Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мафқуд (йўқолиб қолган киши) мероси ҳақидаги боб

2943 марта кўрилган

  • Мафқуд – йўқолиб қолган одам – дом-дараксиз йўқолган, ҳоли номаълум бўлган, ўлик-тириклиги билинмайдиган одам бўлиб, йўқолиши сафарда бўладими, ўз юртидами, урушдами, кемаси тешилибми ё душман қўлига асир тушибми, ё бошқа сабабданми, фарқсиздир.

  • Мафқуднинг ҳоли у йўқолган пайт мобайнида борлик ё йўқлик ўртасида эҳтимолий бўлгани ва ҳар икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бўлгани учун, яъни унинг аёлига нисбатан, у бошқадан оладиган меросга нисбатан, бошқалар ундан оладиган меросга нисбатан, у билан биргаликда мерос оладиган шахсларга нисбатан хос ҳукмлар бўлгани учун, агар икки эҳтимолдан бири кучлироқ бўлмаса, унинг воқеълигига ишонч ҳосил қилинадиган бир муддатни белгилаш зарур бўлади ва шу муддат ичида у ҳақда ҳеч қандай маълумот билинмаса, бу унинг йўқлигига далил бўлади.

  • Шунга биноан уламолар шу муддатни белгилашга иттифоқ қилганлар, бироқ унинг миқдори ҳақида икки хил сўзга бўлинганлар:

Биринчи сўз: Муддатни белгилашда ҳокимнинг (ҳукм чиқарувчининг) ижтиҳодига қайтилади. Чунки, асл-асос мафқуднинг ҳаёт эканлигидир ва бу аслдан фақат (унинг ҳаёт эмаслигига бўлган) аниқ ишонч билангина ёки ишонч ҳукмида бўлган нарса билангина чиқиш мумкин. Бу жумҳурнинг сўзидир. Унинг борлиги ҳақидаги фикр ғолиб бўладими, ҳалок бўлгани ҳақидаги фикр ғолиб бўладими, 90 ёшидан олдин йўқолганми, кейинми, фарқсиздир. То унинг вафот этганига ҳужжат барпо бўлгунича ёки шундан ортиқ яшамаслигига гумон ғолиб бўладиган муддат ўтмагунича кутилади.

Иккинчи сўз: Тафсилдир. Яъни, мафқуд учун иккита ҳолат бор:

1)             Унинг ҳалок бўлганлиги ҳақида гумон ғолиб бўлиши. Бирон ҳалокат пайтида йўқолган ёки урушда йўқолган ёки чўкиб кетиб, ичида бўлганлардан баъзилари саломат қолиб, баъзилари ҳалок бўлган кемада йўқолган ёки уйидан намозга ё бошқага чиқиб кетиб, дом-дараксиз кетган киши каби. Бу одамни йўқолганидан бошлаб тўрт йил кутилади. Чунки, бу одатда мусофирлар ва савдогарлар қайтиб келиши кўп такрорланадиган муддатдир. Мана шу муддат ичида ундан хабар бўлмаслиги унинг тирик эмаслиги ҳақидаги гумонни ғолиб қилади.

2)             Мафқуднинг саломатлиги ҳақида гумон ғолиб бўлиши. Тижорат учун ё саёҳат учун ё илм талаб қилиш мақсадида чиқиб кетиб, дом-дараксиз кетган киши каби. Бундай одамни туғилган пайтидан ҳисоблаб 90 йил кутилади. Чунки, бундан ортиқ яшамаслиги гумонда ғолибдир.

Булар ичида кучлироғи биринчи сўздир. Яъни, мафқудни кутиш муддатини белгилашда ҳокимнинг ижтиҳодига қайтилади. Чунки, бу нарса даврлар, мамлакатлар ва шахсларнинг фарқлилигига қараб фарқланади. Ҳозирги даврда ахборот алмашув ва алоқа воситалари ривожланган, ҳатто бутун жаҳон битта шаҳарга ўхшаб қолган ва ҳолат аввалги даврлардан кескин фарқ қилади.

  • Агар мафқудга мерос қолдирувчи шахс ана шу кутиш муддати ичида вафот этса:

-       Агар мафқуддан бошқа вориси бўлмаса, то иш аниқ-тиниқ бўлмагунича ёки муддат ўтмагунича ҳамма молини тўхтатиб қўйилади.

-       Агар мафқуддан бошқа ворислари ҳам бўлса, уларнинг масаласи хусусида уламолар бир неча хил сўзларга бўлинганлар. Улар ичида кучлироғи аксарият уламоларнинг сўзики, мафқуд билан бирга мерос олувчиларга зарарлироқ муомала қилинади ва улардан ҳар бирига аниқ ишонч ҳосил қилинган улуши берилиб, қолганини тўхтатиб қўйилади. Яъни, мафқудни тирик деган эътибор билан меросни тақсимланади, сўнг уни ўлган деган эътибор билан тақсимланади. Қай бир ворис икки масалада ошиқ-кам улуш оладиган бўлса, унга камроқ улушни берилади. Ҳар икки масалада ҳам бир хил улушга ҳақли бўладиган ворисга тўла улуш берилади. Икки масаладан фақат бирида мерос оладиган ворисга ҳеч нарса берилмайди. Қолган молни то мафқуднинг ҳоли аниқ бўлгунига қадар тўхтатиб қўйилади.

  • Бу мафқуднинг бошқадан мерос олиши ҳақидаги гап эди. Энди бошқаларнинг мафқуддан мерос олишлари масаласига келсак, кутиш муддати ўтганидан кейин ҳам унинг иши аниқ бўлмаса, уни ўлган деб ҳукм қилинади ва ўзининг молини ҳам, мерос қолдирувчисининг унга деб олиб қўйилган молини ҳам унинг ўлганига ҳукм қилинган пайтда мавжуд бўлган ворисларига тақсимланади, кутиш муддати ичида ўлиб кетган ворисга берилмайди. Чунки, мафқуднинг ўлими ҳақидаги ҳукм кутиш муддати ичида ўлган кишининг вафотидан кейин келди. Ворислик шартларидан бири – ворис мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳаёт бўлиши эди.