асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Мустаҳаб садақа ҳақидаги боб3326 марта кўрилган Молда фарз бўлган садақа-закотдан ташқари ҳамма вақт бериш машруъ бўлган мустаҳаб (яъни, фарз бўлмаган) садақа ҳам бордир. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида кўп оятларда унга тарғиб қилган: «... Ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган...» (Бақара: 177). «Агар билсангизлар садақа қилишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 280). «Аллоҳга қарзи ҳасана (ихтиёрий қарз) берадиган ким борки, (Аллоҳ) унга бир неча баробар қилиб қайтарса» (Бақара: 245). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини сўндиради ва ёмон ҳолатда ўлишдан асрайди» (Термизий (664) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва ҳасан санаган). «Саҳиҳайн»да борки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Етти (тоифа) киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ Кунда уларни Ўз (арши) соясида соялантиради: ... Ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа берган киши...» (Бухорий (660) ва муслим (1031) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу ҳақда бошқа ҳадислар ҳам кўп. Садақани махфий қилиш афзал, чунки, Аллоҳ таоло: «Агар (садақаларни) махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз — бу ўзингиз учун янада яхшироқдир», дейди (Бақара: 271). Чунки, бунда риёдан узоқроқ бўлади. Аммо, садақани ошкор бериш ва уни эълон қилишда бошқалар ҳам эргашишларини кўзда тутувчи манфаат ҳосил бўлса, ошкора берган яхши бўлади. Садақани кўнгилдан чиқариб, розилик билан бериш, муҳтож кишига берган садақасини миннат қилмаслик керак. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва Охират Кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара: 264). Тансиҳатлик пайтида қилинган садақа энг афзал садақадир. Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, қайси бир садақанинг ажри улуғроқ бўлади?» деб сўради. «Танинг соғ, бахил бўлган ҳолингда, камбағалликдан қўрқиб, бой бўлишни орзу қилган ҳолингда садақа қилишинг», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Бухорий (1419) ва Муслим (1032) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Иккала Ҳарами Шарифда қилинган садақа ҳам афзалдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ундан ўзларингиз ҳам енглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар»(Ҳаж: 28). Рамазонда садақа қилиш ҳам афзалдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрийл алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрийл алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва биргаликда Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хайр-эҳсон қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди» (Бухорий (5) ва Муслим (2308) ривоятлари). Эҳтиёж тушиб турган вақтларда садақа қилиш ҳам афзалдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки очарчилик кунида бирон қардош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом бермоқдир» (Балад: 14-16). Шунингдек, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларга қилинган садақа ҳам бегоналарга қилинган садақадан кўра афзалроқдир. Аллоҳ таоло кўп оятларда қариндошларга яхшилик қилишга буюрди ва қариндошнинг қариндош устида ҳаққи борлигини баён қилди: «Қавми-қариндошга... (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг»(Исро: 26). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мискинга қилинган садақа садақадир, қариндошга қилинган садақа эса садақа ва силаи раҳмдир», деганлар (Абу Довуд (2355), Насоий (2582), Термизий (658), Ибн Можа (1844), Аҳмад (4/17, №16227) Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда эса: «... иккита ажр – қариндошлик ажри ва садақа ажри бор», дедилар (Бухорий (1466) ва Муслим (1000) ривоятлари). Билингки, молда закотдан ташқари, қариндошлар ҳолидан хабар олиш, биродарлар билан борди-келиш, сўровчига бериш, муҳтожга бериб туриш, қарз сўраганга қарз бериш ва қийналиб қолган одамдан қистамаслик каби яна бир неча ҳақлар ҳам бордир. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг мол-мулкларида сўровчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш бўлар эди» (Ваз-зариёт: 19). Очни тўйдириш, меҳмонни зиёфат қилиш, юпун кишини кийинтириш, ташнани қондириш фарз бўлади. Ҳатто, имом Молик раҳимаҳуллоҳ фикрларича, мусулмонлар бор мол-мулкларини сарфлаб бўлса ҳам асирларини қутқариб олишлари фарз бўлади. Шунингдек, бирон мол-мулкка эга бўлган киши ўша пайтда ён-верида бўлган камбағал-мискинларга ўша молидан садақа қилиши машруъдир. Аллоҳ таоло айтади:«Мевалаганда мевасидан енглар, ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар» (Анъом: 141), «Мерос тақсимида узоқ қариндошлар, етим ва мискинлар ҳам ҳозир бўлсалар, уларни ҳам шу меросдан баҳраманд қилиб, яхши сўзлар айтинглар» (Нисо: 8). Бу Ислом динининг гўзал хислатларидандир. Чунки, у меҳр-мурувват ва раҳм-шафқат динидир, Аллоҳ йўлида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро биродарлашиш динидир. Нақадар гўзал дин! Нақадар ҳикматли шариат! Аллоҳ таолодан ҳар биримизни динимизни англашга ва унинг шариатини маҳкам ушлашга муваффақ этишини сўраймиз. Зотан, У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир. |