Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Закотга ҳақли ҳамда закот бериш жоиз бўлмайдиган кишилар баёни ҳақидаги боб

3804 марта кўрилган

Билингки, закотни фақат Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида белгилаб берган муайян синфларгагина бериш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 60).

Ушбу ояти каримада зикр қилинган кишилар закот аҳлидирлар, закотни фақат уларга берилади, улардан бошқаларга закотдан бирон нарсани сарф қилиш уламолар ижмоъси бўйича жоиз эмас.

Абу Довуд ва бошқалар Зиёд ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан марфуъан келтирган ҳадис борки: «Аллоҳ таоло на пайғамбар, ва на бошқаси садақотлар ҳақида ҳукм қилишига рози бўлмасдан, бу ҳақда фақат Ўзи ҳукм қилиб, уни саккиз қисмга бўлди». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сўровчига: «Агар сен шу қисмлардан бўлсанг, сенга бераман», дедилар (Абу Довуд (1630) ривояти).

Боиси, айрим мунофиқлар садақотлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эътироз билдиришганда Аллоҳ таоло уларни фақат Ўзи тақсимлаганини, уларнинг ҳукмини баён қилганини, бунга шахсан Ўзи бош-қош бўлганини ва бунинг тақсимотини Ўзидан бошқа бирон кишига топширмаганини баён қилди (Тафсир Ибн Касир: 4/165).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Закотни, агар бўлсалар, саккиз тоифага тарқатиш фарз, агар ҳаммаси бўлмаса, борларига сарфланади ва улар бор бўлган жойларга юборилади» (Ал-фатавал-кубро: 5/373).

Яна айтади: «Закотни Аллоҳга тоат-ибодат қилишда фойдаланмайдиган кишига бериш керак эмас. Чунки, Аллоҳ таоло уни унга муҳтож бўлган камбағал, қарздор ва шу каби мўминлар, шунингдек, мўминларга ҳамкорлик қилаётган кишилар у билан Ўзининг тоатига ёрдамланишлари учун фарз қилди. Шундай экан, эҳтиёжманд бўлса ҳам, намоз ўқимайдиган кишига, то тавба қилмагунча ва намоз ўқийдиган бўлмагунича ундан берилмайди» (Ал-фатавал-кубро: 5/373).

Закотни Аллоҳ таоло белгилаб берган мана шу ўринлардан бошқа хайрия ишларига, масалан, масжид ва мадрасалар қуриш каби ишларга сарфлаш жоиз эмас. Чунки, Аллоҳ таоло: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга...», деди. «Фақат» лафзи чекловни ифода қилади ва ҳукмни ўзидан кейингиларга чеклаб, улардан бошқалардан рад қилади. Демак, мазкур оят маъноси шундайки, садақалар улардан бошқалар учун эмас, фақат улар учун хосдир. Аллоҳ таоло мазкур саккиз тоифа аҳлини садақалар ушбу синфлар аҳлидан бошқаларга чиқарилмаслигини билдириб қўйиш учун номма-ном келтирди.

Ушбу саккиз тоифа икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Эҳтиёжманд мусулмонлар;

Иккинчи қисм: Уларга закот бериш билан Исломга ёрдам ва қувват ҳосил бўладиган кишилар.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 60). Ушбу ояти каримада закот олишга ҳақли бўлган ва улардан бошқаларга закот берилиши мумкин бўлмаган кишиларнинг турлари чекланди. Улар қуйидаги саккиз синф аҳлидир:

1)               Фақирлар. Улар мискинлардан кўра эҳтиёжи кучлироқ бўлган кишилардир. Чунки, Аллоҳ таоло уларни биринчи бўлиб зикр қилди. Зотан, У зот энг заруридан бошлайди. Фақирлар – тирикчиликларига кифоя қиладиган бирор нарса тополмайдиган, касб қилишга, яъни, пул топишга қодир бўлмайдиган ёки топсалар ҳам жуда оз миқдорда топадиган кишилардир. Улардан умуман пул топмайдиган кишиларга бир йилга тўла кифоя қилгудек нарсани, оз миқдорда топадиганларига эса камини тўлдирадиган миқдордаги нарсани берилади.

2)               Мискинлар. Улар фақирлардан кўра дурустроқ аҳволдаги кишилардир. Мискин ўзига кифоя қилгудек нарсанинг ярим-ёртисини ёки ундан сал кўпроғини топадиган киши бўлиб, закотдан унга ўша камини тўлдирадиган миқдорни бир йилга етарли даражада берилади.

3)               Садақа йиғувчилар. Улар мусулмонлар имомининг буйруғи билан закотни йиғиш, сақлаш ва ҳақдорларга тақсимлаш ишлари билан шуғулланувчи кишилар бўлиб, иш ҳақи сифатида уларга закотдан ҳақ тўланади. Агар ҳозирги даврда жорий бўлгани каби, давлат тарафидан ушбу юмушлари учун ойлик маош олиб ишлайдиган бўлсалар, уларга закотдан ҳақ берилиши жоиз бўлмайди.

4)               Кўнгиллари исломга ошно қилинувчи кишилар. Булар икки қисмга: кофир ва мусулмонларга бўлинади.

Кофирга агар Исломга киришига умид бўлса, унинг дилидаги Исломни қабул қилишга бўлган нияти қатъийлашиши ва рағбати кучайиши учун ёки шу билан мусулмонларга тегадиган ёмонлигидан тийилиш ҳосил бўлса, закотдан берилади.

Мусулмонга эса иймонини кучайтириши учун ёки ўзига ўхшаган тенгқурларининг мусулмон бўлиши умидида берилади.

Ва ҳоказо, мусулмонлар учун фойдали бўлган саҳиҳ ғаразлар билан берилади. Дилини ошно қилиш учун бериш фақат зарурат пайтида амал қилинадиган қисмдир. Чунки, Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳум ўз даврларида эҳтиёж бўлмагани учун бу тоифадаги кишиларга беришни тўхтатганлар (Тафсир Ибн Жарир ат-Табарий: 11/522).

5)               Қул озод қилишга. Мукотаб, яъни, ўзини озод қилиш учун хожаси билан маълум тўловга келишган, бироқ шу тўловни топиб бериш имкони бўлмаган қулга озод қилиш учун келишилган маблағни ўташга кифоя қилгудек миқдорни закотдан берилади. Ундан ташқари, мусулмон киши закотидан қул сотиб олиб, озод қилиши ҳам мумкин. Шунингдек, закотини мусулмон асирни асирликдан қутқариб олишга сарфлаши ҳам жоиз.

6)               Қарздорга. Қарздор икки хил бўлади:

Биринчиси: Бировлар учун қарз кўтарган, яъни, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш мақсадида пул-мол сарфлаб, қарздор бўлиб қолган киши. Мисол учун, икки қабила ёки қишлоқ аҳли ўртасида қон (яъни, қасос) ёки мол тўғрисида пайдо бўлиб, катта уруш-жанжалга айланиб кетиш хавфи бўлган келишмовчиликнинг олдини олиш учун бир киши ўртага тушиб, ўртадаги фитна оловини ўчириш мақсадида катта молиявий тўловни ўз зиммасига олса, бу билан жуда яхши иш қилган бўлади. Энди ўша одам кўтарган молиявий зиённи закотдан қоплаш машруъ-мумкиндир. Бу билан уни молиявий жиҳатдан қийналиб қолиши олдини олинган бўлади. Қолаверса, бу бошқаларни ҳам ана шундай фитналарни олдини олиш ва ислоҳ ишларини қилишга ундаш ва қизиқтиришга сабаб бўлади. Аслида, шу мақсадда шариат соҳиби қарздорни закотдан сўраб олишига ҳам рухсат берган. Қабиса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен (ўртани ислоҳ қилиш учун зиённи) бўйнимга олдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақа моли келгунича кутиб туринг, сизга уни беришга амр қиламиз», дедилар (Саҳиҳ Муслим: 1044).

Иккинчи: Ўзи учун қарз кўтарган, масалан, кофирлардан ўзини қутқариб олиш учун қарз кўтарган ёки бўйнида қарзи бўлиб, уни тўлашга қодир бўлмаётган одам. Унга ҳам қарзидан қутулишига кифоя қилгудек миқдорда закотдан берилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «қарздор кишиларга» (Тавба: 60), деди.

7)               Аллоҳ йўлида. Яъни, байтулмолдан маош тўланмайдиган ихтиёрий мужоҳид-жангчиларга ҳам закотдан берилади. Чунки, Аллоҳ йўлидан мурод – асосан ғазотдир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар» (Саф: 4), «Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз» (Бақара: 190).

8)               Йўловчи-мусофирга. Яъни, сафардалик ҳолида пул-моли тугаб қолган ёки зое бўлган кишига ҳам ўзининг юртига етиб олишига етгудек мол билан закотдан кўмак кўрсатилади.

Агар бирон ўлкани қасд қилиб бораётган мусофир бўлса, ўша ўлкага бориб, сўнг ўз юртига қайтиб кетишига етгудек мол берилади.

Меҳмон ҳам мусофир маъносига дохил бўлади. Ибн Аббос ва бошқалар шу фикрни билдирганлар.

Агар мусофир, Аллоҳ йўлидаги жангчи, қарздор ва мукотаб (ўзини озод қилишга келишган қул)нинг закотдан олган моли мақсади ҳосил бўлганидан кейин ортиб қолса, уни қайтариб бериши фарз бўлади. Чунки, у молни мутлақ мулк қилиб олмаган, балки, ҳожатини ўташ мақсадида олган эди. Ҳожати раво бўлганидан сўнг энди у молга ҳақли бўлмай қолади.

Билингки, закотнинг ҳаммасини юқоридаги тоифалардан биттасига сарфлаш ҳам жоиздир. Аллоҳ таоло айтади: «Ва агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз — бу ўзингиз учун янада яхшироқдир» (Бақара: 271).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборганларида: «Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини айтинг», деганлар (Бухорий (1395) ва Муслим (19) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Юқоридаги оятда ҳам, ҳадисда ҳам ҳақдорларнинг фақат битта тоифаси зикр қилинди. Демак, бу фақат уларгагина сарф қилиш ҳам жоизлигига далил бўлади.

Закотни фақат битта инсонга чеклаш ҳам кифоя қилади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Зурайқ қабиласига ўз садақаларини Салама ибн Сохрга беришни буюрганлар (Абу Довуд (2213), Аҳмад (4/37, №16419) Салама ибн Сохр розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Қабиса розияллоҳу анҳуга: «Эй Қабиса, садақа моли келгунича кутиб туринг, сизга уни беришга амр қиламиз», деганлар (Саҳиҳ Муслим: 1044).

Юқоридаги икки ҳадис закотни саккиз тоифа ичидан фақат битта шахсга чеклаш жоизлигига далил бўлади.

Киши ўз закотини нафақалари унинг зиммасида бўлмаган муҳтож кариндошларига бериши мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мискинга қилинган садақа садақадир, қариндошга қилинган садақа эса садақа ва силаи раҳмдир», деганлар (Абу Довуд (2355), Насоий (2582), Термизий (658), Ибн Можа (1844), Аҳмад (4/17, №16227) Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Закотни Қурайшнинг Бану Ҳошим уруғига бериш жоиз бўлмайди. Аббос авлоди, Алий авлоди, Жаъфар авлоди, Ақийл авлоди, Ҳорис ибн Абдулмуттолиб авлоди, Абу Лаҳаб авлоди барчаси Бану Ҳошимга киради. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг хонадони аҳлига садақа дуруст эмас, чунки садақа одамларнинг (молларининг) чиқиндиларидир», деганлар (Муслим (1072) Абдулмуттолиб ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Закотни бой эрнинг никоҳи остида бўлган камбағал аёлга бериш жоиз эмас, шунингдек, унга инфоқ қилиб турадиган бой қариндоши бор камбағал кишига ҳам берилмайди. Чунки, уларга етиб турган нафақа уларни закот олишдан беҳожат қилади.

Бир киши молининг закотини нафақалари унинг зиммасига фарз бўлган яқин қариндошларига бериши жоиз эмас. Чунки, бу билан молини ўзида сақлаб қолган бўлади. Аммо, ўзи ихтиёрий равишда нафақа бериб турган қариндошларига закотини берса бўлади. «Саҳиҳ»да келганки: «Абдуллоҳнинг аёли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қарамоғимда бўлган етим жиянларимга закотимни берсам бўладими?», деб сўраганида у зот: «Ҳа», деб жавоб бердилар (Бухорий (1466) ва Муслим (1000) ривоятлари).

Киши закотини ўзининг асл-илдизларига (яъни, оталарига, боболарига), шунингдек ўзининг фаръ-тармоқларига (яъни, фарзандларига, невара-чевараларига) бериши жоиз бўлмайди.

Закотини аёлига бериши ҳам жоиз эмас. Чунки, аёли унинг бериб турган нафақаси билан беҳожатдир, унга бериш ўз молини сақлаб қолиш бўлади.

Мусулмон киши закотини унга ҳақли одамни аниқ билиб, кейин бериши лозим. Агар бир кишини ҳақдор деб гумон қилиб берса-ю, кейин унинг ҳақдор эмаслиги аниқ бўлиб қолса, берган моли закотга ўтмайди.

Аммо, унинг ҳақдор эмаслиги аниқ бўлмаса, ғолиб гумон билан кифояланиб, закот ўрнига ўтади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига икки киши садақа молидан сўраб келганларида у зот уларга бир сидра назар солгач: «Истасангиз, ундан сизларга бераман. Бироқ, ундан на бой ва на касб қилишга (пул топишга) яроқли, куч-қувватли кишига улуш йўқ», деганлар (Абу Довуд (1633), Насоий (2598) Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).