асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ақидага оид 200 савол-жавоб28765 марта кўрилган Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ 1-савол: Бандалар билишлари лозим бўлган энг биринчи нарса нима?Жавоб: Бандалар энг аввал Аллоҳ уларни у учун яратган, улардан у бўйича аҳду паймон олган, уларга ўша сабабли пайғамбарларини юборган ва китобларини туширган, у сабабли дунё ва охират, жаннат ва дўзах яратилган, ўша билан қиёмат қойим бўладиган, унинг хусусида тарозилар ўрнатиладиган, (амаллар) саҳифалари тарқатиладиган, саодат ва шақоват унга қараб бўладиган, унга кўра нурлар тақсимланадиган бир ишни билишлари лозим бўлади. 2-савол: Аллоҳ бандаларини унинг учун яратган ўша иш нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.» (Духон: 38,39). «Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир.» (Сод: 27). «Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (конун ва низом) билан яратди». (Жосия: 22). «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зариёт: 56). 3-савол: Банда маъноси нима?Жавоб: «Банда» сўзидан қул қилинган, бўйсундирилган деган маъно қасд қилинса, барча махлуқотни – оқилу беақл, ҳўлу қуруқ, ҳаракатлигу ҳаракатсиз, зоҳиру яширин, мўмину кофир, яхшию ёмон, барчаси тушунилади. Ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқи ва бандаси, У зотнинг бўйсундириши билан бўйсундирилган, тадбири билан тадбирланган, ҳар бирининг ўзига белгилаб қўйилган чизиғи ва етиб борадиган чегараси бор, ҳар бири белгилаб қўйилган муҳлат (ажал) сари боради, ундан бир зарра миқдорича ўтиб кетолмайди, бу ал-Ғолиб ва ал-Алийм зотнинг белгилаб қўйган тақдири, ал-Одил ва ал-Ҳаким зотнинг тадбиридир. Агар мазкур сўздан ўзини ҳокисор тутувчи обид маъноси қасд қилинса, бу Аллоҳнинг улар учун (охиратда) хавф-хатар йўқ ва ғамгин ҳам бўлмайдиган улуғ бандалари ва тақводор дўстларига хосланади. 4-савол: Ибодат нима?Жавоб: Ибодат – Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган зоҳирий ҳамда ботиний сўз ва амалларни адо этиш ва уларнинг зиддидан тийилиш маъносини ўз ичига олган умумий бир калимадир. 5-савол: Амал қачон ибодатга айланади?Жавоб: Икки нарса – тўла мутеълик билан тўла-тўкис муҳаббат комил суратда бўлганда. Аллоҳ таоло деди: «Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165). «Албатта, улар Парвардигорларидан қўрқиб хавфда турувчи кишилардир» (Муъминун: 57). Аллоҳ таоло булар ўртасини қуйидаги оятда жамлади: «Дарҳақиқат улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90). 6-савол: Банданинг Парвардигорига бўлган муҳаббати нима билан билинади?Жавоб: Бунинг аломати – Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсани яхши кўриш ва ёмон кўрадиган нарсани ёмон кўриш, Унинг буйруқларига амал қилиб, қайтариқларидан тийилиш, Унинг дўстларини дўст тутиб, душманларини душман деб билишдир. Шунинг учун иймоннинг энг мустаҳкам ҳалқаси – Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўришдир. 7-савол: Бандалар Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсани қандай билишлари мумкин?Жавоб: Аллоҳ Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсаларга буюрувчи ва Ўзи ёмон кўрадиган ва рози бўлмайдиган нарсалардан қайтарувчи пайғамбарларни юборди ва китобларни нозил қилди, шу билан бандалар устида Аллоҳнинг қатъий ҳужжати барпо бўлди ва етук ҳикмати зоҳир бўлди. Аллоҳ таоло деди: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165). «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир». (Оли Имрон: 31). 8-савол: Ибодатнинг шартлари нечта?Жавоб: 3 та. 1- Чин кўнгилдан азму қарор (ният) қилиш, бу ибодатнинг вужудга келишидаги шартдир. 2- Ниятни холис қилиш. 3- Аллоҳнинг фақат унгагина амал қилишимизга буюрган шариатига мувофиқ бўлиши. Бу (охирги) иккиси ибодатнинг қабул бўлиш шартларидир. 9-савол: Чин кўнгилдан азму қарор қилиш дегани нима?Жавоб: Эринчоқлик ва сусткашлик қилмаслик, сўзини амали билан тасдиқлашга ҳаракат қилиш дегани. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтасиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).» 10-савол: Ихлоснинг маъноси нима?Жавоб: Банданинг зоҳирий ва ботиний барча сўзу амалларидан муроди Аллоҳ таолонинг Юзини1 исташ бўлмоғидир. Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга... буюрилган эдилар.» (Баййина: 5). «У (тақводор зот) ҳузурида – зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди). У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини истаб (мол-давлатини сарф қилур).» (Вал-лайл: 19,20). «(Улар айтурлар): Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз — кутмасмиз.» (Инсон: 9). «Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг-учун охиратда бирон насиба бўлмас!» (Шуро: 20). 11-савол: Аллоҳ таоло бизларни фақат унга амал қилишимизга буюрган шариат қайси?Жавоб: у Иброҳим алайҳиссаломнинг дини – Ҳанифийядир. Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19). «Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку!» (Оли Имрон: 83). «Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар». (Бақара: 130). «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.» (Оли Имрон: 85). «Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!» (Шуро: 21). 12-савол: Ислом динининг нечта даражаси бор?Жавоб: 3та даражаси бор: Ислом, иймон, эҳсон. Улардан ҳар бири мустақил зикр қилинганда диннинг ҳаммасини ўз ичига олади, (жамланганда эса ҳар бири ўзига хос маънони беради). 13-савол: Ислом маъноси нима?Жавоб: Ислом – Аллоҳга Уни ёлғиз билган ҳолда таслим бўлиш, Унга тоат-ибодат билан бўйсуниш ва ширкдан халос бўлиш демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!» (Нисо: 125). «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22). «Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Унгагина бўйсунингиз! Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34). 14-савол: Ислом (мутлақ ҳолида) диннинг ҳаммасини ўз ичига олишига далил нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом ғариб бўлиб бошланган, қандай бошланган бўлса, яна ўшандай ғарибликка қайтади». (Имом Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Исломнинг энг афзал (амал)и Аллоҳга иймон келтиришдир». (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти). 15-савол: Ислом калимасининг батафсил баёнида 5та рукн (асос) билан таърифланишига далил нима?Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломнинг дин ҳақидаги саволларига жавобан айтган сўзларида: «Ислом - «Ла илаҳа иллаллоҳ» ва «Муҳаммадун росулуллоҳ» деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг, йўлига қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом 5та (асос) устига қурилган» деб, юқоридаги асосларни айтганлар, фақат бу ҳадисларида ҳажни рўзадан илгари зикр қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 16-савол: Икки шаҳодатнинг диндаги ўрни қандай?Жавоб: Банда фақат шу икки шаҳодатни айтибгина динга кира олади. Аллоҳ таоло деди: «Албатта мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирганлардир». (Нур: 62). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу» деб гувоҳлик бергунларига қадар... жанг қилишга буюрилдим», деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Булардан бошқа кўп далиллар бор. 17-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат бериш зарурлигига далил нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи (барҳақдир)». (Оли Имрон: 18). «Бас, ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина (ҳақ) эканлигини билинг». (Муҳаммад: 19). «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина (ҳақ)дир». (Сод: 65). «Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир» (Муъминун: 91). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) арш соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар» (Исро: 42) ва булардан бошқа оятлар. 18-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» шаҳодатининг маъноси нима?Жавоб: Ибодатга сазоворликни Аллоҳдан бошқа барчадан рад қилиш ва уни ёлғиз ва шериксиз Аллоҳ азза ва жаллага исбот қилиш, демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва улар Уни қўйиб илтижо қилаётганлари эса ботил экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Ҳаж: 62). 19-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг усиз гувоҳлик берувчига фойдаси бўлмайдиган шартлари қандай?Жавоб: Унинг шартлари 7та:
20-савол: Бу шаҳодатнинг маъносини билиш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «...(тиллари билан айтаётган сўзнинг маъносини) ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яьни, «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақ эканлигига гувоҳлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар»). (Зухруф: 86). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақ эканлиги»ни билган ҳолда дунёдан ўтса, жаннатга киради», дедилар. (Муслим ривояти). 21-савол: Чин кўнгилдан ишониш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир». (Ҳужурот: 15). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен (яъни, Муҳаммад) Аллоҳнинг элчисиман. Бирон бир банда мана шу (калималар)га ҳеч бир шубҳа қилмаган ҳолда Аллоҳга йўлиққудай бўлса, албатта жаннатга киради» (Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Шу девор ортида чин кўнгилдан ишониб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берадиган қай бир кишига йўлиқсанг, унга жаннат билан хушхабар бер», дедилар. (Муслим ривояти). 22-савол: Бўйсунишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бирон киши то нафс-ҳавоси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча мўмин бўлолмайди» (Нававий «Арбаъийн»да келтирган). 23-савол: Қабул қилишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло уни қабул қилмаган кишилар шаънида деди: «(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар» оятидан то «Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар» оятигача (Соффат: 22-36). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илм бамисоли ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди. Баъзи ерлар тоза ер бўлади, сувни ўзига сингдириб, мўл-кўл ўсимликлар ва майсаларни ундиради. Айрим ерлар қаттиқ бўлиб, сувни (сингдирмасдан) ушлаб қолади, сўнг Аллоҳ у билан одамларни фойдалантиради – ичишади, (ҳайвонларини) суғоришади, экин-тикин қилишади. У (ёмғир)нинг бир қисми яна бир хил ерга ҳам тушадики, у қаттиқ теп-текис кенглик бўлиб, на сувни ушлаб қолади ва на ўсимлик ўстиради. Бу эса Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен орқали юборган илм унга фойда бериб, олим бўлган ва (ўзгаларга) таълим берган одамнинг мисоли билан у тарафга юз бурмаган ва мен билан юборилган ҳидоятни қабул қилмаган одамнинг мисолидир.» (Бухорий ривояти). 24-савол: Ихлоснинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 3). «Сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг!» (Зумар: 2). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» (Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир.» (Бухорий ривояти). 25-савол: Чин дилдан содиқ бўлишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2,3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сидқидилдан «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Росулуллоҳ» деб гувоҳлик берувчи ҳар қандай кишини Аллоҳ албатта дўзахга ҳаром қилган». (Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аъРабийга ислом шариати (асосларини, фарзларини) таълим берганларида у: «Аллоҳга қасамки, шулардан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар шу гапида содиқ бўлса нажот топди», дедилар. (Бухорий ривояти). 26-савол: Муҳаббат қўйиш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» (Моида: 54). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули у учун бошқа барча нарсадан кўра суюклироқ бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» (Бухорий ривояти). 27-савол: Аллоҳ учун дўстлашиш ва Аллоҳ учун душман тутишнинг қандай далили бор?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» оятидан бошлаб, «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир» оятигача (Моида: 51-55). «Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз!» (Тавба: 23). «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз». (Мужодала: 22). «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» (Мумтаҳана: 1). Ва бундан бошқа оятлар ҳам кўп. 28-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик беришнинг далили нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато – залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164). «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл – ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!» (Тавба: 128). «Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур» (Мунофиқун: 1). Ва бошқа оятлар. 29-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг маъноси нима?Жавоб: Тил билан «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотнинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлини кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган элчисидир» деб айтилган гапни чин дилдан қатъий тасдиқлашдир. У зот хабар берган ўтганларнинг хабарлари-ю, келгусидагиларнинг даракларини, шунингдек нима нарсани ҳалол, нима нарсани ҳаром деган бўлсалар, барчасини тасдиқлаш вожибдир. У зотнинг амру фармонларига бўйсуниш, қайтариқларидан тийилиш, шариатларига эргашиш, суннатларини лозим тутиш, қилган ҳукмларига рози ва таслим бўлиш лозим. У зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш, у зотга осий бўлиш Аллоҳга осий бўлиш демакдир. Чунки у зот Аллоҳнинг рисолатини етказувчидирлар. У зот динни камолига ва рисолатни тамомига етказдилар, умматларини туни ҳам кундуздек бўлган ёруғ йўл устида қолдириб, сўнг дунёдан ўтдилар. 30-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг шартлари нима ва ушбу шаҳодатсиз биринчи шаҳодат мақбул бўладими?Жавоб: Юқорида айтганимиздек, банда фақат мазкур икки шаҳодат билангина динга кириши мумкин ва улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, биринчи шаҳодатнинг шартлари иккинчи шаҳодат шартларининг айни ўзидир. 31-савол: Намоз ва закот (Исломнинг рукнларидан экани)нинг далили нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!» (Тавба: 5) «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11). «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар» (Баййина: 5). Ва бошқа оятлар. 32-савол: Рўзанинг далили нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183). «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185). Бир аъРабий: «Аллоҳ менга фарз қилган рўзадан хабар беринг» деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон ойининг рўзаси, бироқ истасанг ихтиёрий-нафл рўза тутишинг мумкин» деб жавоб берганлар. (Бухорий ривояти). 33-савол: Ҳажнинг далили нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» (Бақара: 196). «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). «Ислом беш асос устига қурилган... Қодир бўлган киши Байт “Каъба”ни ҳаж қилиши» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ва бошқа ҳадислар. 34-савол: Булардан биронтасини инкор қилган ёки иқрор бўлса-да, такаббурлик билан юз ўгирган кишининг ҳукми нима бўлади?Жавоб: Иблис ва Фиръавн каби бошқа мутакаббир ва инкор қилувчилардек кофир деб эътибор қилинади ва қатл қилинади. 35-савол: Буларга иқрор бўлган, кейин қандайдир ялқовлик ёки бошқача таъвил билан амални тарк қилган кишининг ҳукми нима бўлади?Жавоб: Бундай сабаб билан намозни вақтидан кечиктирган одамдан тавба қилиш талаб қилинади, тавба қилса қилди, йўқса унинг жазоси ўлим бўлади. «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!» (Тавба: 5). Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим...» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Закотни беришдан бўйин товлаган одам агар шон-шавкат эгаси бўлмаса, имом (халифа) ундан зўрлик билан ундириб олади ва уни молининг бир қисмини олиб қўйиш билан жазолайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким уни (закотни) ман қилса, биз уни албатта оламиз ва у билан бирга молининг ярмини олиб қўямиз». (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти). Агар шон-шавкат ва куч-қудрат эгаси бўлган жамоат бўлса, юқоридаги оят ва ҳадислар мазмунига кўра, имом уларга қарши то закотни бермагунларича уруш қилиши лозим бўлади. Абу Бакр ва саҳобалар розияллоҳу анҳум шундай қилганлар. Рўзани тарк қилган одам ҳақида бирор ҳукм келмаган. Лекин халифа ёки унинг ноиби ундайларга зажр (огоҳлантирув) бўларли чоралар кўради. Ҳаж – банда умрининг охиригача адо этиши мумкин бўлган фарз бўлиб, то вафотигача ҳам унинг вақти ўтган ҳисобланмайди. Бироқ уни ҳам имкон қадар тезроқ адо этишга шошилиш лозим. Унга бепарволик билан қараганларга охиратда азоблар борлиги айтилган, аммо дунёда хос бир жазо қўлланилмайди. 36-савол: Иймон нима?Жавоб: Иймон – сўз ва амалдир, қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир, тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди, бу хусусда иймон аҳли бир-биридан фарқли бўлади. 37-савол: Иймоннинг сўз ва амал эканига далил нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Лекин Аллоҳ сизларга иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди» (Ҳужурот: 7). «Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига иймон келтирингиз» (Аъроф: 158). Бу – банда усиз динга киролмайдиган икки шаҳодатнинг маъносидир, у эътиқод жиҳатидан қалбнинг амали, нутқ жиҳатидан тилнинг амалидир, бири бошқасисиз фойда бермайди. Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас». (Бақара: 143). Ушбу оятда Аллоҳ таоло намозни иймон деб атади, намоз қалб, тил ва бадан аъзолари амалидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳодни, Қадр кечасида ибодат билан бедор бўлишни, Рамазондаги рўза ва тунги намозни, беш вақт намозни адо этишни ва шу каби бошқа амалларни иймондан деб санадилар. У зотдан: «Энг афзал амал қайси?» деб сўралганда «Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш», деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 38-савол: Иймоннинг зиёда бўлиши ва камайишига далил нима?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «У (Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир» (Фатҳ: 4). «Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир» (Каҳф: 13). «Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур» (Марям: 76). «Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда этур» (Муҳаммад: 17). «Токи иймон келтирган зотларнинг иймонлари янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31). «Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур» (Тавба: 124). «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар» (Оли Имрон: 173). «Бу уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22). Ва бошқа оятлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар сизлар ҳар доим ҳам менинг олдимда бўлган ҳолатингизда бўлсангиз эди, малоикалар сизлар билан қўл бериб кўришган бўлишарди». (Муслим ривояти). 39-савол: Иймон аҳли иймонда бир-бирларидан фарқли бўлишларига далил борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: (Барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир» оятидан то: «Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!» оятигача (Воқеа: 10-27). «Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир! Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!» (Воқеа: 88-91). «Бас уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида айтганлар: «Аллоҳ қалбида бир динор вазнича иймон бўлган кишини, сўнг қалбида ярим динор вазнича иймон бўлган кишини дўзахдан чиқаради» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бир ривоятда: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида арпа донича яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида буғдойча яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида заррача яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади.» (Бухорий ривояти). 40-савол: Иймон умумий маънода диннинг ҳаммасини ўз ичига олишига далил нима?Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдул Қайс қабиласи элчиларига: «Сизларни Аллоҳнинг ёлғиз ўзига иймон келтиришга буюраман», дедилар, сўнгра: «Аллоҳнинг ёлғиз ўзига иймон келтириш нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришди. Шунда дедилар: «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни адо этиш, закотни бериш, (жангдаги) ўлжадан бешдан бирини беришларинг». (Муслим ривояти). 41-савол: Иймоннинг тафсилида у 6 аркон билан таърифланишига далил борми?Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрийл алайҳиссаломнинг: «Менга иймон ҳақида хабар беринг» деган саволларига: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтириш, қадарнинг яхшисига ва ёмонига ишониш» деб жавоб берганлар. (Муслим ривояти). 42-савол: Бунинг Қуръондан далили борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган... кишилар яхши кишилардир» (Бақара: 177). «Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар (аниқ ўлчов) билан яратдик» (Қамар: 49). Иншоаллоҳ, ҳар бирининг далилини алоҳида келтирамиз. 43-савол: Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиришнинг маъноси нима?Жавоб: Илгари ҳам ўхшаши ўтмаган, бундан кейин ҳам бўлмайдиган, Ундан аввал бирон нарса бўлмаган Аввал, Ундан кейин бирон нарса бўлмаган Охир, Ундан юқорида бирон нарса бўлмаган Зоҳир, Ундан паст-яқинроқ бирон нарса бўлмаган Ботин, Тирик, Абадий турувчи, Ягона, Беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Унга тенг бўлолмайдиган зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг борлигини чин кўнгилдан қатъий тасдиқлаш ҳамда Уни улуҳияти, рубубияти, исмлари ва сифатларида ёлғиз билиш демакдир. 44-савол: Улуҳият тавҳиди – яъни Аллоҳни улуҳиятида ёлғиз билиш қандай бўлади?Жавоб: Сўздаги ва амалдаги зоҳирий ва ботиний ибодат турларининг ҳаммасини ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзига чеклаш ва Аллоҳдан ўзга ҳеч кимни, ким бўлишидан қатъий назар, ибодатга сазовор деб билмасликдир. Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизга... амр этди» (Исро:23). «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36). «Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай ҳақ) илоҳ йўқ, фақат Мен ҳақдирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» (Тоҳа: 14). Ва бошқа оятлар. 45-савол: Улуҳият тавҳидининг зидди нима?Жавоб: Унинг зидди ширк бўлиб, у икки хил – катта ва кичик ширкка бўлинади. Катта ширк унинг мутлақ тескариси, кичик ширк эса унинг камолотига путур етказади. 46-савол: Катта ширк нима?Жавоб: Банда Аллоҳдан бошқа бирон нарсани У зотга тенг деб кўриши ва уни Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўриши, ундан Аллоҳдан қўрққандек қўрқиши, унга илтижо ва дуо қилиши, (азобидан) қўрқиши ва (мукофотидан) умидвор бўлиши, унга интилиши, унга таваккул қилиши, Аллоҳга маъсият қилган ҳолида унга итоат қилиши, унга Аллоҳ рози бўлмайдиган нарсада эргашиши ва шу кабилар. Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116). «Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48). «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72). «Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир» (Ҳаж: 31). Ва бошқа оятлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи – Унга ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликлари, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари – Унга бирон нарсани ширк келтирмаган кишини азобламаслигидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ушбу ширкни қилиб диндан чиқишда Макка кофирлари каби уни ошкор қилувчилар ҳам, тилларида Исломни зоҳир қилиб, дилларида куфрни яширган мунофиқлар ҳам баРабардирлар. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз! Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар — ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар» (Нисо: 145, 146). Ва бошқа оятлар. 47-савол: Кичик ширк нима?Жавоб: Аллоҳ таоло учун қилинаётган амални чиройлироқ қилишда енгил риёнинг аралашиши. Аллоҳ таоло деди: «Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)». (Каҳф: 110). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан кичик ширк содир бўлиб қолишидан қаттиқ қўрқаман» дедилар, кичик ширк нималигини сўрашганда: «Риё» деб жавоб бердилар. Сўнг буни қуйидаги сўзлари билан изоҳладилар: «Бир киши туриб намоз ўқийди, бошқа бировнинг унга қараб турганини кўриб, намозини чиройли қилади». (Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривояти). Аллоҳдан бошқа номига қасам ичиш, чунончи, ота-боболарга, бутларга, Каъбага, омонатга ва шу кабиларга қасам ичиш ҳам шу жумлага киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «На оталарингиз, на оналарингиз ва на бутлар билан қасам ичмангиз». (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти). ««Каъбага қасам» деманглар, балки «Каъбанинг Раббига қасам» денглар». (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти). «Аллоҳдан бошқа билан қасамёд қилманглар!» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти). «Омонатга қасамёд қилган одам биздан эмас» (Абу Довуд, Аҳмад ва бошқалар ривояти). «Аллоҳдан бошқа билан қасам ичган одам (кичик куфр билан) кофир бўлибди ёки (кичик ширк билан) мушрик бўлибди» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти). «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деган ибора ҳам шу жумладандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига шундай деган одамга: «Мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Йўқ, фақат Аллоҳ ўзи хоҳласа», деганлар. (Бухорий «Ал-Адаб ул-Муфрад»да, Аҳмад, Насоий ва бошқалар ривояти). «Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда», «Аллоҳдан ва сиздан бошқасига ҳожатим йўқ», каби сўзлар ҳам шу жумладандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ хоҳласа ва фалончи хоҳласа деманглар, балки Аллоҳ хоҳласа, сўнг фалончи хоҳласа денглар». (яъни, “ва” ўрнига “сўнг” ишлатилади) (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва бошқалар ривояти). Аҳли илмлар: «Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида» дейиш жоиз эмас, лекин «Аллоҳ, сўнгра фалончи бўлмаганида» дейиш жоиз, дейдилар. 48-савол: Мазкур иборалардаги «ва» билан «сўнгра» ўртасида нима фарқ бор?Жавоб: «Ва» боғловчиси билан боғлашлик биргалик ва тенгликни тақозо этади. «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деган одам банданинг хоҳишини Аллоҳнинг хоҳиши билан тенглаштирган ва бир ўринга қўйган бўлади. «Сўнгра» боғловчиси билан боғлашлик эса бирин-кетинлик ва эргашишни тақозо этади. «Аллоҳ хоҳласа, сўнгра сиз хоҳласангиз» деган одам банданинг хоҳиши Аллоҳ таолонинг хоҳишига тобеъ ва У зотнинг хоҳишидан кейин туришини эътироф этган бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар» (Инсон: 30).
49-савол: Рубубият тавҳиди – яъни Аллоҳни рубубиятида ёлғиз билиш қандай бўлади?Жавоб: Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг Рабби, Эгаси, Холиқи, Тадбир қилувчиси, Тасарруф қилувчисидир, Мулк-эгадорликда Унинг шериги йўқ, У ҳеч кимга хор-зор бўлмайдиган зот, Унинг буйруғини рад қилувчи, Унинг ҳукмини бекор қилувчи йўқ, тенги ҳам, ўхшаши ҳам, номдоши ҳам йўқ, Унинг рубубияти ўз ичига олган маъноларнинг ва Унинг исмлари ва сифатлари тақозо этган нарсаларнинг биронтасида Унинг рақиби йўқ, деб қатъий иқрор бўлишдир. Аллоҳ таоло деди: «Ҳамду сано осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир» (Анъом: 1) ушбу сура аввалидан охиригача рубубият тавҳидига далолат қилади. «Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (Қиёмат) Кунининг эгаси — подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа:1-4). «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг (қавмингиздан сўранг): «Осмонлар ва Ернинг Парвадигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни) қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баРабар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баРабар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми экани) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратувчидир ва У танҳо ғолибдир». (Раъд: 16). «Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?! (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир» (Рум: 40). «Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11). «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Ват-Тур: 35, 36). «У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65). «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11). ««Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқарувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот - Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг!» (Исро: 111). «(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). Қачонки (Парвардигор ваҳйдан бирон нарсани сўзласа, самовот аҳли-фаришталар буни эшитишса, унинг ҳайбатидан дилларига қўрқув тушади) дилларидан қўрқув кетказилгач улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди», деб (савол қилишади), «Ҳақни (айтди), У юксак ва буюк зотдир», дейишади» (Сабаъ: 22, 23). 1 “Юзини” сўзидан Аллоҳ таолога хос биз унинг жузъий маносини тушунадиган комил маъноси ва кайфиятини била олмайдиган ҳақиқий юзни тушинилади. Уни розилиги ёки савоби деб таъвил қилинмайди, чунки Аллоҳнинг юзи билан розилиги бошқа-бошқадир. (ИНТ) |