асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Маст қилувчи (ичимлик) истеъмол қилиш жазоси ҳақидаги боб3214 марта кўрилган Маст қилувчи ичимлик Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан ҳаром қилингандир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида: 90, 91). Ақлни чулғаган ҳар бир нарса – қандай модда бўлишидан қатъий назар – хамр (маст қилувчи) саналади. «Саҳиҳайн»да ва бошқа ҳадис тўпламларида келганки: «Маст қилувчи бўлган ҳар бир ичимлик ҳаромдир» (Бухорий (242), Муслим (2001) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар), «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир» (Муслим (2003) Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Кўпи маст қилган ҳар бир ичимликнинг ози ҳам ҳаромдир, нимадан қилинган бўлса ҳам, узумданми, бошқа нарсаданми, фарқсиз, хамрдир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Хамр – ақлни чулғаган нарсадир», деганлар (Бухорий (5581), Муслим (3032) ривоят қилганлар). Ақлни ўраб-чулғаб оладиган ҳар бир нарсани хамр дейилади, бундай аталишига сабаб хамр – ўраш-чулғаш маъносини англатади. Жумҳур луғатшунослар сўзи шудир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Наша саҳиҳ сўзга кўра нажас ва ҳаромдир, маст қиладими, қилмайдими, фарқсиз. Аммо, унинг маст қиладиганининг ҳаромлигига мусулмонларнинг ҳаммаси иттифоқ қилган. Айрим жиҳатлардан унинг зарари хамрнинг зараридан каттароқдир... Уни истеъмол қилиш олтинчи юз йилликнинг охирларида пайдо бўлди» (Ал-фатавал-кубро: 5/529). Наша ва бошқа бангивор (наркотик) моддалар бугунги кунда мусулмон ёшларни ҳалокат қилаётган энг ёмон оғулардан бўлиб қолди. Улар душманларнинг бизга қарши қўллайдиган энг қаттол қуролига айланди. Ерда бузғунчилик қилувчи яҳудлар ва уларнинг малайлари мусулмонларни ҳалок қилиш, ёшларини бузиш, уларни ўз жамиятлари манфаати учун ишлашдан ва динлари йўлида жиҳод қилишдан, тажовузкор душманларнинг уларнинг халқлари ва диёрларига қилаётган тажовузларини даф қилишдан тўсиш ва буриб юбориш мақсадида зўр бериб ривожлантирмоқдалар. Охир-оқибат анча-мунча мусулмон ёшлари банги (наркоман)га айланишга улгурдилар. Бу эса ушбу бангивор ва маст қилувчи моддаларни мусулмон мамлакатларига ёйиш ва ривожлантиришнинг аччиқ самарасидир. Хамр ҳар қандай ҳолда ҳам ҳаромдир, уни на лаззат учун, на даво мақсадида, на ташналикни қондириш учун, на бошқа учун истеъмол қилиш жоиз. Хамр билан даволаниш ҳаромлигига далил шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У даво эмас, балки дарддир», деганлар (Муслим (1984) Ториқ ибн Сувайд ал-Жуъфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло шифоларингизни сизларга ҳаром бўлган нарсаларда қилмади», деганлар (Бухорий №5614 ҳадисдан олдин таълиқ қилиб келтирган). Ташналикни қондириш учун ичиш ҳаромлигига келсак, у билан қониш ҳосил бўлмайди, аксинча унда ташналикни яна-да зиёда қиладиган ҳарорат бўлади. Агар мусулмон киши хамр ичса ё таркибида маст қилувчи спирт бўлган атир (одеколон) каби нарсани ичса, буни ихтиёрий равишда, кўп миқдори маст қилишини билган ҳолда ичса, унга ҳад урилиши фарз бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким хамр ичса, унга дарра уринглар», деганлар (Абу Довуд (4485) Қабиса ибн Зуайбдан мурсал йўл билан, Насоий (5661) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Хамр ичганнинг ҳадди (жазоси) миқдори саксон даррадир. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу хамрнинг ҳадди хусусида одамларга маслаҳат солганларида Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Уни ҳадларнинг энг енгили бўлган саксон дарра қилинг», деб маслаҳат берганлар. Шундан сўнг ҳазрат Умар саксон дарра урдирганлар (Муслим (1706) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Бухорийда ҳам шу мазмундаги (6773) ҳадис мавжуд), Шомдаги Холид ва Абу Убайдага шундай деб ёзиб юборганлар (Дорақутний (3/157) ривояти). Бу ҳодиса муҳожир ва ансорлар гувоҳлигида бўлган ва улардан бирон киши буни инкор қилмаган. Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Умарнинг ўз раъйлари билан хамр ҳаддини қазф ҳаддига тенглаштирганлари ҳам шу қатордадир, бунга саҳобалар иқрор (рози) бўлганлар» (Иъламул-муваққиъийн: 1/210). Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Майхўрликнинг ҳадди суннат ва мусулмонлар ижмоъи билан қирқ (дарра)лиги собитдир. Ундан зиёдасини имом (раҳбар) зарурат пайтида, агар одамлар хамрга ружуъ қўйган бўлсалар ва шундан бошқа йўл билан қайтаришни иложи бўлмаса зиёда қилади» (Мажмуъул-фатава: 28/336). Яна айтади: «Саҳиҳ гапга кўра, қирқтадан саксонтага зиёда қилиш мутлақ ҳолатда фарз эмас, мутлақ ҳолатда ҳаром ҳам эмас. Балки, бунда имомнинг ижтиҳодига қаралади...» (Мажмуъул-фатава: 28/336). Хамр ичишнинг ҳадди ичувчининг иқрори билан ёки иккита адл кишининг гувоҳлиги билан собит бўлади. Уламолар хамрнинг ҳиди келиб турган одамга хамр ичишнинг ҳадди собит бўладими, деган масалада икки хил фикрга бўлинганлар. Баъзилари ҳад урилмайди, балки таъзир берилади, деганлар. Баъзилари эса агар шубҳани даъво қилмаса, унга ҳад урилади, деганлар. Бу Аҳмад ва Моликдан ривоят қилинган сўздир. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни ихтиёр қилган. Имом Ибнул қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кимнинг ҳолатида хамрнинг ҳиди ёки хамр қусиш каби жиноятнинг шоҳидлари кўриниб турса, ичганига гувоҳлик берилган ёки ўзи иқрор бўлган – бу гувоҳлик ё иқрор рост бўлиши ҳам, ёлғон бўлиши ҳам эҳтимоли бўлган – кишидан кўра у жазога лойиқроқдир. Саҳобалар ўртасида шунга иттифоқ қилинган» (Иъламул-муваққиъийн: 2/119). Яна айтади: «Умар ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо оғзидан хамр ҳиди келиб турган ёки хамр қусган кишига зоҳирда кўриниб турган аломатларга суяниб, ҳад урилиши вожиблигига ҳукм қилганлар ва бунда уларга бирон кишининг мухолиф бўлгани маълум бўлмаган» (Умар ҳақидаги асарни Ибн Аби Шайба (5/525, №28635), Ибн Масъуд ҳақидаги асарни Бухорий (5001) ва Муслим (801) келтирганлар). Хамрнинг хатари жуда кучлидир. У шайтоннинг мусулмонларга зарар етказиш учун минадиган уловидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида: 91). Хамр барча нопокликларнинг онасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хамр ҳақида ўн кишини лаънатлаб, айтганлар: «Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимликни ҳамда ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, тайёрловчисини, тайёрлатувчисини, олиб бориб берувчисини, унга олиб борилган одамни лаънатласин» (Абу Довуд (3674), Ибн Можа (3380) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар), Ибн Можа ривоятида: «ва пулини еювчисини», дейилган. Мусулмонлар қаттиққўллик ва жиддийлик билан унга қарши туришлари, унинг моддасини таг-тугидан қуритишлари, уни истеъмол қиладиган ёки ривожлантирадиган кимсаларга тийиб қўювчи қаттиқ жазо қўллашлари лозим бўлади. Чунки, у ҳар бир ёмонликка сабаб бўлади, ҳар бир разолатга судрайди, ҳар қандай яхшиликдан тўсади. Аллоҳ таоло мусулмонларни унинг ёмонлиги ва хатаридан кифоялантирсин. Ҳадисда келганки: «Охир замонда бир қавм уни ҳалол санаб оладилар, уни ўз номидан бошқа ном билан номлайдилар ва ичадилар» (Абу Довуд (3688), Ибн Можа 94020) Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Мусулмонлар ана шундай ёмонлардан огоҳ ва ҳушёр бўлишлари зарурдир. |