Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

15.2 Муоҳид зиммийнинг мусулмонлар зиммасидаги ҳаққи

2891 марта кўрилган

Хиёнаткорлик мунофиқликни келтириб чиқаради, у мунофиқларнинг сифатларидан биридир

Аллоҳ таоло айтади:

«Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Бу масал сабаб фақат Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, У боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради. Улар, шубҳасиз, зиён кўрувчилардир» (Бақара: 27).

«Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр жаҳаннам бордир»[1] (Раъд: 25).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимда тўртта сифат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни тарк қилгунича, нифоқдан битта сифат унда бор бўлади: Омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, аҳд берса хиёнат қилади, хусуматлашса фожирлик қилади (мақсаддан четлаб кетади)» (Муттафақун алайҳ).

Муслим ривоятида: «гапирса ёлғон гапиради, аҳд берса хиёнат қилади, ваъда берса хилоф қилади, хусуматлашса фожирлик қилади».[2]

Мусулмонларнинг ҳимояси, аҳди ва омонлиги остига кирган кишиларга мулойимлик, раҳм-шафқат, адолат, яхшилик ва гўзал хулқ билан муомала қилиш[3]

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо­лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Моида: 8).

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур» (Наҳл: 90).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг. Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир»[4] (Тавба: 6).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ таоло ўз раҳматини фақат раҳмдил кишиларга туширади». Саҳобалар: «Ҳаммамиз ҳам раҳм қиламиз-ку?», дейишди. У зот: «(Мен айтган раҳмдилдан мурод) сизлардан бирингизнинг ўз биродарига қиладиган раҳмдиллиги эмас, барча одамларга нисбатан раҳмдиллик қиладиган кишидир», дедилар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 167).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмайди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 71).

Сафвон ибн Сулайм бир неча – Байҳақий ривоятида ўттизта – саҳобанинг болаларидан, улар оталаридан, улар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: «Огоҳ бўлингиз, ким муоҳидга зулм қилса ёки уни камситса ёки унга тоқатидан ортиқ ишни юкласа ёки унинг бирон нарсасини ўзининг розилигисиз олса, қиёмат куни мен унинг рақиби бўламан» (Абу Довуд, Байҳақий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 445).

Бир ривоятда «уни камситса» ўрнига «унинг ҳаққини камситса» дейилган.[5] (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 2655).

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Хайбар соҳиби (яъни оқсоқоли) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, улар (мусулмонлар тарафидан) йўлиқаётган баъзи ишлардан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга (тўпланишга) амр этдилар. Улар тўпланишгач, хутба қилиб, дедилар: «Аҳли китоблар ўз зиммаларига вожиб бўлган нарсани (яъни жизя-солиқни) сизларга берган бўлсалар, Аллоҳ таоло сизларга уларнинг уйларига рухсатсиз киришни, уларнинг хотин-халажларини уришни, мева-чеваларидан ейишни ҳалол қилмади»[6] (Абу Довуд ривояти, Ибн Касир «Иршодул-фақиҳ»да исноди яхши деган).

Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади: Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳузом Ҳимсга ҳоким эканида бир кишининг жизя тўламаган қибтликларни қуёш тиғида қўйиб азоблаётганини кўриб: «Бу нимаси?! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дунёда одамларга азоб берадиган кишиларни Аллоҳ таоло албатта азоблайди» деганларини эшитганман», деди[7] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2625).

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат ўз диндошларингизга садақа қилинглар», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас. Балки Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» (Бақара: 272) оятини нозил қилди. (Сўнг) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бошқа динлар аҳлига ҳам садақа қилаверинглар», дедилар[8] (Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2766).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо учун қўй сўйилганида ғуломига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам бердингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам бердингми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жибрил алайҳис-салом менга шунчалик кўп гапирдики, мен қўшни меросхўр бўлиб қолармикин, деб ўйладим», деганларини эшитганман», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 78).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир яҳудий бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиб турар эди, ўша бола касал бўлиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани бордилар ва бош томонида ўтириб, унга: «Исломни қабул қил», дедилар. У ёнида ўтирган отасига (изн сўрагандек) қаради. Отаси унга: «Абулқосимга итоат қил», деган эди, у исломни қабул қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан чиқарканлар: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар[9] (Бухорий ривояти).

Абу Усмон ан-Наҳдийдан ривоят қилинади: Абу Мусо бир роҳибга мактуб ёзиб, мактубида унга салом йўллади. Шунда у кишига: «Кофирга салом йўллайсизми?!», дейилди. «У менга салом йўллаб мактуб ёзган эди, мен ҳам унга жавобан салом йўлладим», деди[10] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 837).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Яҳудий, насроний ва мажусийларнинг саломларига алик олинглар. Чунки, Аллоҳ таоло: «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар» (Нисо: 86), деган»[11] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 834).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Агар Фиръавн менга: «Боракаллоҳу фийка (Аллоҳ сенга баракот ато этсин)» деса, мен унга: «Сенга ҳам» деган бўлардим, бироқ Фиръавн ўлиб кетган»[12] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 848).

Уларни Исломни қабул қилишга ва ўз динларидан воз кечишга мажбурламаслик, агар жизя (ҳимоя солиғи) тўлаб турган бўлсалар, мусулмонлар уларнинг ҳурматлари поймол бўлишидан ҳимоя қилиб жанг қилишлари уларнинг ҳақ-ҳуқуқларидандир

Аллоҳ таоло айтади:

«Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара: 256).

Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лашкарбошиларга қилган буйруқлари ичида жумладан шундай сўзлар бор эди: «Мушрик душманларингизга йўлиққанда уларни учта ишга буюринг. ...Агар (Исломга киришдан) бош тортсалар, улардан жизя беришларини сўранг. Агар рози бўлсалар, улардан қабул қилинг ва урушдан тийилинг. Агар бош тортсалар, Аллоҳдан мадад сўраб, уларга қарши жангга киринг» (Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу васиятларида айтган эдилар: «Ўзимдан кейинги халифага Аллоҳнинг зиммаси (яъни ҳимояси) ва Расулининг зиммаси (остидаги кишилар хусусида,) уларнинг аҳдларига вафо қилишни, уларни деб жанг қилиш ва уларга тоқатларидан ортиқ ишларни юкламасликни васият қиламан» (Бухорий ривояти).

Ғурфа ибн Ҳорис ал-Киндий розияллоҳу анҳу олдидан ўтиб кетаётган бир насронийни Исломга даъват қилганида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон сўзлар билан тилга олиб, ҳақорат қилди. Шунда Ғурфа унга қўл кўтариб, бурнини уриб синдирди. Иш (шикоят) Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга етказилди. Амр: «Биз буларга аҳд берганмиз», деган эди, Ғурфа: «Биз буларга пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни очиқ-ошкор сўкишларига аҳд берган бўлишимиздан Аллоҳ сақласин! Биз буларга черков ишларига аралашмасликка, улар ичида ўзлари истаган нарсаларини айтишларига ва тоқатларидан ортиқ нарсани зиммаларига юкламасликка аҳд берганмиз. Агар душман уларни қасд қилса, биз улар ортидан жангга кирамиз. Ўз аҳкомларига амал қилишларига қўйиб берамиз. Қачон бизнинг ҳукмларимизга рози бўлиб келсалар, биз уларга Аллоҳнинг ҳукми ва Расулининг ҳукми билан ҳукм қиламиз. Биздан махфий қилган ишларига аралашмаймиз», деди. Шунда Амр унга: «Тўғри айтдингиз», деди. Ғурфа саҳобалардан эди (Ибн Касир «Иршадул-фақиҳ»да (2/346): «Байҳақий саҳиҳ иснод билан ривоят қилган» деган).

Миср қибтийларига яхшилик қилишга васиятлар

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мисрни фатҳ қилсангизлар, қибтга (яъни унинг ерлик аҳлига) яхши муомалада бўлинглар! Чунки, уларнинг зиммийлик ва қариндошлик ҳақлари бор»[13]. (Ҳоким ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1374).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин васият қилиб дедилар: «Миср қибтийлари хусусида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, сизлар уларга ғолиб бўласизлар, улар сизларга Аллоҳ йўлида кўмакчи бўладилар» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3113).

* * *

[1] Қуртубий тафсирида айтади: Саъд ибн Аби Ваққос деди: «Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган зот – Аллоҳга қасамки, улар ҳарурийлардир», яъни аҳдларни бузиш ва уларга енгил қараш билан танилган хаворижлардир. Сўнг бунинг ортидан улар аҳд ва омонлик йўқлиги баҳонаси билан ерда бузғунчилик қилишади, ҳақ-ҳуқуқ ва ҳурматларни поймол қилишади.

Ибн Касир тафсирида айтади: Бу бадбахт кимсаларнинг ҳолати, сифатлари, уларнинг дунё ва охиратдаги оқибатлари баёнидир. Ҳадисда айтилганидек: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади». Бир ривоятда: «аҳд берса хиёнат қилади, хусуматлашса фожирлик қилади (мақсаддан четлаб кетади)». Шунинг учун Аллоҳ таоло: «улар учун Аллоҳнинг лаънати бўлур», яъни раҳматидан узоқлатиши бўлади, «улар учун энг ёмон диёр бўлур», яъни ёмон оқибат бўлади, деди.

Абул-Олия «Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган» ояти ҳақида айтади: «Мунофиқлар агар одамларга ғолиб бўлишса, олтита сифатларини зоҳир қилишади: «гапирганда ёлғон гапиришади, ваъда беришса хилоф қилишади, омонат қўйилса хиёнат қилишади, Аллоҳга берган аҳд-паймонларини бузишади, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узишади, ерда бузғунчилик қилишади. Ғалаба улардан юз ўгирганда эса фақат учта сифатларини ошкор қилишади: гапирганда ёлғон гапиришади, ваъда беришса хилоф қилишади, омонат қўйилса хиёнат қилишади».

[2] Хаттобий айтади: «Бунинг маъноси – мазкур сифатларга одатланиб қолиш мусулмон кишини ҳақиқий мунофиқликка олиб бориб қўйиши мумкинлигидан огоҳлантиришдир».

[3] Бундай қилиш Исломдаги дўстлик ва душманлик тушунчасига зид келмайди. Мусулмон бўлмаганларга аёвсиз ва қаттиққўл бўлишга чақирадиган наслар (яъни шаръий далиллар) ҳақида фикр юритиб кўрсангиз, улардан мурод – уруш ҳолатидаги мушриклар эканини, бундай муомала ўрни эса уруш ва жанг майдонлари эканини кўрасиз. Уруш ва жанг майдонларининг ўзига хос ҳукмлари ва хос ахлоқлари бўлади, аҳд ва омонлик битими майдонларининг ўзига хос ҳукмлари ва ахлоқлари бўлади. Иккала майдон ўртасини ва бу икки майдон аҳлига нисбатан қўлланиш лозим бўлган муомалани фақат жоҳил одамгина аралаштириб юбориши мумкин. Баъзан у ер бу ерда шоҳид бўлаётганимиз Ислом номи билан қилинаётган тажовуз ва хато ҳатти-ҳаракатлар ортидаги асосий сабаб ҳам шудир.

[4] «.. уни ҳимоя қилинг» ояти калимаси фарзликни ифодалайди. Ҳимоя остига олиш дегани ичига меҳмон қилиш, яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, унинг қалбини Исломга мойил қиладиган ҳар қандай яхши ишларни қилиш ҳам киради. Зеро, мана шундай чиройли муомалага риоя қилмасдан ҳимоя остига олиш Аллоҳнинг каломини эшитиши ортида бўлган ғараз-мақсадга олиб бормайди.

[5] Бу каби ҳадислар зулмнинг мутлақо ҳаромлигини, шу жумладан ғийбатини қилиш, ёмон ва нолойиқ сўзлар билан обрў-номусига чанг солиш жоиз эмаслигини ифодалайди. Зулм фақат моддий томонга чекланган бўлмай, балки маънавий жиҳатдан бўлган зулм кўп ҳолларда моддий жиҳатга алоқадор зулмдан қаттиқроқ бўлади. Замондош уламолардан бирларининг «Кофирни ғийбат қилиш жоизми?» деган саволга ўйланиб ҳам ўтирмасдан: «Ҳа, жоиз» деганини эшитдим. Бундай дейиш хато, уруш ҳолатидаги кофирга қилиниш керак бўлган муомала билан аҳд ва битим остидаги кофирга қилинадиган муомаланинг фарқи борлигини билиш лозим!

[6] Ушбу ҳадисда имом-халифа аҳли зиммани мусулмонлар тарафидан бўладиган озорлардан ҳимоя қилиши вожиблигига далил бор.

[7] Бу каби ҳадислардан айрим фаҳми бузуқ кишиларнинг «Раҳм-шафқат фақат мусулмонлар орасида, бир-бирларига нисбатан чекланган бўлиши керак, мусулмон бўлмаганларга нисбатан қўлланилмаслиги лозим» деган даъволари нотўғрилиги маълум бўлади.

[8] Ҳадисдан тушуниладики, мусулмонлар бошқа динларга мансуб бўлган эҳтиёжманд ва қийналган кишиларга инфоқ-эҳсон қилишлари, бало ва табиий офатларга дучор бўлган юртлар аҳлига ёрдам ва кўмак кўрсатишлари жоиз, Аллоҳ розилигини истаб қилсалар бунинг учун ажрланадилар.

[9] Бу ҳадисдан мусулмон бўлмаган беморларни бориб кўриш – мункар, ношаръий ишлардан холи бўлганда, улардан яхшилик ва қалблари Исломга мойил бўлиши умид қилинганда, айниқса, яхшилиги маълум, мусулмонларга хизмати сингган киши бўлса – жоизлиги маълум бўлади.

[10] Бунда мусулмон бўлмаган кишининг саломига алик олиш ёки мактуб ёзиб, унинг саломига айни ўша ибора билан жавоб йўллаш жоизлиги ва бунинг тенгма-тенг муомала эканига ва бунинг ҳеч қандай зарари йўқ эканига далил бор.

[11] Бундан маълум бўладики, ояти кариманинг далолати мутлақ бўлиб, у муайян салом лафзи билан салом берган ҳар бир кишига, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайридин бўлсин, умумийдир, унга ўзининг саломидек ёки ундан яхшироқ салом билан жавоб қайтарилади.

[12] Чунки, бу – билмисл, яъни тенгма-тенг муомала қабилидан бўларди. Зотан, улар биздан афзал эмас, биздан кўра одобли эмас, биздан кўра яхшиликка шукроналик бажо келтирувчи эмас. (Бу ишларда биз улардан кўра илғорроқ бўлишимиз лозим).

[13] Уларнинг қариндошликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жориялари ҳамда ўғиллари Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси бўлмиш солиҳа, покиза ва тақводор Мория ал-Қибтияга яқинликлари жиҳатидан бўлиб, Морияни Мисрнинг қибтий шоҳи Муқавқис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадя қилиб юборган эди. Мория ҳижрий 16 йили вафот этган ва Бақеъга дафн қилинган, жанозасини Умар розияллоҳу анҳу ўқиган.

Баъзилар қибтийларнинг қариндошликлари Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар томонидан бўлганини айтадилар. Менинг фикримча, ҳар иккала жиҳатдан бўлишига монеълик йўқ. Бу қариндошликни янада мустаҳкамлайдиган омиллардан. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида унга жаноза ўқидилар ва: «У учун жаннатда бир эмизувчи бордир. Агар яшаганида сиддиқ ва набий бўларди. Агар яшаганида қибт тоғалари озод бўлар, бирон қибтий қул қилинмас эди», дедилар (Шайх Албоний «озод бўлиш ҳақидаги жумладан бошқалари саҳиҳ» деган, Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 1227).