Жума 1 Ноябрь 2024 | 28 Рабиул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳажб (меросдан тўсиш) ҳақидаги боб

2765 марта кўрилган

  • Бу бобнинг меросга доир боблар ичида алоҳида аҳамияти бор. Чунки, унинг тафсилотларини билиш орқали ҳақларни ўз эгаларига етказиш ҳосил бўлади. Бу бобнинг ҳукмларини билмаслик ортидан жуда катта хатарлар келиб чиқади, яъни меросни унга шаръан ҳақдор бўлмаган кишига бериб юборилади ва ҳақдорни ундан маҳрум қилинади. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар: «Ҳажб (қоидаси)ни билмаган киши фароиз хусусида фатво бериши ҳаромдир», деганлар.

  • Ҳажб – луғатда ман қилиш ва тўсиш маъносида бўлиб, ҳожиб – тўсувчи маъносидадир. Султоннинг эшикоғасини ҳам ҳожиб дейдилар, чунки, у унинг ҳузурига киришдан ман қиладиган одамдир.

  • Меросшунослар (фароиз илми) истилоҳида ҳажб деб ворислик сабаби бор бўлган одамни ворисликдан буткул ёки кўпроқ улушга эга бўлишдан тўсишга айтилади.

  • Фароиздаги ҳажб икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Васфларни ҳажб қилиш. Бу ворисликдан ман қилувчи учта сабабдан бири билан сифатланган одам ҳақида бўлади. Учта сабаб – қуллик, қотиллик ва динни ўзгартиришдир. Ким мазкур сифатлардан бири билан сифатланса, мерос олмайди ва унинг борлиги ҳам йўқлик кабидир.

Иккинчи қисм: Шахсларни ҳажб қилиш. Бу муайян бир шахсни ворисликдан буткул тўсишдир, буни «маҳрум қилиш ҳажби» (ҳажбул-ҳирмон) дейилади. Ёки бир шахсни кўпроқ меросхўрликдан камроқ меросхўрликка ўтказишдир, буни «камайтириш ҳажби» (ҳажбун-нуқсон) дейилади. Ҳар икки турдаги бу ҳажбнинг сабаби ундан кўра ҳақлироқ шахснинг мавжуд бўлишидир. Шунинг учун шахсларни ҳажб қилиш деб аталди. У етти турли бўлиб, тўрттаси издиҳом (бир жойда жамланиш) туфайли, учтаси интиқол – яъни, бир фарздан бошқа фарзга кўчиш туфайли ҳосил бўлади. Улар қуйидагилардир:

1)            Бир фарздан ундан кўра камроқ фарзга кўчиш. Эрнинг ярим улушдан тўртдан бир улушга кўчиши каби.

2)            Бир таъсибдан ундан кўра камроқ таъсибга кўчиш. Она бир бўлмаган опа (сингил)нинг биров билан биргаликда асаба бўлишдан биров сабабли асаба бўлишга кўчиши каби.

3)            Бир фарздан ундан кўра камроқ бўлган таъсибга кўчиш. Ярим улуш эгаларининг биров сабабли бўлган асабаликка кўчиши каби.

4)            Бир таъсибдан ундан кўра камроқ бўлган фарзга кўчиш. Ота ва бобонинг таъсиб билан ворис бўлишдан фарз билан ворис бўлишга кўчиши каби.

5)            Бир фарзда жамланиб қолиш (издиҳомлик). Хотинларнинг тўртдан бир ва саккиздан бирда жамланиши каби.

6)            Бир таъсибда жамланиб қолиш. Асабаларнинг молда ёки фарзлардан ортиб қолган нарсада жамланишлари каби.

7)            Авл сабабли жамланиб қолиш. Фарзлар эгаларининг унга авл кирадиган аслларда жамланиши каби. Бунда улардан ҳар бири авл сабабли ўз улушини камроқ олади.

  • Ҳажбнинг қоидалари бор, у шу қоидалар доирасида амал қилади:

Биринчи қоида: Ким бир восита (яъни, ўртадаги биров) орқали келса, ўша восита уни меросдан тўсади. Ўғил ўғилнинг ўғлини, она бувини, ота бобони, ота ака-укани тўсгани каби.

Иккинчи қоида: Икки ва ундан кўпроқ асабалар жамлансалар, жиҳатда ақдам (яқинроқ) бўлганни муқаддам қилинади. Масалан, ўғил ота билан ёки бобо билан бўлганда таъсиб ўғилга бўлади, чунки, у жиҳатда ақдамдир. Агар икки киши жиҳатда бир бўлса, улардан маййитга яқинроқ бўлганини муқаддам қилинади. Масалан, ўғил бошқа бир ўғилнинг ўғли билан жамланса, ёки туғишган ака (ука) бошқа бир туғишган ака (ука)нинг ўғли билан жамланса ва ҳоказо. Агар жиҳатда ҳам, яқинликда ҳам баробар бўлсалар, улардан қувватлироғи муқаддам қилинади. Масалан, туғишган ака (ука) ота бир бўлган ака (ука) билан жамланса, туғишган ака (ука)ни муқаддам қилинади, чунки у ота-она орқали келгани учун қувватлироқ, ота бир бўлган ака (ука) эса фақат ота орқали келади.

Учинчи қоида (Бу қоида ҳажбул-ҳирмонга тегишли): Аслларни фақат аслларгина тўса олади. Масалан, бобони фақат ота ёки ўзидан кўра яқинроқ бобо тўсади. Бувини она ёки ўзидан кўра яқинроқ буви тўсади. Фаръларни эса фақат фарълар тўсади. Масалан, ўғилнинг ўғлини фақат ўғил ёки ўзидан юқорироқ бўлган ўғилнинг ўғли тўсади. Ҳошияларни, яъни ака-укалар ва уларнинг болаларини, амакилар ва уларнинг болаларини асллар, фарълар ва ҳошиялар тўсади.

Масалан, ота томондан бўлган ака-укаларни ўғил ва ўғилнинг ўғли – ҳар қанча қуйига кетса ҳам, – ота, бобо, туғишган ака-ука, туғишган опа-сингил – агар бшқа биров билан бирга асаба бўлса – тўсадилар. Шунга ўхшаш, кўрамизки, ота бир бўлган ака (ука) ҳам асллар, фарълар ва ҳошиялар билан тўсилади.

  • Яна қайта айтамизки, ҳажб мавзуси жуда муҳим мавзу бўлгани боис фароиз хусусида фатво берувчи киши унинг қоидаларини пухта эгаллаган бўлиши, унинг масалаларини чуқур ўзлаштирган бўлиши ва барча ҳолатларда уни татбиқ эта билиши лозим. Акс ҳолда хато фатво чиқариб, меросларни ўз шаръий ўринларидан ўзгартириб юбориши, ҳақдорни ҳаққидан маҳрум қилиб, ҳақсизни ҳақдорга айлантириб қўйиши мумкин. Аллоҳ тавфиқ эгасидир.