асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Қотилга мерос беришнинг ҳукми ҳақидаги боб2855 марта кўрилган
- Шофеъий мазҳабидаги қавл шуки, қотил қатлнинг тури қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай ҳолатда ҳам мерос олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қотил ҳеч нарсани мерос олмайди» деган сўзлари бунга далил бўлади. Қатл меросни тезроқ қўлга киритиш воситаси қилиб олинмаслиги учун қотилни меросдан маҳрум қилинади. Шундай экан, йўлни тўсиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам уни меросдан маҳрум қилиш вожиб. Шунга кўра, қатлга алоқаси бор бўлган ҳар қандай одам, гарчи қатл ҳақ билан бўлган бўлса ҳам мерос олмайди. Шунингдек, қатл қилишга ҳукм қилган қози ва мақтулга қарши гувоҳлик берган киши ҳам, ва ҳатто қатл қасдсиз содир бўлган бўлса ҳам, яъни масалан, уйқудаги одамдан, мажнундан, гўдак боладан содир бўлган бўлса ҳам, шунингдек, шариатда изн берилган иш ортидан қатл келиб чиқса ҳам, яъни масалан, адаб берувчи ва даволовчи кишининг адаб бериши ва даволаши ўлимга сабаб бўлса, у ҳам (қатл қилинган кишидан) мерос олмайди. - Ҳанбалийлар фақат ноҳақдан қатл қилиш меросдан маҳрум қилади, деган фикрни айтадилар. Яъни, бу қасос билан ё дия (хун пули) билан ё каффорат билан зоминлик (жавобгар бўлиш) фарз бўлган қатлдир. Қасддан, ярим қасддан, билмасдан ўлдириб қўйиш, сабаб билан ўлдириш, гўдак бола, мажнун ва уйқудаги одамнинг ўлдириши каби. Аммо, юқорида айтилганлар билан зомин бўлинмайдиган қатл меросдан ман қилмайди, қасос учун ўлдириш, ҳад (яъни, шаръий жазо сифатида) қатл қилиш, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўлдириб қўйиш каби ёки қотил адолатли, мақтул эса тажовузкор бўлган ёки қатл шаръан изн берилган адаб бериш ва даволаш орқали содир бўлган ҳолатлар каби. - Ҳанафия мазҳабида ҳам худди шундай. Фақат улар сабабчи бўлиш орқали ҳосил бўлган қатлни меросдан ман қилмайди, деб эътибор қиладилар. Яъни, масалан, қудуқ қазиб қўйган бўлса ёки йўлга тош ташлаб қўйган бўлса, шу нарса мерос қолдирувчисининг ўлимига сабабчи бўлса, бу меросни ман қилмайди. Шунингдек, қасдсиз ўлдириб қўйиш ҳам меросни ман қилмайди, ёш бола ёки мажнуннинг қатл қилиши каби. - Моликийларда наздида қотил учун иккита ҳолат мавжуд: Мерос қолдирувчисини қатл қилиши қасддан ва тажовузкорона бўлиши. Бу ҳолатда у мерос қолдирувчисининг молидан ҳам, унинг хун пулидан ҳам мерос олмайди. Мерос қолдирувчисини беқасд, билмасдан ўлдириб қўйиши. Бу ҳолатда унинг молидан мерос олади, лекин хун пулидан мерос олмайди. Бу ҳолатда унинг молидан мерос олиши сабаби шуки, у унинг ўлимига ошиққани йўқ эди. Хун пулидан мерос олмаслиги сабаби шуки, хун пули унинг зиммасига фарз бўлади. Ўзининг зиммасига фарз бўладиган нарсадан мерос олишининг маъноси йўқдир.
Агар шофеъийларнинг сўзига амал қилиб, ҳар қандай қатлни меросдан ман қилувчи қилиб қўйсак, бу фарз бўлган ҳадларни (яъни, шаръий жазоларни) барпо қилмасликка ва қасос ва шу каби бошқа ҳуқуқларни тўла қилмасликка сабаб бўлиб қолар эди. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг: «Қотил учун мерос йўқдир» деган сўзлари қатл ноҳақ бўлган ҳолатга хосланган бўлади. Валлоҳу аълам. |