳеч бир тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У тирик ва абадий турувчидир. Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди» (Оли Имрон: 2-4).

«Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163, Исро: 55).

«Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! (Нажм: 36, 37).

«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).

Улардан Аллоҳ таоло батафсил равишда хабар берганларига батафсил иймон келтиришимиз вожиб бўлади, умумий суратда зикр қилганларига эса умумий суратда иймон келтиришимиз лозим, улар ҳақида Аллоҳ ва Расули буюрган гапни айтамиз: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим» (Шўро: 15).


79-савол: Аллоҳнинг Китобларига иймон келтириш маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридан нозил бўлган ва Аллоҳнинг ҳақиқий Каломи деб қатъий тасдиқлашдир. Улардан баъзилари борки, элчи фаришта воситасисиз, парда ортидан тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзидан эшитилган. Баъзилари борки, фаришталардан бўлган элчи уни инсонлардан бўлган элчига етказган. Баъзилари борки, Аллоҳ таоло уни Ўз қўли билан ёзган.

Аллоҳ таоло деди: «Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат эгасидир» (Шўро: 51).

«Аллоҳ айтди: «Эй Мусо, ҳақиқатан Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим»» (Аъроф: 144).

«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).

«Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик» (Аъроф: 145).

Ийсо алайҳиссалом ҳақида деди: «Унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлаувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик» (Моида: 46).

«Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163, Исро: 55).

Аллоҳ таоло Қуръон ҳақида деди:

«Лекин Аллоҳ сизга ўз билими билан нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир» (Нисо: 166).

«Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик» (Исро: 106).

«Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз (охират азобидан) огохлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуъаро: 192-195).

«Албатта ўзларига Эслатма Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз у азиз қудратли Китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат: 41, 42).

Ва бошқа кўплаб оятлар бор.

1 Табароний «Кабир»да (11/12061) Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссаломдан: «Микоил нимага (вакил қилинган)? деб сўраганларида «Наботот ва ёмғирга» деб жавоб берди.

2 Термизий ва Аҳмад Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен қандай роҳатланай, ҳолбуки сур соҳиби сурни оғзига олиб турган ва унга изн берилишини кутиб турган бўлса». (Албоний, «Саҳиҳ»: 1079).

3 Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11). Бу хусусда Бароъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадис, Мусо алайҳиссалом ўлим фариштасининг кўзини чиқаргани ҳақидаги ҳадис (муттафақун алайҳ) ва бошқа кўплаб ҳадислар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида уни Азроил деб номлаш келган эмас, валлоҳу аълам.

4 Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор: 10-12), «Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 17, 18). Бу бобда кўплаб ҳадислар бор. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: «Банда агар бир ёмонликни ният қилса, унга (гуноҳ) ёзманглар! Агар ўша (ёмонлик)ни қилса, унга битта ёмонлик (гуноҳини) ёзинглар! Агар бир яхшиликни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга бир яхшилик (савобини) ёзинглар! Агар ўша (яхшилик)ни қилса, унга ўнта яхшилик (савобини) ёзинглар!» (Муттафақун алайҳ).

5 Аллоҳ таоло айтади: «У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. Устингизга (қилган амалларингизни) ёдлаб олувчи фаришталарни элчи қилиб юборур» (Анъом: 61), «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11).

6 Бу бобда Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (Саҳиҳул Бухорий: 12:438) ҳадисда дўзах посбони Моликнинг зикри келган.

7 Термизий (1071), Ибн Ҳиббон (Ар-рисала 3117), Ожуррий «Шариат»да (365 бет), Ибн Аби Осим «Сунна»да (864), Байҳақий «Исбату азабил-қабр»да (56) келтирганлар, Албоний иснодини ҳасан санаган.

8 Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-ҳа-аққо: 17). Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган (4727) ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аршни кўтариб турувчи Аллоҳнинг фаришталаридан бир фаришта ҳақида сўзлашимга изн берилди, унинг қулоғининг юмшоғидан елкасигача бўлган масофа 700 йиллик йўлдир».

9 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лахта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади» (Муттафақун алайҳ).

10 Бухорий (3207), Муслим (162) ривоятлари.

11 Бухорий (6408), Муслим (6289) ривоятлари.