Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

169. Қасамнинг каффорати ҳақида

3533 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 89-оятида айтади:

«Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёҳуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ فَرَأَى غَيْرَهَا خَيْرًا مِنْهَا فَلْيَأْتِ الَّذِي هُوَ خَيْرٌ وَلْيُكَفِّرْ عَنْ يَمِينِهِ» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир (ишни қилишга) қасам ичса-ю, бошқа бир ишни ундан кўра яхшироқ деб кўрса, яхши деб кўрганини қилаверсин ва қасамига каффоат берсин», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «وَاللَّهِ لأَنْ يَلِجَّ أَحَدُكُمْ بِيَمِينِهِ فِي أَهْلِهِ آثَمُ لَهُ عِنْدَ اللَّهِ مِنْ أَنْ يُعْطِيَ كَفَّارَتَهُ الَّتِي افْتَرَضَ اللَّهُ عَلَيْهِ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз аҳли-оиласи ҳақида ичган қасамида маҳкам туравериши у учун Аллоҳнинг наздида Аллоҳ унга фарз қилган каффоратини беришидан (ва қасамидан қутулишидан) кўра гуноҳлироқдир», дедилар.

Шарҳ:

Баъзан инсон бир ишни қилишга ёки қилмасликка қасам ичиб қўяди-да, кейин фикри ўзгариб, ўша қасдидан қайтиб қолади. Бандасига меҳрибон бўлган Зот унга шундай ҳолатдан чиқиш йўлини қилиб қўйди. Бу – қасамнинг Аллоҳ таоло тарафидан белгилаб берилган каффоратини бериш билан бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Каффорат бериб, қасамдан қутулиш мумкин.
  2. Қасамнинг каффорати ўнта мискинни тўйдириш ё кийинтириш ёки бир қул озод қилишдир.
  3. Мазкур ишларга имконияти бўлмаган киши уч кун рўза тутса ҳам бўлади.