асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Намоздаги макруҳлар баёни ҳақидаги боб4139 марта кўрилган Намозда юзи ва кўкраги билан ўгирилиш макруҳдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда бурилиб қараш ҳақида: «У шайтон банданинг намозидан ўғирлаб оладиган бир ўлжадир», деганлар (Имом Бухорий (751) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган). Бироқ, бурилиб қараш зарурат туфайли бўлса, масалан, хавф-хатар ҳолатида ёки бирор саҳиҳ ғараз билан бўлса, зарари йўқ. Агар хавф-хатар ҳолатидан бошқа пайт бутун бадани билан бурилса ёки Каъбага орқа ўгирса, узрсиз қибладан бурилгани учун намози ботил бўлади. Демак, бундан билинадики, хавф-хатар ҳолатида намозда бурилишнинг зарари йўқ, чунки бу уруш заруратларидан. Агар хавф ҳолида бўлмаса, бутун бадани билан эмас, фақат юзи ва кўкраги билан бурилса ва бурилиши эҳтиёж учун бўлса, зарари йўқ, агар эҳтиёжсиз бўлса, макруҳдир, бутун бадани билан бурилса, намози ботил бўлади. Намозда кўзини осмонга тикиш макруҳдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишни инкор қилдилар ва: «Одамларга нима бўлганки, намозларида кўзларини осмонга қаратишаяпти?!», дедилар. Бу борада сўзлари қаттиқ бўлди, ҳатто: «Қасамки, улар бундан тийилишади ё бўлмасам кўзлари тортиб олинади!», дедилар (Имом Бухорий (750) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Юқорида айтиб ўтилганидек, намоз ўқиётган одам сажда ўрнига қараб туриши лозим, кўзини девор, нақшлар, ёзувлар каби олди томонидаги нарсаларга югуртириши керак эмас, бундай қилиш уни намозидан чалғитади. Намозда заруратсиз кўзни юмиб туриш ҳам макруҳдир. Чунки, бу яҳудларнинг қилиғидан. Агар олди томонида намозидан чалғитадиган безак, нақш каби нарса борлиги учун зарурат туфайли кўзини юмиб олса, зарари йўқ. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шу мазмунда фикр билдирган. Намозда иқъо қилиб, яъни, икки оёқнинг қадамларини тўшаб, товонлар устига ўтириш (ёки думбани ерга қўйиб, тиззаларни тиккалаб итга ўхшаб ўтириш) макруҳдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саждадан бош кўтарсанг, ит ўтирганига ўхшаган иқъо қилиб ўтирмагин», деганлар (Ибн Можа (896) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Намозда қиёмда турганда заруратсиз девор ё устун каби бирон нарсага суяниб туриш макруҳ, чунки, тик туриш машаққатини кетказади. Агар касаллик каби бирон зарурат туфайли бўлса, зарари йўқ. Намозда сажда пайтида билакларини тўшаш, яъни ерга ёпиштириб туриш макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саждада мўътадил туринглар, бировингиз билакларини итнинг ёзишидек ёзиб олмасин», деганлар (Бухорий (822) ва Муслим (493) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошқа бир ҳадисда: «Бирортангиз билакларини итнинг тўшашидек тўшаб олмасин», деганлар (Аҳмад (3/305, №14276), Термизий (275), Ибн Можа (891) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган). Намозда абас – бекорчи нарсалар билан машғул бўлиш, қўли билан билан соқоли, кийими ё бошқа бирон нарсани ўйнаш, заруратсиз ерни сидириш макруҳдир. Намозда қўлни биқинга қўйиб туриш макруҳдир, чунки қўлни биқинга қўйиб туриш кофирлар ва мутакаббир кимсаларнинг қилиғидир. Биз уларга ўхшашдан қайтарилганмиз. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда киши қўлини биқинга қўйиб намоз ўқишдан қайтарилган (Бухорий (1220) ва Муслим (1/387, №545) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Намозда бармоқларни қисирлатиш ва уларни бир-бирига кириштириш макруҳдир. Олдида намозидан чалғитадиган ва машғул қиладиган нарса бўлган ҳолда намоз ўқиш макруҳ. Чунки, бу унинг намозини мукаммал қилишдан буради. Сурат ва ҳайкаллар бор жойда намоз ўқиш макруҳ. Чунки, бунда бутларга сиғинишга ўхшашлик бордир. Бавли ё ҳожати қистаб, ёки қорни дам бўлиб турганидан ёки ўта иссиқ ё қаттиқ совуқ туфайли ёхуд очлик, ташналик сабабли хаёли бўлиниб турган ҳолда намозга кириш макруҳдир. Чунки, бу хушуъга монелик қилади. Егиси келиб турган таоми ҳозир бўлиб турган ҳолида ҳам намозга кириши макруҳдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таом ҳозир бўлиб турган пайтда ва икки нопоклик (бавл ва ҳожат) танг қилиб турганда намоз йўқдир», деганлар (Имом Муслим (560) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган). Буларнинг бари банда ибодатга уйғоқ қалб билан, Парвардигорига иқбол қилиб келиши учун, Аллоҳнинг ҳаққини риоя қилиш мақсадидадир. Намоз ўқувчи киши саждада пешонасини қўйиш учун бирор нарсани ҳослаб олиши макруҳ, чунки бу рофизий[1]лар ишидир. Бундай қилишда уларга ўхшаб қолиш бўлади. Намозда саждада пешонаси ва бурнига ёпишган нарсани артиш макруҳ. Намоздан кейин артса, зарари йўқ. Намозда соқолини ушлаш, кийимини тўғрилаш, бурнини тозалаш ва шу каби беҳуда ишлар билан машғул бўлиш макруҳ, чунки бу намоздан машғул қилади. Мусулмон киши намозига бутун вужуди билан кириб келиши, намоздан бўлмаган ишлар билан машғул бўлмаслиги матлубдир. Аллоҳ таоло айтади: «Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) муҳофаза қилинглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар!» (Бақара: 238). Намозни ҳузури қалб ва хушуъ билан барпо қилиш, уларга зид бўлган сўз ва ишлардан тийилиш лозим. Шунда намоз саҳиҳ ва уни адо этган кишининг зиммасидан хориж бўлади, фақат ташқи кўриниши намоз бўлиб қолмасдан, шаклан ҳам, ҳақиқатан ҳам намоз бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ва саодат бўлган ишларга муваффақ айласин. [1] Рофизийлар деб шиаларга айтилади. Улар ўзларини рофизий деб аталишларини суймайдилар. Салафлар уларни рофиза деб атаганлар. ИНТ. |