Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Муъодда (саноқни кўпайтириш) ҳақидаги боб

2715 марта кўрилган

Юқорида бобо билан ака-укалар ҳақида ўтган баҳс бобо билан икки гуруҳдан фақат бири, яъни ё туғишган ака-укалар ё эса ота томондан бўлган ака-укалар бирга бўлган ҳолатга тааллуқли эди. Аммо, агар бобо билан ҳар иккала гуруҳ бирга бўлса, яъни, ҳам туғишган ака-укалар, ҳам ота бир ака-укалар бўлсалар, у ҳолда туғишган ака-укалар агар керак бўлса, бобога қарши ота бир ака-укалар билан саноқларини кўпайтирадилар. Бобо ўз улушини олгач, туғишган ака-укалар ота бир ака-укаларга қайтиб, уларнинг қўлларидаги нарсани ҳам олиб қўядилар. Агар бир донагина туғишган сингил мавжуд бўлса, у ўзининг тўла фарзини олади. Қолгани отанинг фарзандига бўлади.

Шақиқ (яъни, туғишган, ота-онаси бир) фарзанд отанинг фарзандини бобога қарши саноқда ўзига қўшади. Чунки, улар ота томонидан ака-укаликда бир хиллар, туғишган фарзандда она томони бобо билан ҳажб қилинган (тўсилган). Демак, отанинг фарзанди мерос тақсимини ҳисоблашда бобога қарши унинг ёнига киради ва у борлиги сабабли бобонинг улуши тенг бўлишишдан учдан бирга ё қолган молнинг учдан бирига ё қолган молнинг олтидан бирига тушиб қолади.

Ота-онаси бир болалар отанинг болаларини бобога қарши ўзлари билан бирга санайдилар. Улар бобога айтишади: «Сизга нисбатан биз ҳам, улар ҳам бир хил ўриндамиз. Демак, улар тақсимотда бизнинг ёнимизга киришади ва улар борлиги туфайли сизнинг улушингиз камаяди». Сўнг отанинг болаларига айтишади: «Сизлар биз бўлганда мерос ололмайсизлар, биз сизларни фақат бобони тўсиш учунгина ёнимизга қўшдик. Энди худди бобо бўлмаганидек, сизларга хос улушни ҳам биз оламиз».

 

Муъодда қачон қилинади?

 

Муъодда (саноқни кўпайтириш) ота-онаси бир фарзандлар бобонинг икки баробаридан кам бўлган ва фарздан қолган нарса тўртдан бирдан кўпроқ бўлгандагина бўлади. Аммо, улар бобонинг икки баробарича ва унда кўпроқ бўлсалар, муъоддага ҳожат қолмайди.

 

Муъодданинг суратлари:

 

Муъодданинг 68 хил сурати бор. Уни бу ададга чеклаш йўли шуки, муъодда масалаларида шақиқлар (туғишган ака-укалар бобонинг) икки баробаридан камроқ бўлишлари зарур. Икки баробардан кам бўлганда 5та суратга чекланади. Улар: бобо ва битта шақиқа (яъни ота-онаси бир бўлган бир қиз), бобо ва икки шақиқа, бобо ва учта шақиқа, бобо ва битта шақиқ (яъни, ота-онаси бир бўлган бир ўғил), бобо ва бир шақиқ ва бир шақиқа. Бу беш суратда зикр қилинганлар билан бирга мислайнни (икки баробарликни) ёки ундан камини такмил қиладиган (тўлдирадиган)лар бўлади.

Шақиқа билан 5та сурат мавжуд: шақиқа ва ота бир бўлган ака, шақиқа ва ота бир бўлган икки опа (сингил), шақиқа ва ота бир бўлган учта опа (сингил), шақиқа ва ота бир бўлган бир ака (ука), шақиқа ва ота бир бўлган бир ака ва бир сингил.

Иккита шақиқа билан 3та сурат мавжуд: 2 шақиқа ва ота бир ё опа (сингил), 2 шақиқа ва ота бир 2 опа-сингил, 2 шақиқа ва ота бир 1 ака (ука).

Шақиқ билан 3та сурат мавжуд: шақиқ ва ота бир 1та опа (сингил), шақиқ ва ота бир 2та опа (сингил), шақиқ ва ота бир 1та ака (ука).

Учта шақиқа билан 1та сурат мавжуд: 3та шақиқа ва ота бир 1та опа (сингил).

Шақиқ ака (ука) ва шақиқа (опа) сингил билан 1та сурат мавжуд: шақиқ, шақиқа ва ота бир бўлган 1 опа (сингил).

Жами 13та суратдан иборат бўлди. Сўнг икки ҳолатдан биридан холи бўлмайди. Яъни, улар билан бирга фарз эгаси ҳам бўлмайди ёки бўлади. Иккинчи ҳолатда фарз ё тўртдан бир, ё олтидан бир, ё тўртдан бир ва олтидан бир, ё ярим бўлади. Бу 5 суратни 13та суратга кўпайтирилса, 65та сурат ҳосил бўлади.

Олтмиш олтинчи сурат: бобо ва ака-укалар билан бирга ярим ва олтидан бир эгаси бўлади, қиз, ўғилнинг қизи, бобо, шақиқа опа (сингил) ва ота бир опа (сингил) каби.

Олтмиш еттинчи сурат: улар билан бирга учдан икки эгалари бўлади, икки қиз, бобо ва ота томондан бўлган опа (сингил) каби.

Олтмиш саккизинчи сурат: улар билан бирга ярим ва саккиздан бир эгалари бўлади, қиз, хотин, бобо, шақиқа, ота томондан бўлган опа (сингил) каби.

 

Ота бир бўлган ака-укалар ота-онаси бир ака-укалар билан бирга бирон нарса олишлари ҳам мумкинми?

 

Агар шақиқлар (туғишган ака-укалар) ичида бир эркак бўлса, ёки икки ва ундан ортиқ шақиқа бўлса, уларга меросдан бирон нарса тегмайди. Агар битта шақиқа бўлса, унга то тўла ярим улушгача бўлади, бирон нарса ортиб қолса, отанинг фарзандига бўлади.

Отанинг фарзандига бирон нарса қоладиган суратлардан бири Зайдга тегишли тўрт масаладир. Зайд розияллоҳу анҳу шундай ҳукм қилганлари учун у кишига нисбатан шундай ном берилган. Улар қуйидагилар:

1) Ўнлик. Улар бобо, шақиқа ва ота томондан бўлган ака (ука)дир. Унинг асли бошлар сони бўлган бешдир, аммо уни ўнга айлантириб тақсимлангани учун ўнлик деб аталди.

Уни ўнтага айлантириб тақсимланиш йўли қуйидагича: шақиқага (яъни туғишган опага) ярим мерос тегиши керак, бешнинг ярми бутун (қолдиқсиз) эмас, шунинг учун яримнинг махражи бўлган иккини масаланинг асли бўлган бешга кўпайтириб, ўн қилинади. Бобога унинг бешдан иккиси – тўрт тегади. Опа (сингил)га унинг ярми – беш тегади. Ота бир бўлган ака (ука)га бир қолади.

Унинг сурати қуйидагича бўлади:

             5х2    10

бобо

2

4

шақиқа

5

ота бир ака

½

1

 

2) Йигирмалик. Йигирмага айлантириб, тақсим қилингани учун шундай аталди. Улар бобо, шақиқа ва ота бир бўлган икки опа (сингил)дир. Унинг асли худди юқоридаги каби бошлар сони бўлган бешдир. Бобога ундан тенг бўлишиш йўли билан икки улуш тегади. Шақиқага ярим мерос тегади. Бешнинг ярми бутун (қолдиқсиз) эмас, шунинг учун яримнинг махражи бўлган иккини масаланинг асли бўлган бешга кўпайтириб, ўн қилинади. Бобога унинг аслидан 2х2=4 тегади. Опа (сингил)га ярим мерос – 5 тегади. Ота томондан бўлган икки опа-сингилга 1 қолади. Буни уларга бўлиш учун уларнинг бошлари сони 2ни масаланинг ечими бўлган 10га кўпайтирамиз, 20 бўлади. Демак, бу ҳисоб бўйича бобога 4х2=8, шақиқага 5х2=10, ота томондан бўлган икки опа-сингилга 2, яъни ҳар бирига 1дан тегади.

Унинг сурати қуйидагича бўлади:

                               5х2  10х2   20

бобо

2

4

8

шақиқа

5

10

ота бир 2 опа-сингил

½

1

2/1

 

Мана бундай деб айтишингиз ҳам мумкин: асли 5, ундан бобога тенг бўлишиш йўли билан 2, шақиқага ярми, яъни 2,5 тегиб, ота бир бўлган икки опа-сингилга 0,5 улуш, ҳар бирига чоракта (0,25) қолди. Чоракнинг махражи бўлган 4ни масаланинг асли бўлган 5га кўпайтириб, 20 қиламиз. Унинг аслидан бобога 2х4=8, шақиқага ярим, яъни 10, ота томондан бўлган икки опа-сингилга 2, яъни ҳар бирига 1дан тегади.

 

3) Зайдга тегишли мухтасар (қисқартма). Улар она, бобо, шақиқа ва ота томондан бўлган ака ва опадир. Бундай деб номланишига сабаб, унинг ечими тақсим эътибори билан 108 бўлиб, уни қисқартириб, 54га айлантириб ечиш ҳам мумкин. Унинг асли олти бўлиб, онага олтидан бир тегиб, ортиб қолган беш улушни бобога ва ака-укаларга тенг бўлишилади. Уларнинг бошлари сони бўлган 6ни масаланинг асли бўлган 6га кўпайтирамиз, 36 бўлади. Унинг аслидан онага 1х6=6 тегади. Қолгани 5х6=30 бўлиб, ундан бобога тенг бўлишиш йўли билан 10 тегади, 20 қолди. Шақиқага молнинг ярми, яъни 18 тегади. Ота томондан бўлган ака ва опага 2 қолди. Уларнинг бошлари учта, тугал бўлинмайди. Шунинг учун (уларнинг бошлари сони) 3ни 36га кўпайтирамиз, 108 бўлади. Бундан онага 6х3=18 тегади. Бобога 10х3=30 тегади. Шақиқага 18х3=54 тегади. Ота бир бўлган ака ва опага 2х3=6, яъни акага 4, опага 2 тегади. Кейин қарасак, сонлар ва масаланинг ечимини унинг ярмига туширса ҳам бўлишини кўрамиз. Масалани унинг ярмига, яъни 54га туширамиз. Шақиқанинг улуши ярмига, яъни 27га қайтади, бобонинг улуши 15га, ота бир аканинг улуши 2га, ота бир бўлган опанинг улуши 1га қайтади.


 

Унинг сурати қуйидагича:

                          6х6  36х3  108  54

она

1

6

18

9

бобо

5

10

30

15

туғишган опа

18

54

27

6

ота бир ака

2

4

2

3

ота бир опа

2

1

 

4) Зайдга тегишли тўқсонлик. Улар она, бобо, шақиқа, ота бир бўлган иккита ака-ука ва битта опадир. Масалани 90га кўпайтириб чиқарилгани учун шундай номланган.

Унинг 90 қилиб чиқарилиши йўли шуки, бу ерда бобо учун яхшироқ улуш онанинг олтидан биридан қолган молнинг учдан биридир. Агар қолган молнинг учдан бирини олтидан бир билан бирга эътибор қилинса, масаланинг асли 18 бўлади. Энди бунинг аслини онанинг олтидан бирининг махражи бўлган 6 қилиниши дуруст бўлади. Она учун 1 тегиб, 5 қолади. Унинг учдан бири тугал эмас. Шунинг учун учдан бирнинг махражи бўлган 3ни 6га кўпайтириб, 18 қилинади. Бунинг аслидан онага олтидан бир, яъни 1х3=3 тегиб, 15 қолади. Ундан бобога қолган молнинг учдан бири, яъни 5 тегади. Шақиқа опага молнинг ярми, яъни 9 тегади. Энди ота бир ака-сингилларга 1 қолди. Уни тақсимлаш учун уларнинг бошлари сони бўлган 5ни масаланинг асли ёки ечими бўлган 18га кўпайтириб, 90 қилинади. Энди бундан онага 3х5=15, бобога 5х5=25, туғишган опага 9х5=45, ота бир ака-сингилларга 5, яъни икки ака-уканинг ҳар бирига 2, опага 1 тегади.

Қуйида унинг икки хил сурати:

 

                             18х5    90

она

3

15

бобо

5

25

шақиқа

9

45

5

ота бир 2 ака-ука

1

4/2

ота бир опа

1

 

                       6х3  18х5   90

она

1

3

15

бобо

5

5

25

шақиқа

9

45

5

ота бир 2 ака-ука

1

4/2

ота бир опа

1

 

Асосийси шу. Энди мерослар ҳисоби деб аталган нарса қолди. У ҳисоб боби, муносахот боби, тарикаларни бўлиш боби деб аталувчи боблардан ташкил топган. Уларни фароиз китобларидан ўқиб ўрганиш мумкин.