Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қазф (покиза инсонни бузуқ деб бадном қилиш) жазоси ҳақидаги боб

3136 марта кўрилган

  • Фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ қазфга «зино ё ливота билан туҳмат қилиш» деб таъриф берганлар. Аслида у «куч билан отиш» маъносида бўлиб, кейин зино ва ливота билан туҳмат (тошини) отишга истеъмол қилинган.

  • У Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан ҳаром қилинган.

  • Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» (Нур: 4). Қозифнинг – яъни бадном қилувчининг дунёдаги нақд азоби шудир. Яъни, унга дарра урилади ва гувоҳлиги қабул қилинмайди, айтган гапини исбот қилолмаса фосиқ, ноқис ва пасткаш деб эътибор қилинади. Охиратдаги жазоси эса Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилганидекдир: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У кунда (қиёматда) қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ ҳақ эканини билурлар» (Нур: 23-25).

  • Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар ва покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлашни улар жумласидан деб санадилар (Бухорий (2766), Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

  • Мусулмонлар қазфнинг ҳаромлигига ижмоъ қилганлар ва уни гуноҳи кабиралардан санаганлар.

  • Аллоҳ таоло пок инсонни бадном қилувчига қаттиқ жазони вожиб қилди. Агар ихтиёри ўзида бўлган мукаллаф киши бир муҳсонни (яъни бузуқликдан бехабар покиза инсонни) зино ёки ливота билан бадном қилса, унга саксон дарра урилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар», деди (Нур: 4). Ояти карима маъносига кўра, озод, покиза ва бузуқликдан бехабар аёлларни зинокорлик билан бадном қилган, сўнг ўзларининг бу даъволарига тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра урилади. Бадном қилинган кишининг эркак ё аёл бўлишининг фарқи йўқ. Бу ўринда сўзни аёлларга хосланиши сабаби воқеа хусусиятига қараб эди. Қолаверса, аёлларни бадном қилиш энг қабиҳ ва кўп учрайдиган ҳолатдир.

  • Фақат мусулмонларнинг номус-обрўларини булғанишдан сақлаб қолиш ва тилларни покиза инсонларнинг номусларини булғайдиган ифлос сўзлардан тийиб қўйиш, мусулмон жамиятини фаҳш тарқалишидан асраб қолиш учунгина бадномчи ана шундай жазога лойиқ бўлди.

  • Унинг бадном қилиниши сабабли бадномчига жазо фарз бўладиган муҳсон — озод, мусулмон, оқил, покиза, жимоъга яроқли инсондир.

    Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо бадном қилинган шахсга келсак, унда бешта сифат жамланиши шарт эканига иттифоқ қилганлар. У шартлар – болиғлик, озодлик, покизалик, мусулмонлик, зино олатига эга бўлишдир. Агар мазкур шартлардан биронтаси топилмаса, ҳад фарз бўлмайди» (Бидаятул-мужтаҳид: 2/539).

  • Бадном қилинишнинг ҳадди бадном қилинган кишининг ҳаққидир, у афв қилса соқит бўлади, фақат унинг талаби билан ижро қилинади. Агар бадном қилинган шахс бадном қилувчини афв қилса, ундан ҳад соқит бўлади. Лекин, уни бу каби лаънат ва аламли азоб хабари берилган, шариатда ҳаром қилинган бадномчиликка яна қайта тушишдан тийиб қўядиган даражада таъзирини берилади.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бадном қилувчига ҳадни фақат талаб билан ижро қилинади, бунга ижмоъ қилинган» (Ал-фатавал-кубро: 5/507).

  • Ким бир ғойиб одамни бадном қилса, то ўша одам келиб, талаб қилмагунича ёки унинг ғойибда туриб талаб қилгани исботланмагунича унга ҳад урилмайди.

  • Бадном қилиш лафзлари икки қисмга бўлинади:

  • Бадномдан бошқа нарсага эҳтимоли бўлмаган сариҳ (очиқ-ошкор) лафзлар. Уларни шундан бошқа нарсага йўйиб бўлмайди.

  • Бадномни ҳам, бошқа нарсани ҳам эҳтимоли бўлган киноя лафзлари. Агар уларни бадномдан бошқага йўйса, буни қабул қилинади.

    Сариҳ лафзларга мисол, «эй зинокор!», «эй ливотагар!», «эй бузуқ!» каби сўзлардир. Киноя лафзларга мисол, «эй ғар!», «эй фожира!», «эй нопок!» каби сўзлардир.

    Агар бадном қилувчи шахс ғар дейиш билан у одамнинг фисқ-фужур ишларни қилиб юришини кўзда тутганини, фожира дейиш билан у аёлнинг ўз эрига нисбатан зиммасига фарз бўлган итоатга хилоф қилишини кўзда тутганини, нопок дейиш билан табиати нопоклигини кўзда тутганини айтса, унинг бу изоҳи қабул қилинади ва унга ҳад фарз бўлмайди. Чунки, унинг оғзидан чиққан лафз эҳтимолли лафз эди, шубҳали ҳолларда ҳадлар тарк қилинади.

  • Агар бир киши уларнинг зино қилишлари тасаввур қилинмайдиган бир жамоатни бадном қилса ёки бир шаҳар аҳлини бадном қилса, унга ҳад урилмайди, балки бу иши учун таъзир берилади. Чунки, ёлғончилиги аниқ бўлиб турибди, унинг бу гапи билан уларга ор-шармандалик етмайди. Унга фақат яна қайтиб бу каби қабиҳ лафзларни ва хунук сўкишларни тилга олишдан тийилиши учунгина таъзир берилади. Зеро, унинг қилган иши – гарчи ўша жамоа ёки шаҳар аҳлидан бирон киши талаб қилмаса ҳам – адаб бериш фарз бўлган маъсиятдир.

  • Кимда-ким пайғамбарлардан бирорталарини бадном қилса, кофир бўлади. Чунки, бундай қилиш Исломдан қайтиш-муртадликдир.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларини бадном қилиш у зотнинг ўзларини бадном қилиш билан тенгдир. Яъни, бадномчининг муртад бўлиши ҳақидаги ҳукмда у зотни бадном қилиш билан тенгдир» (Мажмуъул-фатава: 32/119).

  • Шайхулислом бадном қилувчи шахс агар бадном қилинган киши бундан хабар топишидан олдин тавба қилса, тавбаси дуруст бўладими, деган савол жавобида айтади: «Бу одамларнинг фарқланишига қараб фарқланади. Аксарият уламолар сўзларига кўра, агар бадном қилинган шахс бундан хабар топган бўлса, унинг тавбаси дуруст бўлмайди. Хабар топмаган бўлса, тавбаси дуруст бўлади, унинг ҳаққига дуо қилади ва истиғфор айтади» (Ал-фатавал-кубро: 5/507).

    Шундан ҳам тилнинг хатари ва ундан чиқаётган лафзлар сабабли маломат ва жазога гирифтор бўлиш мумкинлиги маълум бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир одамларни юзлари билан дўзахга итқитадиган нарса тилларининг ҳосилалари эмасми?!», деганлар (Термизий (2616), Ибн Можа (3973) Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Аллоҳ таоло айтади: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18). Шундай экан, инсон тилини сақлаши, оғзидан чиқаётган сўзларни тарозига солиши ва гап-сўзларини тўғрилаб олиши зарур бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!» (Аҳзоб: 70).