асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ҳомиланинг мероси ҳақидаги боб2982 марта кўрилган
Биринчи шарт: Мерос қолдирувчи вафот этган пайтда бачадонда нутфа ҳолида бўлса ҳам бор бўлган бўлиши. Иккинчи шарт: Аниқ-тиниқ тирик ҳолда туғилиши. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Туғилаётган (чақалоқ) овоз қилса, меросхўр бўлади», деганлар (Абу Довуд (2920) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Ибн Ҳиббон (13/392, №6032) саҳиҳ санаган). Истиҳлол, яъни, туғилаётган боланинг овоз қилиши маъноси – туғилаётган пайтида овоз чиқариб йиғлашидир. Баъзи уламолар унинг маъноси йиғи, акса уриш, қимирлаш каби ҳаёт аломати билинишидир, бу йиғининг ўзигагина хос эмас, ҳам деганлар. Туғилгандан сўнг овоз қилиши унинг тирик туғилганига ва шу билан иккинчи шарт топилганига далилдир. Аммо, биринчи шарт – яъни, мерос қолдирувчи вафот этган пайтида ҳомила бачадонда бор экани – аниқ топилган экани унинг белгиланган муддатда туғилиши билан билинади. Бу муддат ҳолатлар тақозосига кўра кимдадир озроқ, кимдадир кўпроқ бўлиши мумкин. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган ҳомила учун учта ҳолат бордир: 1-ҳолат: Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг ҳомиланинг энг кам муддати ўтмасидан туриб тирик ҳолда дунёга келиши. Бу ҳолатда у мутлақо мерос олади. Чунки, унинг шу муддатда туғилганидан сўнг яшаб кетиши мерос қолдирувчининг вафотидан аввал мавжуд бўлганига далил бўлади. Ҳомиланинг энг кам муддати уламолар иттифоқига кўра, олти ойдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати)ўттиз ойдир» (Аҳқоф: 15). Бошқа бир оятда айтади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар» (Бақара: 233). Агар икки йилни – яъни йигирма тўрт ойни – ўттиз ойдан айирса, олти ой қолади ва бу ҳомиланинг энг кам муддатидир. 2-ҳолат: Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг ҳомиланинг энг кўп муддати ўтганидан сўнг дунёга келиши. Бу ҳолатда мерос олмайди. Чунки, шунча муддат ўтганидан кейин туғилганлиги унинг мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг вужудга келганига далолат қилади.
Ҳомиланинг энг кўп муддати икки йил. Бунга Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Бола она қорнида икки йилдан ортиқ қолмайди» деган сўзларини далил қиладилар (Дорақутний (3/321, №279), Байҳақий (7/443) ривоятлари ). Бунга ўхшаган ўринда ижтиҳодга ўрин қолмайди. Чунки, бу сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга марфуъ бўлган ҳадис ҳукмида бўлади. Ҳомиланинг энг кўп муддати тўрт йил. Чунки, нас (оят ва ҳадисдан далил) бўлмаган ўринда вужудга (яъни, воқеликка) қайтилади. Дарҳақиқат, ҳомиланинг она қорнида тўрт йил қолгани воқеликда бўлган. Ҳомиланинг энг кўп муддати беш йил. Мазкур сўзларнинг қувватлироғи – валлоҳу аълам – ҳомиланинг энг кўп муддати тўрт йил дейилган сўздир. Чунки, бу ҳақда аниқ чеклов билан далил келмаган. Шу боис вужудга қайтилади, бунинг воқеда тўрт йил бўлгани маълум, валлоҳу аълам. 3-ҳолат: Ҳомила муддатининг энг паст чегарасидан юқори ва энг юқори чегарасидан паст муддатда туғилиши. Агар бу ҳолатда ҳомиладор аёлнинг у билан жинсий алоқада бўлиб турадиган эри ёки хожаси бор бўлса, у ҳомила маййитдан мерос олмайди. Чунки, унинг мерос қолдирувчи вафот этган пайти бор бўлгани аниқ эмас, ҳомиланинг мерос қолдирувчи вафот этганидан кейин пайдо бўлгани эҳтимоли бор. Агар шу муддат ичида эри ё хожаси умуман бўлмаган ёки бўлса ҳам бошқа жойда бўлгани сабабли у билан жинсий алоқада бўлмаган ёки жинсий заифлиги туфайли у билан қўшилишни тарк қилган бўлса, у ҳомила мерос олади. Чунки, унинг борлиги аниқ бўлди.
Ҳомилага мерос берилиши кайфияти:
1) Уларга бунга имкон берилмайди. Чунки, ҳомиланинг ҳолати аниқ эмас, унда шак бор, унинг ҳолати бир неча хил бўлиши мумкинлиги ортидан унинг ҳам, у билан бирга мерос оладиган ворисларнинг ҳам улушларида фарқлилик пайдо бўлади. 2) Ворисларнинг талабларига имкон берилади ва уларни кутишга мажбур қилинмайди. Чунки, бундан уларга зарар келиши мумкин, улар орасида айримлари камбағал бўлиши, ҳомила муддати эса чўзилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳомилага эҳтиёт юзасидан унинг тўла улушини кафолатлайдиган миқдорни тўхтатиб қўйилади, тақсимотни кечиктиришга ҳожат йўқ. Мана шу фикр қувватлироқ кўринади. Аммо, бу сўз эгалари тўхтатиб қўйиладиган миқдор тўғрисида ихтилоф қилганлар. Чунки, она қорнидаги ҳомиланинг ҳақиқатини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким аниқ билмайди. Унинг шаънида тирик ё ўликлиги, ўғил ё қизлиги, битта ё бир нечталиги жиҳатидан бир талай эҳтимоллар бор. Шубҳасиз, бу эҳтимоллар унинг ва у билан биргаликда мерос олувчиларнинг мерослари миқдорига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳомила учун олиб қўйиладиган миқдор тўғрисида бир қанча фикрларга бўлиндилар: 1) Ҳомиланинг сони аниқ эмас, чунки аёл киши кўпи билан нечта ҳомилага ҳомиладор бўлиши аниқ маълум эмас. Шунинг учун ҳомила билан биргаликда мерос оладиган ворисларнинг ҳолатига қаралади. Улардан қай бири бир тақдирда мерос олиб, бошқа бир тақдирда мерос олмайдиган бўлса, ёки улуши аниқ ўлчовли бўлмаса, масалан, асаба бўлса, унга ҳеч нарса берилмайди. Қай бири ҳамма тақдирда ҳам бирида кўпроқ, бирида озроқ мерос олишга ҳақли бўлса, унга энг кам улушини берилади. Қай бирининг улуши барча тақдирларда ҳам бир хил бўладиган бўлса, унга улушини комил берилади. Мана шу эътиборлардан сўнг қолган молни то ҳомиланинг ҳолати аниқ бўлгунига қадар тўхтатиб қўйилади. 2) Ҳомила учун энг фойдали саналган улушни олиб қўйиб турилади ва у билан биргаликда мерос олувчиларга зарарлироқ бўлган муомалани қилинади. Яъни, ҳомилага икки эркак ва икки аёл меросининг энг кўп қисмини тўхтатиб қўйилади ва у билан биргаликда мерос олувчи ворисга ўз улушидан аниқ бўлган қисмини бериб турилади. Ҳомила туғилгач ва унинг иши аниқ бўлгач, унга тўхтатиб қўйилган молдан ўзи ҳақли бўлган миқдорни берилади, улушидан ортиғини қайтарилади. Агар улуши миқдорида бўлса, уни комил олади. Агар улушидан камроқ миқдорда бўлса, камини ворислардан олинади. 3) Ҳомилага бир ўғилнинг ёки бир қизнинг улушини – қай бири кўпроқ бўлса ўшани – олиб қўйилади. Чунки, аксарият ҳолларда одатда аёл киши бир туғишда биттадан ортиқ туғмайди. Шунинг учун ҳукм аксарият ҳолатга қараб олинади. Қози ворислар ичидан бир кишининг улушидан зиёдасини — эҳтиёж тушиб қолса, яъниб ҳомила иккита бўлиб қолса — беришни зиммасига оладиган кафил олади, чунки ҳомила ўз ишини назорат қилишга қодир эмас, шу боис эҳтиёт жиҳатидан қози у учун назоратчи бўлади. Бу сўзлар ичида қувватлироғи эҳтиёткорликка кўпроқ эътибор берилган сўз, яъни иккинчи сўздир. Чунки, бир қориндан иккита бола туғилиши кўп учрайдиган ҳодиса, иккидан ортиқ эгизаклар туғилиши эса камёб ҳолат саналади. Учинчи сўз эгалари айтганидек кафил олиш баъзан имконсиз бўлиб қолади. Ҳатто, кафил бўлган тақдирда ҳам унинг ҳаққида содир бўлиши мумкин бўлган баъзи ишлар туфайли тўлай олмай қолиши мумкин, натижада ҳомила агар эгизак бўлса, унинг ҳаққи зое бўлиши хавфи бор. Рожиҳ-қувватлироқ сўзга кўра, ҳомила учун олти хил тақдир-ўлчов олинади. Чунки, у ё узил-кесил тирик ҳолатда туғилиши ё ўлик ҳолатда туғилиши мумкин. Тирик ҳолатда туғилган тақдирда ё ўғил бўлиши, ё эса қиз бўлиши, ё ўғил ва қиз, ё икки ўғил ё икки қиз бўлиши мумкин. Мана шу олтита тақдир бўлиб, ҳар бир тақдирнинг алоҳида масаласи бор ва ҳар бирига ўзига хос ҳисоб амалияси бажарилади. Бунда ворисларнинг ҳолига қаралади. Ким барча масалада ҳам бир хил мерос оладиган бўлса, унга улушини тўла берилади. Ким баъзисида ортиқроқ, баъзисида камроқ оладиган бўлса, унга энг кам улуши бериб турилади. Ким баъзисида мерос олиб, баъзисида мерос олмайдиган бўлса, унга ҳеч нарса берилмайди ва қолган молни то ҳомиланинг ҳолати аниқлангунига қадар тўхтатиб турилади, валлоҳу аълам. |