Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

16. Ходим ёки қулнинг иш берувчи ёки хўжайини устидаги ҳақлари

3322 марта кўрилган

Аллоҳ таоло одамларни бир-бирлари билан имтиҳон қилиш учун ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб ишлатиши учун уларни тирикчилик ва ризқда паст-баланд қилгани Унинг Ўз махлуқотидаги фитрати (қонунияти)дир[1]

Аллоҳ таоло айтади:

«Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатиш) учун айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир»[2] (Зухруф: 32).

«Аллоҳ айримларингиздан айримларингзни ризқда устун қилиб қўйди» (Наҳл: 71).

««Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?» дейишлари учун уларнинг баъзиларини баъзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Ахир шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?!» (Анъом: 53).

«Лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (шундай қилди)» (Муҳаммад: 4).

Ходим ёки қулга паст назар билан қарамаслик, унга меҳр-мурувват кўрсатиш ва яхшилик қилиш, у ҳам хожа еган таомдан ейиши ва кийган кийимдан кийиши, тоқатидан ташқари ишга буюрилмаслигининг лозимлиги ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо: 36).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингизга хизматкори таом келтирса – ваҳоланки у (ўчоқнинг) иссиғи, (таом тайёрлаш) машаққати ва хизматини бўйнига олган – уни ўз ёнига ўтиргизсин, агар истамаса ўз қўли билан унга бирор ошам таом узатсин» (Бухорий, Доримий, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1285).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингизга хизматкори таомини келтирса – ваҳоланки у хўжайинидан (ўчоқнинг) иссиғи ва овқат тайёрлаш меҳнатини енгиллатган – бирга таомланиш учун уни ўз ёнига ўтиргизмаса, таомидан бирор ошам берсин» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1043).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингизга хизматкори таомини тайёрлаб, олиб келса, ҳолбуки у унинг иссиғи ва тутунини тортган, уни ўз ёнига ўтиргизиб, таомлантирсин. Агар таом озроқ бўлса, унинг қўлига ундан бир-икки луқма солиб қўйсин» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирингизнинг хизматкори унга таомини келтирганида уни ўзи билан бирга ўтиргизсин ёки таомидан унга берсин, чунки унинг иссиғи ва тутунини тортган удир» (Ибн Можа, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1042).

Зайд ибн Жориядан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажжатул-вадоъда айтдилар: «Қулларингизга (шафқат қилинг!), қулларингизга (шафқат қилинг!), қулларингизга (шафқат қилинг!) Уларга ўзингиз еган нарсадан едиринг, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг! Агар сизлар кечиришни истамайдиган бирон гуноҳ қилишса, уларни сотиб юборинг эй Аллоҳнинг бандалари, ва лекин уларга азоб берманг!» (Аҳмад, Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 740).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ходимларингиздан қайсилари кўнглингизга мувофиқ келса, уларга ўзингиз еган нарсадан едиринг, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг! Ходимларингиздан қайсилари кўнглингизга мувофиқ келмаса, уларни сотиб юборинг, Аллоҳнинг бандаларига азоб берманг!» (Аҳмад, Абу Довуд ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 739).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, биродарларингиз ходимларингиздир. Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари унинг қўли остида бўлса, унга ўзи еган нарсадан едирсин, ўзи кийган нарсадан кийдирсин, уларга оғир келадиган ишларни юкламанглар, агар оғир келадиган ишларни юкласангиз, уларга ёрдам қилинглар!» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг – эркак ё аёл – ходимидан ривоят қилинади: «У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ходимларидан: «Бирон эҳтиёжинг борми?», деб сўраб турардилар. Бир куни у: «Ё Расулуллоҳ, менинг ҳожатим бор», деди. «Нима ҳожатинг бор?», дедилар. «Ҳожатим – қиёмат куни мени шафоат қилишингиз», деди. «Сени бунга ким йўллади?», дедилар. «Роббим», деди. «Агар шундай бўлишини жуда истасанг, кўп сажда қилиш билан менга ёрдам бер», дедилар (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2102).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Хизматкори у билан бирга овқатланадиган, бозорларда эшак миниб юрадиган, эчкини қамаб, соғадиган киши мутакаббир бўлмайди» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Дийламий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2218).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қул ҳам сизнинг биродарингиз, сизга таом ҳозирласа ўзини ҳам ёнингизга ўтиргизинг, агар тортинса таомдан беринг, уларнинг юзларига урманглар!»[3] (Таёлисий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2527).

Абу Маҳзурадан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳунинг олдида ўтирган эдим, Сафвон ибн Умайя бир тоғора (таом) келтирди, уни бир (неча) нафар киши ёпқич (дастурхон)да кўтариб олиб келди. Сўнг уни Умарнинг олдига қўйдилар. Умар атрофдаги бечора-мискин ва одамларнинг қулларини чақирдилар ва улар Умар билан бирга едилар. Ана шунда Умар: «Қуллари улар билан бирга овқатланишидан ор қиладиган кимсаларни Аллоҳ фалон қилсин (яъни, лаънатласин, башараларини қуритсин)», деб айтдилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 148).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирардилар, қўйларни боғлардилар, қулнинг арпа нон билан меҳмонга чақириғини қабул қилардилар» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2125).

Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзингга едирган таоминг сен учун садақадир, фарзандингга едирган таоминг сен учун садақадир, аёлингга едирган таоминг сен учун садақадир, хизматкорингга едирган таоминг сен учун садақадир» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 452).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Мадинага) келганларида хизматкорлари йўқ эди. Абу Талҳа қўлимдан етаклаб олиб бориб, мени у зотнинг ҳузурларига олиб кирди ва: «Ё Расулуллоҳ, Анас эс-ҳушли, зийрак бола, у сизнинг хизматингизни қилиб юрсин», деди. Шундан сўнг мен у зотга Мадинага келганларидан тортиб то вафот этгунларигача уйларида ҳам, сафарда ҳам хизмат қилдим. Бирон қилган ишим тўғрисида: «Буни нега бундай қилдинг?!» деб, қилмаган ишим ҳақида: «Буни мана бундай қилсанг бўлмасмиди?!», деб асло айтмадилар (Муттафақун алайҳ).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал ётган кунларида: «Намоз(ни зое қилиш) ва қўл остингиздаги қул-чўриларингиз хусусида Аллоҳдан қўрқинглар», деб кўп бор такрорладилар[4] (Хатиб «Тариху Бағдод»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 868).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мамлукка (яъни қул-чўрига) озиқ-овқати ва кийим-кечаги (берилиши), уни тоқати етмайдиган ишга буюрмаслик лозим» (Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мамлукларга яхшилик қилишга буюрар ва: «Уларга ўзингиз еган таомдан едиринг ва ўзингиз кийган кийимдан кийдиринг, Аллоҳнинг яратган халқига азоб берманг!», дердилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 139).

Маърур ибн Сувайддан ривоят қилинади: Рабазада Абу Зарнинг ёнидан ўтиб қолдик. Унинг эгнида ҳам, хизматкорининг эгнида ҳам бир хил бурда-чопон бор эди. Биз: «Эй Абу Зар, агар иккаласини бириктирсангиз битта ҳулла бўларди», дедик[5]. Шунда у деди: «Мен билан (қуллардан бўлган) бир биродарим ўртасида гап қочиб, мен уни аъжамия бўлган (яъни араб бўлмаган, қора танли) онаси билан айбладим. У менинг устимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиққанимда у зот: «Эй Абу Зар, сен жоҳилият (феъл-атвори) бор одам экансан, улар (яъни қуллар) сизларнинг биродарларингиз, Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Шундай экан, уларга ўзингиз еган нарсадан едиринглар, кийган нарсадан кийдиринглар, уларга оғир келадиган ишларни юкламанглар, агар оғир келадиган ишларни юкласангиз, уларга ёрдам қилинглар!», дедилар (Муслим ривояти).

Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади: Отам билан бирга ансорларнинг бир маҳалласига илм истаб чиқдик, ансорлар унда ҳали ҳаёт эдилар. Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан Абул-Ясарга рўпара келдик. Ёнида ғуломи (қули) ҳам бўлиб, қўлида саҳифалар солинган жилд бор эди. Абул-Ясарнинг эгнида бурда ва маъофирий[6], ғуломининг эгнида ҳам бурда ва маъофирий бор эди. Мен унга: «Эй амаки, ғуломингизнинг бурдасини олиб, маъофирийингизни берсангиз, маъофирийсини олиб, бурдангизни берсангиз, сизда ҳам битта ҳулла, унда ҳам битта ҳулла бўлар эди», дедим. У менинг бошимни силаб, ҳаққимга баракот тилаб дуо қилди, сўнг: «Эй жиян, мана шу икки кўзим билан кўриб, икки қулоғим билан эшитиб, дилимга жо қилиб олганманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга ўзингиз еган нарсадан едиринг, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг», деганлар. Мен унга дунё матосидан беришим қиёмат куни у менинг ажру савобимдан олиб қўйишидан кўра мен учун енгилроқ», деди (Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Аллоҳ унга Ўз раҳм-шафқатини ёяди ва уни жаннатига киритади: заиф-нотавонга мурувватли бўлиш, ота-онага меҳр-шафқатли бўлиш, қулга яхшилик қилиш» (Термизий ривояти: 2494).

Хизматкоридан фазлини ва яхшилигини аяган киши ҳақида

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши хожасининг олдига ундан фазл[7] сўраб келса, хожаси ундан ўз фазлини қизғанса, қиёмат куни у учун катта илон чорланиб, у ўша қизғанган фазлини ямлаб ютади» (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2438).

Хожа қўл остидаги қулига, қул хожасига нима деб мурожаат қилади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳеч бир киши «қулим» демасин, чунки барчангиз Аллоҳнинг қулларисиз, «хизматчим» десин, қул «роббим» (эгам) демасин, балки «саййидим» (хожам) десин» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирортангиз «қулим» ва «чўрим» демасин, мамлук «роббим» ва «роббатим» (эркак ва аёл эгам) демасин, балки «хизматчим» ва «оқсочим» десин, «хожам» ва «бекам» десин. Барчангиз қул, Роб эса Аллоҳ азза ва жалладир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирортангиз: «Роббингга таом келтир», «Роббингни ювиб-тараб қўй», «Роббингга сув бер» демасин. «Саййидим» ва «хожам» десин, ҳеч бирингиз «қулим» ва «чўрим» демасин, «хизматчим», «оқсочим, «ғуломим» десин»[8] (Муттафақун алайҳ).

[1] Аллоҳ таолонинг бу дунёда ўз махлуқотига берган неъматларидан бири – одамлар бир-бирларининг камчиликларини тўлдиришлари ва шу билан дунё обод бўлиб, ҳаёт давом этиши учун барча одамларни ризқ ва тирикчиликда баробар ва бир хил қилмади. Тасаввур қилинг, ҳамма одам подшоҳ бўлса ёки ҳамма табиб ё дурадгор ё темирчи ё тожир ёки қандай бўлмасин бир хил касб-ҳунар эгаси бўлса, рағбат ва қизиқишлари бир хил бўлса, ҳамма ишда бир хил савияда бўлсалар, унда ҳаёт қандай бўлган бўларди?! Шубҳасиз, у ҳолда одамзотнинг ҳаёти жуда оғирлашиб кетган бўларди, чунки дунё бундай тартиб-низом билан обод бўлиши мумкин эмас.

Лекин, одамларнинг ризқ, тирикчилик ва қизиқишларидаги Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган бундай тафовутлари кучлининг заифга зулм қилишига, каттанинг кичикка зўравонлик қилишига, бойнинг камбағалга зуғум ўтказишига сабаб бўлмаслиги керак. Шунингдек, кичикнинг каттага забондарозлик қилишига, камбағалнинг бойнинг мулкига кўз олайтиришига ҳам сабаб бўлмаслиги лозим. Бу – каттани кичикка меҳр-шафқат кўрсатишга, кичикни эса каттани ҳурмат қилишга чақирган самовий шариат ман қилган ишлардан саналади.

Савол туғилиши мумкин: Аллоҳ таоло одамларнинг ҳаммасини ризқда, тирикчилик ва мансабда баробар қилиб қўйса бўлмасмиди?

Жавоб шуки, аввало бу Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси, Аллоҳ таоло қилган ишидан сўралмайди. Иккинчидан, дунё ҳаёти абадий яшаш ва мукофот олиш ҳовлиси эмас, балки амал қилиш, тобланиш, синов ва имтиҳонга солиниш ҳовлиси. Имтиҳон эса куч-қувватда, ризқда, тирикчилик йўлларида инсонлар ўртасида тафовут бўлишини тақозо қилади. Шунда бой камбағал орқали, камбағал бой орқали синалади, кучли кучсиз орқали, кучсиз кучли орқали имтиҳон қилинади. Яъни, Аллоҳ ҳар иккисига тақсим қилиб қўйган ризқу насибаларда улар бир-бирини Аллоҳ пайғамбарлари орқали буюрганидек риоя қилишаяптими, йўқми? Ҳар иккиси ўзларининг ҳолатларидан келиб чиқиб Аллоҳга тоат ва ибодатни рўёбга чиқаришаяптими, йўқми? Шунга қараб ҳар иккиси қиёмат кунида, дунёдаги барча фарқлар йўқолган, фақат тақво ва амали солиҳга қараб биров бировдан афзал бўладиган кунда жазо ва мукофотларига эришадилар.

[2] Ибн Касир «баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатиш) учун» ояти тафсирида айтади: «Бунинг маъноси – одамлар ҳар хил ишларда бир-бирларига муҳтож бўлганлари боис бир-бирларини ишлатиб, хизматларидан фойдаланиши учун, деганидир, Суддий ва бошқалар шундай деган».

[3] Исломда қул билан хожа ўртасидаги алоқа ана шундай, зўравонлик, қаҳру зулм кўринишларидан бутунлай бегона бўлган биродарлик ва ака-укалик алоқасидир.

[4] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматга васият қилган охирги сўзларидан бири: «Намозни зое қилиш ва қўл остингиздаги қул-чўриларингизга зулм қилиш хусусида Аллоҳдан қўрқинглар» деган сўзлари бўлар экан, бундан Ислом хизматкор ва қул-чўриларга нисбатан нақадар улкан эътибор ва риоя қаратгани маълум бўлади. Бундан яна ҳозирги даврда айрим араб ва ажам мамлакатларига ташкилот ва хонадонларда ишлаш ва хизмат қилиш учун келган ёлланма ишчилар (қуллар эмас!) ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан бўлаётган, уларнинг заиф, камбағал ва муҳтожликларидан фойдаланиб қилинаётган золимона ҳатти-ҳаракатларнинг нақадар хато экани, буларнинг Исломга ва исломий ахлоқларга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, Ислом бундай зулму тажовузлардан пок экани, у бировлар ҳақ-ҳуқуқини топтайдиган кимсаларни қиёмат куни қаттиқ азобга қолишлари ҳақида огоҳлантирганлиги ҳам маълум бўлади.

[5] Араблар бир-бир устин кийилган иккита бурдани ҳулла деб аташади. Бурдани чопон деган тақдиримизда икки қават чопон кийиш одати бизнинг халқимизда ҳам бор.

[6] Маъофирий – Маъофир номли жойда тўқилувчи мато тури.

[7] Фазл – кишининг эҳтиёжидан ортиқча нарсаси

[8] Ушбу пайғамбарона йўлланмадан кўзда тутилган ғоя – бир тарафдан қулнинг инсонлигини риоя қилиш ва ҳурматини жойига қўйиш бўлса, иккинчи тарафдан бандаларга нисбатан ишлатиладиган сўз ва маънолар Яратувчига нисбатан ишлатиладиган сўз ва маънолар билан аралашиб кетмаслиги учундир. Бу эса тавҳидга ва тавҳид тақозосига тўла амал қилиш бўлади.