асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Намозда қилиш мустаҳаб ёки мубоҳ бўлган ишлар баёнидаги боб4002 марта кўрилган Намоз ўқиётган киши ўз олдидан ўтувчини қайтариши суннатдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз намоз ўқиётган бўлса, ҳеч кимни олдидан ўтгани қўймасин. Имкони борича уни қайтарсин, агар қайтмаса у билан жанг қилсин! Чунки у шайтондир» деганлар (Имом Муслим (506) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Лекин, намоз ўқувчининг олдида сутра (тўсиқ) бўлса, унинг орқасидан ўтса, зарари йўқ. Шунингдек, жой ўта торлиги учун ўтишга мажбур бўлса, ўтиб кетаверади, уни қайтарилмайди. Шунингдек, Ҳарамда намоз ўқиётган киши ҳам олдидан ўтаётган одамни қайтармайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада намоз ўқиганлар, олдиларидан одамлар ўтишарди, ўртада сутра йўқ эди (Абу Довуд (2016), Насоий (758), Аҳмад (6/99, №27241), Ибн Можа (2958) Муттолиб ибн Аби Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Олдига сутра қўйиш ёлғиз ўқувчи ва имом ҳақида суннатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бир киши намоз ўқиса, сутрага қараб ўқисин, уни яқин қўйсин», деганлар (Абу Довуд (698) ва Ибн Можа (954) Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Имомга иқтидо қилиб ўқиётган кишига имомнинг сутраси кифоя қилади. Сутра қўйиш вожиб эмас, чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқликда намоз ўқидилар, олдиларида сутра йўқ эди (Аҳмад (1/224), №1965) ва Абу Довуд (718) ривоятлари). Сутра тик нарса бўлиши керак, туянинг эгари қошига ўхшаш, бир газ (50-60см) узунликда бўлса, энли ё энсиз бўлишидан қатъий назар, кифоя қилади. Уни қўйишдан мурод – намозхоннинг олдидан ўтувчини қайтариш ва намозхонни сутра ортидаги нарсалар билан чалғимаслиги учундир. Дала ё саҳрода бўлса, дарахт, харсангтош ё таёқ каби бирор тиккайган нарсага қараб ўқийверади, агар таёқни санчиб қўйиш имкони бўлмаса, олдига кўндалангига ташлаб қўяди. Имом қироатда адашиб қолса, маъмум уни тўғрилаб қўяди. Намоз ўқувчи бирон кийимни кийиб олиши, бирон нарсани олиши ё қўйиши, эшикни очиши, илон ва чаённи ўлдириши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда иккита қора нарсани (яъни, газандани) – илон ва чаённи ўлдиришга буюрганлар (Абу Довуд (921), Термизий (390), Насоий (1202), Ибн Можа (1240) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ деган). Лекин, намоз ичида мубоҳ-мумкин бўлган ишларни заруратсиз кўп қилиш керак эмас, агар заруратсиз кўпайтирса ва бирин-кетин қилса, намози ботил бўлади. Чунки, бу намозга зид ва ундан бурадиган нарсадир. Агар намоз ўқиётган кишига бирон иш рўпара бўлса, масалан, киришга изн сўралса ё имом саҳв қилса (адашса) ё бирон кишининг ҳалокатга тушиб кетаётганидан қўрқса, у бу пайтда танбеҳ-овоз бериши мумкин, бу ҳолда эркак киши «субҳаналлоҳ» деб, аёл киши чапак чалиб огоҳлантиради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар намозингизда сизларга бирон ҳолат етса, эркаклар тасбеҳ айтсинлар, аёллар эса чапак чалсинлар», деганлар (Бухорий (7190) ва Муслим (421) Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Намоз ўқувчи кишига салом бериш – агар у қандай жавоб беришни билса – макруҳ эмас. Бу ҳолда намозхон лафз билан эмас, фақат ишора билан жавоб қайтаради. Агар лафз билан, яъни «ва алайкум ассалом» деб жавоб берса, намози бузилади, шунинг учун саломнинг жавобини намоздан кейинга қолдириш муносиброқ. Намозхон бир ракъатда бир неча сурани ўқиши жоиздир. «Саҳиҳ»да келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларининг бир ракъатида Бақара, Оли Имрон ва Нисо сураларини ўқиганлар (Муслим (772) Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Битта сурани иккала ракъатда қайтариб ўқиши ҳам, битта сурани икки ракъатга бўлиб ўқиши ҳам жоиз. Шунингдек, сураларнинг ўртасидан ё охирроғидан ўқиса ҳам жоиз бўлади. Имом Аҳмад (1/256, №2386) ва имом Муслим (727) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамдоднинг биринчи ракъатида قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا (Бақара: 136) оятини, иккинчи ракъатида эса Оли Имрондаги (64) قُلْ يَا أَهْلَ الْكِتَابِ تَعَالَوْا إِلَى كَلِمَةٍ سَوَاءٍ بَيْنَنَا وَبَيْنَكُمْ оятини ўқирдилар. Аллоҳ таоло айтган: «(Намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар» (Муззаммил: 20). Лекин, кўп бундай қилмаслик, аҳён-аҳёнда ўқиб туриш яхши. Намоз ўқувчи киши азоб зикри келган оятни ўқиганда Аллоҳдан паноҳ тилаши, раҳмат зикри келган оятни ўқиганда Аллоҳнинг раҳматини сўраши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зикрлари келганда у зотга саловот айтиши жоиз. Юқорида айтиб ўтилган ишлар намозингиз ичида қилишингиз мубоҳ ёки мустаҳаб бўлган ишлар бўлиб, биз уларни динингиздан яхши хабардор бўлишингиз учун, улардан истифода олишингиз ва амал қилишингиз учун сизга баён қилдик. Аллоҳ таолодан барчаларимизни кўп-кўп фойдали илм ва солиҳ амалларга муваффақ қилишини сўраймиз. Билингки, намоз улуғ ибодатдир, унда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган шариат ҳудудлари ичидаги сўз ва амалларни сўзлашимиз ва қилишимиз лозим бўлади. Шундай экан, уларга қаттиқ аҳамият бериш, намозни мукаммал суратда адо этиш учун унинг комил ёки ноқис бўлишига сабаб бўладиган ишларни яхши ўрганиб билиш лозим. |