асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ирс-мерос сабаблари ва ворислар баёни ҳақидаги боб2957 марта кўрилган Биринчиси: раҳим – қариндошлик бўлиб, улар насаб қариндошларидир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга)ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Маййитга яқин қариндош бўладими, узоқроқ қариндош бўладими, агар ўртада меросдан тўсувчи бўлмаса, фарқсиздир. Қариндошлик асллар, фарълар ва ҳошияларни ўз ичига олади. Асллар – оталар, боболар ҳар қанча юқорилашсалар. Фарълар – фарзандлар, набиралар ҳар қанча қуйилашсалар. Ҳошиялар – ака-укалар ва уларнинг болалари ҳар қанча қуйилашсалар, амакилар ҳар қанча юқорилашсалар, уларнинг болалари қанча қуйилашсалар. Иккинчиси: никоҳ – яъни, саҳиҳ турмуш қуриш ақди, гарчи қўшилиш ва холи қолиш бўлмаган бўлса ҳам. Аллоҳ таоло айтади:«Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) маййит аёл қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур»(Нисо: 12). Юқоридаги ояти каримага кўра, никоҳ ақди сабабли эр-хотин бир-биридан мерос оладилар, шунингдек, ражъий талоқ ҳолатида ҳам эр-хотин бир-биридан мерос оладилар. «Саҳиҳ турмуш қуриш ақди» деган ибора билан саҳиҳ бўлмаган никоҳ ақди бундан чиқиб кетади ва фосид никоҳ сабабли ўртада мерос олинмайди, чунки унинг бори ҳам йўқ ҳукмидадир. Учинчи: озод қилиш валийлиги. Бу асабалик бўлиб, унинг сабаби озод қилувчининг қулига уни озод қилиш билан қилган инъомидир. Бу билан фақат бир тарафлама мерос олинади. Яъни, озод қилувчи ўзи озод қилган қулдан мерос олади, аксинча бўлмайди (яъни озод қилинган қул ҳожасидан мерос олмайди). Валийлик сабабли мерос олиш дурустлигига далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: «Валийлик ҳам насаб қариндошлигига ўхшаган қариндошликдир» (Ибн Ҳиббон (11/325, №4950), Ҳоким (4/379), Байҳақий (10/292) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган). Бу ҳадисларида валийликни насабга ўхшатдилар, насаб сабабли мерос олинади, демак, валийлик сабабли ҳам мерос олинади. Бу ижмоъ билан собит бўлган. «Саҳиҳайн»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийлик ҳаққи фақат озод қилган кишига бўлади», деганлар (Бухорий (2155) ва Муслим (1504) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Ворисларнинг жинс эътибори билан қисмлари:
-Ўғил ва унинг ўғли, фақат ўғил болалар орқали қанча қуйига тушиб борса ҳам. Далил шуки, Аллоҳ таоло айтади: Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур(Нисо: 11). Ўғилнинг ўғли ҳам ўғил деб саналади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Эй Одам болалари (ўғиллари)» (Аъроф: 26), «Эй Исроил ўғиллари-авлоди» (Бақара: 40), деди. -Ота ва унинг отаси, фақат эркаклар орқали қанча юқорилаб борса ҳам. Отанинг отаси, бобонинг отаси каби. Аллоҳ таоло айтади: «... қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур» (Нисо: 11). Бобо ҳам отадир, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга олтидан бирни берганлар (Абу Довуд (2897), Ибн Можа (2723) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). -Ака-ука, хоҳ бир туғишган бўлсин, хоҳ ота бир ё она бир бўлсин. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг опаси (ёки синглиси) бўлса(акаси ёки укаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар опаси (ёки синглиси)нинг фарзанди бўлмаса, ака (ёки ука) унга меросхўр бўлур» (Нисо: 176). Бу ҳукм ота-она бир ака-укалар ҳақида эди. Она бир ака-укалар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на боласи бўлмай, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур» (Нисо: 12). -Ота-она бир ёки ота бир ака-уканинг ўғли. Аммо, она бир (отаси бошқа) ака-уканинг ўғли мерос олмайди. Чунки, у завил-арҳомдандир. -Ота-она бир ёки ота бир амаки ва унинг ўғли, эркаклар орқали қанча қуйига тушиб борса ҳам. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаризаларни ўз эгаларига етказинглар. Ортиб қолгани энг яқин эркак (қариндош)гадир», деганлар (Бухорий (6732), Муслим (1615) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). -Эр. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми тегур» (Нисо: 12). -Валий, яъни қулни озод қилган киши ёки унинг ўрнига тушувчи одам. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийлик ҳам насаб қариндошлигига ўхшаган қариндошликдир», деганлар (Ибн Ҳиббон (11/325, №4950), Ҳоким (4/379), Байҳақий (10/292) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган), «Валийлик фақат озод қилган кишига бўлади», деганлар (Бухорий (2155) ва Муслим (1504) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
-Қиз ва ўғилнинг қизи, эркаклар орқали отаси ҳар қанча қуйига тушиб борса ҳам. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса, уларга(маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур» (Нисо: 11). -Она ва буви (момо). Аллоҳ таоло айтади: «Агар фарзанд бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир тегур (Нисо: 11). Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртада она бўлмаган ҳолда бувига олтидан бир (берилишига ҳукм) қилганлар (Абу Довуд (2895) ривояти). -Опа ё сингил, хоҳ туғишган бўлсин, хоҳ ота бир ё она бир бўлсин. Аллоҳ таоло айтади: «Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на боласи бўлмай, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур» (Нисо: 12), «Агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар)унинг опаси (ёки синглиси) бўлса (акаси ёки укаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар опаси (ёки синглиси)нинг фарзанди бўлмаса, ака (ёки ука) унга меросхўр бўлур» Агар (опа ёки) сингиллар иккита бўлса, улар учун ака (ёки ука) қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур» (Нисо: 176). -Хотин. Аллоҳ таоло айтади: «Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур» (Нисо: 12). -Озод қилувчи аёл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийлик фақат озод қилган кишига бўлади», деганлар (Бухорий (2155) ва Муслим (1504) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Эркак ва аёллардан бўлган меросхўрлар умуман олганда шулардир. Уларни батафсил саналса, эркак меросхўрлар сони ўн бешга, аёл меросхўрлар сони ўнтага етади. Бу эса чуқур фикрлаш ва манбаларга мурожаат қилиш билан бўлади, валлоҳу аълам.
Ворисларнинг меросга ҳақли бўлиш эътибори билан турлари:
-Фарз эгаси – шаръан ўлчаб, белгилаб қўйилган улушини оладиган кишидир, унинг улуши фақат рад-қайтариш билан зиёда бўлиши ва авл билан камайиши мумкин. -Асаба – аниқ ўлчовли бўлмаган меросга эга бўладиган кишилардир. -Зул-арҳом (қариндошлар) фарз эгалари – эр-хотиндан ташқари – ва асабалар бўлмаганда мерос оладиган кишилардир.
Ушбу синфларнинг ҳар бири ҳақида батафсил сўз юритамиз. |