Пайшанба 12 Декабрь 2024 | 10 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

07. Аёлнинг эр зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқлари

11430 марта кўрилган

Эри у билан тинч-тотув ҳаёт кечириши, унга яхши муомала қилиши, емак-ичмак, кийим-кечак ва уй-жой билан имкон қадар таъминлаши, кўпхотинли бўлса аёллари ўртасида адолат қилиши аёлнинг эри зиммасидаги ҳақларидан

Аллоҳ таоло айтади:

«Улар билан тинч-тотув яшанглар» (Нисо: 19).

«Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, фақат битта аёлга (уйланинг)» (Нисо: 3).

«Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар[1]. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа[2] каби ташлаб қўймангиз!» (Нисо: 129).

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бизлардан биримизнинг устида аёлининг қандай ҳаққи бор?» деб сўрадим. «Таом еган вақтингда уни ҳам таомлантиришинг, ўзинг (янги) кийим кийган вақтингда уни ҳам кийинтиришинг, юзига урмаслигинг, «Аллоҳ юзингни қабиҳ қилсин» (башаранг қурсин) демаслигинг ва ва (аразлашган пайтда) фақат уй ичидагина ҳажр этмоғинг (яъни, бошқа жойда ётишинг)дир», дея жавоб бердилар (Абу Довуд, Табароний, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 3149).

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, аёлларимизга қандай яқинлашиб, нималарни тарк қилишимиз керак?», деб сўрадим. «Зироатгоҳингга хоҳлаган жиҳатингдан келавер, таом еган вақтингда уни ҳам таомлантир, ўзинг (янги) кийим кийган вақтингда уни ҳам кийинтир, «Аллоҳ юзингни қабиҳ қилсин» (башаранг қурсин) деб сўкма ва урма», дедилар (Абу Довуд, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 687).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қарамоғидаги кишиларни зое қилиши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоядир» (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1965).

Абу Шурайҳ Хувайлид ибн Амр ал-Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Аллоҳим, мен икки заифнинг – етимнинг ва аёл кишининг ҳаққини (зое қилишдан) қаттиқ огоҳлантираман» (Ҳоким, Насоий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 2447).

Амр ибн Аҳвас ал-Жушамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ҳажжатул-вадоъ»да қилган хутбаларида Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг ваъз-насиҳат қилиб, айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомалада бўлинглар! Зеро, улар сизларнинг ҳузурингизда асиралардир[3]. Сизлар улардан бундан бошқа[4] бирон нарсага эга эмассизлар. Фақат очиқ бузуқлик (яъни, қайсарлик, итоатсизлик) қилишса, уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) қаттиқ оғритмайдиган суратда уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Огоҳ бўлинглар, аёлларингиз зиммасида сизларнинг ҳаққингиз бор, сизларнинг зиммангизда аёлларингизнинг ҳам ҳаққи бор. Улар зиммасидаги сизларнинг ҳаққингиз – тўшакларингизни сизлар ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва уйларингизга сизлар истамаган кишиларни киритмасликларидир. Сизларнинг зиммангиздаги уларнинг ҳаққи эса – уларга кийим-кечак ва емак-ичмакларини чиройли қилиб беришларингиздир» (Термизий ривояти, Риёзус-солиҳийн: 281).

(Ҳасан ривоят қилган ҳадисда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ ҳар бир раҳбарни ўзининг қўл остидагилари ҳақида, уларни асраганми, зое қилганми, сўроққа тутади, ҳатто ҳар бир кишидан унинг хонадони аҳли ҳақида сўрайди» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1966).

Маҳрни нақдини ҳам, насиясини ҳам тўла бериш шарт

Маймун[5] ал-Курдий отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бир киши озми, кўпми маҳр билан бир аёлга уйланса-ю, унинг маҳрини бериш кўнглида бўлмаса, уни алдаб юриб, ҳаққини адо этмай вафот этса, қиёмат куни Аллоҳга зинокор сифатида рўпара бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1807).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шартларнинг вафо қилинишга энг ҳақлироғи – у билан аёлларни ўзингизга ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳ пайтида қилинган) шартлардир (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «шиғор»дан қайтардилар. Шиғор – киши бировга қиз узатиб, эвазига унинг қизини келин қилиши ва ўртада маҳр бўлмаслигидир (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: «Қуйидагилар Аллоҳ ҳузурида энг оғир гуноҳлардан: Бир киши бир аёлга уйланади, ундан эҳтиёжи қонгач талоқ қилади ва маҳрини бермай кетади; бир киши бировни ишлатиб, унинг ҳаққини еб кетади; бир киши бекордан-бекор, ҳеч бир заруратсиз жониворларни ўлдиради» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 999).

Талоқ иддаси ичида аёл киши нафақа ва турар-жой билан таъминланиш ҳуқуқига эга

Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Мен Холид хонадонининг қизиман, эрим фалончи менга талоқ (хати) юборди, мен унинг оиласидан нафақа ва турар-жой сўрасам, улар рад қилишди», дедим. Шунда улар: «Ё Расулуллоҳ, эри унга учталоқ берди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл кишига нафақа ва турар-жой эри уни яна қайтариб олиши мумкин бўлган талоқдагина берилади», дедилар (Насоий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1711).

Аёлнинг инжиқликларига сабр қилиш, уни уришга ё талоқ қилишга шошилмаслик

Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб, Аллоҳга ҳамду-сано айтгач, шундай дедилар: «Аллоҳ таоло сизларни аёлларга яхшилик қилишга буюради, Аллоҳ таоло сизларни аёлларга яхшилик қилишга буюради, зеро улар оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир. Аҳли китоблардан бир киши бир аёлга уйланади, у аёлнинг қўлида ип ҳам бўлмайди (яъни ўта камбағал, фақира бўлади. Шундай бўлсада улар бир-бирларига ўта сабрда яшайдилар ва буни диндан деб биладилар) улар то қариб, вафот этгунларича бир-бирларидан воз кечмайдилар» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2871).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин киши мўмина аёлдан нафратланмасин. Агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқасидан рози бўлади (Муслим ривояти).

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёл киши қовурғадан яратилган, агар қовурғани тўғрилайман десанг синдириб қўясан[6], у билан бирга яшайман десанг муроса қиласан» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 1944).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёл киши қовурғадан яралган, ҳеч бир йўл билан тўғриланмайди. Агар фойдаланаман десанг эгрилиги бўйича фойдалансан, агар тўғрилайман десанг синдириб қўясан, синдириш талоқ қилишдир» (Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3517).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1983).

Иёс ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг аёл бандаларини урманглар», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу ул зот ҳузурларига келиб: «Аёллар эрларига бўйсинмай қўйдилар[7]», дегач, уларни уришга рухсат бердилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-аёллари ҳузурига кўп аёллар эрларидан шикоят қилиб кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўп аёллар эрларидан шикоят қилиб келмоқдалар. (Аёлларини урадиган) у кишилар сизларнинг яхшиларингиз эмас[8]», дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5137).

Абдуллоҳ ибн Зумъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз аёлини худди қулни калтаклагандек калтаклайди!! Эҳтимол кечга бориб унга (жинсий) яқинлик қилар» (Муттафақун алайҳ).

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Усмон ибн Мазъун таркидунё қилиб аёлларини ташлаб қўйганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақиртириб: «Эй Усмон, мен роҳибликка буюрилмаганман, сиз менинг суннатимдан воз кечдингизми?!», деб сўрадилар. У: «Йўқ, эй Расулуллоҳ», деди. «Менинг суннатим шуки, мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, рўза ҳам тутаман, овқат ҳам ейман, уйланаман ҳам, талоқ ҳам қиламан. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас. Эй Усмон, аҳли-аёлингизнинг ҳам сизда ҳаққи бор, нафсингизнинг ҳам сизда ҳаққи бор», дедилар (Доримий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 394).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?», дедилар. Улардан бири: «Мен кечалари доимо намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен кундузлари доимо рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар (Муттафақун алайҳ).

[1] Яъни қалбдаги адолатни қилишга ва қалбнинг майллигини тенглаштиришга қодир бўлмайсизлар. Бу ҳам икки ва ундан ортиқ аёли бор кишилар учун қилиши керак бўлган адолат турларидан биридир, лекин одам буни қилишга қодир бўлмайди, чунки у унинг қудратидан ташқари, бу ўринда у узрли ҳисобланади. Бироқ, бу унга аёллар ўртасидаги адолатга хилоф бўлган ишларни қилавер, улардан хоҳлаганингга мойил бўлиб ол, суймаганингни ташлаб қўявер дегани эмас. Қалб масаласидан бошқа ўринларда аёллар ўртасида адолат қилиш эрдан талаб қилинади. Оятдаги узр бу нарсаларни ўз ичига олмайди. Шунинг учун оят қалб мойиллигида адолат қила олмасангизлар маъзурсизлар, лекин нариги аёлни хотинлик ҳақларини талаб қилай деса хотинмас, эрга тегиб кетай деса боши очиқмас бир ҳолатда “Муаллақа” қилиб қўйманглар. Уларга хотиннинг эр устидаги барча ҳуқуқларини беринглар демоқда.

[2] Муаллақа аёл — эри бирон-бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир, У эрим бор, деса — эри йўқ, беваман, дейин, деса — эри талоқ бермай кетган.

[3] Аёл киши эрининг ҳукми остида бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни асирага ташбеҳ қилдилар.

[4] Яъни, аёл кишидан жинсий тарафдан фойдаланиш, ўзининг номуси ва сизнинг молингизни асраши, сизнинг хизматингизни қилишидан бошқа нарсага эга эмассизлар.

[5] Маймуннинг маъноси баракали, муборакдир. Ўзбек тилидаги маймун тушунилмасин (ИНТ).

[6] Синдириб қўйишдан мурод – талоқ қилишдир. Ҳадисда аёлни тўғрилаш ва йўлга солишда мулойим йўл тутиш ва қаттиққўлликдан сақланишга йўлланмоқда.

[7] Аёллар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳнинг аёл бандаларини урманглар» деган қайтариқларини нотўғри тушундилар ва эрларига гап қайтаришга журъат қилишиб, уларга тумшуқларини чўздилар.

[8] “У кишилар сизларнинг яхшиларингиз эмас” яъни, аёлларини урадиган ва уларга ёмон муомала қиладиганлар мусулмонларнинг яхшиси эмас. Улар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эрларига итоат қилмайдиган, гап қайтарадиган аёлларни жонидан ўтмайдиган қилиб уришга берган рухсатларини нотўғри тушунишди. Демак киши ҳаким-доно бўлиши керак, қачон қаттиқлик қилади, қачон қилмайди, қанчалик қаттиқлик фойда берадию қанчалиги зарар беради билиши керак. Агар буларни била олмаса, шариат уни юмшоқликка буюради. Бу унинг учун фойдали ва яхшироқдир, чунки унинг юмшоқликда хато қилиши қаттиққўлликда хато қилиб қўйишидан минг марта яхши.

#_ftn5 Маймуннинг маъноси баракали, муборакдир. Ўзбек тилидаги маймун тушунилмасин (ИНТ).