Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

170. Хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш ҳаромлиги ҳақида

3918 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Моида сураси 90-оятида айтади:

«Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!»

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ وَمَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ فِي الدُّنْيَا فَمَاتَ وَهُوَ يُدْمِنُهَا لَمْ يَتُبْ لَمْ يَشْرَبْهَا فِي الآخِرَةِ» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир, ким дунёда хамр ичиб юрса, унга муккасидан кетиб, тавба қилмаган ҳолда ўлса, охиратда уни ичмайди», дедилар.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ إِنَّ عَلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ عَهْدًا لِمَنْ يَشْرَبُ الْمُسْكِرَ أَنْ يَسْقِيَهُ مِنْ طِينَةِ الْخَبَالِ» قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا طِينَةُ الْخَبَالِ؟ قَالَ: «عَرَقُ أَهْلِ النَّارِ أَوْ عُصَارَةُ أَهْلِ النَّارِ» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир, Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимлик ичган кимсага фасод балчиғидан ичиришга ваъда берган», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, фасод балчиғи нима?» деб сўрадилар. «Дўзах аҳлидан чиққан тер ёки дўзах аҳлидан чиққан йиринг», дедилар.

عَنْ وَائِلٍ الْحَضْرَمِيِّ أَنَّ طَارِقَ بْنَ سُوَيْدٍ الْجُعْفِيَّ سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْخَمْرِ فَنَهَاهُ أَوْ كَرِهَ أَنْ يَصْنَعَهَا فَقَالَ إِنَّمَا أَصْنَعُهَا لِلدَّوَاءِ فَقَالَ: «إِنَّهُ لَيْسَ بِدَوَاءٍ وَلَكِنَّهُ دَاءٌ» (رواه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Воил ал-Ҳазромий розияллоҳу анҳу айтади: Ториқ ибн Сувайд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ароқ тайёрлаш ҳақида сўраган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бундан қайтардилар. Шунда у: «Мен уни фақат даво учун тайёрлайман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У даво эмас, дарддир», дедилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ لَمْ يَقْبَلِ اللَّهُ لَهُ صَلاةً أَرْبَعِينَ صَبَاحًا، فَإِنْ تَابَ تَابَ اللَّهُ عَلَيْهِ فَإِنْ عَادَ لَمْ يَقْبَلِ اللَّهُ لَهُ صَلاةً أَرْبَعِينَ صَبَاحًا فَإِنْ تَابَ تَابَ اللَّهُ عَلَيْهِ فَإِنْ عَادَ لَمْ يَقْبَلِ اللَّهُ لَهُ صَلاةً أَرْبَعِينَ صَبَاحًا فَإِنْ تَابَ تَابَ اللَّهُ عَلَيْهِ فَإِنْ عَادَ الرَّابِعَةَ لَمْ يَقْبَلِ اللَّهُ لَهُ صَلاةً أَرْبَعِينَ صَبَاحًا فَإِنْ تَابَ لَمْ يَتُبْ اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَقَاهُ مِنْ نَهْرِ الْخَبَالِ» قِيلَ يَا أَبَا عَبْدِ الرَّحْمَنِ وَمَا نَهْرُ الْخَبَالِ قَالَ نَهْرٌ مِنْ صَدِيدِ أَهْلِ النَّارِ (أخرجه الترمذي)

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким ароқ ичса, Аллоҳ ундан 40 кун намозини қабул қилмайди. Агар тавба қилса Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Агар яна ичса, Аллоҳ ундан яна 40 кун намозини қабул қилмайди. Агар тавба қилса Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Агар яна ичса, Аллоҳ ундан яна 40 кун намозини қабул қилмайди. Агар тавба қилса Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Агар тўртинчи бор яна ичса, Аллоҳ ундан яна 40 кун намозини қабул қилмайди. Агар тавба қилса Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмайди ва унга фасод-йиринг анҳоридан ичиради».

Шарҳ:

Хамр – ароқ барча нопокликнинг онаси, уни ичиш гуноҳи кабиралардан. Аллоҳ уни Ўз Китобида ва Расулининг тили билан ҳаром қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ароққа муккасидан кетиб ўлган одамга Аллоҳ уни жаннатда ичишни ҳаром қилганини ва уни дўзах аҳлидан чиқувчи фасод-йиринглар билан суғоришини айтганлар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Ароқ ичиш ҳаром қилинган.
  2. Уни ичган кишига қаттиқ ваъид – азоб хабари бор.
  3. У дард, даво эмас.