асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Фитр закоти ҳақидаги боб3147 марта кўрилган Фитр закоти – муборак рамазондан чиқиш муносабати билан бериладиган закот бўлиб, фитр (оғиз очиш) деб номланишига сабаб рўзанинг тамом бўлгани учундир. Унинг фарзлигига далил Қуръон, Суннат ва ижмоъдир. Аллоҳ таоло айтади: Дарҳақиқат, покланган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир (Аъло: 14). Салафлардан баъзилари: «Бу ердаги покланишдан мурод фитр закоти чиқаришдир», деганлар. Яна бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи остига ҳам киради: «Закотни беринглар» (Бақара: 43). «Саҳиҳайн»да ва бошқа ҳадис тўпламларида келганки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондаги фитр закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида мусулмонлардан қулига ҳам, озод кишисига ҳам, эркагига ҳам, аёлига ҳам, каттасига ҳам, кичигига ҳам фарз қилдилар» (Бухорий (1503), Муслим (984) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Бир қанча уламолар унинг фарзлигига мусулмонлар ижмоъ қилганликларини айтганлар. Унинг машруъ бўлишидаги ҳикмат шуки, у рўзадордан рамазон мобайнида содир бўлган беҳуда иш ва сўзлардан покланишга сабаб, шунингдек, мискинларга егулик ва Аллоҳ таолога рўзани охирига етказишга муваффақ этгани учун шукр қилиш белгисидир. Юқорида ўтган Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисга биноан фитр закоти эркак-аёл, катта-кичик, қул ё ҳур бўлсин, ҳаммага фарздир. Мазкур ҳадисда айтилдики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондаги фитр закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида мусулмонлардан қулига ҳам, озод кишисига ҳам, эркагига ҳам, аёлига ҳам, каттасига ҳам, кичигига ҳам фарз қилдилар» (Бухорий (1503), Муслим (984) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ушбу ҳадисда ҳар бир шахсдан чиқариладиган закот миқдори ва чиқариладиган маҳсулот тури ҳам баён қилиб берилди. Демак, унинг миқдори бир соъ – яъни, тўрт муддир (бир соъ – яхши буғдой ҳисобида 2040 граммга тенг). Маҳсулот тури эса ҳар бир диёр аҳлининг одатда кўп истеъмол қиладиган таом тури бўлиб, буғдой, арпа, хурмо, майиз, қурут, гуруч, жўхори каби одамлар кўп истеъмол қиладиган егуликлардан берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закоти чиқариш вақтини ҳам баён қилиб бердилар. Яъни, уни ийд намозидан илгари адо қилишга буюрдилар (Бухорий (1503) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Фитр закоти чиқаришнинг афзал вақти ийд оқшоми (яъни, арафа куни) кун ботиши билан бошланади. Уни ийддан 1-2 кун олдин чиқариш ҳам жоиз. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Саҳобалар уни фитрдан бир-икки кун олдин берардилар», деб ривоят қилган, бу улар томонидан ижмоъ бўлган эди. (Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 1511). Ийд куни намоздан олдин чиқариш афзалроқ. Агар вақтидан кечиктириб, ийд намозидан кейинга қолдирган бўлса, уни қазо сифатида чиқариши фарз бўлади. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисга кўра: «Ким уни намоздан илгари адо қилса, у мақбул закотдир. Ким намоздан кейин адо қилса, у оддий бир садақадир» (Абу Довуд (1609), Ибн Можа (1827) ривоятлари). Белгиланган вақтидан кечиктирган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига хилоф қилгани учун гуноҳкор бўлади. Мусулмон киши фитр закотини ўзининг номидан ва қарамоғида бўлган кишилар, яъни аёллари ва бошқа яқинлари номидан адо этади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фитрни қарамоғингиз остидаги кишилардан адо этинг», деганлар (Дорақутний (2/123, №2059), Байҳақий (4/161) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Она қорнидаги ҳомиладан ҳам чиқарилса яхши бўлади, Усмон розияллоҳу анҳу шундай қилганлар (Ибн Аби Шайба (2/432, №10737) ривоят қилган). Фитр закотини унинг ўрнига бошқа биров (яъни, ота ёки эр) бериши керак бўлган одам уни бериши лозим бўлган одамнинг изнисиз ўзи чиқарса ҳам жоиз. Чунки, аслида унинг зиммасига фарз эди, бошқа биров унинг зиммасини кўтараётган эди. Агар биров унга нафақаси лозим бўлмаган бошқа бировнинг фитр закотини унинг изни билан адо этса, кифоя қилади, агар унинг изнисиз адо этса, кифоя қилмайди. Бошқа бировнинг фитрини бериши лозим бўлган одам у одамдан бошқа диёрда бўлса, уни ўзининг фитрига қўшиб, ўзи яшаб турган жойда чиқарса жоиздир. Шу ерда фитр закоти сифатида чиқариладиган нарсалар тури ҳақида Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг гапларини келтириб ўтиш ўринли бўлса керак. У ҳадисда келган беш турли маҳсулотни зикр қилгач, шундай дейди: «Булар Мадина аҳлининг аксар истеъмол қиладиган таомлари эди. Аммо, қай бир диёр ёки маҳалланинг таомлари бундан бошқа нарсалар бўлса, улар ўз таомларидан беришлари лозим бўлади... Агар уларнинг озиқ-қовқатлари дон-дун эмас, балки сут, гўшт, балиқ каби нарсалар бўлса, ўша ўзларининг одатий таомларидан берадилар. Бу жумҳур уламонинг сўзидир ва шу сўз тўғридир. Чунки, мақсуд ийд куни мискинларнинг синиқ кўнгилларини кўтариш ва уларга ўз диёрлари аҳли истеъмол қиладиган таом турлари билан марҳамат кўрсатишдир. Шунга кўра, бу ҳақда саҳиҳ ҳадис бўлмаса-да, фитр закоти учун ун бериш ҳам кифоя қилади. Аммо, нон ва пиширилган таом чиқариш, гарчи бу мусулмонлар учун фойдалироқ бўлса ҳам, дон-дун маҳсулотлар узоқроқ сақланиши нуқтаи назаридан яхшироқдир» (Иъламул-муваққиъийн: 3/12). Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Гарчи, ҳадисда зикр қилинган озуқа турларига қодир бўлса ҳам, гуруч ва шу каби ўз диёрининг егуликларидан чиқаради. Бу Аҳмаддан қилинган ривоят ва кўпчилик уламолар фикридир ва бу сўзларнинг тўғрироғидир» (Ал-фатавал-кубро: 5/372). «Чунки, садақотлардаги асл-асос шуки, у камбағалларга ҳамдардлик важҳидан фарз бўлган» (Мажмуъул-фатава: 25/69). Аммо, фитр закотининг қийматини чиқариш, яъни унинг пулини бериш суннатга хилофдир, бундай қилиш кифоя қилмайди. Чунки, на Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на асҳобларидан закоти фитрнинг пулини чиқарганлари нақл қилинган эмас. Имом Аҳмад: «Қийматини бермайди», деди. Шунда унга: «Одамларнинг айтишича, Умар ибн Абдулазиз унинг қийматини олар экан», дейилди. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини ташлаб, фалончи айтди, дейишади-я!? Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламРамазондаги фитр закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида мусулмонлардан қулига ҳам, озод кишисига ҳам, эркагига ҳам, аёлига ҳам, каттасига ҳам, кичигига ҳам фарз қилдилар», деганку», деди (Ал-муғний: 2/357). Фитр садақаси белгиланган вақтда ҳақдорига ёки ҳақдорнинг ўз ўрнига қабул қилиб олишга вакил қилган вакилига етиб бориши шартдир. Агар берувчи киши белгиланган вақтда ўзи бермоқчи бўлган одамини ёки унинг вакилини тополмаса, бошқа бировга бериши фарз бўлади. Шу ўринда айримлар йўл қўядиган хатолардан бири шуки, улар фитр закотини уни олишга лойиқ одам вакил қилмаган кишиларга топшириб қўядилар. Бундай қилиш фитр закотини тўғри чиқариш деб эътибор қилинмайди, бунга огоҳ бўлиш керак. |