асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
80-1204341 марта кўрилган 80-савол: Ўтган Китобларга нисбатан Қуръоннинг тутган ўрни қандай?Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръонда деди «Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлаувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48). «Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) нарсаларни тасдиқловчи ва (шариат ҳукмларидан иборат) муфассал Китобдир» (Юнус: 37). «(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111). Муфассирлар айтганлар: «Ўзидан аввалги китобларга гувоҳ ва уларни тасдиқловчи эканининг маъноси – уларда бўлган саҳиҳ-рост гапларни тасдиқлайди, уларга киритиб юборилган тўқима ва ўзгартиришларни рад этади, уларни мансух қилади ё қолдиради, демакдир. Шунинг учун илгариги китобларни қўлда тутган тўғри фикрли ҳар бир инсон Қуръонга бўйсинувчи бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйсунувчилар) эдик», дерлар» (Қасас: 52, 53). 81-савол: Барча халқ ва миллатлар Қуръон хусусида ўзларига нимани лозим тутишлари керак?Жавоб: Унга зоҳиру ботинда эргашишлари, уни маҳкам тутишлари ва ҳаққини адо этишлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Мана бу эса Биз нозил қилган муборак Қуръондир! Бас, унга эргашингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз!» (Анъом: 155). «(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга (шайтон ва ёмон олимлар каби) «дўстларга» эргашмангиз!» (Аъроф: 3). «(Уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган зотлар ҳам борки, албатта Биз ўзларини тузатувчи кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмагаймиз» (Аъроф: 170). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Китоби хусусида шундай васият қилганлар: «Аллоҳнинг Китобини ушлангиз ва уни маҳкам тутингиз!»1 Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Албатта, ҳали фитналар бўлажак». Мен дедим: «Улардан чиқиш йўли қандай, ё Расулуллоҳ?» У зот: «Аллоҳнинг Китоби», дедилар.2 82-савол: Қуръонни маҳкам тутиш ва унинг ҳаққини адо этиш маъноси нима?Жавоб: Уни ёд олиш, тиловат қилиш, кечаю кундуз намозларда у билан қоим бўлиш, оятларини тафаккур қилиш, у ҳалол деганни ҳалол санаш, ҳаром қилганини ҳаром деб билиш, амрларига бўйсиниш, қайтариқларидан тийилиш, масалларидан ибратланиш, қиссаларидан насиҳат олиш, муҳкамига амал қилиш, муташобиҳига таслим бўлиш, унинг ҳудудидан чиқмаслик, уни ғулув кетувчиларнинг ўзгартиришларидан ва бузғунчиларнинг тўқималаридан ҳимоя қилиш, унинг барча маъносига холис ёндошиш ва унга онгли равишда даъват қилиш, демакдир. 83-савол: Қуръонни махлуқ деган кишининг ҳукми нима?Жавоб: Қуръоннинг ҳарфлари ҳам, маънолари ҳам ҳақиқатан Аллоҳнинг Каломидир. Маънолари қолиб, ҳарфларининг ўзи ёки ҳарфлари қолиб, маъноларининг ўзи Аллоҳнинг каломи дейилмайди. Аллоҳ уни сўз билан сўзлади ва Расулига ваҳий билан нозил қилди, мўминлар унга ҳаққи-рост иймон келтирдилар. Қуръонни гарчи қўл билан ёзилса, тил билан ўқилса, дил билан ёдланса, қулоқ билан эшитилса, кўз билан кўрилса-да, бу уни Раҳмон таолонинг Каломи бўлишидан чиқармайди. Бармоқлар, сиёҳ, қалам ва варақлар махлуқ, улар билан битилган нарса махлуқ эмас. Тиллар ва овозлар махлуқ, улар билан тиловат қилинган нарса махлуқ эмас. Қалблар махлуқ, уларда маҳфуз бўлган нарса махлуқ эмас. Қулоқлар махлуқ, улар билан тингланган нарса махлуқ эмас. Аллоҳ таоло деди: «Албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир!» (Воқеа: 77, 78). «Йўқ, у (Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур» (Анкабут: 49). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз» (Каҳф: 27). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба: 6). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Мусҳафга – Қуръонга давомий назар қилингиз, уни кўп ўқингиз!»3 Бу ҳақда оят-ҳадислар саноқсиз даражада кўп. Ким Қуръонни ёки ундан бирон бўлагини махлуқ деса, Исломдан буткул чиқариб юборадиган катта куфр билан кофир бўлган бўлади. Чунки Қуроън Аллоҳ таолонинг Каломи, Ундан бошланган ва Унга қайтади. Калом Унинг сифати, ким Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ деса, у одам кофир ва муртад бўлиб, ундан Исломга қайтиш талаб қилинади, агар қайтмаса муртад сифатида қатл қилинади ва унга мусулмонлик ҳукми қўлланилмайди. 84-савол: Калом сифати зотийми, феълийми? Жавоб: Калом - сўзлаш сифати Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли ва У бу сифат билан сифатланган экани эътибори билан у Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан. У худди Унинг илм сифатига ўхшаш, балки Унинг илмидандир, уни ўз илми билан нозил қилди, У Ўзи нозил қиладиган нарсани яхши билувчидир. Мазкур сифат Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган ва истаган нарсасини гапириши эътибори билан олганда феълий сифатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ агар бир ишнинг хабарини беришни истаса, ваҳий билан гапиради» (Бухорий ривояти). Шунинг учун салафи солиҳ раҳимаҳумуллоҳ Калом сифати ҳақида: У ҳам зотий, ҳам феълий сифатдир, дейдилар. Аллоҳ таоло калом сифати билан азалий ва абадий васфланган, Унинг сўзлаши ва сўзлашуви Ўз иродаси ва хоҳиши биландир, Ўзи истаган пайт, истаганидай сўзлайди, Унинг сўзини Ўзи истаган одам эшита олади, Унинг сўзлаши чек-чегараси йўқ сифатдир. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: Агар барча денгиз Парвардигоримнинг сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!» (Каҳф: 109). «Агар ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Луқмон: 27). «Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир» (Анъом: 115). 85-савол: Воқифалар (тўхталувчилар) кимлар, уларнинг ҳукми нима? Жавоб: Воқифалар Қуръон ҳақида: Уни Аллоҳнинг каломи ҳам демаймиз, махлуқ ҳам демаймиз, дейдиган кишилардир. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Улардан кимки бу гапни онгли равишда айтаётган бўлса, у жаҳмийдир. Ўзи нима деяётганини билмайдиган гўл ва жоҳил одам бўлса, унга ҳақ нималигини тушунтириб ҳужжатни барпо қилинади. Агар тавба қилса ва Аллоҳ таолонинг Каломи махлуқ эмас деб иймон келтирса яхши, акс ҳолда у жаҳмиялардан ҳам ёмондир». 86-савол: «Менинг Қуръон билан лафзим (яъни оғзимдан чиқаётган Қуръон оятлари) махлуқдир» деган одамнинг ҳукми нима? Жавоб: Бу иборани исбот учун ҳам, рад учун ҳам истеъмол қилиш жоиз эмас. Чунки лафз – банданинг феъли бўлган «талаффуз» маъноси билан оғиздан чиқаётган лафз – Қуръон ўртасида муштарак-аралаш феълдир. Агар махлуқ дейилса, иккинчи маънони – яъни Қуръонни махлуқ дейишни ҳам ўз ичига олади ва бу жаҳмийларнинг сўзига айланади. Агар махлуқ эмас дейилса, бу биринчи маънони – яъни банданинг феълини ҳам ўз ичига олади, бу эса иттиҳодийлар (ваҳдатул-вужудни даъво қилувчилар) бидъатларидандир. Шунинг учун салафи солиҳлар раҳимаҳумуллоҳ: «Ким: Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ деса, у жаҳмий, ким махлуқ эмас деса, у бидъатчидир» деганлар. 87-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг далили нима? Жавоб: Бунга Қуръону Суннатдан далиллар кўп. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Аллоҳ, ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак» (Нисо: 150-152). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирдим». (Бухорий (1354) ва Муслим (2925) ривояти). 88-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг маъноси нима? Жавоб: Аллоҳ таоло ҳар бир уммат ичидан уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қиладиган ва Ундан бошқа «маъбуд»ларга куфр келтиришга чорлайдиган элчи юборган, уларнинг ҳаммаси ростгўй, ишончга сазовор, хушфеъл, олийжаноб, одобли, тақводор, омонатдор, ҳаққа йўлловчи ва тўғри йўл устидаги зотлар бўлган, Раббилари тарафидан очиқ далил-ҳужжатлар ва равшан оят-аломатлар билан қўллаб-қувватланган, улар Аллоҳнинг рисолатидан бирон нарсани яширмасдан, ўзгартирмасдан, унга ўзларидан биронта ҳарф қўшмасдан ва камайтирмасдан ҳаммасини етказганлар, деб қатъий ишониш ва уларнинг барчаси очиқ-ойдин ҳақ устида бўлганлар, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халил (яқин дўст) тутган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни халил тутган, Мусо алайҳиссаломга бевосита сўзлаган, Идрис алайҳиссаломни юқори манзилатга кўтарган, Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, элчиси ва Марямга ташлаган (“Бўл” деган) сўзи ҳамда унинг томонидан Жаброил урган нафха-“дам”дир, Аллоҳ пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилган, баъзиларини юксак даражаларга кўтарган, деб тасдиқлашдир. 89-савол: Пайғамбарларнинг даъвати улар буюрган ва қайтарган нарсаларда бир-бирига мос келадими? Жавоб: Уларнинг даъватлари бошидан охиригача ибодатнинг асли ва асоси бўлмиш – Аллоҳ таолони ибодатнинг барча турларида эътиқод, сўз ва амалда ёлғизлаш ва Ундан ўзгага қилинадиган ибодатларнинг барчасига куфр келтиришда бир-бирига мувофиқдир. Аммо фарз ибодатларга келсак, баъзиларига фарз қилинган намоз, рўза ва бошқа ибодат турлари баъзиларига фарз қилинмаган, айримларига ҳалол қилинган нарсалар имтиҳон юзасидан айримларига ҳаром қилинган: «Сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш — амал қилиб яшашингизни синаш учун...» (Ҳуд: 7). 90-савол: Улар ибодатнинг аслида бир-бирларига мувофиқ келишганининг далили нима? Жавоб: Бунга Қуръон ва Суннатдан икки турли – мужмал (қисқача) ва муфассал (батафсил) далиллар бор. Мужмал далилларга қуйидаги каби оятлар киради: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина ҳақдирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 35). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?!» (Зухруф: 45). Муфассал далилларга қуйидаги каби оятлар киради: «(Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми», деди» (Муъминун: 23). «Самуд қавмига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 73). «Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 65). «Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 85). «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)» (Зухруф: 26, 27). «(Эй инсонлар), илоҳингиз яккаю ёлғиз Аллоҳдир! Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи ҳақдир. У барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир» (Тоҳа: 98). «Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72). «(Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантирувчидирман, холос. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина ҳақ (илоҳ)дир» (Сод: 65). 91-савол: Уларнинг шариатлари ҳалол ва ҳаром каби масалаларда бир-биридан фарқли бўлганига далил борми? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир дин аҳли) қилиб қўйган бўлар эди. Лекин Ўзи ато этган нарсалар (турли шариат аҳкомлари)да сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир дин аҳлига алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз!» (Моида: 48). Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз пайғамбарлар жамоаси отамиз бир, онамиз бошқа ака-укалармиз, динимиз бирдир», деганлар. Яъни, бу сўзлари билан Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбар билан юборган тавҳиднинг ягона эканини, аммо уларнинг шариатлари буйруқ ва қайтариқларда, ҳалол ва ҳаромда турлича бўлганини кўзда тутганлар. 92-савол: Аллоҳ таоло Қуръонда барча пайғамбарларни ҳикоя қилганми? Жавоб: Аллоҳ таоло уларнинг хабарларидан етарлича ҳамда насиҳат ва ибрат бўларлик даражада ҳикоя қилган: «Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ» (Нисо: 164). Биз улардан батафсил хабар берилганларига батафсил, қисқача зикр қилинганларига умумий суратда иймон келтирамиз. 93-савол: Қуръонда улардан нечтасининг номи келган? Жавоб: Қуръонда қуйидаги пайғамбарлар номи зикр қилинган: Одам, Нуҳ, Идрис, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Лут, Шуайб, Юнус, Мусо, Ҳорун, Илёс, Закарийё, Яҳё, Алясаъ, Зул-кифл, Довуд, Сулаймон, Айюб, - Асбот (Яъқубнинг уруғ-авлоди) умумий суратда зикр қилинган, - Ийсо, Муҳаммад соллаллоҳу ва саллама алайҳим ажмаъийн. 94-савол: Пайғамбарлар ичидан улул-азмлари (сабр-матонат эгалари) кимлар? Жавоб: Улар бештадир, Аллоҳ таоло Китобидан икки ўринда уларни алоҳида зикр қилган: Биринчи: Аҳзоб сурасидаги ушбу оятда: «Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олгандик» (Аҳзоб: 7). Иккинчи: Шўро сурасидаги ушбу оятда: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат (қонун) қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро: 13). 95-савол: Пайғамбарларнинг биринчиси ким? Жавоб: Уларнинг биринчиси ихтилофдан (яъни Одам алайҳиссаломнинг авлоди орасида келишмовчиликлар пайдо бўлгандан) сўнг Нуҳ алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163). «Улардан (яъни Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва (у қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар» (Ғофир: 5). 96- савол: Келишмовчиликлар қачон пайдо бўлган? Жавоб: Табарий «Тафсир»ида шундай ёзади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Нуҳ билан Одам ўртасида ўн аср ўтган, барчалари ҳақ шариат устида эди, шундан сўнг ихтилоф қилишди: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди» (Бақара: 213). 97-савол: Пайғамбарларнинг сўнггиси ким? Жавоб: Пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. 98-савол: Бунга қандай далил бор? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, мендан сўнг ўттизта каззоб чиқади, ҳаммаси ўзини пайғамбар деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан сўнг пайғамбар келмайди».4 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга айтганлар: «Сен менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишдан рози эмасмисан?! Илло, мендан сўнг пайғамбар йўқдир.»5 Дажжол ҳақидаги ҳадисларида айтганлар: «Мен набийларнинг сўнггисиман, мендан сўнг набий йўқдир».6 99-савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа пайғамбарлардан қайси хусусиятлари билан ажралиб турадилар? Жавоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа пайғамбарлардан ажралиб турувчи хусусиятлари кўп. Жумладан: Юқорида айтганимиздек, У зотнинг хотамун-набиййин (набийлар сўнггиси) эканлари; Яна У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Одам авлодининг саййиди эканлари; Аллоҳ таолонинг мана бу ояти бунга ишора қилади: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен Одам авлодининг саййидиман, лекин (бу билан) мақтанмайман».7 Яна У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам омматан, инсу жиннинг ҳаммасига пайғамбар қилиб юборилганлари; Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга ўзимдан илгари ҳеч бир (пайғамбар)га берилмаган беш хусусият берилди: 1) Бир ойлик масофагача (душманларим қалбига) қўрқув солиш билан нусратландим; 2) Ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, умматимдан қай бир кишига намоз қай ўринда етса ўша ерда ўқийверсин; 3) Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди; 4) Менга шафоат қилиш (ҳуқуқи) берилди; 5) Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хос юбориларди, мен бутун инсониятга юборилдим»8 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирон киши –яҳудий ё насроний бўлсин- мени эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмасдан ўлса, дўзах аҳлидан бўлади».9 У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундан бошқа ҳам хусусиятлари кўпдир. 100-савол: Пайғамбарларнинг мўъжизалари нима? Жавоб: Мўъжиза – одатдан ташқари иш бўлиб, у таҳаддий10ни ўз ичига олади ва унда рақобатлашиш имкони бўлмайди. У ё ҳиссий – кўз билан кўрилиб, қулоқ билан эшитиладиган бўлади, тош ичидан туя чиқиши, асонинг илонга айланиши, жонсиз махлуқотнинг тилга кириши каби; Ё эса маънавий – ақл ва онг билан мушоҳада қилинадиган бўлади, Қуръон мўъжизаси каби. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар икки турдаги мўъжизалар берилган. Аввалги пайғамбарлардан бирортасига берилган қай бир мўъжиза бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айни шу бобдан ундан кўра каттароқ мўъжиза берилган. У зотнинг ҳиссий мўъжизаларидан: ойнинг бўлиниши, хурмо танасининг инграган овоз чиқариши, бармоқлари орасидан сув булоқ бўлиб чиқиши, (қўйнинг) қўлининг гапириши, таомнинг тасбеҳ айтиши ва бундан бошқа, саҳиҳ хабарлар билан мутавотир бўлган мўъжизалар. Бироқ, булар бошқа пайғамбарларнинг мўъжизалари каби даврлар ўтиши билан фақат зикри сақланиб қолди. У зотнинг абадий сақланиб қолган мўъжизалари – ажойиботлари битмас-туганмас Қуръон мўъжизасидир: «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат: 42). 101-савол: Қуръоннинг мўъжиза эканига далил нима? Жавоб: Бунга далил – йигирма йилдан зиёдроқ вақт ичида фасоҳату балоғатнинг чўққисида бўлган, гапга ғоят моҳир, сўз устаси бўлган халққа: «У ҳолда агар ростгўй бўлсалар ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз — китоб келтирсинлар-чи?!» (Тур: 34); «Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд: 13); «Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!»» (Юнус: 38) деган сўзлар билан таҳаддий қилувчи оятлар нозил бўлиб турган бўлса-да, улар Қуръонга қарши бор кучлари билан курашишларига, уни обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай имкониятни қўлдан чиқармасликларига қарамай, бу нарса қўлларидан келмади. Ҳолбуки, Қуръоннинг ҳарфлари улар истеъмол қилаётган ҳарфларнинг, калималари эса улар ўзаро сўзлашувда ишлатаётган, гапдонликда бир-бирлари билан мусобақалашаётган калималарнинг айни ўзи эди. Қуръон уларнинг ожизликларини, ўзининг мўъжизакор Калом эканини баён қилиб, уларга шундай хитоб қилди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар» (Исро: 88). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ўтган ҳар бир пайғамбарга уни кўрган одамлар албатта иймон келтирадиган мўъжизалар берилган. Менга берилган мўъжиза эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳий (яъни Қуръон)дир. Мен Қиёмат кунида пайғамбарлар ичида эргашувчиси энг кўпи бўлишни умид қиламан».11 Қуръоннинг лафзлари ва маънолари жиҳатидан бўлган мўъжизакорлиги, унинг ўтмиш ва келажакка оид ғайб хабарларини ўз ичига олганлиги ҳақида кўплаб китоблар тасниф қилинган. Бироқ бу асарлар унинг мўъжизаларини ёритиш борасида денгиздан бир томчи, холос. 102-савол: Охират кунига иймон келтиришга далил нима? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8). «...сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз ҳаққи-ростдир! Ва албатта (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлувчидир» (Ваз-зариёт: 5, 6). «Албатта (Қиёмат) Cоати келувчидир. У ҳақда шак-шубҳа йўқдир» (Ғофир: 59). Ва бошқа оятлар. 103-савол: Охират кунига иймон келтириш маъноси нима ва унинг ичига нималар киради? Жавоб: Унинг шак-шубҳасиз келишига қатъий ишониш ва шунинг тақозосига кўра амал қилиш, демакдир. Унинг ичига: қиёматдан аввал унинг албатта зоҳир бўлувчи шартлари ва аломатларига иймон келтириш, ўлимга ва қабр фитнасига, қабрдаги азоб ва неъматларга, сур чалинишига, халойиқларнинг қабрларидан тирилиб чиқишларига, қиёмат майдонидаги даҳшат ва қўрқинчларга, маҳшаргоҳ тафсилотига, саҳифаларнинг тарқатилишига, тарозилар ўрнатилишига, сиротга, ҳавзи кавсарга, шафоатга, жаннат ва ундаги неъматларга – ва ундаги энг олий неъмат бўлмиш Аллоҳнинг жамолини кўришга, – дўзах ва ундаги азобларга – ва энг оғир азоб бўлмиш Раббиларининг жамолидан тўсилишга – иймон келтириш киради. 104-савол: Қиёмат қачон қоим бўлиши маълумми? Жавоб: Қиёматнинг келиши Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган ғайб ишларидандир: «Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзи хохлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва огоҳдир» (Луқмон: 34). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур» (Аъроф: 187). «(Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (Қиёмат) Соатини қачон воқе бўлиши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда) ? (Яъни сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз). Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар» (Ван-назиот: 42-44). Жибрил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга қиёмат ҳақида хабар беринг» деганларида у зот: «Бу ҳақда сўралувчи сўровчидан кўра билувчироқ эмас» деб жавоб бердилар ва унинг аломатларини сўзладилар, бир ривоятда: «Беш нарса борки, уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас» деб, юқоридаги оятни ўқидилар. 105-савол: Қиёмат аломатларига Қуръондан мисоллар борми? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Улар фақат ўлим фаришталари келишини ё Раббингизнинг келишини, ёки Раббингизнинг оятларидан - Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Раббингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутувчилармиз!» (Анъом: 158). «Қачон (кофирларнинг) устига азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар» (Намл: 2). «То Яъжуж ва Маъжуж (тўсиғи) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар» (Анбиё: 96, 97). «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмон барчага кўринадиган тутунни келтирадиган кунни кутиб туринг!» (Духон: 10). «Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат(олдидаги) зилзила даҳшатли нарсадир» (Ҳаж: 1). Ва бошқа оятлар. 106-савол: Қиёмат аломатларига ҳадисдан ҳам мисоллар борми? Жавоб: Қуёшнинг кунботар томондан чиқиши ҳақидаги ҳадислар, добба (қиёматга яқин Аллоҳ ердан чиқарадиган жонивор) ҳақидаги ҳадислар, дажжол ва қон тўкишлар каби фитналар ҳақидаги ҳадислар, Ийсо алайҳиссаломнинг тушиши ҳақидаги ҳадислар, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши ҳақидаги ҳадислар, тутун ҳақидаги ҳадислар, ҳар бир иймонли кишининг жонини олиб кетадиган шамол ҳақидаги ҳадислар, ўт чиқиши ҳақидаги ҳадислар, ер ютиши ҳақидаги ва бундан бошқа ҳадислар бунга мисол бўлади.12 107-савол: Ўлимга иймон келтиришга далил нима? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11). «Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз» (Оли Имрон: 185). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар хам ўлувчидирлар» (Зумар: 30). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?!» (Анбиё: 34). «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи - Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 26, 27). «Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88). «Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон: 58). Ва бошқа оятлар. Бу ҳақда сон-саноқсиз ҳадислар ҳам мавжуд. Ўлим - ҳеч кимга махфий бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин кўриниб турган иш, бунда бирон шак-шубҳа ҳам, тараддуд ҳам бўлиши мумкин эмас. Бироқ, қайсарлик ва такаббурлик (билан ҳақиқатдан кўз юмилади). Фақат Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ўлим ва ундан кейин келувчи ҳодисаларга бўлган иймоннинг тақозосидан келиб чиқиб амал қиладилар. Биз ишонамизки, ҳар бир ўлган ё ўлдирилган одам, бунинг сабаби қандай бўлишидан қатъий назар, ажали билан ўлган ва бирон нарса унинг ажалини қисқартиролмайди. Аллоҳ таоло деди: «Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача сайр қилаверар» (Раъд: 2, Фотир: 13, Зумар: 5). «Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар» (Аъроф: 34). 108-савол: Қабрдаги фитна, ундаги неъмат ёки азоблар ҳақида Қуръондан далил борми? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 100). «Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 45, 46). «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни чиқари (б бери)нгиз! Бу Кун - Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган Кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (Анъом: 93). «Уларни икки бор (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш ё асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат кунида) улуғ азобга қайтарилурлар» (Тавба: 101). Ва бошқа оятлар. 109-савол: Бунга Суннатдан ҳам далил борми? Жавоб: Бу ҳақда келган саҳиҳ ҳадислар мутавотирлик даражасига етган: Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда қабрига қўйилиб, биродарлари ортга йўл олган ва ҳали оёқ товушлари эшитилиб турган бир вақтда унинг олдига иккита фаришта келади, уни ўтиргизиб: «Бу киши – яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳақида қандай эътиқодда эдинг?» деб сўрайдилар. Мўмин банда айтадики: «Мен уни Аллоҳнинг бандаси ва Расули деб гувоҳлик бераман». Шунда (фаришталар) унга айтади: «Дўзахдан бўлган ўрнингга қара, уни Аллоҳ сенга жаннатдан бўлган бир ўринга алмаштирди», у ҳар икки ўрнини кўради. Аммо мунофиқ ва кофир банда унга: «Бу киши ҳақида нима дер эдинг?» дейилганда: «Билмайман. Одамлар нима деса, шуни айтардим» дейди. Унга: «(Ҳақни) билмадинг, (билишга) қодир ҳам бўлмадинг» дейилади ва темир гурзилар билан шундай уриладики, оҳу фарёдларини атрофдаги инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади.»13 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз вафот этса (борадиган) жойи унга эртаю кеч рўпара қилинади. Жаннат аҳлидан бўлса жаннат аҳли(нинг жойи)дан, дўзах аҳлидан бўлса дўзах аҳли(нинг жойи)дан. Ва унга: «То қиёмат куни Аллоҳ сени қайта тирилтиргунча жойинг шу» дейилади.»14 Икки қабр эгаси ҳақидаги ҳадисларида: «Қасамки, бу иккиси азобланмоқда», дедилар.15 Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кун ботгандан кейин чиқдилар, шунда бир овоз эшитдилар ва: «Яҳудлар қабрларида азобланишмоқда», дедилар.16 Асмо розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб, унда кишини фитналарга дучор қилинадиган қабр фитнаси ҳақида гапирдилар. Шунда мусулмонларнинг оҳ-воҳ тортган овозлари кўтарилиб кетди.»17 Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «...Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар бир ўқиган намозларида қабр азобидан паноҳ сўраганларини кўрдим.»18 Кун тутилиши ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қабр азобидан паноҳ тилашга буюрдилар.19 110-савол: Қабрлардан тирилиб чиқишга далил борми? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча инсонларни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча - муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар хам бўлур, яна сизлардан (кўп нарса-билимларни ўрганиб) билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (яъни қариб мункиллаб қолишга) қайтариладиган кишилар ҳам бўлур. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) - сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур. Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. Яна аниқки, қиёмат шак-шубҳасиз келувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур» (Ҳаж: 5-7). «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27). «У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз (Анбиё 104). «(Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!» дер. Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?! (Марям: 66, 67). «Инсон Биз уни нутфадан, бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур (Ёсин: 77-79). «Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилувчи кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот - Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир» (Аҳқоф: 33 – сура охиригача). «Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир.Қачон Биз унинг устига ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро, У барча ишга қодирдир» (Фуссилат: 39). Ва бошқа оятлар. Кўпинча Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига қақраб ётган ўлик ерга сув билан ҳаёт бахш этишини, шундан сўнг у набототлар билан гуллаб-яшнашини қиёслаб зарбулмасал келтиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқайлий ривоят қилган узун ҳадисда худди шу мисолни келтириб деганлар: «Раббингга қасамки, У ер юзида биронта ҳам ўлдирилган кишининг ҳалокат ўрни, ёки ўлган кишининг кўмилган жойини қолдирмайди. Уларнинг ҳаммаси ёрилиб-очилиб (ўлик) бош тарафидан яралади. Шунда у қад ростлаб ўтиради. Раббинг: «(маҳям)? Яъни, сенга нима бўлди? Аҳволинг қандай?», дейди. У бехушликдан оиласидан яқинда (ажралганман) деб ўйлаб, «Парвардигоро, кеча ёки бугун (ҳаётдан кўз юмдим)» дейди. Мен: Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бизлар чириб, шамоллар (суякларимизни ҳар томонга) тўзитиб, йиртқич ҳайвонлар майдалаб ташлагандан кейин, Аллоҳ бизларни қандай жамлайди?, дедим. Ул зот дедиларки: мен сенга Аллоҳнинг неъматларидан бирини мисол қилиб тушунтираман. Тепалик узра чиқиб (атрофдаги қақшаб, қуриб кетган ерга) боқиб: «Бу ер ҳаргиз кўкармаса керак!», деб ўйлайсан киши. Аллоҳ ёмғир ёғдирганидан кейин айни ўша тепалик устига чиқиб, атрофга бир текис яшнаб ётган кўкаламзорни (кўриб, ҳайратланасан). Аллоҳ номига қасамки, У зот сизларни худди ердан кўкатларни ўстиргандай чиқариб олишига қурби етади!...» 111-савол: Қайта тирилишни ёлғон деган одамнинг ҳукми нима? Жавоб: Ундай одам Аллоҳни, Унинг китобларини ва пайғамбарларини инкор қилган кофир ҳисобланади. Аллоҳ таоло деди: «Кофир бўлган кимсалар дедилар: «Ўзимиз ҳам ота-боболаримиз ҳам тупроққа айланиб кетган вақтимизда (қайта тирилтирилиб, қабрларимиздан) чиқариламизми?! Дарҳақиқат бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилингандир. Бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир» (Намл: 67). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратиламизми?» деган гаплари ажабланарлидир. Улар Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар» (Раъд: 5). «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тириласизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилади. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7). Ва бошқа оятлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: Одамзот мени ёлғончи қилди, у бунга ҳақли эмас эди, мени ҳақоратлади, унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Мени ёлғончи қилиши шуки, у: «Аллоҳ мени биринчи бор яратганидек ҳолимга қайтаролмайди», деди. Ҳолбуки, биринчи бор яратиш Менга қайта яратишдан кўра енгил эмасдир. Мени ҳақорат қилиши шуки, «Аллоҳнинг фарзанди бор» деди. Ҳолбуки, Мен ягона, беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Менга баРабар келолмайдиган Зотман».20
112-савол: Сур чалинишига далил борми, у неча марта чалинади? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68). Мазкур оятда сур икки бор – биринчиси барча жонзотнинг жонини олишга, иккинчиси қайта тирилтириш учун чалинишига далил бор. «Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хохлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87). Баъзилар бу оятдаги даҳшатни ҳалокат маъносида тафсир қилганлар, унда бу Зумар сурасида зикр қилинган биринчи чалиниш бўлади. Буни қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди: «Сўнг сур чалинади, уни эшитган одам борки, бўйнини эгганича ва (ё) бўйнини чўзганича (қолади), уни биринчи бўлиб эшитган одам туяларининг ҳовузини суваётган киши бўлади, шунда у беҳуш бўлади, бошқалар ҳам беҳуш бўлади. Сўнгра Аллоҳ таоло майдалаб ёмғир ёғдиради, ундан одамларнинг жасадлари униб (тирилиб) чиқади. Сўнг яна бир бор сур чалинади, шунда улар туриб атрофга қарай бошлайдилар».21 Бошқа баъзилар эса даҳшатни ҳалокатдан бошқа маънода тафсир қилишган. Унда бу сурнинг аввалги икки мартадан кейин учинчи бор чалиниши бўлади. Буни сур ҳақидаги узун ҳадис22 ҳам қувватлайди, унда сурнинг уч бор чалиниши зикр қилинган: даҳшатга солган чалиниш, ҳалок қилган чалиниш ва оламлар парвардигори ҳузурида туриш учун чалиниш. 113-савол: Маҳшарга йиғилиш Қуръонда қандай сифатланган? Жавоб: Унинг сифати ҳақида оятлар кўп: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз» (Анъом: 94). «Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик» (Каҳф: 47). «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)!» (Марям: 85, 86). «Ер (қаттиқ) ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолган чоғда (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилувчидир. Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тоифа) сўл-чап томон эгаларидир. Сўл-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир!» (Воқеа: 3-10). «У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз» (Тоҳа: 108). «Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз» (Исро: 97) Ва бошқа оятлар ҳам кўп. 114-савол: Маҳшарга йиғилиш Суннатда қандай сифатланган? Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар уч гуруҳ бўлиб йиғиладилар: рағбат (яхши амаллари боис яхшиликка етишни умид қилувчи) ва раҳбат (ёмон амаллари боис азоб етишидан қўрқувчи) қилувчилар; бир туяга икки киши, уч киши, тўрт киши, ўн киши минган ҳолда; қолганларини эса ўт жамлайди, ўт улар билан ётган жойларида ҳам, турган жойларида ҳам, юрган жойларида ҳам бирга бўлади».23 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан ҳолида маҳшарга келади?» деб сўради. «Дунёда икки оёғида юргизиб қўйган зот қиёмат куни юзтубан юргизишга қодир эмасми?!» дедилар.24 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз» (Анъом: 94). Қиёмат куни халойиқлар ичида энг биринчи кийинтириладигани Иброҳим алайҳиссалом бўлади».25 Оиша розияллоҳу анҳо шу хусусда: «Ё Расулуллоҳ, эркак ва аёллар бир-бирларига қарайдиларми?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳволнинг оғирлигидан бу нарсага аҳамият бериш уларнинг хаёлига ҳам келмайди», деб жавоб бердилар.26 115-савол: Маҳшаргоҳда туриш Қуръонда қандай сифатланган? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур» (Иброҳим: 42, 43). «Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (инсонлар) У зотдан (Аллоҳдан) қўрқиб бирон сўз айтишга қодир бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 38). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турадилар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18). «Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4). «Яқинда (Қиёмат қойим бўлган Кунда) сизлар(ни ҳисоб-китоб қилиш) учун фориғ бўлажакмиз, эй инсу жинлар!» (Раҳмон: 31). Бундан бошқа ҳам кўп оятлар бор. 116-савол: Маҳшаргоҳда туриш Суннатда қандай сифатланган? Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида» (Мутоффифун: 6) ояти ҳақида: «Улардан баъзи бирлари қулоқларининг ярмигача терига ботиб туради», дедилар.27 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида одамлар терга ботадилар, ҳатто терлари ерда етмиш газга етади ва уларни то қулоқларигача қоплаб олади.»28 117-савол: Ҳисобга кўндаланг қилиниш ва ҳисоб-китоб қилиниш Қуръонда қандай сифатланган? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ал-Ҳааққа: 18). «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 18). «Биз ҳар бир миллат (дин аҳли)дан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!» Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига сўз — азоб тушди. Бас улар (бирон сўз) сўзлай олмаслар» (Намл: 83-85). «Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 6-8). «Парвардигорингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш — амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр: 92,93). «(Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралувчидирлар» (Соффат: 24). 118-савол: Мазкур ҳолат Суннатда қандай сифатланган? Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким комил ҳисоб қилинса, албатта азобга тортилади», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Аллоҳ таоло: «Бас,, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!» деганларида: «Бу (унинг амалларининг бир қатор) кўндаланг қилинишидир, холос», дедилар.29 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни кофирни олиб келиниб, унга: «Нима дейсан, агар ер юзи тўла тилла сеники бўлса, азобдан қутилиш учун шунинг ҳаммасини берган бўлармидинг?», дейилади. У: «Ҳа», дейди. Шунда унга: «Сендан бундан анча оз нарса сўралган эди», бир ривоятда: «Мен сендан Одамнинг пуштикамарида экан пайтингда бундан анча енгил нарсани – Менга ширк келтирмасликни сўраган эдим, сен ширкдан бошқасига кўнмадинг», дейилади.»30 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг ҳар бирингиз билан Парвардигори ўртада таржимон бўлмаган ҳолда албатта сўзлашади. Шунда у ўнг томонига қараб, ўзи қилган амаллардан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қараб, ўзи қилган амаллардан бошқа нарсани кўрмайди. Олди томонига қараса, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, дўзахдан сақланинглар!»31 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан – яъни, мўминлардан – бирингиз Раббига яқин келади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг: «Шундай-шундай (гуноҳларни) қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Яна: «Шундай-шундай (гуноҳларни) ҳам қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Иқрор қилдиргач, сўнг: «Мен дунёда бу ишларингни яширган эдим, энди бугун ҳам уларни мағфират қиламан», дейди».32 119-савол: Амал саҳифалари (номаи аъмол)нинг тарқатилиши Қуръонда қандай сифатланган? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур): «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўзинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидирсан» (Исро: 13,14). «(Номаи аъмол) саҳифалари очилганида» (Таквир: 10). «(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 49). «Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у дер: «Мана менинг китобимни ўқинглар» оятидан то «Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» оятигача (Ал-Ҳааққа: 19-37). «Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса. Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак. Ва ўз(ининг жаннатдаги) аҳли-оиласига шоду ҳуррам ҳолда қайтажак. Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса. Бас, у (ўзига) ўлим (ва ҳалокат)ни тилаб дуо қилиб қолажак. Ва дўзахга киражак!» (Иншиқоқ: 7-10). 120-савол: Бунга Суннатдан далил борми? Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминни Раббига яқин келтирилади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдиради: «Фалон-фалон гуноҳни эътироф этасанми?» У: «Эътироф этаман эй Раббим, эътироф этаман», дейди. Шунда: «Дунёда буларни яширган эдим, энди бугун ҳам уларни мағфират этаман», дейди. Сўнг яхши амалларининг саҳифаси ёпилади (берилади). Аммо бошқаларга – ёки кофирларга – барча гувоҳлар олдида шундай нидо қилинади: «Мана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар» (Ҳуд: 18). (Бухорий ривояти) Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни ҳабиб ҳабибини эсга оладими?» деб сўрадим. «Эй Оиша, учта ҳолат устида (биров бировни) эсга олмайди: амаллар тарозида тортилиш пайтида, то оғир ё енгиллиги маълум бўлгунича; номаи аъмоллар берилиш пайтида, улар ё ўнг томондан берилади, ё чап томондан берилади; дўзахнинг бўйни (алангаси кўтарилиб) чиққанда...» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари) 1 Муслим ривояти, Китобул-фазоил: (2408). 2 Термизий ривояти: (2906). 3 Ибн Абу Шайба (7/190) ва Байҳақий (2220) ривоятлари. 4 Муслим (2889), Аҳмад (5/278), Абу Довуд (4252) ва Термизий (2219) Савбон ривояти билан келтирганлар. 5 Бухорий (4416) ва Муслим (2404) ривоятлари. 6 Термизий (2219), Абу Довуд (4252), Ибн Ҳиббон (7238), Аҳмад (5/278) ривоятлари. 7 Муслим (2278), Бухорий (3340) ривоятлари. 8 Бухорий (335, 438), Муслим (521) ривоятлари. 9 Муслим (153) ривояти. 10 Таҳаддий – Қани, кимнинг қўлидан келса шу ишни қилсин-чи, деганга ўхшаш талаб ва чақириқ. 11 Бухорий (4981, 7274) ва Муслим (152) ривояти. 12 Имом Муслим Ҳузайфа ибн Асийд ал-Ғифорий ривояти билан қуйидаги (2901) ҳадисни келтиради: «Биз сўзлашиб ўтирган эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар ва: «Нима ҳақида сўзлашаяпсизлар?» деб сўрадилар. Биз: «Қиёмат ҳақида» дедик. У зот: «Аввал 10та аломатини кўрмагунларингизча қиёмат қойим бўлмайди» деб, тутунни, Дажжолни, доббани, куннинг мағрибдан чиқишини, Ийсо алайҳиссаломнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта – биттаси машриқда, биттаси мағрибда, биттаси Араб жазирасида ер ютишини ва охирида Ямандан чиқиб одамларни маҳшар сари ҳайдаб борадиган ўтни зикр қилдилар». Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти билан келтиради: «Аллоҳ таоло Ямандан ипакдан ҳам мулойим бир шабадани чиқаради, у қалбида бир зара мисқолича иймони бор одамни қолдирмасдан, қабзи руҳ қилади». 13 Бухорий (1374) ва Муслим (2870) ривояти. 14 Бухорий (1379) ва Муслим (2866) ривояти. 15 Бухорий (216) ва Муслим (292) ривояти. 16 Бухорий (1375) ва Муслим (2869) ривояти. 17 Бухорий (1373) ривояти. 18 Бухорий (1372) ва Муслим (586) ривояти. 19 Бухорий (1050) ва Муслим (932) ривояти. 20 Бухорий (4974) ривояти. 21 Муслим (2940) ривояти. 22 Табароний, «Кабир»: (25/36ҳ, 266с). 23 Бухорий (6522) ва Муслим (2861) ривоятлари. 24 Бухорий (4760, 6523) ва Муслим (2806) ривоятлари. 25 Бухорий (3349) ва Муслим (2860) Ибн Аббосдан ривоят қилганлар. 26 Муслим (2859) ривояти. 27 Бухорий (4938) ва Муслим (2862) ривоятлари. 28 Бухорий (6532) ва Муслим (2863) ривоятлари. 29 Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари. 30 Бухорий (3334) ва Муслим (2805) ривоятлари. 31 Бухорий (1413) ва Муслим (1016) ривоятлари. 32 Бухорий (6070) ва Муслим (2768) ривоятлари. |