Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Намознинг сифати ҳақидаги боб

4982 марта кўрилган

Намознинг рукнлари, вожиблари, қавлий ва феълий суннатларини айтиб ўтганимиздан сўнг энди унинг ана шу рукн, вожиб ва суннатларни ўз ичига олган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари сифати ҳақида келганидек кўринишини баён қиламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Бухорий (631) ва Муслим (674) Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турсалар, қиблага юзланардилар, қўлларини кўтарардилар, кафтларининг ичини қиблага қаратиб: «Аллоҳу акбар», дердилар.

- Ўнг қўлларини чап қўллари устига боғлаб, уларни кўкракларига (ёки киндик остига) қўярдилар.

- Сўнг истифтоҳ (намозни бошлаш) дуосини (санони) ўқирдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам истифтоҳда доим бир хил дуо ўқимаганлар. У зот томонларидан собит бўлган истифтоҳ дуоларининг ҳар бири билан намозни бошлаш дурустдир. Мисол учун: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрук» билан бошлардилар (Насоий (899) Абу Саид розияллоҳу анҳудан, Ибн Можа (806) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

- Сўнг «Аъувзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дердилар.

- Сўнг Фотиҳа сурасини ўқиб, охирида: «Амийн» дердилар.

- Сўнг баъзан узунроқ, баъзан қисқароқ, баъзан ўртача бир сурани ўқирдилар. Бамдод намозининг қироатини бошқа намозлар қироатига қараганда узунроқ қилардилар. Бамдодда ва шом билан хуфтоннинг аввалги икки ракъатида қироатни жаҳрий қилардилар, бошқаларда махфий қироат қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намознинг биринчи ракъатини иккинчи ракъатидан узунроқ ўқирдилар.

- Сўнг қўлларини ҳудди истифтоҳда кўтарганларидек кўтарардилар, сўнг «Аллоҳу акбар» деб, рукуъга борардилар, рукуъда қўлларини бармоқларини очган ҳолда тиззаларига қўярдилар ва тиззаларини ушлаб, белларини текис узатиб, бошларини беллари билан баробар қилардилар, ундан баланд ҳам, паст ҳам қилмасдилар ва: «Субҳана роббиял азийм» дердилар.

- Сўнг бошларини кўтариб: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дердилар ва қўлларини рукуъда кўтаргандек кўтарардилар.

- Қадларини ростлаб туриб: «Роббана лакал ҳамд» дердилар ва шу туришда анча турардилар.

- Сўнг такбир айтиб, саждага йиқилардилар, саждага боришда қўлларини кўтармасдилар. Саждада пешона, бурун, икки қўл, икки тизза ва икки оёқ учларини ерга қўярдилар, қўл ва оёқлар бармоқлари учларини қиблага қаратардилар. Саждаларида мўътадил турардилар, пешона ва бурунларини ерга ёпиштирар, кафтларига суяниб, билакларини кўтарардилар, азудларини (яъни тирсак билан елка оралиғини) биқинларидан узоқлатардилар, қоринларини сонларидан, сонларини эса болдирларидан кўтарардилар. Саждаларида: «Субҳана роббиял аъла» дердилар.

- Сўнг «Аллоҳу акбар» деб бошларини кўтарардилар, сўнг чап оёқларини тўшаб, унинг устига ўтирардилар, ўнг оёқларини тиккалардилар, қўлларини сонларига қўярдилар, сўнгра: «Аллоҳуммағфирлий варҳамний важбурний ваҳдиний варзуқний», дердилар (Ибн Можа (898) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

- Сўнг такбир айтиб, сажда қилардилар, иккинчи саждаларини ҳам биринчи саждаларида қилгандек қилардилар.

- Сўнг такбир айтиб бошларини кўтарардилар, тиззалари ва сонларига суяниб, оёққа қалқирдилар.

- Қадлари тўла ростлангач, қироатни бошлардилар ва иккинчи ракъатни ҳам биринчи ракъатдагидек ўқирдилар.

- Сўнгра ташаҳҳудга ўтирардилар, ташаҳҳудда ҳам оёқларини худди икки сажда ўртасида ўтиргандек тўшаб ўтирардилар, ўнг қўлларини ўнг сонларига, чап қўлларини чап сонларига қўярдилар, ўнг қўлларининг бош бармоғини ўрта бармоққа ҳалқасимон қўйиб, кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилардилар ва кўзларини унга тиккан ҳолда: «Аттаҳийяту лиллаҳи вас-солавату ват-тоййибат, ассаламу алайка айюҳан-набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳийн, ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» дердилар (Бухорий (831) ва Муслим (402) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўтиришни енгил қилардилар.

- Сўнг такбир айтиб, ўринларидан турардилар, учинчи ва тўртинчи ракъатларни ўқирдилар, уларни аввалги икки ракъатдан енгилроқ ўқирдилар ва уларда фақат Фотиҳа сурасини ўқирдилар.

- Сўнг охирги ташаҳҳудга ўтирардилар, бунда таваррук қилиб ўтирардилар, яъни чап сонларини ерга қўяр ва икки оёқларини ўнг тарафдан чиқарар эдилар, чап оёқни сон ва болдирлари остига тўшаб, ўнг оёқни тиклардилар.

- Сўнг охирги ташаҳҳудни ўқирдилар, унда биринчи ташаҳҳуднинг айни ўзини ўқиб, кейин қуйидагича салавот ўқирдилар: «Аллоҳумма солли ала муҳаммадин ва ала али муҳаммад, кама соллайта ала али иброҳийма, иннака ҳамийдум мажийд, ва барик ала муҳҳаммадин ва ала али муҳҳамад, кама барокта ала али иброҳийма, иннака ҳамийдум мажийд».

- Сўнг жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан, масиҳ дажжол фитнасидан Аллоҳдан паноҳ тилардилар, Китобу Суннатда ворид бўлган дуолардан ўқирдилар.

- Сўнг ўнг томонларига «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ» деб салом берардилар, кейин чап томонларига салом берардилар, саломни қиблага қараган ҳолда бошлаб, тўла ўгирилган ҳолда тамомлардилар.

- Салом бергач, «Астағфируллоҳ» (уч бор), «Аллоҳумма антас-салам ва минкас-салам, табарокта я зал-жалали вал-икром» дердилар, сўнг ҳадис китобларида ривоят қилинган зикрларни ўқирдилар.

Мусулмон биродар! Бу намознинг нассларда (яъни ҳадисларда) келганидек сифатининг қисқача кўринишидир. Намозингизга ғоят эҳтимом беринг, намозингиз имкони борича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари билан бир хил бўлсин! Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди, амали ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

Барчамизга Аллоҳдан тавфиқ ва қабулият сўраймиз.