Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тижорат моллари закоти ҳақидаги боб

3352 марта кўрилган

Тижорат моллари – яъни, олди-сотди ва фойда қилиш учун ушлаб турилган молларга закот бериш фарз бўлади. Қуйида бунга далиллар келтирамиз:

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг» (Тавба: 103).

«Улар (топган) мол-мулкларида сўралувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир» (Маориж: 24, 25).

Тижорат моллари молларнинг энг кўп қисмини ташкил этади, шунинг учун оятларнинг умуми остига киришга лойиқроқдир.

Абу Довуд Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни сотиш учун тайёрлаб қўйган нарсаларимиздан закот чиқаришга буюрардилар» (Абу Довуд (1562) ривояти). Ушбу моллар ўсиб-кўпаювчи мол бўлгани учун уларда ҳам худди яйловдаги чорва ҳайвонлари каби закот фарз бўлди.

Аҳли илмлар тижорат мақсадида олинган молларда бир йил айлангач, закот фарз бўлишига ижмоъ қилганликлари кўп тарафлама ривоят қилинган.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўрт имом ва умматнинг – озчиликдан бошқа – деярли ҳаммаси тижорат молларида закот фарз бўлишига иттифоқ қилганлар, тожир муқим бўладими, мусофир бўладими, молларни арзон пайтида сотиб олиб, қимматлаган пайтида сотиш учун кутиб турган бўладими, дўкондор бўладими, янги ё кийилган кийим-кечак ва газламалар билан савдо қилувчи бўладими, озиқ-овқат ё мева-чева ё бошқа нарса савдоси билан шуғулланувчи бўладими, ёки чинни-сопол идишлар билан ёки ҳайвон савдоси билан шуғулланиб, от, эшак, хачир, қўй-эчки ва бошқа жониворлар сотадиган бўладими, фарқсиздир. Тижорат моллари диёрлар аҳлларининг ботин (ички) молларининг энг кўп қисмини ташкил қилади, чорва ҳайвонлари эса зоҳир (ташқи) молларнинг энг кўп қисмини ташкил қилади» (Мажмуъул-фатава: 25/45).

Тижорат молларида закот фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши лозим:

Биринчи шарт: Бай, ҳадия, васият, ижара ва шу каби йўллар билан эга бўлган бўлиши;

Иккинчи шарт: Тижорат ниятида, у билан фойда топиш мақсадида қўлда тутиб турган бўлиши. Чунки, амаллар ниятларга боғлиқдир. Тижорат ҳам амал, унга ҳам бошқа амаллар каби ният боғланиши фарз.

Учинчи шарт: Молнинг қиймати олтин ё кумуш нисобидан бирига етган бўлиши.

Тўртинчи шарт: Тўла бир йил айланган бўлиши. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Молда то бир йил айланмагунича закот йўқ», деганлар (Термизий (631) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан, Ибн Можа (1792) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Лекин, бир молни нисобга етган пулга ёки қиймати нисобга етган моллар эвазига сотиб олган бўлса, ўша сотиб олишга сарфлаган пул ё молнинг бир йил айланишини эътиборга олади.

Тижорат моллари закотини чиқариш йўли шуки, бир йил тўлгач, унинг қийматини тилла ё кумуш билан аниқланади, бунда камбағаллар учун қайси бири яхшироқ бўлса, шуни риоя қилинади. Қиймати аниқ бўлиб, тилла ё кумуш нисобига етган бўлса, баҳосининг қирқдан бир қисмини чиқарилади. Бунда сотиб олинган нархлар эътиборга олинмайди, балки йил бошига келиб, қиймати қанчага тўғри келса, шуни эътибор қилинади. Чунки, шундай қилиш савдогар учун ҳам, закот аҳли учун ҳам айни адолат бўлади.

Мусулмон киши тижорат молининг закотини чиқаришда ўта аниқ ва чуқур ҳисоб-китоб қилиши ва ўз нафси билан худди хасис шерик ўз шериги билан ҳисоблашгандек ҳисоблашиши, ўз мулкида бўлган тижорат молларининг ҳамма турларини бирма-бир текшириб, адолат билан қийматини чиқариши лозим. Масалан, баққол ўз дўконидаги майда-чуйдаларни битта ҳам қолдирмай ҳисоблаши, техника, автомобил ва эҳтиёт қисмлар билан савдо қилувчи савдогар сотиш учун олиб қўйган молларини бирма-бир санаб, баҳосини чиқариши, ер ва уй-жой савдоси билан шуғулланувчи киши сотиш мақсадида ушлаб турган ер-мулклари баҳосини аниқлаши лозим. Аммо, ижарага бериш учун ҳозирланган иморатлар, уй-жойлар ва автоуловлар учун закот фарз бўлмайди, балки, уларнинг ижарадан тушган пулларидан – нисобга етса, бир йил айланганидан сўнг – закот фарз бўлади. Яшаш мақсадида олиб қўйилган уй ва миниш учун олинган автоуловлардан закот берилмайди. Шунингдек, уй (ва саноат-ишлаб чиқариш ИНТ) жиҳозлари, дўкон жиҳозлари, метр, тарози ва бошқа ўлчов асбоблари, атторнинг шиша ва қутилари ва шу каби нарсалардан закот бериш лозим эмас. Чунки, булар сотиш учун эмас, ишлатиш учун мўлжалланган бўлади.

Мусулмон биродар! Молингизнинг закотини розилик билан, ажр умид қилиб чиқаринг, буни ўзингиз учун дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда деб билинг, зиён деб санаманг! Аллоҳ таоло айтади: «Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун) зиён деб билади ва сизларга (мўминларга)балолар келишига кўз тутиб туради. (Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Аъробийлар орасида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва пайғамбар дуосига (мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига доҳил қилажак. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Тавба: 98, 99).

Ҳар икки тоифа аҳли ҳам закотини чиқармоқда, бироқ Аллоҳ таоло ҳузурида ният ва мақсадларига қараб муомала қилинадилар.

Биринчи тоифа аҳли закотини чиқариб, буни ўзлари учун зиён деб санадилар, уни Исломнинг жазосига тортилмаслик учунгина берадилар, мусулмонлар устига мағлубият етишини ва шунда улардан ўч олишни умид қилиб яшайдилар, шу боис улар ёмонлика гирифтор бўлдилар ва ҳам молларидан, ҳам савобдан маҳрум бўлдилар.

Мўминлар эса закотни ўзларини Аллоҳга яқинлаштирувчи қурбат – ибодат деб чиқарадилар. Шу боис уларга ниятларига яраша, ажру савоблар мукаммал берилади ва чиқарган нарсалари ўрнига ундан кўра яхшироғи ато этилади: «Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига доҳил қилажак» (Тавба: 99).

Мусулмон биродар! Аллоҳдан тақво қилинг ва қуйидаги оят маъноларини дилдан ҳис қилинг:  «Ва намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саҳоват қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни(Қиёмат Куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Муззаммил: 20).