Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

15. Муоҳид зиммийнинг мусулмонлар зиммасидаги ҳаққи

3458 марта кўрилган

Мусулмонларнинг зиммаси-ҳимояси, аҳди ва омонлиги остига кирган муоҳид[1] зиммийнинг аҳдига вафо қилиниши ва хавфсизлигига кафолат берилиши, унинг жони, моли ва номусидаги ҳақ-ҳуқуқ ва ҳурматлари поймол қилинмаслиги, шунингдек, уларнинг диёрларида уларнинг ҳимояси ва омонлиги остига кирган мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига вафо қилиниши ва бирон нарсада хиёнат қилинмаслиги уларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқларидан саналади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб туради» (Наҳл: 91).

«Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир» (Исро: 34).

«Эй мўминлар, аҳдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз!» (Моида: 1).

«Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни, бир-бирларингизга ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар). Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга, ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон бўлган қавмга зарар етказиш билан ёрдам қилмайсизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир» (Анфол: 72).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг. Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир» (Тавба: 6).

«(Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларигина эслатма оладилар. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Роббиларидан қўрқадилар ва оғир ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб, (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар). Роббиларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар ана ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирадилар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): «(Аллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу охират диёри нақадар яхши!» (Раъд: 20-24).

«Улар (яъни мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилувчи зотлардир» (Маориж: 32).

«Бу масал сабаб фақат Аллоҳнинг аниқ кўрсатмаларини бузадиган, У боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради. Улар, шубҳасиз, зиён кўрувчилардир (Бақара: 27).

«Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр жаҳаннам бордир (Раъд: 25).

Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қурайш мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юборди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганимдан кейин қалбимга Ислом (муҳаббати) тушди ва мен: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен энди улар олдига асло қайтиб бормайман», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен аҳдни бузмайман, элчиларни ушлаб қолмайман.[2] Сиз ортингизга қайтинг. Агар дилингизда ҳозир топаётган нарсани – яъни Исломни – топсангиз, қайтиб келинг», дедилар. Шундан сўнг мен кетдим ва кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига қайтиб келиб, Исломни қабул қилдим» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2397).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мени Бадр жангида ҳозир бўлишдан тўсган нарса шу бўлган эдики, мен ва отам Ҳусайл (Мадинага ҳижрат учун) чиқдик, шунда Қурайш кофирлари бизни ушлаб олишди ва: «Сизлар Муҳаммаднинг олдига бормоқчисизлар», дейишди. Биз: «Унинг олдига бормоқчи эмасмиз, биз Мадинага бормоқчимиз, холос», дедик. Шунда улар биздан Аллоҳни ўртага қўйиб: «Биз фақат Мадинага борамиз, у билан бирга урушга кирмаймиз» деган аҳду паймон олишди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келгач, бўлган гапни айтиб бердик. У зот: «Боринглар, биз уларнинг аҳдларига вафо қиламиз ва улар устидан Аллоҳдан нусрат сўраймиз», дедилар»[3] (Муслим ривояти).

Амр ибн Абаса ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кимнинг бир қавм билан ўртада аҳди бўлса, то муддати охирламагунича бирон аҳдни боғламасин ҳам, ечмасин ҳам (яъни, ўша аҳдида турсин) ёки уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташласин (яъни, ўртадаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин)», деганларини эшитганман (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2397).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар Аллоҳ ва Расули сизларни яхши кўришларини истасангиз, учта хислатга: ростгўйликка, омонатни адо қилишга ва яхши қўшничиликка риоя қилингиз» (Халъий «Фавоид»да ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2997).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизга омонат қўйган кишига омонатини адо қилинг, сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!»[4] (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 423).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деярли ҳар бир хутбаларида: «Омонати йўқ кишининг иймони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дердилар (Аҳмад, Баззор, Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 3004).

Миқдод ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, йиртқич ҳайвон, хонаки эшак, муоҳиднинг молидан тушиб қолган нарса (топилдиқ) ҳалол эмас, фақат унинг ўзига кераксиз нарса бўлса (олиш дуруст)»[5] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3229).

Сулаймон ибн Бурайда отаси (Бурайда ал-Асламий) розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон лашкар ёки кичикроқ гуруҳга амир тайинласалар, уни Аллоҳдан тақво қилишга ва қўли остидаги мусулмонларга яхшилик қилишга буюрардилар, сўнг айтардилар: «Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар! Аллоҳга кофир бўлган кимсаларга қарши урушинглар! Жанг қилинглар, лекин хиёнат қилманглар, (ўлжалардан тақсимланмай туриб) билдирмай олманглар, мусла қилманглар (яъни қулоқ-бурун каби аъзоларни кесманглар), ёш болани ўлдирманглар!» (Муслим ривояти).

Хиёнатнинг дунё ва охиратдаги оқибатлари

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Хиёнаткорга қиёмат куни байроқ тикилади ва: «Бу фалончи ўғли фалончининг хиёнати», деб айтилади» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни ҳар бир хиёнатчининг у билан танилиб турадиган байроғи бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни ҳар бир хиёнатчининг байроғи бўлиб, уни хиёнати миқдорига қараб кўтарилади» (Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни аввалгилар-у охиргиларни жамлаганда ҳар бир хиёнатчига бир байроқ кўтарилиб: «Бу фалончи ўғли фалончининг хиёнати» дейилади» (Аҳмад ривояти, шайх Шокир тахрижда (7/31): «исноди саҳиҳ», деган).

Амр ибн ал-Ҳамиқ ал-Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир кишига ўз қони (яъни жонини) ишонса-ю, у уни ўлдириб қўйса, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлса ҳам, мен қотилдан покман (яъни у мендан эмас)» (Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 440).

Бир ривоятда: «Ким бир кишига ўз қонини ишонса-ю, у уни ўлдирса, қиёмат куни у хиёнат байроғини кўтаради» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 440).

Амр ибн ал-Ҳамиқ ал-Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши бир кишига (ишониб, кўнгли) хотиржам бўлса, хотиржам бўлганидан кейин у уни ўлдирса, қиёмат куни у учун хиёнат байроғи тикилади»[6] (Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 357).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким муоҳид кишини ноҳақ ўлдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг ҳидини ҳидлашни ҳам ҳаром қилади» (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 4423).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким аҳли зиммалардан (яъни мусулмонлар ҳимоясида) бўлган бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан билиниб туради»[7] (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 4425).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди, ваҳоланки унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан билинади» (Бухорий ривояти).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир муоҳидни ноҳақ ўлдирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2398).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: Уч киши борки, қиёмат куни Мен уларнинг душмани бўламан: Менинг номим билан аҳд бериб, сўнг унга хиёнат қилган одам; ҳур-озод одамни қул қилиб сотиб, пулини еган одам; ишчи ёллаб, ундан тўла фойдаланган, сўнг ҳаққини бермаган одам» (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан (Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир қавм аҳдни бузаркан, улар орасида қатл вужудга келади, қай бир қамда фаҳш зоҳир бўлса, Аллоҳ уларга ўлимни ҳукмрон қилади, қай бир қавм закот бермай қўйса, Аллоҳ улардан ёмғирни тўхтатиб қўяди» (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 107).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир қавм аҳдни бузаркан, душманлари улар устидан ҳукмрон қилиб қўйилади»[8] (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3240).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – (ўша беш нарсадан бири шуки,) Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 106).

[1] Бу ҳақ ва унинг остига кирувчи барча масалалар, далиллар ва ҳақ-ҳуқуқлар муоҳид зиммий, яъни мусулмонлар диёрида доимий аҳд-шартнома ёки вақтинча сулҳ остида яшаб турган, ёки улардан мусулмонлар диёрига ўзига хос ва вақтинчалик алоҳида битим билан келган ғайридин кишиларга, шунингдек доимий битим ёки муваққат шартнома билан улар диёрига борган мусулмонларга ҳам тегишли ва шомил бўлиб, улар диёрига борган мусулмон зиммасида ҳам уларнинг истисноий хос ҳақлари бор. Шунингдек, уларнинг давлатларида истиқомат қилувчи мувотин (яъни уларнинг фуқаролигига эга) мусулмонлар ҳам ўзлари яшаб турган жамият билан ижтимоий битим билан боғланганлари учун ушбу ҳақ-ҳуқуқлар доирасида ҳаракат қилишлари лозим. Аммо бу аҳдлашув ва келишувлар қай шаклда бўлиши, уларнинг муддат-миқдорлари, ким томонидан имзоланиши, қачон ва қандай ниҳоясига етиши каби масалалар тафсилотини «Истиҳлол» деб номланган китобимизда ёритиб берганмиз. Истаганлар унга мурожаат қилишлари мумкин.

[2] Чунки, элчилар динлари ва мансубликлари қандай бўлишидан қатъий назар, шариатга кўра ҳам, урф-одат бўйича ҳам омонликда бўладилар, уларга хиёнат ёки бирон бир ёмонлик қилиш жоиз эмас. Абу Рофиъ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида қолишни ўзи истаган, бунга ҳеч қандай мажбурликсиз ўзи ташаббус кўрсатган бўлишига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг талабини қабул қилмадилар ва унга аввал ўзини элчиликка юборган кишилар олдига қайтиб бориб, кейин истаса ўз эрки-ихтиёри билан, бировнинг элчиси бўлмаган ҳолда қайтиб келиши мумкинлигини айтдилар. Чунки, у зот «Муҳаммад элчиларни ушлаб қолмоқда» деган гап чиқишини истамасдилар.

[3] Бу ҳадис шунга далил бўладики, мусулмонлардан бир гуруҳи ўзаро уруш ҳолатидаги мушриклар билан сулҳ ва тинчлик битимида бўлсалар, ўртадаги битимга риоя қилишлари, бошқа бир гуруҳ мусулмонлар эса айни ўша мушриклар билан ўртада тинчлик битимлари бўлмагани боис урушга киришлари жоиз бўлади, биринчи гуруҳга лозим бўлган аҳд иккинчи гуруҳга лозим бўлмайди, иккинчи гуруҳга лозим бўлган нарса биринчи гуруҳга лозим бўлмайди. Улуғ саҳобий Абу Басир ва унинг мўмин сафдошлари билан Қурайш мушриклари ўртасида бўлган воқеа ҳам айни шу қабилдан эди. Ҳолбуки, у пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Мадинада у зот билан бирга турган мусулмонларнинг Қурайш мушриклари билан тинчлик шартномалари бор эди. Мўминларнинг ҳар икки гуруҳи ўзларига лозим бўлган ишни лозим тутишган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи гуруҳнинг Қурайш мушрикларига қарши урушларини инкор қилмаган эдилар. Чунки, улар ўртада тузилган шартнома доирасидан ва битим мажбуриятларидан ташқарида эдилар. Бу масала очиқ-ойдин ва далиллари равшан эканига қарамай, айрим жоҳиллар ҳануз бунинг атрофида шовқин-сурон кўтариб юришади!

[4] Ҳадис йўлланмасига кўра, ҳар доим ҳам тенгма-тенг муомала бўлавермайди, биров томонидан сизнинг ҳаққингизга қилинган аслида ҳаром бўлган – хиёнат, алдов, ўғирлик каби – ишларга айни шу ишлар билан жавоб бериш жоиз бўлмайди.

[5] Муоҳиддан тушиб қолган ёки у ташлаб юборган нарсани олиш жоиз бўлмас экан ва топиб олган одамга у эгасининг изнисиз ҳалол бўлмас экан, демак, муоҳиднинг бошқа ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурмати бундан кўра анча қаттиқ бўлиб, уларга қаттиқ риоя қилиш керак бўлади.

[6] Ҳадис мазмунига кўра, бир кишини бошқа бир киши ёки томонга ишониб қолишига олиб келган ҳар қандай иш – гарчи тил билан очиқ-равшан айтилмаган бўлса ҳам – ўзига хос аҳд ва омонлик битими ҳисобланиб, унга хиёнат қилиш жоиз бўлмайди. Бу ва бошқа шу мазмундаги – Муғийра ибн Шуъбанинг мушрик ҳамроҳлари билан бўлган воқеа каби – ҳадислар мени бундан саккиз йиллар олдин айтган гапимга туртки бўлган – «Истиҳлол» китобимда айтганимдек – ва ҳозирда ҳам шу гапни айтаманки: тайёра (учоқ)ларни ўғирлаб кетиш, шунингдек, умумий нақлиёт воситалари йўловчиси ўз йўлдошларининг кўнгиллари унга нисбатан хотиржам бўлганидан, ҳамсафар ва ҳамроҳ деб рози бўлишганидан ва ёнма-ён ўтиришганидан сўнг, кўпинча сафархалталарида бўлган егуликлар билан уни меҳмон ҳам қилишганидан кейин – бу эса ишонч ва кўнгил хотиржамликнинг зиёдаланиши белгиси саналади – сафардош ҳамроҳларига хиёнат қилиб, поезд ёки автобусни портлатиб юбориши каби ишлар ҳаммаси очиқ-ошкор хиёнат ва қатъан ҳаром ишлардир. Бундай ишлар улуғ динимиз таълимот ва ахлоқларига тамомила зид ишлар бўлиб, бу ҳақда тараддудланиш ҳам жоиз эмас, бу каби ишларни Исломга нисбатлаш ёки шаръийлик тўнини кийдириш дуруст эмас. Бунга мухолиф бирон мўътабар фикрни мен кўрмадим.

[7] Бу ва шу каби ҳадислар ислом диёрларида мусулмонларнинг ҳимояси, аҳди ва омонлиги остига кирган яҳуд ва насороларни муҳофаза қилган, юзлаб йиллар мобайнида, ҳатто шу кунларимизда ҳам ва то қиёматга қадар уларга бирон озор ва ёмонлик етмай туришига сабаб бўлган эди. Бундаги фазл эса шубҳасиз, севикли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмалари ва буйруқларига қайтади. Шундай бўлишига қарамай – ҳозирги кунларда – бу олийжанобликка, шундай олий ахлоқ ва фазилатга жавобан у зот шахсларини масхаралаш ва айбситиш билан чиқилмоқда, Дания ва бошқа христиан ғарб давлатлари матбуотида у зот шаънини камситувчи суратлар нашр қилингани каби қабиҳ ишлар амалга оширилмоқда. Яхшиликка шундай жавоб қайтариладими?! Шуми яхшиликнинг мукофоти?! Мусулмонлар диёрида, уларнинг ораларида яшаб турганингизда сизларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва ҳурматларингизни муҳофаза қилган ва қилиб келаётган кишига шундай муомала қилинадими?!

[8] Шунинг учун кўп маротаба, кўп ўринларда айтиб келамизки, мужоҳидларга ва уларнинг жиҳодларига хиёнатнинг зарари – агар улардан бирон хиёнат содир бўлгудек бўлса – душмандан ва унинг вайронагарчилик келтирувчи қурол-аслаҳаларидан кўра каттароқ бўлиши хавфи бор, буни асло унутмаслик лозим!